Norma.uz

Шартларга риоя этган ҳолда

 

Ушбу нашрдаги бир қатор саволларда имтиёзли пенсия мавзуси қамраб олинган. Темирйўлчилар ҳам, ўқитувчилар ҳам, 54 ёшга тўлган аёллар ҳам бундай ҳуқуқга эга бўлади. Улар имтиёзли пенсия тайинлашнинг шартлари ва айрим жиҳатлари билан танишиб чиқишлари мумкин.

Пенсия жамғармаси манзилига йўлланган жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг статистик таҳлили пенсионерлар учун тушунарсиз бўлаётган масалаларни кўрсатиб берди.

 

 

Экспертдан сўранг

 

Шартларга риоя этган ҳолда

 

Таҳририятга келган мурожаатлар орасида темир йўл транспорти ходимларига пенсияларни расмийлаштириш ҳақидаги саволлар кўп учрайди. Кўп саволлар имтиёзли пенсия тайинлаш шартларига тааллуқлидир. «Norma» МЧЖ эксперти Зафаржон Хўжаев имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқи ва уни тайинлашнинг ўзига хос жиҳатлари тўғрисида сўзлаб берди. 

 

– Маълумки, белгиланган ёшдан олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқидан оғир ва зарарли шароитда ишлаган ходимлар фойдаланадилар. Лекин шундай ҳолатлар ҳам бўладики, бир бўлинмада ишлаган ходимлар пенсияга чиқаётганда уларнинг бирига ушбу ҳуқуқ берилиши, бошқасига эса рад этилиши мумкин. Бу нималарга боғлиқ?

– Ҳақиқатан ҳам, бундай ҳолатлар нафақат темирйўлчилар, балки бошқа соҳа вакиллари орасида ҳам кўп учрайди. Ҳамма гап шундаки, имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқи имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг махсус рўйхатларида (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган) назарда тутилган. Сизнинг ҳолатда бўлинманинг бир ходими мутахассислиги ушбу рўйхатларга киритилган, бошқасиники эса киритилмаган бўлса керак.

Темирйўлчилар белгиланган ёшни 10 ва 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўладилар. Бинобарин, имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 2-сонли Рўйхатининг I қисмида мутахассислиги кўрсатилган ишчилар белгиланган ёшни 10 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 3-сонли Рўйхати анча катта. 3-сонли Рўйхатнинг I қисмида темир йўл соҳасидаги қуйидаги касб ишчилари ва мутахассислари кўрсатилган: бригадирлар, поездларнинг юқори интенсив ҳаракатланиши мавжуд станциялар навбатчилари, машинистлар ва машинист ёрдамчилари, вагон кузатувчилари, юк поездлари операторлари, кондукторлари ва бошқа мутахассисликлар. Ҳаммаси бўлиб 20 тадан ошади.

Рўйхатларни қўллаш тартиби Имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган  ишлаб  чиқаришлар,  муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларини қўллаш тартиби тўғрисида йўриқномада (АВ томонидан 12.03.2012 йилда 2337-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган. Унга мувофиқ 2-сон Рўйхатнинг I қисми ва 3-сон Рўйхатнинг I қисмида ишчилар касби умумий номланиш асосида киритилган ҳолатларда, имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқига ушбу касбларнинг мазкур ишлаб чиқаришда ва ишларда банд бўлган барча номланишидаги ишчилари, шу жумладан бош ва катта ишчилар ҳамда уларнинг ёрдамчилари эга бўлишади (Йўриқноманинг 14-банди).

Рўйхатларда касб ва лавозимлари ҳамда меҳнат шароитлари қайд этилмаган бошқа темир йўл транспорти ходимлари 60 ёшда (эркаклар) ва 55 ёшда (аёллар) пенсияга чиқадилар.  

 

– Имтиёзли шартларда пенсияга чиқадиганларнинг иш стажи қанча бўлиши керак?

– Имтиёзли пенсия тайинлаш учун ходим умумий стаждан ташқари, махсус стажга ҳам эга бўлиши лозим.

10 йил олдин пенсияга чиқадиганлар (2-сонли Рўйхат, I қисм) тўлиқ иш куни давомида банд бўлиши лозим. Эркаклар иш стажи камида 20 йил бўлиб, бундан камида 10 йили меҳнат шароити ўта оғир ишларда кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда, аёллар иш стажи камида 15 йил бўлиб, бундан камида 7 йилу 6 ойи кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда имтиёзли пенсияга чиқишлари мумкин («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси «а» банди, 12-моддаси «б» банди).

Меҳнат шароити ўта зарарли ишларда (эркаклар камида 5 йил, аёллар камида 3 йил 9 ой) ишлаган ходимларга пенсия умумбелгиланган ёшни (Қонуннинг 7-моддаси) шундай ишда банд бўлинган ҳар бир тўлиқ йил учун 1 йилга қисқартирилган ҳолда тайинланади.

Пенсияга 5 йил олдин чиқиш ҳуқуқига эга бўлганлар ­(3-сонли Рўйхатнинг I қисми) ҳам умумий ва махсус стажга эга бўлиши лозим. Эркаклар учун иш стажи камида 25 йил бўлиб, бундан камида 12 йилу 6 ойи, аёллар учун иш стажи камида 20 йил бўлиб, бундан камида 10 йили ўта зарарли ишларга тўғри келган тақдирда имтиёзли пенсия тайинланади.

Меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда (эркаклар камида 6 йилу 3 ой, аёллар камида 5 йил) ишлаган ходимларга пенсия умумбелгиланган ёшни эркакларнинг бундай ишдаги ҳар 2 йилу 6 ойи учун ва аёлларнинг бундай ишдаги ҳар 2 йили учун 1 йилга қисқартирилган ҳолда тайинланади.

 

– Умумий сингари махсус стаж ҳам тасдиқланиши талаб этиладими?

– Ҳа, албатта. Рўйхатлар иш ўрнини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказишни ҳисобга олган ҳолда қўлланилади (ВМнинг 250-сон қарори 2-банди).

Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби Низом (ВМнинг 263-сон қарорига 1-илова) билан тасдиқланган.

Ҳар бир рўйхатга меҳнат шароитлари мос келиши керак. Меҳнат шароити мос келмаган ҳолатларда имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқини бериш рад этилади.

Аттестация 5 йилда камида 1 марта ўтказилади. Тегишинча, камида 2 та натижа бўлиши лозим (2-сон Рўйхатнинг I қисми бўйича, аёллар учун махсус стаж 7,5 йилни, эркаклар учун 10 йилни ташкил этишини ҳисобга олинади). 3-сонли Рўйхат бўйича аттестация аёллар учун камида 2 марта, эркаклар учун эса камида 3 марта ўтказилиши керак (сабаби аёллар учун белгиланган махсус стаж 10 йилга, эркаклар учун эса 12,5 йилга тенг).

 

– Ходим малака ошириш курсларида бўлган. Пенсия жамғармаси бўлими ходимлари ушбу давр учун махсус стажни ҳисобламаганлар, бу тўғрими?

– Ҳа, тўғри, сабаби иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар, академик (ўқиш) таътилларда бўлинган вақт, малака ошириш курсларида, клиник ординатурада (интернатурада) ўқиш, амалиёт ўташ ёки ўқиш даврлари махсус стажга қўшилмайди.

Талабалар, стажёр-тадқиқотчилар, интернлар, аспирантларнинг ўқиш даври имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи иш билан бирга олиб борилган бўлса, ушбу давр тўлиқ иш куни ишланганлик шарти билан махсус стажга қўшилади.

 

– Имтиёзли пенсия тайинлаш учун қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

– Темир йўлчилар 252-сон Низомнинг 12-бандида кўрсатилган пенсия тайинлаш учун зарур ҳужжатлардан ташқари қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам тақдим этиши лозим:

  • махсус иш стажи;
  • иш вақти давомийлиги нормаларига қўйиладиган талабларга риоя этилганлиги.

Имтиёзли пенсия таъминотига бўлган ҳуқуқни аниқлаштирувчи маълумотнома (252-сон Низомга 11-илова) ташкилот маъмурияти томонидан тақдим этилади. Унда меҳнат фаолияти давомидаги бандлик (тўлиқ ёки қисман) ҳамда бажарилган ишнинг хусусияти кўрсатилади.

Прочитано: 386 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика