Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 18 / Юрист маслаҳати

Сайёр текширувда тушунтириш хати қандай ёзилади

 

Солиқ идоралари билан муносабатларда бухгалтернинг тушунтириш хатларини ёзишига тўғри келади. Тушунтириш хати бу билдирги ёки ариза эмаслигини англаш муҳимдир. Бунда сиз бирор нимадан арз қилмайсиз, солиқ инспекциясидан низоли вазиятларни кўриб чиқишни сўрамайсиз, хулоса чиқармайсиз, шунчаки воқеликни баён қиласиз.

 

Тушунтириш хатининг расман тасдиқланган шакли мавжуд эмас, шунинг учун у эркин шаклда ёзилади. Тушунтириш хатини тузаётганда кўча тилидан фойдаланманг, фикрингизни тўпори тилда ифодаламанг. Қисқа ва аниқ қилиб ёзинг, шунда сиз айтаётган нарсаларни икки хил талқин қилиш мумкин бўлмайди. Ўз номингиздан, яъни биринчи шахс номидан ёзинг. Воқеалар кетма-кетлиги ва хронологиясига риоя этишга ҳаракат қилинг. Охирида албатта имзо қўйинг ва санани қайд этинг.

Тушунтириш хати уни тузган шахснинг нуқтаи назарини ифодалайди, нохуш ва муқаррар оқибатларга олиб келган ходисаларнинг сабабларини тушунтиради. Кўпинча, солиқ идорасига берилган тушунтириш хатлари бошқа ҳужжатнинг мазмунини тушунарли тарзда баён этади. Мазкур ҳолатда у асосий ҳужжатга илова сифатида бириктирилади.

Сайёр текширув пайтида муаммолар аниқланган тақдирда, инспекторлар сиздан юзага келган ҳолатларнинг сабаблари ва оқибатлари баён этиладиган тушунтириш хатини талаб қилишга ҳақлидир. Албатта, сиз вазиятни оғзаки тушунтиришингиз мумкин, бироқ бунда айтганларингизни текширув материалларига қўшиб қўйишнинг имкони бўлмайди. Тушунтириш хати эса ҳисобга олинади. Уни текширувчига беришдан олдин ўзингиз учун нусха олинг. Биринчидан, буни сиз ёзганингиз далили бўлади, иккинчидан, ёзганларингизни ёдга олиш учун уни исталган вақтда ўқиб кўришингиз мумкин бўлади.

 

1-МИСОЛ. Тўғри ёзилган тушунтириш хати орқали инспекторнинг саволига жавоб бериш

Компания ходими бўлмаган талабанинг контракт асосида ўқиши учун компаниянинг ҳисобрақамидан тўлов амалга оширилди.

Инспектор компания нимага асосланиб бегона шахснинг ўқиши учун тўлов тўлаётганини тушунтириб беришни сўрайди. Бош бухгалтер тушунтириш хатида талаба корхона ходимининг ўғли эканлигини баён қилди. Ходим ўғлининг контракт пулини тўлашни сўради. Қарзни сўндириш учун ҳар ойда ходимдан маълум миқдор ушлаб қолинади. У ушбу фактни тасдиқловчи ҳужжатларни тушунтириш хатига илова қилди.

 

Тўғри тузилган тушунтириш хати хатти-ҳаракатларнинг тартиби ва тўғрилигини аниқлашга ёки ҳуқуқбузарликларга олиб келган узрли сабабларни аниқлашга ёрдам беради. Мазкур ҳолатда жарималардан қочиш ёки уларни қонун билан белгиланган минимал даражага тушириш мумкин бўлади.

Тушунтириш хатини ёзишда, албатта стандартларга мос равишда, юқори қисмида – «сарлавҳа», кейин – ҳужжатнинг номи, сўнгра – вазиятнинг сабаби тасвирланган асосий қисм, пастда – имзо ва сана ёзилади.

Бундай ҳужжатларда ишчан ва расмий ишчан тилдан фойдаланинг. Улар ҳажми жиҳатидан катта бўлмайди, ҳис-туйғулар баён этилмайди, канцелярия профессионал терминологиялардан фойдаланилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам фақат ҳақиқатни баён қилинг, ишончли далилларни кўрсатинг.

Ҳужжатнинг асосий қисмида аввал инспекторлар томонидан аниқланган номувофиқликлар ёки бузилишларни кўрсатинг. Кейин қоидаларга риоя этилмаганлиги сабабларини қисқача баён қилинг. Зарур бўлса, кейинчалик шунга ўхшаш қоидабузарликларнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун қандай чоралар кўриш кераклигини кўрсатинг.

Агар компания солиқ даври учун ҳисоботларда доимий равишда зарар қайд этилса, солиқ инспекторлари батафсил тушунтиришни талаб қиладилар. Мазкур ҳолатда тушунтириш хатини бухгалтер ёзиши керак бўлади, чунки у ҳисоботларни топширади. Зарар кўриш ҳолати ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайди. Сиз зарар кўрилишига олиб келган сабабларни ишончли тарзда баён қилсангиз, шунда масала ўз-ўзидан ҳал бўлади.

 

2-мисол. Тўғри тузилган тушунтириш хати орқали инспектор қўйган саволларни ечиш

Компания ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун бинони сотиб олди. Харид қилиш учун ўз маблағлари етарли эмас эди, шунинг учун банкдан кредит олинди.

Кредитни расмийлаштиришда унинг суммасини гаров массаси, яъни кўчмас мулк билан таъминлаш керак. Тақдим этилган кўчмас мулк суғурталанган бўлиши керак.

Суғурта шартномасини туздик. Кўчмас мулк баҳоланмагунча суғурта қилиб бўлмайди. Баҳолаш ўтказилди. Ушбу операциялар кутилганидан анча қимматга тушди. Нотариус хизматлари ва давлат божи ҳам қиммат экан.

Ҳеч қандай ноқонуний иш қилинмаган, лекин корхона зарар кўрган.

Ушбу ҳолатни тушунтириш хатида баён қилиб, инспекторга зарар қандай юзага келганлигини тушунтиринг. Улар бу билан ноқонуний иш қилмаганликларини исботладилар.

 

Тушунтириш хатини ёзишда масъулиятни бошқаларга юкламанг. Ёдингизда бўлсин, юзага келган вазиятни кўриб чиқишга қанча кўп одам жалб қилсангиз, солиқ органлари шунча кўп маълумот олишади. Муайян вазиятга тўғридан-тўғри боғлиқ бўлмаган ортиқча нарсаларни ёзманг. Сиз ёзган ҳар қандай нарса сизга қарши ишлатилиши мумкин.

 

Элеонора МАЗУРОВА, Альберт САФИН,  

«Norma» МЧЖ экспертлари.

Прочитано: 1237 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика