Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 47 / Мутахассис маслаҳати

Йиллик инвентаризацияга тайёрланамиз

 

Йил якуни яқинлашмоқда, олдинда – йиллик инвентаризация. Унга қандай тайёрланиш ва қандай ўтказиш борасидаги савол айниқса акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар учун долзарбдир. Ахир улар 2021 йил 1 январдан бошлаб бухгалтерия ҳисобини МҲХС асосида юритишлари керак. 

 

Буни қандай амалга ошириш ҳақида, buxgalter.uz илтимосига биноан «TRI-S-AUDIT» МЧЖ аудиторлик компаниясининг директори ­Светлана ­ГОЛОСОВА сўзлаб берди:

 

– Инвентаризацияга тайёрланиш ва уни ўтказиш қоидаларида ҳозирча ҳеч қандай янгиликлар йўқ. Ушбу вазифаларни ҳал қилишда 19-сон «Инвентаризацияни ташкил этиш ва ўтказиш» Бухгалтерия ҳисоби миллий стандартига (АВ рақами 833, 2.11.1999 й.) амал қилиш зарур. Бунда ушбу қоидаларга илгаригидек барча, шу жумладан – янги йилдан бошлаб МҲХСга ўтадиган ташкилотлар ҳам риоя қилишлари керак.

Кўп бухгалтерларни МҲХСга ўтиш муносабати билан инвентаризацияни ўтказиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилиши борасидаги савол қизиқтирмоқда. Бу савол юзасидан аниқлик, афтидан, 2021 йилда пайдо бўлади. Сабаби МҲХС бўйича ишлайдиган ташкилотлар сони жиддий ошади ва келгуси йилда улар молиявий ҳисоботни халқаро стандартлар бўйича топширишлари керак бўлади. Мана шунда амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш лозимлиги очиқ-ойдин намоён бўлади.

Хуллас, йиллик инвентаризацияга қандай тайёрланиш лозим? Кўп йиллик кузатувлар асосида қандай хулосалар қилиш мумкин?

Йиллик инвентаризация йиллик молиявий ҳисобот тузилиши олдидан ўтказилади. Бундай ҳисоботни топшириш муддатлари Чораклик ва йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиш муддатлари тўғрисидаги низом (АВ рақами 942, 3.07.2000 й.) билан белгиланган. Бундан инвентаризацияси ҳисобот йилининг 1 октябридан кейин ўтказилган мол-мулк мустасно. Қоидага кўра, молиявий ҳисоботдан олдинги инвентаризация 4-сон «Товар-моддий захиралар» БҲМС (АВ рақами 3259, 30.06.2020 й.) ва 5-сон «Асосий воситалар» БҲМСга (АВ рақами 1299, 20.01.2004 й.) биноан бир йилда камида бир марта инвентаризацияланадиган товар-моддий захиралар ва асосий воситаларни инвентаризация қилиш билан бирга ўтказилади.

19-сон БҲМСнинг 1.5-банди билан анча тез-тез даврийлик ўрнатилган бошқа инвентаризация турларини ҳам шу даврга тақаб ўтказиш мумкин. Ва бу оқилона қарор ҳисобланади, сабаби йиллик молиявий ҳисобот тузиш олдидан инвентаризацияда мутлақо ҳаммаси текширилади.

Ҳозир айни вақти бўлган тайёргарлик босқичини жуда муҳим деб ҳисоблайман.

 

Тайёргарлик режаси

1. Ҳужжатларни тартибга келтиринг, инвентаризация чоғида зарур ҳужжатни тез топиш учун уларни жилдлар бўйича жойлаштиринг. Ушбу босқичда камдан-кам ҳолларда бухгалтерия ҳужжатларини тиклашсиз уддаласа бўлади. Ҳатто энг тажрибали бухгалтерларда бир нечта йўқотилган ёки охиригача расмийлаштирилмаган ҳужжатлар топилади. Барча ушбу камчиликларни олдиндан бартараф этиш зарур. Барчаси корхонанинг ҳисоб сиёсатига мувофиқ бўлиши керак.

2. Товар-моддий қимматликларини тайёрлаш ташаббуси билан чиқинг. Улар гуруҳланган, сараланган ва номи, навлари ва ўлчамлари бўйича сонини ҳисоблаш учун қулай муайян тартибда жойлаштирилиши керак.

3. Активлар Ҳисоб сиёсати билан белгиланган асосий воситалар, товар-моддий қимматликлар, инвентарь мезонлари бўйича тўғри таснифланганлигини текширинг.

4. Барча объектлар ва бўлинмалар бўйича икки нусхада инвентаризация рўйхатини тайёрланг, бунда «Бухгалтерия ҳисоби маълумотлари бўйича» графасини тўлдирманг.

5. Раҳбарият томонидан белгиланган санага Ҳисоб сиёсати билан белгиланган муддатда инвентаризацияни ўтказиш тўғрисидаги буйруқ лойиҳасини тайёрланг. Бу ташкилий малаларни ҳал қилиш имконини беради. Шу жумладан:

муддатларни ва текшириладиган объектларни белгилаш;

инвентаризация бўйича комиссия таркибини шакллантириш. Бу масалада 19-сон БҲМСнинг 2.8-2.10-бандларига амал қилинг. Комиссия аъзоларининг сони инвентаризацияни 19-сон БҲМС бўйича таъминлаш учун мақбул бўлиши кераклигини инобатга олинг;

регламентни ишлаб чиқиш. Бу комиссия аъзоларининг ишини инвентаризация жараёнининг ҳар бир босқичида регламентлайдиган қоидалар, йўриқномалар, фармойишлар бўлиши мумкин. Ушбу ҳужжатларда фирманинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олувчи услубият, тасдиқномалар, контрагентлар-етказиб берувчилар, сотиб олувчилар, банклардан ҳисоб маълумотларини олиш тартиби ёзилган бўлиши керак. Комиссия ишига эътирозлар бўйича масалаларни ҳал қилиш тартиб-таомилини баён этинг. Инвентаризация натижалари акс эттириладиган бошланғич ҳисоб ҳужжатлари шаклларини белгиланг.

6. Ташкилот раҳбари инвентаризация комиссиясини иш учун зарур барча нарсалар билан таъминлаши даркор. Инвентаризация ўтказиладиган хоналарни тамғалаш учун тамғалагич билан таъминлашга алоҳида эътибор бериш зарур.

7. Шундан сўнг фақат буйруқни имзолаш ва инвентаризацияни бошлаш учун уни комиссия аъзоларига тарқатиш қолади.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.

 

 

 

ТУЗАТИШ

«Солиқ ва божхона хабарлари» газетаси 2020 йил 8 сентябрдаги 36 (1360)-сонининг 4-саҳифасида чоп этилган «Маблағ етмай турганда» материалида «2019 йил 1 январдан бошлаб давлат улуши ­50%дан кам бўлган корхоналар билан шартномалар бўйича ички бозорда олдиндан 15 фоиз тўловни амалга оширишга доир талаб бекор қилинган» жумласидан кейинги ҳавола «(30.10.2018 й. ПФ-5564-сон Фармон 1-б. «а» кичик банди)» деб ўқилсин.

 

* * *

«Солиқ ва божхона хабарлари» газетаси 2020 йил 22 сентябрдаги 38 (1362)-сонининг 3-саҳифасида чоп этилган «Технопарк резидентлари имтиёзларни қандай қўллайдилар» материалида «Корхона Технопарк резиденти мақомидан маҳрум қилинган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб имтиёзни йўқотади (589-сон Низом 589-б.)» жумласидаги ҳавола «(Низом 29-б., ВМнинг 589-сон қарори билан тасдиқланган)» деб ўқилсин.

 

* * *

«Солиқ ва божхона хабарлари» газетаси 2020 йил 6 октябрдаги 40 (1364)-сонининг 6-саҳифасида чоп этилган «Ер қаъри – давлат хазинаси» материалида иккинчи устун пастдан иккинчи хатбошидаги ҳавола «(20.06.2020 йилдаги ­394-сон)» деб ўқилсин.

 

* * *

«Солиқ ва божхона хабарлари» газетаси 2020 йил 20 октябрдаги 42 (1366)-сонининг 6-саҳифасида чоп этилган «ЯТТнинг ёлланган ходимлар учун тўлайдиган солиқлари» материалининг иккинчи устуни саккизинчи хатбошисидаги ҳавола «(ВМнинг 219-сон қарорига ­1-илова)» деб ўқилсин.

Прочитано: 489 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика