Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 22 / Аудит

Солиқ аудити – ташаббус бўйича ёки мажбурий тартибда

 

Ўзбекистонда солиқ аудити солиқ органларининг ташаббуси билан амалга ошириладиган назорат турларидан бири ҳисобланади, бунда муайян даврдаги солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисобланганлиги текширилади. Моҳиятига кўра, солиқ аудити аввал Солиқ кодексида назарда тутилган молия-хўжалик фаолияти текширувларига ўхшашдир. Амалда бу энг узоқ муддат давом этадиган текширувдир. Солиқ аудитини ўтказиш муддати 30 иш кунини ташкил қилади, бунда муддат узайтирилиши мумкин (7.01.2021 й. 1-сон ВМҚга 2-илова 133-б.).

 

Солиштириш учун: Россия ва Қозоғистонда солиқ аудитида солиқ солинадиган база тўғри аниқланганлиги, ставка ва имтиёзлар тўғри қўлланилганлиги, солиқларнинг ўз вақтида тўланганлиги ҳамда солиқ тўловларининг бюджетга ўтказилганлиги текширилади. Бироқ текширув ташаббускори фақат компания мулкдорлари ва раҳбарлари бўлиши мумкин. Қоидага кўра, солиқ аудити давлат органлари томонидан жиддий текширувлардан олдин ёки ҳисоб-китоб қилиш ва солиқларни ҳисоблаш учун масъул бўлган ходимларнинг малакасини текшириш учун ўтказилади.

Бугунги кунда бизда солиқ аудитини ўтказиш тартиби тўғрисида қуйидаги 2 та низом амал қилмоқда:

● Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги низом (АВ рўйхат рақами 3251, 30.06.2020 й.);

● Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (1-сон ВМКга 2-илова).

Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган норматив ҳужжат ДСҚ тасдиқлаган ҳужжатлардан юқори мақомга эгалигини билганимиз учун автоматик равишда Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган низомга асосланамиз. Бироқ, СКнинг 140-моддаси 13-қисмига мурожаат қиладиган бўлсак, унда қонун билан қуйидагилар белгиланган: «Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади». Ўз навбатида, Солиқ кодекси мақомига кўра Вазирлар Маҳкамасининг қароридан юқори туради.

Юқорида айтиб ўтилган иккита низом нормалари бир-биридан фарқ қилади, бунда шундай савол туғилади – улардан қайси бирига асосланишимиз керак? Бу савол ҳанузгача жавобсиз қолмоқда.

Биринчидан, иккита низом мавжудлиги сабабли амалиётда солиқ аудитини тайинлаш учун асослар турлича эканлигига дуч келинади.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган Низомда кўрсатилган солиқ аудитини ўтказиш учун асосларга айрим тузатишлар киритилди. Энди камерал текширув доирасидаги талабларга жавобларни тақдим этмаган ёки асослари етарли деб эътироф этилмаган ҳар қандай солиқ тўловчида аудит ўтказилиши мумкин. Аввал бундай солиқ тўловчи бир вақтнинг ўзида хатар даражаси (солиқ хавфи) юқори бўлган тоифага мансуб бўлиши талаб этилган.

Ихтиёрий равишда тугатилаётган корхоналар ва фаолиятини тўхтатаётган якка тартибдаги тадбиркорлар учун аниқлаштириш киритилди. Солиқ маслаҳатчиларининг хулосаси мавжуд бўлган корхонада, шунингдек қатъий белгиланган миқдорда ёки декларация асосида ЖШДС тўлайдиган ЯТТда аудит ўтказилмайди.

ДСҚ томонидан қабул қилинган Низомга мувофиқ текширилаётган даврда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган жами даромади 1 млрд сўмдан ошмайдиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларда солиқ аудитини ўтказиш муддати 30 иш кунидан ошмаслиги лозим. Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Низомга кўра бундай чекловлар мавжуд эмас, муддат исталган корхонада узайтирилиши мумкин.

Муддатни узайтириш учун яна бир асос – табиий офат ёки бошқа фавқулодда ва бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар ҳам  киритилди.

Солиқ аудити солиқ тўловчининг ҳудудида ўтказилиши борасида ўзгартиришлар киритилмади, текширув жараёнида инспекторлар қуйидагиларга ҳақли бўлади:

● ҳудудлар ва биноларни кўздан кечириш;

● текширилаётган субъектдан ҳужжатларни талаб қилиб олиш;

● ҳужжатларни (ахборотни) учинчи шахслардан талаб қилиб олиш;

● ҳужжатларни ва электрон ахборот жисмларида сақланадиган ҳисоб ҳужжатлари ва ахборотни талаб қилиб олиш ва ўрганиш;

● инвентаризация ўтказиш;

● гувоҳларни сўраб-суриштириш;

● экспертиза тайинлаш ва ўтказиш;

● мутахассис, таржимон ва холисларни жалб этиш.

Бундан ташқари, янги Низомга мувофиқ солиқ аудити бошланишидан олдин текширувни амалга оширувчи мансабдор шахс томонидан солиқ тўловчининг ваколатли вакилига унинг текширувда иштирок этиш учун юридик хизмат вакилларини ёки адвокатни жалб этиш ёки уларнинг иштирокини рад этиш ҳуқуқи ёзма шаклда тушунтирилиши лозим.

Рад этиш ҳолатларида ёзма шаклда баённома тузилади. Бунда адвокат хизматларини рад этганлик солиқ тўловчи томонидан адвокатни текширувнинг кейинги босқичларида жалб этиш учун монелик қилмайди (1-сон Низомнинг 139-б.).

 

Элеонора МАЗУРОВА,

адвокат, «Norma» компанияси эксперти.

Прочитано: 429 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика