Norma.uz

Коронавирусга қарши вакцина: бизнесми ёки жон сақлаш?

 

Коронавирусга қарши вакцина намуналари синаш ва ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганиш учун Россиядан мамлакатимизга олиб келиниши ҳақидаги ахборот ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда. 

 

Фикрлар хилма-хил... Кимдир буни хушхабар, деб қабул қилса, кимдир кескин қаршилик қилмоқда, эҳтирослар-у манзилли-манзилсиз ҳақоратлар ошиб-тошиб кетган...  

Бу ҳол, фикримизча, бизда ахборот соҳаси носоғломлигидан дарак беради. Чунки вакцина масаласи ҳар ким фикр билдира оладиган мавзу эмас. Бу ҳақда олимлар, соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари, мутасадди органлар вакиллари кенг оммага ахборот бериши лозим.

Тўғри, исталган оммавий ахборот воситаси орқали исталган ахборотни қонун-қоидалар доирасида тарқатиш мумкин – сўз эркинлиги бунга имкон беради. Аммо, бутун инсониятнинг бошига тушган бало ҳақида ахборот тарқатганда, албатта тегишли соҳа мутахассислари, мутасаддиларнинг шарҳи, ахборотнинг ишончли манбасига таяниш керак.

Айни пайтда эса «қайноқ» ахборотни тезроқ бериб, ўз рейтингини ошириш илинжида айрим ОАВлар одамларни чалғитадиган, носоғлом кайфият, ноконструктив баҳс-мунозараларга сабаб бўладиган ахборотни тарқатаяптилар.  

Хусусан, шундай бир ахборотда ёзилишича, Россия тўғридан-тўғри инвестиция фонди (РДИФ) ва мамлакатимиздаги хусусий фармацевтика компанияларидан бири 35 миллион дозагача вакцина етказиб беришга келишиб олганлар.  

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу маълумотни рад этиб, РДИФга атиги 5 000 та «Спутник В» вакцинаси учун сўров юборганини маълум қилди. РДИФ сайт мухбирига ушбу шартномалар Ўзбекистондаги хусусий компания билан тузилганлигини ва фонд хабарида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг иштироки ҳақида сўз юритилмаганлигини билдирди... Вакцина ташқи бозорларга етказиб берилганда иккита дозасининг нархи камида 10 долларни ташкил қилар экан.

Бу маълумотни аниқ деб бўлмайди, лекин, уни оддий фуқаролар ҳар хил тушуниши аниқ! Вазирлик вакили 5 минг доза ҳақида айтган бўлса, фармацевтика компанияси 35 миллион дозага келишиб олгани ҳақида гапиришдан қандай мантиқ бор?  

Ҳали қўлланиши расман эълон қилинмаган, импорт қилиниши охиригача келишилмаган вакцинанинг нархи камида 10 АҚШ доллари бўлади, дегани нимани англатади?  

11, 15, 50 доллар ҳам бўлиши мумкин-ку... Нимага 34 миллионлик аҳолимиз учун деярли ярим йил ичида 35 миллион доза вакцина ҳақида келишадилар... Хуллас, бундай ахборотни қанча «ҳазм» қилишга ҳаракат қилсак, жавоблардан кўра саволлар кўпроқ туғилади.

Бир нечта мамлакат коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиб, уни қўллай бошлаганини ОАВлардан биламиз. Ҳали кўп нарса аниқ эмас. Вакцина синови кўп босқичли жараён бўлиб, бир неча ой давом этиши мумкин, демоқда мутахассислар.  

«А» мамлакат вакцинаси яхшими ёки «Б» мамлакатникими – буни яқин ойларда амалиёт кўрсатади, хулосани эса мамлакат аҳолиси соғлиғини сақлаш тизимига масъул орган – Соғлиқни сақлаш вазирлиги чиқариб, эълон қилиши лозим.

Фикримизча, хусусий компаниялар вакцинани мамлакатимизга импорт қилиб, кейинчалик хусусий тиббиёт компаниялари вакцинациялаш билан шуғулланишига ҳам йўл қўйиб бўлмайди. Бу қатъий равишда фақат давлат ташкилотлари шуғулланиши керак бўлган иш – бизнес эмас!

Сўнгги йилларда мамлакатимизда хусусий тиббиётни ривожлантиришга катта эътибор берилаяпти. Аммо, бунга тўлиқ маънода соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий бизнес – тадбиркорликни ривожлантириш сифатида қарамаслик лозим деб ўйлайман.

Биринчидан, хусусий тиббиёт субъектлари солиқлардан озод этилган. Иккинчидан, хусусий тиббиёт субъектларининг солиқлардан озод этилиши туфайли олган даромадлари ҳисобидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатиш мажбурияти белгиланган.

Учинчидан, давлат-хусусий шерикчилик усулида давлатимиз ушбу ташкилотларга анчайин кўмак беради. Тўртинчидан, қонунчиликка мувофиқ, мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча тиббиёт муассасаларида аҳолига шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам бепул кўрсатилиши лозим.

Бешинчидан, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришда тиббий суғурта соҳасини кенгайтириш вазифалари ҳам белгиланди, яқинда Президентимиз Фармони билан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилди.

Бу қонунчилик нормалари, қоидалар ва қарорлардан нодавлат тиббий хизмати (de jure) «хусусий» деб ном олганига қарамасдан, амалда (de facto) нодавлат нотижорат бўлиши кераклиги келиб чиқади.

Бинобарин, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунимизнинг тадбиркорликни «даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускор фаолият» сифатида таърифлайдиган 3-моддаси нормасини тўлиқ маънода соғлиқни сақлаш соҳасига нисбатан қўллаб бўлмайди. Акс ҳолда, бизнес-медицина одамлар кўпроқ касалланишидан моддий манфаатдор бўлиб чиқади.

Пандемия даврида «МСКТ» текширувлари нархи ошиб кетди, сўнгги ўн йилликларда юртимизда хусусий дорихоналар ҳаддан зиёд кўпайиб кетди – давлат улушига эга «Дори-Дармон» компанияси ҳам 2018–2019 йилларда 104 млрд сўм зарар кўрган бўлса, жорий йилнинг 9 ойида 30,7 млрд сўм фойда олган – бу каби фактлар коронавирус балоси сабоқларини ҳисобга олганда соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунчилигимиз ва амалиётимиз қандай йўналишда ривожланиши лозимлигини яққол кўрсатиб турибди.  

Яъни реал иқтисодиётда тадбиркорликни ривожлантириш асосида ижтимоий соҳани тутиб туриш учун молиявий база яратиб, тиббий хизматлар давлат ёки суғурта фондлари орқали молиялаштириладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан кўрсатилиши амалиётини кенгайтириш мақсадга мувофиқ кўринади.

Хуллас, жон сақлашда бизнес қилиб бўлмайди.

 

Фарҳод Қурбонбоев,
иқтисод фанлари номзоди.
 

ЎзА.

Прочитано: 546 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика