ҚҚС тўловчиси бўлган корхона Президентнинг 16.09.2019 йилдаги ПҚ-3282-сон қарорига биноан Жаҳон банки иштирокида амалга оширилаётган лойиҳа бўйича ёрдамчи пудратчи ҳисобланади.
У лойиҳа доирасида бажарилаётган ишлар қисмида ҚҚС бўйича имтиёзни қўллашга ҳақлими?
– «Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш. 2-фаза» лойиҳаси доирасида Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) кредити, грантлар ва Давлат бюджети маблағлари ҳисобига харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) ҚҚСдан озод этилган (16.09.2017 йилдаги ПҚ-3282-сон қарорнинг 9-б.).
Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари бўйича халқаро ва хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари томонидан берилган қарзлар (кредитлар) ҳисобидан юридик шахслар томонидан сотиб олинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилишга доир айланмага 2020 йил 1 июлга қадар ҚҚС солинмайди (30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонуннинг 6-м.).
ХТА Жаҳон банки гуруҳига киради, лойиҳани амалга ошириш учун кредит тақдим этиш эса 2017 йил 30 июнда Жаҳон банки томонидан маъқулланган (ПҚ-3282-сон қарорнинг 1-б.).
Халқаро ва хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари томонидан берилган қарзлар ҳисобидан лойиҳалар иштирокчилари қаторига, жумладан, қуйидагиларга товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилувчи юридик шахслар-ёрдамчи пудратчилар киради:
● лойиҳа бўйича ижро этувчи органга;
● лойиҳани амалга ошириш бўйича тендерни ютиб олган пудратчиларга (Низомнинг 4-б., АВ рўйхат рақами 1366, 24.05.2004 й.).
Бинобарин, корхона-ёрдамчи пудратчи лойиҳани амалга ошириш бўйича тендерни ютиб олган пудратчи билан шартномага асосан ишларни ҚҚСсиз бажаришга ҳақли.
Лойиҳа бўйича ижро этувчи органдан ПҚ-3282-сон қарор бўйича лойиҳани амалга ошириш доирасида ишларни бажаришингиз юзасидан ёзма тасдиқнома олинг. Пудратчига тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактурада пудратчи лойиҳа бўйича ижро этувчи орган билан тузган асосий шартномага ҳавола беринг (Низомнинг 5-б.).
Олег ЦОЙ,
«Norma» МЧЖ эксперти.