Умумбелгиланган солиқларни тўловчи туристик фирма туристик хизматларни экспорт қилиш билан шуғулланади. Ўзбекистонда чет эллик сайёҳлар учун турлар ташкиллаштиради. Турлар учун ҳақ чет эл валютасида тўланади. Туристик хизматларни экспорт қилишдан тушадиган тушум улуши жами даромаднинг 15%идан кўпроқни ташкил этади.
Ўзбекистон ҳудудида туристик хизматлар кўрсатилган тақдирда, туристик хизматларни экспорт қилишда ҚҚС бўйича айланма ҳосил бўладими?
– Реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма солиқ солиш объекти ҳисобланади (СК 238-м. 1-қ. 1-б).
Туризм соҳаси хизматлари ҳақиқатан ҳам ЎзР ҳудудида кўрсатилган бўлса, Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади (СК 241-м. 3-қ. 3-б.).
Бинобарин, чет эллик сайёҳлар учун Ўзбекистон ҳудудида туристик хизматлар кўрсатилганда ҚҚС солинадиган хизматларни реализация қилиш бўйича айланма ҳосил бўлади. ҚҚС ставкаси 15% миқдорини ташкил этади (СК 258-м. 1-қ.).