Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 15 / Солиқ солиш

Йил мобайнида тўланиши лозим

 

Корхона (ҚК МЧЖ) улушлари қуйидагича бўлган муассисларга эга:

1) Ўзбекистон юридик шахси (давлат улушига эга) – 46,5%;

2) чет эл юридик компанияси – 37,8%;

3) жисмоний шахс (директор) – 15,7%.

2019 йилда ихтисослаштирилган компания томонидан корхонанинг жами активлари 1.01.2019 йил ҳолатига кўра ҳақиқий бозор нархлари бўйича мустақил баҳолашдан ўтказилган. Корхона баланси активининг қиймати 1.01.2021 йилдаги ҳолатига кўра баҳолаш қийматидан юқори бўляпти. Жамиятда ЎзР миллий стандартлари бўйича ҳисоб юритилади.

2021 йилда чет эллик муассис жамият таркибидан чиқиб кетяпти ва жамиятдан баҳолаш маълумотларига мувофиқ ёки натурада мол-мулк кўринишида 37,8% миқдорида улушини тўлашни сўраяпти. Яъни бухгалтерия ҳисоботида кўрсатилган суммадан анча юқори бўлган суммадаги мол-мулкни берилишини сўраяпти. 5-сон БҲМСнинг 24-бандига асосан активларнинг ҳақиқий қийматини акс эттириш лозим, чунки улар инвесторларга берилади ва ҳозирги бозор нархлари даражасига мувофиқ бўлиши лозим.

1. МЧЖнинг чиқиб кетаётган иштирокчиси ихтисослаштирилган компания томонидан аввалги ҳисобот даврларида баҳоланган активларнинг қийматига мувофиқ ўз улушини талаб қилиши мумкинми?

2. Бундай хатти-ҳаракатлар монополияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари таъсири доирасига тушмайдими? 

 

1 МЧЖ иштирокчиси жамиятдан чиқиб кетишда аввало ­«Масъу­лияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 22-моддасига амал қилиши лозим.

Унга мувофиқ жамиятдан чиқиб кетган иштирокчининг улуши жамиятга ўтади. Бунда жамият ушбу иштирокчига улушининг чиқарилиш ёки чиқиб кетиш санасидан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари бўйича аниқланадиган ҳақиқий қийматини тўлаши ёки унинг розилиги билан унга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт.

Улуш (улушнинг бир қисми) жамиятга ўтган пайтдан эътиборан 1 йил ичида, агар жамиятнинг уставида камроқ муддат назарда тутилган бўлмаса, жамият улушнинг (улуш бир қисмининг) ҳақиқий қийматини тўлаши ёки худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт.

Улушнинг (улуш бир қисмининг) ҳақиқий қиймати жамият соф активларининг қиймати билан унинг устав фонди (устав капитали) миқдори ўртасидаги фарқ ҳисобидан тўланади. Агар бундай фарқ етарли бўлмаса, жамият ўзининг устав фондини (устав капиталини) етишмаётган суммага камайтириши шарт.

Жамият иштирокчиси улушининг ҳақиқий қиймати жамият соф активлари қийматининг унинг улуши миқдорига мутаносиб бўлган бир қисмига мос бўлади (Қонуннинг 14-м. 4-қ.).

Соф активлар деганда хўжалик юритувчи субъектнинг ўз маблағлари билан таъминланган узоқ муддатли ва жорий активларнинг қиймати, яъни хўжалик юритувчи субъектнинг қарз мажбуриятларидан озод бўлган мол-мулк қиймати тушунилади (АВ томонидан 7.04.2004 йилда 1335-сон билан рўйхатдан ўтказилган 14-сон БҲМСнинг 10-б.).

Шу тариқа, соф активлар барча активларнинг умумий қиймати ва корхонанинг барча мажбуриятлари суммаси ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади (яъни соф активлар = жами баланс активи – мажбуриятлар). Бунда мажбуриятлар Бухгалтерия баланси (1-сон шакл, АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган) пассивининг II бўлимидир, соф активлар = ўз маблағлари манбалари (Баланс пассивининг I бўлими).

Иштирокчингиз 5-сон БҲМС «Асосий воситалар» (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 24-бандидан кўчирмани тўғри келтирмаяпти. Унда айтилишича, асосий воситаларни қайта баҳолаш АВнинг бошланғич қийматини унинг ҳозирги бозор нархлари даражасига мувофиқлаштириш мақсадида даврий аниқлаштириш ҳисобланади.

Шундай норма 7-сон БҲМС «Номоддий активлар»да (АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1485-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ҳам берилган.

Яъни МЧЖ 2021 йилда, ҳақиқатан ҳам, АВ ва НМА қийматини қайта баҳолаш орқали аниқлаштириб олиши мумкин, ёки аниқлаштирмаса ҳам бўлади (30.12.2020 йилдаги ПҚ-4938-сон қарорнинг 9-б.). Бироқ 2019 йилда ушбу талаб мажбурий ҳисобланган (АВ томонидан 4.12.2002 йилда 1192-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом). Агар МЧЖ – кичик корхона жумласига кирмайдиган бўлса, Давлат статистика қўмитаси томонидан тасдиқланган индекслар бўйича қайта баҳолашни ёки ихтисослаштирилган компания томонидан ўтказилган баҳолашни балансда акс эттириши лозим.

Бундан ташқари, сизнинг МЧЖ МҲХС бўйича ҳисобни юритишга ўтмаганлиги сабабли молиявий ҳисоботни тайёрлашда амалдаги ­1-сон БҲМС «Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисобот»га (АВ томонидан 14.08.1998 йилда 474-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосланиши лозим. Тегишинча, бухгалтерия ҳисобининг ҳақиқий баҳолаш принципига риоя қилиши керак.

Активлар ва мажбуриятларни ҳақиқий баҳолаш принципи уларнинг таннархи ёки харид қилиш қиймати баҳолашга асос бўлишини назарда тутади. Стандартларда назарда тутилган айрим ҳолларда ҳақиқий баҳолаш харид қилиш қийматидан фарқ қилиши мумкин (1-сон БҲМСнинг ­30-б.). «Айрим ҳолатлар» деганда айнан АВ ва НМАни қайта баҳолаш қиймати бўйича ҳисобга олиниши назарда тутилади.

 

Хулоса:

● 2019 йилда иштирокчиларнинг ёки жамиятнинг ташаббуси билан МЧЖда активларни баҳолаш ўтказилган бўлса, иштирокчи АВ ва НМАларни ҳисобга олишда баҳолаш натижаларини талаб қилишга ҳақли. Жамият таркибидан чиқиб кетиш таомили бошлангунига қадар иштирокчи умумий йиғилишда АВ ва НМАларни қайта баҳолашни Балансда акс эттириш масаласини киритиши мумкин. Ижобий қарор қабул қилинганда 1.01.2021 йил ҳолатидаги Баланс қайта топширилади;

МЧЖ чиқиб кетаётган иштирокчига соф активларнинг мутаносиб ийматини тўлаши лозим, ушбу қиймат ҳақиқатда қуйидагига тенг бўлади ((УФ + фойда (– зарар) + жамғарилган фондлар (захира, қайта баҳолаш)) х 37,8%);

унга тегишли улуш 1.01.2021 йилги Бухгалтерия баланси (2021 йилда чиқиб кетилганда) маълумотлари бўйича ҳисобланади. Эслатиб ўтамиз, йиллик ҳисобот ва бухгалтерия баланси жамиятнинг умумий йиғилишида тасдиқланади (Қонуннинг 30-м.).

Шунингдек Солиқ кодексида берилган дивидендлар таърифига ҳам эътибор қаратиш лозим.

Жамиятдан чиқиб кетган иштирокчига улуши қисмининг чиқарилиш ёки чиқиб кетиш санасидан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари бўйича аниқланадиган ҳақиқий қийматини ушбу иштирокчининг шу юридик шахснинг устав фондидаги улуши миқдоридан кўп бўлмаган қисми бўйича тўлов дивиденд деб эътироф этилади (СК 41-м. 1-қ. 3-б.).

Шу тариқа, МЧЖдан чиқиб кетаётган иштирокчининг ҳақиқий улуши 2 қисмдан иборат бўлиши мумкин: УФга киритилган улуш суммаси (номинал) ва дивидендлар.

ЎзР норезидентларининг дивидендларига 10%лик ставка бўйича солиқ солинади (СК 353-м.).

Чиқиб кетаётган иштирокчига ҳақиқий улушини тўлашда МЧЖ бухгалтерияси УФдаги улуш + дивидендларнинг 90%идан ортиқ бўлмаган сумма берилиши учун бир йўла дивидендлардан солиқни ҳам ҳисоблаши лозим.

 

2 ҚК МЧЖнинг чиқиб кетаётган иштирокчининг ҳақиқий улуши миқдорини аниқлаш бўйича хатти-ҳаракатлари монополияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари таъсири доирасига тушмайди деб ўйлайман. Эслатиб ўтамиз, қуйидагилар Монополияга қарши курашиш қўмитасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

● товар ва молия бозорларида рақобат муҳитини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

● товар ва молия бозорларида рақобат муҳити ҳолатини тизимли таҳлил қилиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг устун мавқени суиистеъмол қилиши, «картель» келишувлари ва тил бириктириш, инсофсиз рақобатни аниқлаш ва уларга чек қўйиш;

● савдолар, иқтисодий концентрация ва давлат кўмагини монополияга қарши тартибга солиш;

● бозор иштирокчиларига юқори ликвидли, шу жумладан, табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган товарлардан (ишлар, хизматлардан) фойдаланишда тенг шарт-шароитларни таъминлаш;

● қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш, давлат органларининг рақобатни чекловчи қарорлар қабул қилишига ва шундай ҳаракатларни амалга оширишига йўл қўймаслик (Низомнинг 10-б., ВМнинг 15.05.2019 йилдаги 402-сон қарорига 1-илова).

 

Ольга БУСАРОВА,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 785 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика