Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 38 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Бошоқли дон етиштириш бозор механизмларига ўтади

 

 Вазирлар Маҳкамасининг 8.09.2020 йилдаги «2021 йилда бошоқли дон етиштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 546-сон қарорида шу ҳақда сўз юритилган.


Ҳужжат билан белгиланишича, 2021 йилдан бошлаб:

  • давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилади;
  • бошоқли дон экинлари бўйича давлат хариди тўлиқ бекор қилинади;
  • зарур миқдордаги дон фьючерс, форвард шартномалари асосида ёки биржа савдолари орқали эркин нархларда харид қилинади. Бу ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун зарур.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • 2021 йил ҳосили учун серҳосил, сифат кўрсаткичлари юқори бўлган кузги бошоқли дон экинларини навлар бўйича жойлаштиришнинг прогноз кўрсаткичлари;
  • Дон ва дуккакли дон экинлари ИТИ ва унинг Қашқадарё филиали ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар илмий-тажриба станцияларида 2021 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини навлар бўйича жойлаштириш ва суперэлита уруғлик дон етиштириш ҳажмларининг прогноз кўрсаткичлари;
  • 2021 йил ҳосилидан бошоқли дон экинлари уруғларини тайёрлаш ҳажмларининг прогноз кўрсаткичлари;
  • 2021 йил ҳосилидан дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун харид қилинадиган товар дон ҳажмлари;
  • 2021 йил ҳосили учун бошоқли дон экинларини экиш ва парваришлаш учун талаб қилинадиган минерал ўғитлар миқдори;
  • 2021 йил ҳосили учун бошоқли дон экинларини экиш ва парваришлаш учун талаб қилинадиган ЁММ миқдори. Қарор билан табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда суғориладиган майдонларда 2021 йил ҳосили учун экилган кузги бошоқли дон экинларини экиш ва парваришлаш бўйича агротехник тадбирларни амалга ошириш юзасидан «йўл хариталари» тасдиқланди.

Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, қишлоқ хўжалиги вазири ва молия вазирига ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш мақсадида харид қилинадиган товар дон ҳажмларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Қарорда амалга оширилаётган ислоҳотларни молиялаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва тижорат банклари билан биргаликда ялпи ҳосил қийматининг 40–50%и миқдоридаги кредит буюртмаларини туманлар бўйича алоҳида ҳисоб-китоб қилади.

Тижорат банклари агротехник тадбирлар муддатларига мувофиқ ғалла етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ҳар ойнинг 5-кунига қадар Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига кредит буюртмаларини тақдим этади.

Жамғарма Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг буюртманомалари асосида 2021 йил ғалла ҳосилини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун тижорат банкларига ҳар ойда маблағ ажратади. Тижорат банклари ғалла етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ажратилган кредитлар Жамғармага тўлиқ қайтарилишини таъминлайди.

2021 йил ғалла ҳосилини етиштириш харажатларини белгиланган тартибда молиялаштириш Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эълон қиладиган минимал нархлардан ва 2020 йил ғалла ҳосили ҳажмидан келиб чиқиб аниқланади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига икки кун муддатда минимал нархларни эълон қилиш ва Молия вазирлигига 2021 йил ғалла ҳосили харажатларини молиялаштириш учун зарур бўлган ҳисоб-китобларни тақдим этиш вазифаси топширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликларига қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги вазирликлари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, «Ўздонмаҳсулот» АК билан биргаликда бир ҳафта муддатда бошоқли дон экинларини навлар бўйича жойлаштиришга доир қарорлар қабул қилиш вазифаси топширилди.

«Ўздонмаҳсулот» АК Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида тузилган шартномалар доирасида етиштириладиган ғалла учун уруғлик қийматининг 15%ини олдиндан ва қолган қисмини 60 кун ичида тўлаб бериш шарти билан, бошқа фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерларига 100% олдиндан тўловлар асосида экиш учун уруғлик донни етказиб беради.

Молия вазирлиги, «Агробанк» АТБ ва тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимларига бошоқли дон етиштириш харажатларининг ўз вақтида молиялаштирилиши, ажратилган маблағлардан фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерлари мустақил ва мақсадли фойдаланишини таъминлаш вазифаси топширилди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 9.09.2020 йилдан кучга кирган.

 

Мирёқуб Ҳайдаров.

Прочитано: 68 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика