ҚҚС тўловчи корхона ЎзР ҳудудида хорижий ҳамкорига маркетинг хизматларини кўрсатади. Хорижий ҳамкор ЎзР резиденти ҳисобланмайди ва доимий муассасага эга эмас.
Норезидентга маркетинг хизматларини реализация қилишда ҚҚС қандай тўланади ҳамда маркетинг хизматлари кўрсатилганлиги муносабати билан харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС қандай ҳисобга олинади?
– Корхонангиз томонидан Ўзбекистонда ДМга эга бўлмаган ЎзР норезидентига маркетинг хизматларини реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳисобланмайди (СК 241-м. 1-қ.). Тегишинча, корхонангиз ҳисобварақ-фактурани ҚҚСсиз тақдим этади (Тартиб, 3-илова, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Ўзбекистон Республикаси ҳудуди реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган хизматларни кўрсатувчи ЎзР юридик шахслари СК 37-бобида белгиланган тартибда ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган (тўланиши лозим бўлган) ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга. Бунда ҳисобга олиш мақсадида ушбу хизматларни реализация қилиш бўйича айланма солиқ солинадиган айланмага тенглаштирилади (СК 266-м. 2-қ.).
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.