Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаларида кўрсатилган «Covid-19» билан касалланганда карантин марказларида эмас, балки тиббиёт муассасаларида амбулатор ёки стационар даволанишда бўлган ҳолатлар «карантин» формулировкасига киритиладими?
– Ҳа, тиббиёт муассасаларида ва уй шароитларида карантин остида бўлган шахслар карантинга жойлаштирилган ҳисобланади.
Президентнинг «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (19.03.2020 йилдаги ПФ-5969-сон) мувофиқ Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ томонидан 17.04.2015 йилда 2667-сон билан рўйхатдан ўтказилган) тегишли ўзгартиришлар киритилган. Уларга мувофиқ:
- паразитар касалликлар билан зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан тиббиёт муассасасида карантинга олинган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларигa тегишли даволаш-профилактика муассасаси томонидан берилади;
- юқумли, паразитар касалликлар билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуада карантинга олинган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларига ҳудудий ва туман (шаҳар) эпидемиологик осойишталик марказлари эпидемиологи ёки санитар врачи томонидан берилади;
- уй шароитида карантинга олинган шахсларга ҳамда карантинга олинган шахсларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси карантинда бўлган тўлиқ кунларига уларнинг яшаш жойидаги поликлиника томонидан берилади (Йўриқноманинг 46-б.).
Юқорида баён этилганлардан келиб чиққан ҳолда нафақат карантин мажмуаларига (марказларига), балки тиббиёт муассасаларида, шунингдек уй шароитида олинган шахслар ҳам карантинга жойлаштирилган ҳисобланади.
Нурали Нурмуҳамедов,
«Norma» МЧЖ эксперти.