Давлат божхона қўмитаси ва Энергетика вазирлиги қарори билан Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан магистраль газ ўтказиш қувурлари орқали олиб ўтилаётган табиий газни божхона назорати ва божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом (АВ рўйхат рақами 3295, 10.04.2021 й.) тасдиқланди.
Низомга асосан, Ўзбекистон божхона чегарасидан магистраль газ ўтказиш қувурлари орқали табиий газ олиб ўтилиши устидан божхона назорати назорат божхона пости ходимлари ва ўлчов тармоғи масъул ходимлари томонидан амалга оширилади. У табиий газнинг ҳисобини юритувчи асбоблардаги кўрсатгичларни олиш, ҳисоб тизимини, қиёслаш воситалари мавжудлиги ва бут сақланганлигини, ҳисоблагичларни давлат стандартларига мувофиқлигини, божхона мақсадлари учун зарур бўлган ҳисобот ва маълумотларни текшириш йўли билан амалга оширилади.
Ҳисобни юритувчи асбоблардаги кўрсатгичларни олиш ўлчов тармоғи масъул ходими томонидан назорат божхона пости ходими иштирокида амалга оширилади.
Бунда тасдиқланган шаклда уч нусхада далолатнома расмийлаштирилади. Далолатнома тузилгач ундаги маълумотлар назорат божхона пости Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилади.
Ўлчов тармоғи ва ҳисобни юритувчи асбоблар устидан божхона назорати бир ойда камида икки марта назорат божхона пости томонидан амалга оширилади.
Божхона назорати жойлари Энергетика вазирлиги томонидан Давлат божхона қўмитаси билан келишилган ҳолда белгиланади.
Ҳудудий божхона органи божхона қонунчилиги бузилиши ҳолати аниқланган пайтдан эътиборан уч кундан кечиктирмасдан божхона қонунчилиги бузилиши ҳолати ҳақида расмийлаштирув божхона постини хабардор қилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 10.04.2021 йилдан кучга кирди.
Наргиза ВОҲИДОВА.