Norma.uz

Имтиёзли пенсия: аттестация, махсус стаж ва иш куни давомийлиги нормаси

 

Тиббиёт ходимлари учун пенсияга чиқишда бирор-бир имтиёзлар мавжудми? Улар пенсияни расмийлаштириш учун қандай ҳужжатларни тақдим этиши лозим? Имтиёзли пенсияга чиқиш учун тиббиёт ходимлари қандай меҳнат шароитларида ишлаган бўлиши керак? Бўлғуси пенсионерлар – тиббиёт ходимларидан келиб тушган бундай саволларга «Norma» МЧЖ эксперти Зафаржон Хўжаев тушунтириш беради.  

 

– Тиббиёт ходимлари учун имтиёзли пенсия тушунчаси нималардан иборат?

– Меҳнат фаолияти оғир шароитлар билан боғлиқ бўлган шахслар, шу жумладан тиббиёт ходимлари имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкин (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган рўйхатлар). Масалан, рентгенолог шифокорлар, шунингдек шифокорлар ва ўрта тиббий ходимлар, рентген-операция хоналари ва ангиографик, флюорографик, рентген бўлимлари (хоналари) рентген лаборантлари. Доимий ва бевосита радиоактив моддалар, шунингдек гамма-терапия қурилмаларида ишлаган ходимлар. Улар 10 йил олдин пенсияга чиқишлари мумкин (2-сонли Рўйхатнинг I қисми).

Бошқа тоифадаги тиббиёт ходимлари 5 йил олдин пенсияга чиқадилар. Бу тиббиёт ходими қайси муассасада ишлаганлиги билан боғлиқдир. Булар юқумли касалликлар, сил касалликлари, лепрозория, психиатрик (психоневрологик) даволаш-профилактика муассасалари ва болалар уйлари бўлимлари, турли интернат уйлари, ОИТС ва ВИЧ-инфекциясига чалинган беморларни даволаш учун ихтисослашган бўлинмалар ва бошқалар (3-сонли Рўйхатнинг VIII қисми).

Бошқа тиббиёт ходимлари – эркаклар 60 ёшда, аёллар 55 ёшда пенсияга чиқадилар.

 

– Поликлиникада деярли 20 йил, ундан 6 йилдан кўпроғи рентген хонасида ишланган бўлса, имтиёзли пенсияга чиқишга умид қилса бўладими?

– Имтиёзли пенсия тайинлашда махсус стаж ҳисобга олинади. Бундай ҳуқуқ 2-сонли Рўйхатнинг I қисмига биноан вужудга келадиган тақдирда, махсус стаж аёллар учун 7,5 йилни, эркаклар учун 10 йилни ташкил этади.

Бунда меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда банд бўлган ходимларга (эркаклар – камида 5 йил, аёллар камида 3 йилу 9 ой) Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёши шундай ишда банд бўлинган ҳар бир тўлиқ йил учун 1 йилга қисқартирилган ҳолда тайинланади. 

 

МИСОЛ. 3 йилу 9 ой стажга эга бўлган аёл 52 ёшида, 5 йил стажга эга эркаклар эса 55 ёшида пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўладилар.

 

3-сонли Рўйхатнинг I қисмига биноан махсус стаж аёллар учун 10 йилни, эркаклар учун 12,5 йилни ташкил этиши лозим.

Бунда меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимларга (эркаклар камида 6 йилу 3 ой, аёллар камида 5 йил) пенсия Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёши эркакларнинг бундай ишдаги ҳар 2 йилу 6 ойи учун ва аёлларнинг бундай ишдаги ҳар 2 йили учун 1 йилга қисқартирилган ҳолда тайинланади.

5 йил стажга эга бўлган аёллар 53 ёшида, 6 йилу 3 ой стажга эга эркаклар эса 58 ёшида пенсияга чиқишга ҳақлидир (Қонуннинг 11-моддаси «а» банди, 12-моддаси; Шартлар, 12.03.2012 йилда 2337-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқномага 3-илова).

Шу билан бирга, иш жойларини аттестациядан ўтказиш натижалари бўлиши лозим (250-сон ВМҚнинг 2-банди). Бу 2-сонли Рўйхатнинг I қисми ва 3-сонли Рўйхатнинг I қисми қўлланилишига тааллуқлидир.

Вазирлар Маҳкамасининг 15.09.2014 йилдаги 263-сон қарори билан Меҳнат шароитлари ва ускуналарнинг шикаст етказиш хавфи бўйича иш жойларини аттестациядан ўтказиш тартиби тасдиқланган. Шунингдек бунда Меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш жойларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш услубиятидан (АВ томонидан 28.05.1996 йилда 247-сон билан рўйхатдан ўтказилган) фойдаланилади.

 

– Аттестация ўтказиш талаб этилмайдиган тиббиёт ходимларига пенсия қандай тайинланади?

– 3-сонли рўйхатнинг VIII қисми бўйича пенсия тайинлаш учун махсус иш стажи қишлоқ жойда камида 25 йил ва шаҳарларда камида 30 йил бўлиши лозим (Қонуннинг 12-моддаси «л» банди).

Ходимнинг меҳнат фаолиятининг бир қисми қишлоқдаги тиббий муассасаларда, бир қисми эса шаҳарда ўтган тақдирда, иш стажи камида 30 йил бўлганда пенсия тайинланади.

– Иш куни давомийлиги тўғрисидаги ҳужжатни тақдим этиш зарурми?

– Имтиёзли пенсия олишда қўйиладиган талаблардан бири – тиббиёт ходимлари учун иш вақти давомийлиги нормаси (2337-сон Йўриқнома).

Алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги қисқартирилган иш куни белгиланадиган ходимлар рўйxатига (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 4-илова) мувофиқ қуйидагилар учун иш куни давомийлиги белгиланган:

  • тиббиёт ходимлари – бир кунда 5,5 соат;
  • гамма-терапияда ва рентген диагностикаси хоналарида банд бўлган ходимлар – бир кунда 5 соат;
  • радиоманипуляция кабинетларида ва лабораторияларида гамма-препаратлар билан ишловчилар – бир кунда 4 соат.

 

МИСОЛ. Шифокор қишлоқ жойда 25 йил ишлаган, ундан 15 йилида иш вақти давомийлиги нормаларига доир талабларга риоя этилган, яъни бир кунда 5,5 соат ва ундан ортиқ, 10 йилида эса бир кунда 5,5 соатдан кам ишланган. Тегишинча, махсус иш стажи 15 йилни ташкил этади, бундай ҳолатда у имтиёзли пенсия таъминотига ҳақли бўлмайди.

 

Бундан ташқари, имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган тиббиёт ходимлари (2-сонли Рўйхатнинг I қисми) қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатларни ҳам тақдим этадилар:

  • ёрдамчи материаллар харажати нормалари, лимит карталари;
  • муайян иш участкасига бириктирилганлиги тўғрисидаги буйруқ;
  • радиоактив манбаларни бериш журнали;
  • лавозим (иш) йўриқномалари;
  • индивидуал дозиметрик назорат журнали (нурланиш юкламасини ҳисобга олиш журнали).

Юқорида келтирилганларга қўшимча сифатида айтиш керакки, бу тоифадаги тиббиёт ходимлари яна қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам тақдим этишлари лозим:

  • махсус иш стажи;
  • иш вақти давомийлиги нормаларига доир талабларни риоя этилганлиги.

 

 

Маълумот учун!

Пенсия тайинлаш учун мурожаат қилинган КУН барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган ёки ариза билан ТОПШИРИЛГАН КУН ҳисобланади.

Прочитано: 1123 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика