Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 20 / Хўжалик юритиш қоидалари

Ижара шартномаси муддатини узайтираётганда нималарни инобатга олиш лозим

 

Тарафлар нотурар жойнинг ижара шартномасини туздилар. Шартноманинг амал қилиш муддати тугагач, ижарага олувчи жойдан фойдаланишда давом этади, ижарага берувчи эса эътироз билдирмайди. Бундай вазиятда нималарни инобатга олиш лозим? Ижара шартномаси муддатини узайтиришга оид жиҳатларни юридик масалалар бўйича «Norma» эксперти Олег Заманов тушунтириб берди. 

 

Шартнома муддати узайтирилганини расмийлаштириш

 

Шартнома муддати узайтирилганини ҳужжатлар билан расмийлаштириш керакми?

– Ҳа, керак.

Шартномада тарафларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланади. Ижара шартномасини олайлик: ижарага берувчининг асосий мажбурияти – контрагентга вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фақат фойдаланиш учун мол-мулкни бериш. Ижарага олувчида қарама-қарши мажбурият юзага келади – ижара тўловини тўлаш.

Бошқалардан ташқари, шартномада уни бажариш муддатлари белгиланади («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 10-м.1-қ.). Мажбурият, қоида тариқасида, унинг лозим даражада бажарилиши билан бекор бўлади (ФКнинг 341-м.). Ижара билан бўлганидек, мажбуриятлар узоқ муддатли тусга эга бўлса, тарафлар белгилаган муддат тугагач, улар бажарилган деб ҳисобланади.

Шу сабабли контрагентлар ўзаро муносабатларни давом эттириш учун:

  • дастлабки шартномадаги ижара муддати тўғрисидаги шартга ўзгартириш киритишлари керак. Шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишув ҳам шундай шаклда амалга оширилади (ФКнинг 384-м. 1-қ.). Шартнома тарафларидан лоақал биттаси юридик шахс бўлса, муддатидан қатъи назар, мулкий ижара шартномаси ёзма шаклда тузилади (ФКнинг 539-м. 1-қ.). Яъни ижара шартномасига қўшимча келишувни ёзма равишда расмийлаштиришингиз керак;
  • муддатидан ташқари бошқа шартлар (ижара тўлови миқдори, ижарага олинадиган майдон, тарафларнинг мажбуриятлари ва ҳ.к.) ҳам ўзгарса, янги ижара шартномасини тузишлари мақсадга мувофиқ. Бунда ижарага олувчи янги муддатга ижара шартномасини тузишда устувор ҳуқуққа эга бўлишини назарда тутинг (ФКнинг 553-м.).

Карантин шароитида ҳужжатларни ЭҲФ ва ЭҲА тизимлари ёрдамида расмийлаштириш мумкин.

 

Ижара шартномаси тузилмагани учун жавобгарлик

 

Фақат фуқаролар – жисмоний шахслар ўртасида бино, иншоот ёки уларнинг бир қисми, турар жойнинг ижара шартномаси тузилмагани учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган (МЖТКнинг 159-1-м.). Ташкилотга жарима солинмайди. Бироқ қуйидагилар нуқтаи назаридан юридик шахс учун шартнома бўлгани муҳим аҳамиятга эга эканлигини унутманг:

  • бухгалтерия ҳисоби – шартнома асосида хўжалик операциялари (ижара тўлови) амалга оширилади ва бошланғич ҳисоб ҳужжатлари (ҳисобварақ-фактуралар) тузилади;
  • солиқ солиш – кўчмас мулк жойлашган жойга қараб хизматларни реализация қилиш жойи белгиланади (СКнинг 241-м. 3-қ. 1-қ.). Солиқ ставкаларини қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари амал қилади (СКнинг 297-м. 3-қ. 8-б., 422-м. 1-қ. 4-б., 467-м. 7-б.);
  • бошқа ижарага олувчилар билан ўзаро муносабатлар (битта ҳудудда бир нечта ижарага олувчи бўлса) – шартномада уларнинг ҳар бири ижарага оладиган кўчмас мулкнинг умумий майдони ва таркиби (артикуллари) кўрсатилади;
  • иккиламчи ижара шартлари, ижара шартномасида бунга йўл қўйилган бўлса, – иккиламчи ижара муддати, мисол учун, ижара муддатидан ошиши мумкин эмас (ФКнинг 546-м. 1-қ.);
  • ҳуқуқ ва манфаатларни судда ҳимоя қилиш – даъво аризасига даъво талаблари қўйилишига асос бўлган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади (ИПКнинг 151-м. 4-б.). Контрагент мажбуриятларни зиммасига олгани хусусидаги далилларини тақдим этмай, уларни бузганини исботлаш жуда мушкул. Тузилмаган шартномани эса муддатидан олдин бекор қилишнинг умуман имкони йўқ.

 

Рўйхатдан ўтказиш керакми ёки тасдиқлаш

 

Бир йилдан ортиқ муддатга тузилган шартнома бўйича бино ва иншоот ёки уларнинг бир қисмини ижарага бериш ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим (Низомнинг 32-б. 2-хатбошиси, ВМнинг 29.12.2018 йилда 1060-сонли қарорига 1-илова). Шу сабабли ижара шартномасининг муддати узайтирилгач унинг умумий муддати ёхуд янги тузилган шартнома муддати 12 ойдан ошса, уларни рўйхатдан ўтказиш керак бўлади.

Ижара шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ариза билан ким мурожаат қилиши шартлиги, буни қанча муддатда амалга ошириш лозимлиги қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган. Тарафлар бу ҳақда ўзлари келишиб олишлари мумкин.

Ижарани рўйхатдан ўтказиш учун БҲМнинг 1,25 баравари миқдорида йиғим ундирилади (Тартибнинг 4.10-б., ВМнинг 10.07.2014 йилда 186-сонли қарори билан тасдиқланган). Ариза давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали берилади. Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига тегишли ёзув қайд этилади, ариза берувчи эса ўз хоҳишига кўра электрон ёки қоғоз шаклида ундан кўчирма олади.

Кўчмас мулкнинг ижара шартномалари нотариал тартибда тасдиқланмайди. Ушбу талаб 2019 йил 1 январдан бекор қилинган (25.05.2018 йилдаги ПҚ-3741-сон қарорнинг 2-б.).

Фақат фуқаролар ўртасида тузиладиган кўчмас мулкнинг (бино, иншоот ёки уларнинг бир қисми, турар жой) ижара шартномалари нотариус ўрнига солиқ органларида ҳисобга қўйилиши шарт (ФКнинг 574-м. 3-қ., 603-м. 2-қ.). Юридик шахсларнинг битимда иштирок этиши ҳақида сўз бораётган бўлса, шартномани солиқ органида ҳисобга қўйиш керак эмас. Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисида низом (АВ томонидан 11.10.2018 йилда 3077-сон билан рўйхатдан ўтказилган.) юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

 

Ижара тўлови миқдори қандай белгиланади

 

– Ушбу масала ижарага берувчининг тоифаси ва мулкчилик шаклига боғлиқ.

Ижарага берувчи жисмоний шахс бўлса, ойлик ижара тўлови 2020 йил учун белгиланган нотурар жойнинг 1 м2 учун энг кам ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланади: Тошкентда – 25 минг сўм, Нукусда ва вилоят марказларидаги шаҳарларда – 15 минг сўм, бошқа аҳоли пунктларида – 6,5 минг сўм (9.12.2019 йилдаги ЎРҚ-589-сон Қонунга 12-илова).

Давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари ҳам мавжуд. Улар ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари кесимида тасдиқланади (Давлат активларини бошқариш агентлигининг 29.12.2019 йилдаги 1442/01-13-сонли хати).

Ижарага берувчи юридик шахс бўлиб, ижарага олинаётган объект эса давлат мулки бўлмаса, тарафлар исталган ижара тўлови миқдорини белгилайдилар, сумма тарафларнинг келишувига кўра белгиланади.

Прочитано: 404 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика