Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 20 / Солиқ солиш

Зарарга ишлашнинг солиқ оқибатлари

 

Компаниямизнинг асосий вазифаси Ўзбекистон бозорида ўз ўрнига эга бўлиш ва рақобатлаша олишдан иборатдир. Ушбу мақсадда фаолиятни бошлаганимизда маҳсулотларимиз нархи кутилганидан бироз пастроқ бўлади, натижада компания кўп йиллар давомида харажатларини қоплай олмайди ва зарар кўради. Маҳсулот нархи маъмурий ва бошқа харажатларни ҳисобга олмаган ҳолда фақат товар таннархи бўйича шакллантирилганлиги сабабли кўп йиллик зарар юзага келади. Компания акциядорлари компания ўз харажатларини қоплаш учун етарли пул маблағларига эга бўлгунига қадар, зарурат бўлганда, тўпланиб қолган зарарларни қоплаш учун пул маблағларини ажратадилар.

1. Солиқ текшируви ўтказилганда маҳсулотни маъмурий ва бошқа харажатларни ҳисобга олмаган ҳолда ишлаб чиқариш таннархи бўйича реализация қилиш қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

2. Бир неча йил мобайнида зарар кўрган ҳолда фаолият юритилганда қандай оқибатлар юзага келади? 

 

1 Тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўз товарларини (ишлари, хизматларини), ишлаб чиқариш чиқиндиларини бозор конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда ёки шартнома асосида мустақил равишда белгилаган нарх ва тарифлар бўйича реализация қилишга ҳақлилар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно («Тадбиркорлик фаолиятининг эркинликлари кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 8-м.). Тадбиркорлик фаолияти фойда олишга қаратилган. Шу боисдан хўжалик юритувчи субъектлар товарларга (хизматларга) нархларни белгилашда уни корхона харажатларидан келиб чиқиб ҳамда муайян нормадаги фойдани қўшган ҳолда ҳисоблайдилар. Бироқ бу қонунчиликда белгиланган мажбурият ҳисобланмайди, корхона маҳсулотини зарарига ҳам сотиши мумкин.

Корхона товарларни бозор қийматидан паст нархда реализация қиладиган бўлса, солиқ органлари бозор қийматларидан келиб чиққан ҳолда ҚҚС бўйича солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли бўлади (СК 248-м. 4-қ.).

2022 йил 1 январдан бошлаб Солиқ кодексининг трансферт нарх шаклланишига тааллуқли бўлган нормалари кучга киради. Ўзаро алоқадор тарафлар ўртасидаги битимларда шаклланадиган ва (ёки) мустақил шахслар ўртасида битимлар тузилаётганда таққосланадиган иқтисодий шароитларда қўлланилиши мумкин бўлган холис тарзда шаклланадиган нархдан фарқ қиладиган нарх СК мақсадида трансферт нарх деб тушунилади (СК 176-м. 1-қ.).

ДСҚ трансферт нархни белгилашда солиқ назорати доирасида қуйидаги солиқларнинг тўлиқ ҳисоблаб чиқарилиши ва тўланишини текширади:

1) фойда солиғини;

2) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини;

3) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни;

4) қўшилган қиймат солиғини;

5) акциз солиғини (СК 176-м. 7-қ.).

Трансферт нархни белгилашда солиқ назорати натижасида ушбу солиқлар суммалари камайтирилганлиги ёки зарарнинг суммаси кўпайтирилганлиги аниқланган тақдирда, ДСҚ тегишли солиқ базасига ва (ёки) солиқ суммасига тузатишлар киритишни амалга оширади (СК 176-м. 11-қ.).

 

2 Корхона зарар кўриб ишлайдиган бўлса, муассислар дивидендлар ололмайдилар.

МЧЖ ҳисобланган корхона учун, агар иккинчи ва ҳар бир кейинги молия йили тугаганидан кейин МЧЖ соф активларининг қиймати унинг устав фондидан (устав капиталидан) кам бўлиб қолса, жамият ўз устав фонди (устав капитали) ўзининг соф активлари қийматидан ошмайдиган миқдоргача камайтирилишини эълон қилиши ва бундай камайтиришни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиши шарт («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 19-м. 4-қ.).

Акциядорларнинг умумий йиғилишига тасдиқлаш учун тақдим этилган йиллик бухгалтерия балансига мувофиқ ёки аудиторлик текшируви натижаларига кўра АЖ ҳисобланган корхона учун, агар иккинчи ва ҳар бир кейинги молия йили тугаганидан кейин жамият соф активларининг қиймати унинг устав фондидан (устав капиталидан) кам бўлиб қолса, жамият ўз устав фондини (устав капиталини) ўзининг соф активлари қийматидан ошмайдиган миқдоргача камайтириши шарт («Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 32-м. 6-қ.).

Прочитано: 1512 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика