Ўриндошнинг меҳнат шартномасини ЯММТ электрон тизимида рўйхатдан ўтказиш лозимми?
– Ҳа, рўйхатдан ўтказиш лозим.
Ягона миллий меҳнат тизимида (ЯММТ) асосий ёки ўриндошликдаги иш жойи бўйича ишга қабул қилинганлигидан қатъи назар, барча ходимлар билан меҳнат шартномалари тузилади.
Нафақат электрон меҳнат дафтарчасини шакллантириш мақсадида, балки қуйидагилар учун ҳам ЯММТда меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш талаб этилади:
- иш берувчиларнинг тузилмаси (штатлар жадвали), шу жумладан, мавжуд ва яратиладиган иш ўринлари, меҳнат шароитлари, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари тўғрисидаги электрон маълумотлар базасини шакллантириш;
- меҳнат бозори кўрсаткичлари ҳолати ва динамикаси тўғрисидаги ахборотлардан иборат маълумотларни идоралараро тизимлаштирилган тарзда ва мунтазам равишда электрон алмашишни жорий этиш;
- ходимлар ҳамда ишчиларнинг сон ва сифат таркиби, вакансиялар, шунингдек, ишга жойлашиш учун номзодларга иш берувчилар томонидан қўйиладиган малакавий ва бошқа талаблар тўғрисида автоматик тарзда тўпланадиган холис, шаффоф ва долзарб маълумотларни шакллантириш (31.10.2019 йилдаги ПҚ-4502-сон қарорнинг 1-банди).
Ўриндошларни рўйхатдан ўтказмай туриб, корхонада фаолият юритаётган ходимлар ва бўш иш ўринлари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш имконсиздир.
Меҳнат шартномасини ЯММТда рўйхатдан ўтказишда шартнома шартларини, шу жумладан бандлик турини киритиш назарда тутилган (Схема, ВМнинг 5.12.2019 йилдаги 971-сон қарори билан тасдиланган Низомга 1-илова).