Россия фуқаросиман, лекин Тошкентда истиқомат қиламан ва ҳужжат бўйича ишлайман.
Бу ерда яшашда давом этсам, Ўзбекистонда пенсия олишим мумкинми?
– Ўзбекистонда доимий яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда пенсия олиш ҳуқуқига эгадирлар (Қонуннинг 1-м. 3-қ.).
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган хорижий фуқароларнинг шахсини, ёшини, яшаш жойини, фуқароликка мансублигини тасдиқлайдиган ҳужжат сифатида ЎзР ИИО томонидан берилган хорижий фуқаро учун истиқомат учун берилган рухсатнома, фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилган фуқаролиги бўлмаган шахслар учун истиқомат учун берилган рухсатнома тақдим этилади (252-сон Низомнинг 28-б.).
Бунда республикада доимий яшайдиган хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга чет элдаги иш стажига, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистондаги ишга тўғри келадиган стажнинг 1/3 қисмидан ортиқ бўлмаган доирада киритилади (252-сон Низомнинг 49-б.).
МИСОЛ. Чет эл фуқаросининг умумий иш стажи 40 йилни ташкил этади, шундан 21 йили Ўзбекистон Республикаси ҳудудига, 19 йили эса хорижий давлат ҳудудига тўғри келади. Ушбу ҳолатда чет эл фуқаросининг хорижий давлатдаги иш стажи пенсияни ҳисоблаш учун 7 йил (21 йил / 3) доирасида қабул қилинади ва умумий иш стажи 28 йилни (21 + 7) ташкил этади.
Маълумот учун!
Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик ПЕНСИЯСИ, иш стажидан ҚАТЪИ НАЗАР, тайинланади.