Norma.uz

Имтиёзли пенсияга чиқишнинг ўзига хос жиҳатлари

 

Аёллар 54 ёшдан пенсияга чиққанида болани парваришлаш вақти ҳисобга олинмайди деб эшитдим. Шу тўғрими?

 

– 54 ёшдан пенсияга чиқиш муайян шартлар бажарилиши талаб этиладиган имтиёзли пенсия ҳисобланади.

Қонуннинг 37-моддаси «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 20 йиллик иш стажи бўлган аёллар 54 ёшга тўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар (Қонуннинг 12-1-моддаси). Қуйидагилар иш стажига қўшиб ҳисобланади:

а) 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – ходим томонидан бажарилган ҳар қандай иш, агар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса.

б) ҳарбий хизмат ва партизан отрядлари ҳамда қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш;

в) идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;

г) якка тартибдаги меҳнат ва оилавий тадбиркорлик фаолияти, шу жумладан шахсий ёрдамчи хўжаликдаги ва юридик шахс ташкил этилмаган ҳолдаги деҳқон хўжалигидаги фаолият:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – ЯИТ тўланган тақдирда.

Кўриб турганимиздек, 54 ёшда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи талаб этиладиган 20 йиллик стажга қуйидагилар киритилмайди:

д) I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача бўлган ногирон болага, шунингдек ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган (даволаш муассасасининг хулосасига кўра) 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт;

е) олий таълим муассасаларида, аспирантурада, стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтида, катта илмий ходим-изланувчилар институтида, таянч докторантурада, докторантурада ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, шу жумладан чет элда ўқиш;

ж) бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил;

з) офицерлар таркибидан бўлган шахсларнинг, прапоршчикларнинг, мичманларнинг ва муддатдан ташқари хизмат ҳарбий хизматчиларининг хотинлари, уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақт, лекин 10 йилдан ошмаган давр;

и) Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг хотини (эри) чет элда бўлган, лекин 10 йилдан ошмаган давр.

«д»-«и» бандларида назарда тутилган даврлар Қонуннинг 37-моддаси «а», «б», «в» ва «г» бандларида кўрсатиб ўтилган аёлнинг умумий иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Шу билан бирга ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари, вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотган даврлар, шунингдек иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар юқорида келтирилган рўйхатга киритилмайди.

 

1-МИСОЛ. Қонуннинг 37-моддаси «а»-«г» бандларида кўрсатилган даврлар бўйича аёлнинг иш стажи 21 йилни ташкил этди, бу 54 ёшдан пенсияга чиқиш ҳуқуқини беради. Бунда болани парваришлар даврлари жамланганда 3 йилни ташкил этди. Тегишинча, пенсия тайинлаш чоғида 24 йиллик (21 йил + 3 йил) стаж ҳисобга олинади. 

 

2-МИСОЛ. Қонуннинг 37-моддаси «а»-«г» бандларида кўрсатилган даврлар бўйича аёлнинг иш стажи 19 йилни ташкил этган бўлса, у 54 ёшдан пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Тегишинча, 54 ёшда пенсияга чиқиш ҳуқуқи мавжуд бўлмаган тақдирда, иш стажига қолган даврларни ҳам қўшишга зарурат йўқ. Бироқ 55 ёшда пенсия тайинлаш чоғида аёлнинг иш стажи болани парваришлаш даврларини ҳисобга олган ҳолда 22 йилни (19 йил + 3 йил) ташкил этади.

 

 

Маълумот учун!

ИШ СТАЖИ – ишда танаффуслар мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, МЕҲНАТ ДАФТАРЧАСИ ва иш, хизмат, ўқиш жойидан ёки архивдан берилган БОШҚА ҲУЖЖАТЛАР бўйича белгиланадиган, пенсия таъминотига ҳуқуқ берувчи умумий меҳнат ва бошқа фаолияти давомийлиги. 

Прочитано: 450 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика