Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 50 / ҚҚС ҳақида

Хизмат сафари: саволларга жавоб берамиз

 

Агар ходим харажатларни тасдиқловчи ҳужжатни йўқотган бўлса, нима қилиш зарур? Ёки парвозга кечиккан бўлса ва янги чипта олишига тўғри келган бўлса-чи? Унга нормадан ортиқча суткалик тўлаш мумкинми? Улар қандай ҳисобланади? Қандай солиқ оқибатлари бўлади? Хизмат сафари дам олиш кунларига тўғри келганда нима қилиш керак? Таклиф қилувчи томон харажатларнинг бир қисмини ўз зиммасига олса-чи? Ходим меҳмонхона инвойсини тўлов тўғрисидаги чексиз тақдим қилса ёки у карантин туфайли қайтиб келолмаган бўлса, нима қилиш лозим?

Хизмат сафари билан боғлиқ бўлган шу каби саволларга «Norma» компанияси эксперти Дилором САИДОВА ва buxgalter.uz эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА жавоб беради. 

 

Агар ходим чиптани йўқотган бўлса, нима қилиш лозим? 

– Ходим хизмат сафаридан қайтган кундан эътиборан 3 иш куни мобайнида бўнак ҳисоботини тақдим қилиши шарт. Ушбу ҳисоботга хизмат сафари жойига келган ва кетган кун жойига белги қўйилган хизмат сафари гувоҳномаси ва хизмат сафарида ҳақиқатда қилинган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади (Йўриқноманинг 15-банди, АВ рўйхат рақами 1268, 29.08.2003 й.).

Агар йўл ҳужжатлари йўқотилган бўлса, йўл харажатларини қоплаш тўғрисидаги қарорни корхона раҳбари қабул қилади. Бироқ харажатларни бу ҳолда фақат Ўзбекистон ҳудудидаги хизмат сафарлари бўйича қоплаш мумкин. Бу ҳолда қоплашнинг солиқ солинмайдиган чегараси ўзгаради: Ўзбекистон бўйича хизмат сафарида ҳар бир километр учун БҲМнинг ­0,08%и миқдоридан кам бўлмаган қоплаш суммасига, яъни ҳар бир километр учун 178,4 сўмга (223 000 х 0,08%) солиқ солинмайди (Йўриқноманинг 10-б.).

 

Тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафаридаги транспорт харажатлари қопланиши амалга оширилмайди (Низомнинг 24-б., АВ рўйхат рақами 2730, 19.11.2015 й.).

 

Йўл харажатларини қоплаш суммасига ЖШДС солинмайди, башарти:

● тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда – ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар суммасида;

● ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда – темир йўл транспортидаги (агар темир йўл қатнови бўлмаса, шаҳарлараро автобусдаги) йўл ҳақи қиймати миқдорида, лекин авиачипта қийматининг ­30%идан ошмайдиган миқдорда (СК 369-м. 2-қ. 8-б.).

Йўл харажатлари ҳужжатлар билан тасдиқланган ва иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган тақдирда фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириладиган харажатлар ҳисобланади (СК 305-м.).

 

Ходим парвозга улгурмади ва янги авиачипта сотиб олишига тўғри келди. Янги чипта қиймати ва қўшимча тўловга ЖШДС солиш зарурми? 

– Агар ходим унга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар боис (масалан, музокаралар чўзилиб кетган, тирбандликда қолиб кетган, хасталаниб қолган ва ҳ.к.) парвозга улгурмаган бўлса, хизмат сафари харажатларига янги чиптанинг қийматини киритинг. Мазкур қиймат хизмат сафарига юборилган ходимнинг даромади ҳисобланмайди (СК 369-м. 2-қ. 8-б.).

Ишлатилмаган чиптанинг қиймати ҳам ходимнинг даромади ҳисобланмайди. Бу – корхонанинг харажати.

Агар ходимнинг айби билан ортиқча чиқим қилинган бўлса, корхона унинг қийматини қоплашни талаб қилиши мумкин.

 

МИСОЛ. Ходимнинг айбисиз чиптани алмаштиришда қийматини қоплаш

Ходим чет элга хизмат сафарига юборилган. Муҳим масалаларни ҳал қилишда у авиақатновга улгурмади ва чиптани қўшимча тўлов билан – кейинроқ вақтга алмаштирди.

Солиқ қонунчилиги авиачиптани қўшимча тўлов билан алмаштириш ҳолларида истисноларни назарда тутмайди. Тасдиқловчи ҳужжатлар асосида хизмат сафари жойига бориш ва у ердан қайтиб келиш учун, шу жумладан жой банд қилиш учун ҳақ тўлашни қўшган ҳолда ҳақиқатда амалга оширилган тўловларни компенсация қилиш жисмоний шахснинг даромади сифатида ҳисобланмайди. 

 

Корхона суткалик нормасини қонунчиликда белгиланганига нисбатан юқори белгилаши мумкинми? 

– Ҳа, корхона жамоа шартномаси, меҳнат шартномаси ёки буйруқда ўзининг суткалик нормаларини белгилаши мумкин. Суткалик нормалари қонунчиликда белгиланган нормалардан паст бўлиши керак эмас.

Ўзбекистон доирасида хизмат сафарида:

● Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида – 0,1 БҲМ;

● бошқа шаҳарлар ва аҳоли пунктларида – 0,08 БҲМ (Йўриқноманинг 11-б.).

Ўзбекистоннинг ташқарисига хизмат сафарида – Низомга 1-иловада келтирилган нормалар бўйича.

Масалан, компания ички Хизмат сафарлари тўғрисидаги низомни қабул қилиб, унда бир сутка учун 1 БҲМдан кам бўлмаган миқдорда суткалик харажатлар нормасини назарда тутиши мумкин.

 

Хизмат сафари кунлари дам олиш кунларига тўғри келди, ушбу кунлар учун иш ҳақи қандай тўланади? 

– Иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.

Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин (МКнинг 157-м.). 

 

МИСОЛ. Ходим хорижда хизмат сафарида, унинг муддатига тўртта дам олиш куни – 2 та шанба ва 2 та якшанба кирди

Агар хорижда хизмат сафари вақтида ходим ишлаб чиқариш зарурати туфайли дам олиш кунлари ишлаган бўлса, ушбу кунлардаги ишлар учун компенсация камида икки ҳисса миқдорида амалга оширилади.

Ходимнинг хоҳишига кўра – унинг ёзма аризаси мавжуд бўлган тақдирда – дам олиш кунларидаги ишлар учун бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланиши ва ҳар бир дам олиш куни учун 1 кун отгул берилиши мумкин (МКнинг 157-м.).

Агарда хорижда хизмат сафарида бўлган ходим дам олиш кунлари ишламаган бўлса, улар учун фақат хизмат сафари харажатлари тўланади (МКнинг 171-м.; Низомнинг 1-б.). 

 

Таклиф қилувчи томон харажатларнинг бир қисмини ўз зиммасига олади. Суткалик харажатлар қандай тўланади? 

– Агар қабул қилувчи томон бепул овқат (нонушта, тушлик, кечки овқат) билан таъминласа, суткалик харажатлар меъёрнинг 30%и миқдорида тўланади.

Бепул овқатланишдан ташқари ходим шахсий эҳтиёжлари учун маблағлар билан таъминлаган тақдирда унга суткалик харажатлар тўланмайди (Низомнинг 7-б.).

 

Ходим меҳмонхона инвойсини тўлов тўғрисидаги чексиз тақдим қилди. Инвойс тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланадими? 

– Хизмат сафари жойидаги турар жойни ижарага олиш бўйича харажатлар ходимга ҳақиқатдаги харажатлар бўйича тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда қопланади (Йўриқноманинг 12-б.).

Яшаш учун (турар жой ижараси бўйича) харажатларнинг якуний ҳисоб-китоби хизмат сафарига юборилган шахс томонидан ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар бўйича, бироқ белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлмаган миқдорда амалга оширилади (Низомнинг 11-б.).

Терминал, касса аппарати чеклари ёки инвойсда меҳмонхонанинг тўлов қабул қилинганлиги тўғрисидаги штампи билан белгиси тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади. Яъни  меҳмонхона хизматлари учун ҳақиқатда амалга оширилган тўлов тасдиқланган бўлиши керак.

 

Агар ходимни хорижга хизмат сафарига жўнатишган бўлса, лекин у пандемия туфайли қайтиб келолмаган бўлса, нима қилиш лозим? 

– Бу вазиятда карантин даври хизмат сафари ҳисобланади, ходимга тўланадиган маблағлар «хизмат сафари харажатлари» тушунчаси остига тушади, сабаби ходим бошқа мамлакатда ўз хоҳишига биноан эмас, балки юзага келган ҳолатлар туфайли қолиб кетган.

Ходимга хорижий давлатда бўлиш муддатлари ўзгариши билан боғлиқ қўшимча харажатлар қопланади (Низомнинг 29-б.).

 

Агар ходим қандайдир сабабга кўра хорижда хизмат сафарида 60 кундан ортиқ бўлса, 61-кундан бошлаб суткалик харажатларнинг бошқа меъёрлари қўлланилиши лозим (Низомга 1-илова).

 

Корхона бундай вазиятда:

қўшимча буйруқ чиқариши ва хизмат сафари муддатини узайтириши;

ходим Ўзбекистонга қайтиш эҳтимоли бўлган давргача зарур кейинги хизмат сафари харажатларини аниқлаши зарур.

Агар ходим хорижда бўлганда, у ердан «масофадан» ишлашни давом эттириши мумкин бўлса, унда меҳнат шартлари ва масофадан ишлаш режимида ишлаш учун ҳақ тўлаш мезонларини қайта кўриб чиққан ҳолда, унинг меҳнат контрактига ўзгартиришлар киритинг.

Бу ҳолда корхонанинг, масалан, турар жойни мажбурий ижарага олиш бўйича қўшимча харажатлари хизмат сафари харажатлари эмас, балки ходимнинг меҳнат шароитларини ташкил этиш бўйича харажатлар бўлади (СК 369-м. 2-қ. 5, 7-б.).

 

Қонунчиликда белгиланган нормалардан юқори бўлган суткалик ва яшаш учун харажатлар жисмоний шахснинг даромади ҳисобланадими? 

– Агар ходим турар жой ижараси бўйича ҳақиқатда қилинган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган бўлса, бундай харажатлар унинг даромади ҳисобланмайди (СК 369-м. 2-қ. 8-б.).

Тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда қонунчиликда белгиланган нормалардан ошган турар жой ижараси қиймати, ходимнинг моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланади ва корхонанинг локал ҳужжатларида нормалар тасдиқланган ёки тасдиқланмаганлигидан қатъи назар, уларга ЖШДС солинади.

Нормалардан ортиқча суткалик жисмоний шахснинг компенсация тўловлари тарзидаги даромади ҳисобланади ва ЖШДС ҳамда ижтимоий солиқ солинади (СК 373-м. 9-б.).

 

МИСОЛ. Ходимнинг солиқ солинадиган даромади суммасининг ҳисоб-китоби

Ходим Бухоро вилоятига 3 кунга – 2020 йил 9 ноябрдан 11 ноябрга қадар (11 ноябрь ҳам киради) хизмат сафарига юборилган.

Бухгалтерия ходимга темир йўл чиптасини сотиб олди. Ходим бухгалтерияга фойдаланилган темир йўл чиптасини, меҳмонхона, уяли алоқа хизмати ва ҳ.к. учун ҳақ тўланганлиги тўғрисидаги чекни тақдим этди.

Жисмоний шахснинг солиқ солинадиган даромади суммасини ҳисоблаб чиқарамиз:

Харажатлар

 

Суткалар сони

 

Қонунчиликда белгиланган нормалар

 

Ҳақиқатда қилинган харажатлар

 

Жисмоний шахснинг даромади эмас

 

Жисмоний шахснинг даромади

 

Йўл

 

х

 

Ҳақиқатда қилинган харажатлар

 

Ҳақиқатда қилинган харажатлар

 

Тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда

 

0

 

Яшаш

 

2

 

Раҳбарият томонидан тасдиқланган нормалар доирасида ҳақиқатда қилинган харажатлар

 

60 000 х 2 = 120 000

 

Тасдиқловчи ҳужжатлар асосида

 

0

 

Суткалик

 

3

 

223 000 х 0,08 = 17 840

 

17 840 х 3 = 53 520

40 000 х 3 = 120 000

 

Тасдиқловчи ҳужжатлар зарур эмас

 

66 480

 

Бошқа харажатлар (телефон сўзлашувлари ва ҳ.к.)

 

х

 

Норма белгиланмаган

 

50 000

 

Тасдиқловчи ҳужжатлар асосида

 

0

 

 

Жами:

 

 

 

 

66 480

 

 

 

Мазкур вазиятда 66 480 сўмни жисмоний шахснинг жами даромадига киритиш ҳамда ЖШДС ва ижтмоий солиқ солиш зарур.

 

Ходимни Ўзбекистон доирасида хизмат сафарига юбораётганда, бораётган жойига боғлиқ ҳолда коэффициентни тўғри қўллашга эътибор қаратинг.

Хато коэффициентни қўллаш ЖШДС суммасини нотўғри аниқлашга олиб келиши мумкин.

Прочитано: 1708 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика