Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 48 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Қурилиш фаолияти жамоатчилик учун очиқ бўлади

 

Вазирлар Маҳкамаси 19.11.2020 йилдаги «Қурилиш соҳасида ахборот тизими ва географик ахборот технологияларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 732-сон қарорни қабул қилди. 

 

Президентнинг «Қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (20.09.2019 йилдаги ПҚ-4464-сон) мувофиқ Қурилиш вазирлиги томонидан «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими Тошкент вилоятида эксперимент тариқасида ишга туширилган. Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри» географик ахборот тизими (геопортал) синов тариқасида ишга туширилган. Бу жамоатчиликка шаҳарсозлик ҳужжатлари ва ахборотни онлайн режимида тақдим этиш имконини беради.

Қарор билан:

  • «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими тўғрисидаги низом;
  • «Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри» географик ахборот тизими тўғрисидаги низом;
  • «Шаффоф қурилиш» ва «Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри» тизимларини янада ривожлантириш ва унинг «Электрон ҳукумат» тизимига интеграциялашуви бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Қуйидагилар «Шаффоф қурилиш» МАТнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • объектларнинг манзилли дастури, объектларнинг йиллик манзилли рўйхати шакллантирилишини, маълумотлар базаси янги қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш объектлари бўйича турларга бўлиб юритилишини таъминлаш;
  • объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда ҳудудий ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниялари томонидан лойиҳаолди ишларининг амалга оширилиши, буюртмачи билан лойиҳа ташкилоти ўртасида шартнома тузилиши ва аванс маблағлари ажратилиши ҳамда ишлар тугалланганлиги тўғрисидаги аниқ ва ишончли маълумотларнинг мунтазам электрон базага киритиб борилиши ва юритилишини таъминлаш;
  • лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда буюртмачи ва экспертиза ташкилоти ўртасида тузилган шартномалар, кўрсатилган хизматларнинг молиялаштирилганлиги, тугалланган лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизадан ўтказилганлигига оид электрон маълумотлар базасини шакллантириш;
  • объектлар қурилишини молиялаштиришда пудратчи билан буюртмачи ўртасида шартнома имзоланганлиги ва аванс маблағлари тўланганлиги, ойма-ой бажарилган ишларнинг ҳисоботини юритиш ва бажарилган ишларга нисбатан мутаносиб равишда молиялаштирилганлиги тўғрисидаги аниқ ва ишончли маълумотларнинг электрон базасини шакллантириш;
  • объектлар қурилишида иштирок этаётган барча пудратчилар ва ёрдамчи пудратчилар ҳақида маълумотларни йиғиш, бажарилган иш ҳажмлари асосида тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, улар томонидан амалга оширилаётган иш турлари бўйича маълумотлар базаларини шакллантириш;
  • объектларда қурилиш жараёнларини назорат қилиш ва мониторинг олиб боришда уларни рўйхатга олиш, қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан амалга оширилаётган назорат текширувларини ва кўрсатиб ўтилган камчиликларни қайд этиш, уларни бартараф этиш бўйича маълумотлар базаларини шакллантириш.

Геопорталнинг операторлик функциялари «Қурилишда муҳандислик изланишлари, геоинформатика ва шаҳарсозлик кадастри лойиҳа илмий-тадқиқот институти» ДУКга юклатилди.

Қурилиш вазирлигига Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда қурилиш соҳасидаги хизматларни кўрсатиш тартиботларини хатловдан ўтказиб, талаб этиладиган маълумотларни оптималлаштириш ва давлат хизматлари кўрсатиш муддатларини қисқартиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини 2021 йил 1 январга қадар тақдим этиш топширилди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 20.11.2020 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова.

Прочитано: 554 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика