Бувимнинг пенсиясини олишга ишончномам бор. Бирга яшаганмиз. Яқинда бувим вафот этганлиги туфайли пенсияси олинмай қолиб кетди.
Пенсияни олсам бўладими? Оладиган бўлсам, нималар қилишим керак?
– Пенсионер олиши лозим бўлган ва унинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсия пули мерос таркибига киритилмасдан боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиган шахслар («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 19, 20-моддалари) доирасига кирувчи оила аъзоларига тўланади. Ота-онаси, эри (хотини), шунингдек пенсионер билан у вафот этган кунигача биргаликда яшаб турган оила аъзолари бу пулни, улар боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиганлар доирасига кирмаганлари тақдирида ҳам олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Пенсионер вафот этган ой учун олинмай қолган пенсия пули кўрсатиб ўтилган оила аъзоларига ойнинг у вафот топгунга қадар ўтган кунлари учун тўланади.
Оиланинг бир неча аъзоси мурожаат этган тақдирда пенсиянинг уларга тегишли суммаси уларнинг ўртасида тенг тақсимланади.
Пенсионер вафот этганидан кейин 60 кун ичида яшаш жойингиздаги Пенсия жамғармасининг бўлимига мурожаат этишингиз лозим (Қонуннинг 63-моддаси).