Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 20 / Расмий ҳужжатлар

«Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш мақсадини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГҚАРОРИ

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 7 ноябрдаги ПҚ-4508-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш мақсадини аниқлаш жараёнларини самарали тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 6 февралдаги ПҚ-3512-сон қарори билан жисмоний шахслар томонидан божхона тўловлари ундирилмайдиган товарларни республикага олиб киришнинг чекланган меъёрлари ҳамда жисмоний шахслар томонидан божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим турдаги товарларни олиб кириш меъёрлари тасдиқланганлиги;

б) Вазирлар Маҳкамасининг «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 22 июндаги 463-сон қарорига асосан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор меъёрлари тасдиқланганлиги;

в) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 7 ноябрдаги ПҚ-4508-сон қарорига асосан:

2020 йил 1 январдан бошлаб, нотижорат мақсадлар учун божхона чегараси орқали қўл юкида ва кузатиб борилаётган багажида товарлар олиб кираётган жисмоний шахслар учун, шунингдек, жисмоний шахс номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келадиган товарларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи ўрнига ягона божхона тўловини тўлашни назарда тутувчи божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилганлиги;

товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограмми учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда ягона божхона тўлови ставкаси тасдиқланганлиги;

жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган товарлар тоифасига кирмайдиган товарлар рўйхати тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш мақсадини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 139-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 11-сон, 166-модда) билан тасдиқланган Давлат ветеринария хизмати назоратидаги товарларни экспорт, импорт қилишга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит қилишга рухсатномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 64-банди биринчи хатбошисидаги «тайёр» сўзи чиқариб ташлансин.

4. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У.Умурзаков ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б.Азимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 12 май

281-сон.

 

ЎзР ВМнинг 2020 йил 12 майдаги 281-сон қарорига
ИЛОВА

Жисмоний шахслар томонидан ўзбекистон республикаси божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш мақсадини аниқлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси (кейинги ўринларда – божхона чегараси) орқали товарларни жисмоний шахслар томонидан олиб ўтиш мақсадини аниқлаш борасида ушбу жисмоний шахсларни божхона чегарасини кесиб ўтишида божхона назоратидан ўтказиш тартиботларини соддалаштириш, божхона органларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришида қонунийлик, очиқлик, шаффофликни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштиришни назарда тутувчи тартибни белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

шахсий эҳтиёжлар учун товарлар – жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган шахсий, оилавий (ота-онаси, турмуш ўртоғи ва фарзандлари) эҳтиёжлари учун мўлжалланган ҳамда тадбиркорлик ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган товарлар;

тижорат мақсадлар учун товарлар – божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган ишлаб чиқариш, тадбиркорлик ёки бошқа тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарлар.

3. Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар шахсий эҳтиёжлар учун товарлар тоифасига жисмоний шахс (ўн олти ёшга тўлмаган жисмоний шахслар томонидан олиб ўтиладиган товарларни уларни кузатиб бораётган шахс) томонидан декларациялаш йўли орқали киритилади.

4. Ушбу Низом қоидалари маълум тоифадаги шахслар (халқаро ташишлар билан банд бўлган ҳайдовчилар, хизмат сафари бўйича ҳаракатланаётган шахслар ва делегация аъзолари), шунингдек, хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикасига доимий яшаш учун кўчиб келаётган шахслар томонидан олиб ўтиладиган товарларга нисбатан татбиқ этилмайди.

 

2-БОБ. ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР ТОМОНИДАН БОЖХОНА ЧЕГАРАСИ ОРҚАЛИ ТОВАРЛАРНИ ОЛИБ ЎТИШ МАҚСАДИНИ АНИҚЛАШ

5. Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш мақсадини аниқлаш божхона органининг мансабдор шахси товарларнинг миқдори, хусусияти ва олиб ўтилишининг такрорийлиги ҳамда сафарнинг ҳолатлари, шунингдек, божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар жисмоний шахс ва унинг оила аъзолари шахсий эҳтиёжлари учун мўлжалланганлигини инобатга олиб, хавфни бошқариш тизими қўлланилган ҳолда аниқлайди.

6. Божхона органи мансабдор шахси товарнинг олиб ўтиш мақсадини аниқлаш тўғрисида қарор қабул қилишда қуйидаги мезонларга асосланади:

а) чегара божхона постлари орқали товарларни олиб ўтишда:

товар хусусияти – товарнинг истеъмол хусусиятлари, унинг тижорат мақсадида фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган, шахсларнинг шахсий, оилавий ва маиший эҳтиёжларини қондириш учун мўлжалланганлиги инобатга олинади;

товарларнинг миқдори – товарларни олиб ўтаётган жисмоний шахс ва унинг оила аъзолари эҳтиёжларидан ортиқ миқдордаги бир турдаги (бир номда, бир ўлчамдаги, бир шакл ҳамда рангда ва бошқалар) товарларга, агар товарларни олиб ўтаётган шахс аксини исботлаб бермаса, тижорат мақсадида фойдаланиш учун олиб кирилаётган товарлар деб эътироф этилади;

товарларни олиб ўтишнинг такрорийлиги – айни бир шахс томонидан бир турдаги товарларнинг оз миқдорда бўлсада бир неча бор олиб кирилишига, агар товарларни олиб ўтаётган шахс аксини исботлаб бермаса, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун товарларни олиб кириш деб эътироф этилади. Чегара хизмати органлари томонидан фуқаролик паспортига қўйиладиган белги (штамп) Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидан ўтказиш пунктидан ўтиш такрорийлигини аниқлаш учун асос ҳисобланади;

сафарнинг ҳолатлари – сафарнинг мақсади ва давомийлиги, келиш давлати инобатга олинади;

ҳуқуқ-тартибот органларидан товарлар ва уларни олиб ўтаётган шахслар тўғрисида келиб тушган маълумотлар.

Товарнинг олиб ўтиш мақсадини аниқлаш тўғрисида қарор қабул қилишда оила таркиби (товарларни олиб ўтаётган шахс томонидан тасдиқланган тақдирда), кўрсатиб ўтилган товар турларига шахснинг одатий эҳтиёжи ва олиб ўтиладиган товарлар турлари ҳам инобатга олинади.

б) халқаро почта ва халқаро курьерлик жўнатмалари орқали, шу жумладан хорижий давлатларнинг интернет-дўконларида харид қилинган товарларни олиб ўтишда:

халқаро почта ва халқаро курьерлик жўнатмалари олувчининг ёши унинг манзилига жўнатилган товарларнинг хусусиятлари билан мувофиқлиги;

бир манзил бўйича яшовчи бир ёки бир неча жисмоний шахс томонидан олиб ўтиладиган бир хил турдаги товарларни олиб ўтишнинг такрорийлиги;

декларацияда кўрсатилган товарларни қабул қилувчи манзилнинг жисмоний шахс ҳақиқатда рўйхатдан ўтган жойи билан фарқлилиги.

Юқорида кўрсатилган мезонлардан бирининг мавжудлиги, божхона чегараси орқали жисмоний шахс ва унинг оила аъзолари томонидан олиб ўтиладиган товарлар белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлганда, улар шахсий эҳтиёжлари учун мўлжалланмаганлигига (шахсий фойдаланиш ёки истеъмол мақсадида эмаслиги) тахмин қилишга асос бўлади.

Жисмоний шахслар томонидан олиб ўтилаётган божхона тўловлари ундирилмайдиган ва тадбиркорлик ёки бошқа тижорат фаолияти учун мўлжалланмаган товарлар республикага олиб киришнинг чекланган меъёрларидан ортганда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодидан ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар ушбу товарларнинг божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда, чекланган меъёрлардан ортиқ қисмига нисбатан ягона божхона тўлови ундирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 6 февралдаги ПҚ-3512-сон қарорига 1-иловада назарда тутилган божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим турдаги товарлар олиб ўтилганда, шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик ёки бошқа тижорат мақсадларида товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтилганда уларнинг миқдори олиб кириш меъёрлардан ортган тақдирда, уларга нисбатан божхона қонун ҳужжатларида белгиланган божхона расмийлаштирувининг умумий қоидалари олиб ўтилаётган товарларнинг умумий миқдорига нисбатан қўлланилади.

7. Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига кузатиб борилаётган ва (ёки) кузатиб борилмаётган багажларда шахсий эҳтиёжлар учун бўлган товарларнинг олиб кириш чекланган нормалари, йўналиш ва етиб бориш манзилида зарур ҳамда илгари фойдаланишда бўлган шахсий эҳтиёжлар учун мўлжалланган товарларни ҳисобга олмаган ҳолда қуйидаги мезонлар асосида аниқланади:

йўналиш ва (ёки) етиб бориш манзилида анъанавий (одатда) тартибда фойдаланиш амалиёти, шу билан бирга мавсумийлигини, саёҳат мақсадини, транспорт турини, божхона чегарасидан ўтиш такрорийлиги;

эскириш ва бошқа ишлатилганлик белгилари (қирилиш, букилиш ва бошқа механик шикаст) мавжудлиги;

биркалар, ёрлиқлар, ишлаб чиқарувчи ўрови йўқлиги;

товарларни одатий тартибда фойдаланиш учун етарли бўлган даражада битта ёки бошқа миқдорда, шу жумладан мавсумийлигини, саёҳат мақсадини, транспорт турини, йўналиш давомида ёки етиб бориш манзилида объектив заруратлилиги.

8. Жисмоний шахс божхона органи мансабдор шахсининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш мақсадини аниқлаш бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда юқори турувчи мансабдор шахсга ҳамда судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин.

 

3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

9. Мазкур Низом қоидалари жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтишда икки йўлакли тизимдан фойдаланганда ҳам қўлланилади.

10. Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни «яшил» йўлак орқали олиб ўтилишининг қонунийлиги назорати божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан танлов асосида (объектлар танлови ва (ёки) уларни назорат қилиш усуллари) ва ушбу Низомда белгиланган шартларга риоя этилмаган ҳолларда амалга оширилади.

11. Ушбу Низомнинг бузилганлиги учун айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 14.08.2020 йилдан кучга киради.

Прочитано: 323 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика