Божхоначилар пиротехника воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйди
Янги йил байрами арафасида кишининг дилини хира қиладиган ҳолат кўпаяди – пиротехника воситалари ҳамманинг тинчини бузади. Божхона органи ходимлари бундай қонунга зид фаолиятнинг пайини қирқишда доим фаолдир.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда пиротехника воситаларини кўча-кўйда пуллаш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрида тезкор тадбир ўтказишди.
Тадбирда «KIA Carnival» русумли автомашинанинг юкхонасида У.А.га тегишли бўлган, хорижда ишлаб чиқарилган умумий қиймати 111 млн сўмга яқин, жами 9 турдаги 56 172 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланди ҳамда ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан дастлабки божхона суриштирувлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.