Корхона бир неча турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаради. Улардан бир тури – истеъмолчиларга реализация қилинадиган полиэтилен плёнка. Шу билан бирга полиэтилен плёнканинг бир қисми корхонанинг бошқа бўлинмасига берилади, бу ерда ундан биз томондан ишлаб чиқариладиган бошқа турдаги маҳсулот ўрови сифатида фойдаланилади. Мазкур бўлинма алоҳида юридик шахс эмас, у корхонанинг таркибига киради.
Полиэтилен плёнка корхонанинг бошқа бўлинмасига берилганда ишлаб чиқарилган ушбу маҳсулотимизга ҚҚС ҳисобланадими?
– ҚҚС солиш мақсадида товарларни реализация қилиш бўйича айланма нималардан иборат эканлиги СКнинг 239-моддасида кўрсатилган. Мазкур айланма солиқ тўловчи томонидан товарларни, сизнинг вазиятда полиэтилен плёнкани четга беришни назарда тутади. Бунда товар балансдан ҳисобдан чиқарилади.
Корхонада ишлаб чиқарилган полиэтилен плёнка мустақил юридик шахс бўлмаган алоҳида бўлинмангизга ишлаб чиқараётган бошқа турдаги маҳсулотингиз учун ўров материали сифатида берилганда ТМЗнинг ички айланиши юз беради. Мазкур ҳолда ҚҚС ҳисобланмайди.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.