Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 21 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

«Прописка», нотариат, бизнесни рўйхатдан ўтказишда давлат божи миқдорлари ўзгартирилди

 

20.05.2020 йилдаги ЎРҚ-619-сон Қонун билан «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 

Имтиёзлар. Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишни кўзлаб қилинган даъволар ва бериладиган аризалар юзасидан давлат божини тўлашдан озод этилди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва уларнинг ҳудудий органлари судлар кўриб чиқиши учун бериладиган аризалар юзасидан давлат божини тўлашдан озод этилди.

«Прописка». Ўзбекистон ҳудудларида доимий яшаш жойларида рўйхатга олинган шахслар учун қуйидаги ҳолатларда давлат божининг оширилган ставкалари бекор қилинди:

  •  Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида янги қурилган кўчмас мол-мулк сотиб олинганда (шартнома суммасининг 5%и, бироқ 10 БҲМдан кам бўлмаган миқдорда);
  •  ушбу кўчмас мулк 3 йил мобайнида бошқа шахсларга сотилганда (400 БҲМ).

Бундан буён иккала ҳолатда ҳам ставка умумий асосларда, уй-жой квадрат майдонига қараб ҳисобланади: 100 м2 гача – 1 БҲМ, 100 м2 дан 200 м2 гача – 2 БҲМ, 200 м2 ва ундан ортиқ бўлганда – 3 БҲМ.

Нотариат. Хусусий нотариал фаолиятни лицензиялаганлик учун давлат божи 1 БҲМ миқдорида белгиланган. Хусусий амалиёт билан шуғулланишни истагини билдирган давлат нотариал идораларининг нотариуслари томонидан давлат божи тўланмайди.

Шунингдек нотариал идораларда мавжуд бўлган нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестридан кўчирмаларни берганлик учун давлат божи БҲМнинг 5%и миқдорида белгиланган.

Янги қоида киритилди – қуйидаги ҳолатларда давлат божи битта нотариал ҳаракатга нисбатан ундирилади:

  •  икки ёки ундан ортиқ шахс номидан ёхуд икки ёки ундан ортиқ шахс номига берилган битта ишончномани тасдиқлашда;
  •  икки ёки ундан ортиқ шахснинг битта аризадаги (мажбуриятдаги) имзоларини шаҳодатлашда.

Бизнесни рўйхатдан ўтказиш. Тадбиркорлик субъектларини электрон шаклда давлат рўйхатидан ўтказганлик учун (шахсан ўзи келганда 50%), шунингдек уларни қайта рўйхатдан ўтказилганлик учун (шахсан ўзи келганда ставкаларнинг 50%и, электрон шаклда – 25%и) пасайтирилган ставкалар бекор қилинди.

Бунда ҳар қандай давлат хизматини (шу жумладан лицензия, рухсатнома олиш, давлат рўйхатидан ўтиш ва бошқа хизматларни) ЯИДХП орқали мустақил равишда олишда умумбелгиланган ставкалар ва 10 фоизлик чегирма сақлаб қолинди.

Бизнесни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи ставкалари қуйидагича белгиланди:

Тадбиркорлик субъекти

 

Давлат хизматини олиш (давлат рўйхатидан ўтказиш / қайта рўйхатдан ўтказиш) тартиби

 

Шахсан келган ҳолда

 

ЯИДХП орқали

 

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар

 

10 БҲМ

(2 230 000 сўм)

10 БҲМнинг 90%и

(2 007 000 сўм)

Суғурталовчилар ва суғурта брокерлари, аудиторлик ташкилотлари, солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари, биржалар, ломбардлар, инвестиция фондларини, «Ўзбекозиқовқатзахира» мева-сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва ғамлаш корхоналари уюшмаси таркибига кирувчи корхоналарни, бозорларни, Президент ва Ҳукуматнинг тегишли қарорлари билан акциядорлик жамиятлари (шу жумладан холдинг) шаклида ташкил этилаётган хўжалик бирлашмалари

 

4 БҲМ

(892 000 сўм)

4 БҲМнинг 90%и

(802 800 сўм)

Тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар, юридик шахсни ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектлари

 

1 БҲМ

(223 000 сўм)

БҲМнинг 90%и

(200 700 сўм)

 

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 21.05.2020 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов,

 «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Томорқа ер эгалари ва қишлоқ хўжалиги кооперативларига субсидиялар берилади

 

Президентнинг 18.05.2020 йилдаги ПҚ-4716-сон қарори билан томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

 

2020 йил 20 майдан бошлаб Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан томорқа ер участкалари самарадорлигини оширишни ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативлари аъзолигига бадал тўлаш учун субсидиялар ажратилади.

Субсидиялар қуйидаги миқдорларда ажратилади:

1) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, етказиб берувчи ташкилотлар ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида:

  •  енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун – 30 БҲМгача;
  •  суғориш воситалари харид қилиш учун – 10 БҲМгача;
  •  уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш учун – 3 БҲМгача;

2) қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиши учун – 10 БҲМгача.

Бунда қуйидагилар белгиланди:

  •  қишлоқ хўжалиги кооперативлари балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик, асаларичилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик ва бошқа илғор соҳаларда ташкил этилади;
  •  қишлоқ хўжалиги кооперативларига ишсиз фуқаролар, кам таъминланган оилалар аъзолари, ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар ҳамда кооператив фаолияти йўналиши бўйича тажрибага эга етакчи тадбиркорлар бирлаштирилади.

Субсидиялар ажратиш Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мақсадлар учун субсидиялар ва грантлар ажратиш тартибини сақлаб қолган ҳолда амалга оширилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 19.05.2020 йилдан кучга кирди.

 

Эльмира Сиразиева.

 

 

 

Нуқтаи назар

 

Аудит бозорини либераллаштиришда янги босқич зарур

 

2019 йилдан аудиторлик хизматлари бозорини босқичма-босқич либераллаштириш бошланди. Аудиторлик ташкилотларининг устав капиталига нисбатан сунъий талаб ҳамда уларни дунё бўйича ягона ҳисобланган хизмат кўрсатиладиган объектлар бўйича таснифлаш тартиби бекор қилинди. Яна бир қадам қўйиш – бир аудиторлик ташкилотида мажбурий тартибда белгиланадиган сертификатланган мутахассислар сонини камайтириш ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга аудиторлик хизматларини кўрсатишга рухсат бериш фурсати келди. 

 

Мустақиллигимизнинг дастлабки ­10–15 йили давомида Ўзбекистонда аудит бозори жадаллик билан ривожланган, бу даврда кўп сонли аудиторлар ва аудиторлар ташкилотлари фаолият юритишган. Либерал нормаларнинг амал қилиши бу ҳолатнинг сабаблардан бири эди, уларга кўра 2007 йилга қадар қонунан аудиторлик ташкилотлари штатида камида иккита сертификатланган аудитор бўлиши мажбурий ҳисобланган.

Бироқ 2007 йилдан бошлаб барча аудиторлик ташкилотлари аудит ўтказиш ҳуқуқидан келиб чиққан ҳолда учта гуруҳга бўлинган, уларда иккитадан олтитагача сертификатланган мутахассислар бўлиши шартлиги белгиланган. 

Одатда қонун ижодкорлиги жараёнида аввало жаҳон тажрибаси ҳамда ривожланган ва тараққий этган давлатлар тажрибаси таҳлил этилади. Охирги ўзгартиришлардан олдин деярли барча қитъалар (Европа, Осиё, Америка) бўйича аудиторлик ташкилотларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги маълумотлар жамланган. Кўпчилик давлатларда, шу жумладан АҚШда аудиторлар энг кам сони икки нафар мутахассисдан, Россия ва Жанубий Кореяда уч нафар мутахассисдан иборат бўлган. Дарвоқе, Россияда ушбу талаб уч йил олдин пайдо бўлган.

Қонун чиқарувчилар хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиб чиқиб, қарийб 10 йилдан буён аудиторлик ташкилотларининг учта гуруҳга ажратиб келиниши фақат Ўзбекистонда амал қилганлигининг гувоҳи бўлдилар. Бу аудиторлик фаолиятини тартибга солиш нуқтаи назаридан самарали ҳисобланганда, ҳеч бўлмаганда биронта давлат ушбу тажрибадан фойдаланган бўларди.

Қонун чиқарувчилар 2018 йилда аудиторлик хизматлари бозорини либераллаштириш бўйича дастлабки қадамни қўйдилар. Биринчидан, аудиторлик компанияларини уларнинг устав капитали ҳажмига боғлиқ ҳолда сунъий равишда тақсимлаш ва у ёки бу ташкилотларда текширув ўтказиш бўйича чекловлар бекор қилинди. Иккинчидан, битта аудиторлик ташкилотидаги аудиторларнинг энг кам сони тўрт нафар мутахассисдан иборат бўлиши белгиланди.

Аудиторлик хизматлари бозори жадал ривожланишига имкон берадиган навбатдаги қадамни қўйиш фурсати етди деб ҳисоблаймиз.

Биринчи таклиф – аудиторлик ташкилотларида талаб этиладиган сертификатланган мутахассисларнинг энг кам сони икки нафар аудитордан иборат бўлишини белгилаш. Бу аудиторлик хизматлари бозорини фаоллаштиришга имкон беради.

Иккинчи таклиф – аудиторларга аудиторлик хизматларини якка тартибда кўрсатишга рухсат бериш. Кўпгина мамлакатларда аудиторлар якка тартибдаги (хусусий) тадбиркорлар сифатида фаолият юритадилар. Бундай аудиторларнинг мижозлари бозори – бу, қоидага кўра, кичик бизнес ҳисобланади. Кичик фирмаларга хизмат кўрсатиш учун мутахассисларнинг катта гуруҳи талаб этилмайди. Хизматлари нархи қўшимча харажатлар камлиги боис анча рақобатбоп ҳисобланган битта аудитор мижозларнинг мавжуд муаммоларини муваффақиятли ҳал эта олади.

Ўзбекистонда кичик бизнеснинг ривожлантириш даражаси айни ушбу тажрибадан фойдаланиш зарурлигини тақозо этмоқда деб ҳисоблаймиз. Бу барча солиқларни тўлаган ҳолда очиқ-ошкора фаолият юритишни хоҳлайдиган кичик корхоналарга жиддий ижобий таъсир кўрсатади ҳамда бозорга янги профессионалларни олиб келади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири муҳокама қилиниб, уни мукаммаллаштириш устида иш олиб борилмоқда. Шу йиллар мобайнида қийинчиликларни енгиб ўтган аудиторлар ҳар қандай янгиликларга ҳам тайёрдирлар. Бунда янги ташкил этилган ва тугатилган аудиторлик ташкилотлари сони статистикаси кўриб чиқилганда, салмоқ кўрсаткичлари бўйича мазкур тадбиркорлик соҳаси фаолият муддати қисқалиги бўйича етакчилар қаторида эканлиги аён бўлар эди.

Ўзбекистонда аудитни янада ривожлантириш мақсадида қонун ижодкорлиги иштирокчиларини ижобий жаҳон тажрибасини инобатга олишга чақирамиз.

Манфаатдор шахслар бизнинг позициямизга конструктив ёндашиб, тўғри тушунишларига ишонамиз.

 

Фроянченко Б.М., «FINEKS» МЧЖ директори,

Бадин В.В., «Maslohat-Harakat» МЧЖ аудитори, 

Пивень Л.А., «Maslohat-Harakat» МЧЖ директори, 

Каримов С.Э. «UHY Tashkent» МЧЖ директори, 

Голосова С. А., «Tri-S-AUDIT" МЧЖ директори, 

Тверянкин В.Б., «KORIFEY-AUDIT» МЧЖ директори,

Жуков О.В., «Audit-Services» МЧЖ директори,

Ким Н.Б., «Ekoaudit» МЧЖ директори,

Гайнулина Г.М. «Global-audit» МЧЖ директори в.б.,

Алавиддинов Ш.М. «Business audit today» МЧЖ директори,

Норқобилов А.Х., «Termiz-Audit» МЧЖ директори,

Погосян А.А., «Xarakat-audit» МЧЖ директори,

Исмаилова С.А., «ORIENT AUDIT» МЧЖ директори,

Эргашев А. Э., «REAL AUDIT INVEST» МЧЖ директори,

Ким М.В., «Crowe TAC» МЧЖ аудитори.

Прочитано: 411 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика