Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 15 / Божхона

Турли найранглар шу ерда «ўйналади»

 

Почта хизмати муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлиб, ҳар қандай ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, эпидемиологик вазиятларда ҳам унга бўлган талаб ва таклиф ҳеч қачон тўхтамаган. Ҳатто бугунги виртуал, рақамли ҳаёт тарзимизда ҳам почта хизмати ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.  

 

Бу эса божхона соҳаси ходимларидан доимий равишда ўз устида ишлаш, тизимга янги иннoвацион технологияларни жорий қилиш, почта хавфсизлигини таъминлаш каби фаолият йўналишларини доимий такомиллаштиришни талаб этади.

Хўш, бугунги кунда соҳада қандай ислоҳотлар амалга оширилмоқда? Халқаро почта ва халқаро курьерлик жўнатмалари қай тартибда божхона назоратидан ўтказилмоқда?

Давлат божхона қўмитаси Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан «Бош почтамт» ТИФ божхона постида бир гуруҳ ОАВ вакиллари учун уюштирилган пресс-турда айни шу саволларга жавоб изланди.

Маълумки, ушбу божхона пости Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган ва ундан чиқиб кетаётган барча халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари устидан божхона назоратини амалга оширади. Постнинг «Халқаро почтамт» божхона пункти бугунги кунда замонавий ренгент қурилмалари билан жиҳозланган. Журналистлар «СРТ почта» божхона омбори ҳудудида жойлашган «Бош почтамт» божхона постининг маъмурий биноси билан ҳам танишишди.

Журналистларга почта жўнатмаларининг божхона кўриги ва расмийлаштируви, халқаро курьерлик жўнатмаларини дастлабки электрон божхона декларациялаш тартиби, божхона назорати жараёнида божхона постида фош этилган турли найранглар, қинғирликлар акс эттирилган тақдимот намойиш этилди.

Пресс-тур давомида журналистларни қизиқтирган «Халқаро почта ҳамда курьерлик жўнатмалари орасида нима фарқ бор?» деган саволга мутахассислар атрофлича жавоблар берди.

Жумладан, Халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари устидан божхона назорати қоидаларига (АВ томонидан 11.02.2000 йилда 896-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кўра, халқаро почта жўнатмалари – бу тегишли қадоқдаги манзили кўрсатилган ёзма хат-хабарлар, посилкалар ва босма нашрлар бўлса, халқаро курьерлик жўнатмалари жўнатилиши қисқа муддатларда қўлдан-қўлга етказиб берилган (топшириладиган) ҳолда амалга ошириладиган почта варақчалари, хатлар, бандероллар, посилкалар, босма нашрлар эканлиги тушунтирилди.

Хориждан халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларини мамлакатимизга олиб келишда маълум бир чекловлар мавжуд. Масалан, Президентнинг 2018 йил 6 июндаги «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3512-сон қарорининг 1/а-бандида жисмоний шахслар номига келаётган халқаро курьерлик жўнатмалари учун бир календарь чорак мобайнида 1 000 (бир минг) АҚШ долларигача ҳамда халқаро почта жўнатмаларида ҳар бир жўнатма учун 100 (юз) АҚШ долларигача божхона тўловларига тортилмайдиган чегараланган нормалар белгиланган.

Шунингдек, Президентнинг 2018 йил 19 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига жисмоний шахслар номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарлар назоратини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3873-сон қарорининг ­6-бандига кўра, юридик шахслар учун бу меъёр ҳам халқаро почта, ҳам курьерлик жўнатмалари учун 100 (юз) АҚШ долларига тенг бўлган қийматни ташкил этади.

 

«Бош почтамт» ТИФ божхона постида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларининг божхона назорати амалга оширилиб, 94 млрд сўмдан ортиқ божхона тўловлари давлат бюджетига ўтказилган. Божхона постида бир кунда ўртача 15-18 тонна халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари божхона назоратидан ўтказилади. Бу бир кунда 7 000–7 500 дона халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари дегани.

 

Божхона постида ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, пост ходимлари бошқарманинг тезкор таркибий тузилмалари билан ҳамкорликда 2021 йил уч ойи давомида 39 та ҳуқуқбузарликни фош этишди ва 39 млн сўмлик товар-моддий бойликлар, хусусан, 249 дона психотроп моддалар ҳамда 4,7 кг синтетик гиёҳвандлик воситаларининг мамлакатимизга «почта жўнатмаси» ниқоби остида ноқонуний кириб келишининг олдини олишган.

Масалан, жорий йилнинг 9 январь куни Нидерландиядан Д.Н. номига келган почта жўнатмаси белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, унда «ABD-BUTINACA» номли 498,82 грамм синтетик турдаги гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.

23 март куни эса М.М. номига хориждан почта жўнатмаси тарзида келган «ўйин қурилмаси» текширилганда, жўнатмадаги бу қурилма ичида оғирлиги 47,32 грамм бўлган aльфа-пирролиновалерофенон ­(a-PVP) гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.

 

Медиа-тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олишди.

Прочитано: 408 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика