Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 20 / Муҳокама учун мавзу

«Домком»лар нимага керак?

 

«Домком»лар, яъни уй бошичилик билан боғлиқ масалалар доимо баҳс ва мунозараларга сабаб бўлиб келган. Ҳатто ҳозирги кунда, ҳамма ўзини яккалаган бир шароитда ҳам бу масала ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинаётгани ажабланарли. Томонлар уй бошиларнинг фаолияти аслида қонунийми, кўп квартирали уйларга умуман улар керакми, улар ХУМШ раҳбариятининг ишини такрорламаяптими, бу ҳолатлар учун ҳуқуқий асос борми ўзи, деган саволларни ўртага ташлашади. Айримлар уй бошилар ўз манфаатларини кўзлашади, уйда ўзларини хўжайиндек тутишади, қўполликлар қилишади, овозини баландлатади, уйда яшовчилар билан сану манга боришади, ҳеч қандай ваколатга эга бўлмаган ҳолда одамлардан бир буни, бир уни талаб қилишади дейишади. Баъзида ХУМШ, БК, бошқа ташкилотлар билан тил бириктириб, уйда яшовчиларнинг манфаатига тамоман зид хатти-ҳаракатларга йўл қўйишади ва ҳ.к. 

 

Лекин акс мазмундаги фикрлар ҳам йўқ эмас: уй бошилар қўшниларнинг бошини жипслаштиришда, осойишта муҳитни яратишда ёрдам беради, ўзаро ҳурмат ва хайрихоҳликка асосланган муносабатларни жорий этишда бошчилик қилишади, деганлар ҳам бор. Аслида кўп қаватли уйларда айнан шундай муҳитни шакллантириш осон бўлмаган ишлардан. Аҳил қўшничилик муносабатлари уйдаги кўплаб муаммоларни ҳал қилишнинг асл калитидир.

Ҳозирги кунда ҳаммамиз мураккаб даврни бошдан кечирмоқдамиз. Фуқароларнинг ўзини мажбурий яккалаш вазиятида уй бошиларнинг роли ҳар қачонгидан ҳам ошган. Ёрдамга муҳтож қўшниларга ёрдам берган ҳам, йўлак ва лифтларнинг санитар ҳолатини назоратга олган ҳам, уйдаги авариявий вазиятларни тезкор ҳал қилган ҳам айнан шу уй бошилардир. Улар орасида кўнгиллилар ҳам кўп. Ҳиссиётларга берилмаган ҳолда уй бошичиликка қонунчилик ва оддий ҳаётий мантиқ билан назар ташлаб кўрамиз.

 

Бундай тушунча йўқ, лекин ҳаётда ўрни бор

 

Ҳуқуқий нуқтаи назардан «уй боши» тушунчаси на Уй-жой кодексида, на амалдаги «Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида»ги Қонунда, на яқинда қабул қилинган, лекин 2020 йилнинг 1 августидан кучга кирадиган «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунда келтирилган. «Уй боши» ҳуқуқий субъект сифатида ҳам мавжуд эмас, унинг ҳуқуқий тартибга солиниши ҳам ишлаб чиқилмаган. Демакки, махсус ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳам мавжуд эмас. Бундан чиқди, уй бошиларнинг фаолияти ноқонуний экан-да?

Шунга қарамай, 13 йил олдин Тошкент шаҳар ҳокимининг уй бошилари ва йўлак бошилари тўғрисидаги намунавий низомлари тасдиқланган эди (23.03.2007 йилдаги 212-сон). Ушбу ҳужжатни қонунларга мувофиқ келувчи ҳужжат деб ҳисобласа бўладими? Йўқ, бўлмайди, сабаби маҳаллий ҳокимият органларининг қарорлари фақатгина қонунлар ва давлат ҳокимияти ва бошқарувининг юқори турувчи органларининг қонун ва ҳужжатларини ижро этиш учун қабул қилинади.

«Уй боши» («домком») тушунчаси бизга совет давридан мерос бўлиб, аслида «уй қўмитаси» (қисқартмада – уй боши), яъни уй хўжалиги масалалари билан шуғулланадиган ўзини ўзи бошқариш органи маъносини англатган. Жисмоний шахсларга нисбатан қўллаганда «уй бошилар» деганда уй қўмитаси раисларини шундай деб аташган. Бизда ҳозир на уй қўмиталари бор, на тегишли равишда, уларнинг раислари. Лекин кўп қаватли уйларда яшовчиларнинг бошини қовуштириб, умумий мол-мулкни яхшилаш ғоясига чақирувчи «уй боши» деган воқелик амалда мавжуд.

«Уй боши»ларни деярли ҳар бир кўп қаватли уйда учратиш мумкин. Уларни сайлаш заруратини одатда ширкат бошқарувининг раислари, маҳалла қўмиталари, ҳокимиятлар илгари суришади. Уй боши этиб сайланганлар унда яшовчиларнинг вакиллари ҳисобланиб, мулкдорлар ва ХУМШ раҳбарияти ўртасидаги воситачи сифатида ҳаракат қиладилар, ширкатларга ёрдам берадилар, айниқса биттадан ортиқ кўп қаватли уйни бирлаштирган ширкатларда уларнинг ўрни яхши сезилади. Лекин уй эгаларига баъзида бу хуш келмайди, уларнинг орасида уй бошилик мансабига сохта йўллар билан эришганлар ҳам оз эмас. Одамлар уй боши деган нарса ҳозир ўз аҳамиятини йўқотган, ҳуқуқий жиҳатдан эса умуман унинг ўрни йўқ деб ҳисоблашади.

 

Уй бўйича бошлиқ – жамоатчилик асосида

 

Шунга қарамай, уйда яшовчилар умумий мол-мулкни сақлаш ҳамда уйда истиқомат қилишнинг қоидаларига тўғри амал қилиш мақсадида ўзларининг орасидан баобрў, туппа-тузук одамни жамоатчилик асосида ихтиёрий равишда бошлиқ этиб кимнидир сайлашларига ҳеч ким монелик қилмайди. Қонун ҳужжатларида бирор-бир жисмоний шахслар гуруҳлари уларнинг умумий манфаатлари йўлида ҳаракат қиладиган вакилни сайлашни ман этмайди. Жамоатчиликнинг бундай вакили уйда юзага келадиган масалаларни ҳал этишда ёрдам беради. Бу иш жамоат (кўпчилик уйда яшовчилар) манфаатига хизмат қилади, маош тўланмайди, шартномалар тузилмайди. Ихтиёрий, ҳақ тўланмайдиган, одамларнинг хоҳиш-иродасига кўра уларнинг фаровонлиги учун хизмат қиладиган иш бўлади бу. Яъни, агар одамлар исташса – шундай ёрдамчини сайлашади, исташмаса – йўқ. Исталган вақтда одамлар уни жамоат ишидан четлаштириши, унинг фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларига зид келувчи талабларини бажармаслиги мумкин.

Шубҳа йўқки, «уй боши» тушунчаси аллақачон ўз умрини яшаб бўлган. Уни истаганча ном билан аташ мумкин: ХУМШ раисининг ёрдамчиси, уй бўйича бошлиқ, яшовчиларнинг вакили ва ҳ. к. Фараз қилайлик, у уй бўйича бошлиқ бўлсин. Агар ширкат битта уйдан ташкил этилган бўлса, бундай бошлиққа ҳожат сезилмайди. Агар ширкат катта жамоатдан иборат бўлса, у одамларга яқинроқ бўлади, кўп қаватли уйдаги вазиятни ХУМШ раисидан кўра яхшироқ билади, доим бир жойдан «нафас олади».

Дарвоқе, кўп квартирали уйларни бошқаришга доир янги Қонунда кўп квартирали уй кенгашини тузиш ва кўп квартирали уй бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан уй кенгаши раисини сайлашни назарда тутувчи норма киритилди. Кенгаш учинчи шахслар билан муносабатларда ширкат аъзоларининг манфаатларини ифодалайди. Буни ширкат тузилмаган жойда ҳамжамиятдаги уй қўмитасига ўхшатиш мумкин.

Уй бўйича бошлиқнинг (уй бошининг ҳам) мақоми ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаганлиги сабабидан унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ-тиниқ белгилаб берилган эмас. Жамоатчининг уй мулкдорлари билан муносабатлари ихтиёрийлик тамойиллари асосига қурилиши керак. Уй боши ўз қоидаларини тазйиқ билан ўтказмаслиги, яшовчиларни бирор хатти-ҳаракатларга мажбурламаслиги, одамлар, дейлик, шанбаликка чиқмаган, бирор-бир ишни бажариш учун маблағ бермаган ва ҳоказолар бўлган тақдирда уларга дағдаға қилмаслиги керак. Уй бошилари «ҳокимиятнинг оти»га миниб олиб, ўзларига уй-жой мулкдорлари вакилларининг ваколатларини ўзлаштириб олишга, яшовчиларнинг манфаатига зид ҳаракатлар қилишга ҳақли эмаслар.

 

Ваколатхона хавфли дастак бўлиши мумкин

 

Бундай жамоатчи томонидан қонунбузарлик ва мансаб суиистеъмолликларига йўл қўймаслик учун мулкдорлар умумий йиғилишда уй бўйича бошлиқни сайлаш тўғрисида қарор қабул қилишлари лозим. Қарорда унинг ваколатлари тўлиқ белгиланиши керак. Кишига мулкдорлар манфаатларини ифода қилиш ваколати берилар экан, қоидаларда унинг мулкий мажбуриятларни бажариши (битимлар, шартномалар тузиши, мулкий ва молиявий ҳужжатларни имзолаши ва ҳ.к.) ҳуқуқига эга эмаслиги албатта кўрсатилиши лозим. Фақатгина нотариус томонидан тасдиқланган, ҳар бир ишонч берувчи, яъни мол-мулк мулкдори берган ишончнома бўлгандагина вакил мулкий мажбуриятларни юзага келтириши мумкин. Шунда ҳам фақат ишонч берувчининг мол-мулкига нисбатан шундай ҳуқуққа эга бўлади. Мазкур тартибнинг бузилиши ўзбошимча ҳокимлик сифатида баҳоланиши ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин.

Бу ўринда қандай таваккалчиликлар бўлиши мумкин? Масалан, кредит олишда ХУМШ аъзолари томонидан имзоланган умумий йиғилишнинг қарори бўлиши талаб қилинади. Лекин баъзида уй боши мулкдорларни хабардор қилмаган ҳолда раис билан биргаликда бирор қарорни қабул қилган ҳоллар бўлади. Мулкдорлар ўрнига уларнинг вакили номидан чиқиб, қарорга уй бошининг ўзи имзо чекади. Натижада ХУМШ аъзолари улар номидан кредит олингани, энди улар бу маблағни тўлаб боришлари лозимлигидан хабардор бўлишмайди. Бу қўпол, ҳатто олдиндан қасд қилинган қонунбузарлик ҳисобланади. «Уй бошилар», ўзларини вакил ҳисоблаган ҳолда, ҳатто мажбурий бадал миқдорини оширишга доир қарорни ҳам «бир овоз»дан ҳал қилиб юборадилар.

Ёки бошқа мисолни олайлик. Айрим бошқарувчи компанияларнинг раҳбарлари одамларни ХУМШни ёпиб, умумий мол-мулкни сақлаб туришга шартномаларни улар билан имзолашга ташвиқот қиладилар. Мулкдорлар бу таклифни рад этган тақдирда, бошқарувчилар уй бошиларнинг «бошини айлантириб», шартномаларни мулкдорлар номидан уй бошилар имзолашига рози қиладилар. Яъни ваколатхона уй бўйича ноинсоф бошлиқларнинг қўлида хавфли дастакка айланиб, пировардида уларнинг ўзларини жиноий жавобгарликкача етаклаши мумкин. Шунинг учун умумий йиғилиш қарорида уй бўйича бошлиқларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлар, хусусан вакиллик борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ-тиниқ ёзилган бўлиши керак.

 

Бадалларни киритишдан озод этиш қонунийми?

 

Яна бир мунозарали ҳолат – бир қатор «уй бошилар»ни умумий мол-мулкни сақлашга мажбурий бадалларни тўлашдан озод қилиш ёки мажбурий бадаллар бўйича уларнинг қарздорлигини ҳисобдан чиқариш масаласи. Қонун ҳужжатларида ХУМШ умумий йиғилишининг аъзолари раисга, бошқарув ва тафтиш комиссиясининг аъзоларига мукофот миқдорини белгилаши мумкинлиги назарда тутилган. Лекин уй бошиларни рағбатлантириш тўғрисида ҳеч гап йўқ.

ХУМШ раҳбарлари бу борада кўпроқ маҳалла фуқаролар йиғинларининг оқсоқоллари шундай ғоя билан чиқишларини рўкач қиладилар. Бу ХУМШ ишига маҳалланинг аралашиши эмасми? Майли, шундай экан, уй бошиларни рағбатлантиришни маҳалланинг ўзи ўз зиммасига ола қолса бўлмайдими?

Бадалларни тўлашдан озод этиш ўзига мансабни ясаб оладиганларнинг кўпчилиги учун энг муҳим жиҳат ҳисобланади. Умумий йиғилишнинг бу борадаги қарори одатда бўлмайди ёки у ноқонуний бўлади. Мулкдорлар баъзида уй бошининг юкини улар гарданига осишаётгани, бадаллар миқдори ниманинг ҳисобига ошиб кетганлигини ўйлаб кўрмайдилар ҳам. Ширкатда раҳбар алмашган тақдирда эса уй боши тўлашдан ноқонуний озод этилган бадалларини тўлаб қўйиш талаб этилади.

Тўғри, агар уй бўйича бошлиқ ростдан ҳам одамларнинг оғирини енгил қилаётган, уйда яшовчиларнинг бошини қовуштираётган, умумий шарт-шароитлар яхшиланиши учун кўп куч ва вақт сарфлаётган бўлса, мулкдорлар умумий йиғилишда уни рағбатлантириш тўғрисида қарор қабул қилишлари, бу маблағни сметага киритишлари мумкин. Бу қандай асосда бўлади? Бу мулкдорларнинг ўз маблағларини эркин тасарруф этиш ҳуқуқини белгиловчи мулк ҳуқуқи асосида амалга оширилади.

Алқисса, уй бўйича бошлиқлар бизга керакми? Бу масалани мулкдорларнинг ўзлари ҳал этишлари лозим. Агар бошлиқнинг иши қониқтирмаса, уйдаги юмушларга ёрдам бериш ўрнига, ўз манфаатларини устун қўяверса, унинг ўрнига бошқани сайлаш ёхуд тамоман ундан воз кечиш мумкин.

 

Ирина Гребенюк, махсус мухбиримиз.

Прочитано: 834 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика