Ўриндошликда ишлаётган ташкилот ходими асосий ишга ўтказилаяпти.
Бунинг учун уни асосий иш жойи бўйича ўз лавозимига қайта расмийлаштириш тўғрисидаги буйруқни чиқаришнинг ўзи етарли бўладими? Ёки уни ишдан бўшатиб, кейин асосий ишга қабул қилиш керакми?
– Иккала вариантни ҳам қўллаш мумкин.
1 Қўшимча келишув тузилган ҳолда меҳнат шартномаси шартлари ўзгартирилади. Бунда ходимда асосий ишга ўтилган санадан қатъи назар, таътиллар жадвалига мувофиқ навбатдаги меҳнат таътилидан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
2 Ўриндошлик бўйича меҳнат шартномаси бекор қилиниб, асосий иш жойи бўйича бошқаси тузилади. Мазкур ҳолатда фойдаланилмаган барча меҳнат таътиллари учун компенсация тўланган ҳолда тўлиқ ҳисоб-китоб қилинади ёки фойдаланилган, бироқ ишлаб берилмаган таътил кунлари учун маблағ ушлаб қолинади (МКнинг 151, 164-моддалари).
Асосий иш жойи бўйича янги меҳнат шартномасини тузишда ходим меҳнат шартномаси тузилган кундан эътиборан 6 ой ўтгач дастлабки меҳнат таътилига чиқишга ҳақли бўлади (МКнинг 143-моддаси).