Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 10 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Заргарларга лицензия ва гувоҳномалар бериш тезлаштирилди

 

Заргарлик тармоғини тартибга солувчи бир қатор қонуности ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (ВМнинг 20.02.2020 йилдаги 103-сон қарори).   

 

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ҳамда бошқа буюмларни ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш жараёни жадаллаштирилади. Бунга лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати 10 кундан 5 кунга, қайта расмийлаштириш бўйича – 5 кундан 2 кунга (ариза қабул қилинган санадан эътиборан, уни тақдим этиш усулидан қатъи назар, таҳр. изоҳи) қисқартирилганлиги орқали эришилди. 

Бу қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлаш учун рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини олишга ҳам тааллуқлидир. Энди Асиллик даражасини белгилаш палатаси гувоҳномани бериш ёки муддатини узайтириш тўғрисидаги аризани 5 иш куни (илгари 7 иш куни эди), қайта расмийлаштиришда эса 3 иш куни (илгари 5 иш куни эди) мобайнида кўриб чиқади. Худди аввалгидек, 1 БҲМ миқдоридаги қўшимча ҳақ эвазига заргарлик буюмлари билан савдо қилиш ҳуқуқини берадиган гувоҳномаларни олишга доир мурожаатлар тезкор тартибда (тегишинча 2 ва 1 иш куни давомида, таҳр. изоҳи) кўриб чиқилади.

Шунингдек таъкидлаш жоизки, заргарлик буюмлари билан савдо қилишга доир амалдаги қоидаларга тузатишлар киритилди. Ўзгаришларнинг катта қисми бевосита Президентнинг 18.05.2019 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5721-сон Фармони қоидаларидан келиб чиқди. Бундан ташқари, шундай маҳсулотларни воситачилар ва интернет-дўкон орқали реализация қилишнинг ўзига хос жиҳатлари қайд этилган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 21.02.2020 йилдан кучга кирди. 

 

Олег Заманов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Ташқи реклама қандай талабларга мос бўлиши керак  

 

Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) қуриш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди (ВМнинг 20.02.2020 йилдаги 104-сон қарори). 

 

Ҳужжат билан ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) умумий жойлаштириш, шу жумладан бинолар ташқи қисмида ўрнатиш тартиби, шунингдек шаҳар ёки ҳудудларнинг ижтимоий фаоллигини, тарихий-маданий қийматини ҳисобга олган ҳолда ўрнатиладиган объектларнинг турлари ва кўринишларини, дизайнерлик ечимлари ва ўлчамлари белгиланади. 

Низом талаблари қуйидагиларга татбиқ этилмайди:

  • истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жисмоний ва юридик шахслар тўғрисида ахборот жойлаштирилган маълумот тахталари ва бошқа техник воситалар;
  • реклама ҳусусиятига эга бўлмаган маълумотлар тахтаси;
  • бинолар (иншоотлар) ташқарисида ва ер ости пиёдалар ўтиш жойларида (реклама ҳусусиятига эга бўлмаган) фақат афиша ва эълонлар жойлаштириш (тарқатиш) учун мўлжалланган техник воситалар. Бундай техник воситаларда афиша ва эълонларни жойлаштириш қонунчиликка мувофиқ айрим ташкилотларга ёки фуқароларга юклатилган бўлади;
  • савдо объекти ёки хизмат кўрсатиш объекти ички тарафида маҳсулотни сақлаш, кўчириш, қадоқлаш, намойиш этишга мўлжалланган реклама кўринишидаги мебель, инвентарь, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситалар.

Низом билан тасдиқланган талабларни амалга ошириш бўйича ваколатли органлар этиб туман (шаҳар) ҳокимликлари белгиланган. 

Ташқи реклама фаолияти юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан амалга оширилади. Республика ҳудудида ўрнатилган ташқи реклама объектлари (конструкциялари) мавжуд биноларнинг ташқи меъморий кўринишига мос келиши, уларни жойлаштириш жойлари эса ҳудудий режалаштириш схемасига мувофиқ бўлиши керак. Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) уларга реклама ёки ахборот хабари ёки тасвирни жойлаштирмасдан ўрнатишга ва фойдаланишга йўл қўйилмайди. 

Ташқи реклама объектлари (конструкциялари) реклама жойининг паспорти ва техник чизмаси мавжуд бўлганда ўрнатилади. Транспорт воситаларининг ҳаракатланиш зонасида иш олиб боришда, объектлар (конструкцияларни) ўрнатишда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши керак. 

Ташқи рекламани йўл четидаги махсус ҳудудда ўрнатишда ажратувчи йўлакларда ва йўл четидан 1 метр ва ундан кам бўлган масофада жойлашган ташқи реклама объектлари (конструкциялар) ҳайдовчи ва пиёдалар учун кўришни чекламаслиги лозим. Реклама майдонининг пастки четидан йўл қопламаси юзасигача бўлган масофа 5 метрдан кам бўлмаслиги ва техник восита конструкцияси транспорт воситалари хайдовчилари учун кўришни чекламаслиги лозим. 

Қуйидаги жойларга алоҳида турган объектларни (конструкцияларни) ўрнатиш тақиқланади:

  • троллейбусларнинг алоқа тармоқлари мавжуд бўлганда, уларнинг йўлга чиқиш қисмига;
  • қатнов қисмида ва пиёдалар йўлакчаларида;
  • жамоат транспорти бекатларида;
  • йўл ва кўчалар четларида 5 метрдан паст баландликда;
  • бевосита туннелларга кириш ва чиқиш жойлари ёнида ва улардан 5 метрдан яқин бўлмаган масофада.

Реклама конструкциясини ўрнатиш (монтаж қилиш), ундан фойдаланиш ва олиб ташлаш бўйича ишлар конструкция эгаси томонидан ер участкаси, бино ва бошқа мулкнинг мулкдори (балансда сақловчиси) ёхуд ушбу мулк эгаси томонидан ваколатланган шахс билан, электр таъминоти тармоқларига уланганда эса электр таъминоти линиялари ва ташқи ёритиш тармоқлари ускуналаридан фойдаланувчи ташкилот билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Реклама жойининг паспорти Давлат хизматлари марказларига ариза ёзиш орқали олинади. Бунда барча зарур ҳужжатлар ва келишувлар тегишли давлат хизмат кўрсатиш марказлари томонидан мустақил равишда жамланади. Ташқи реклама объектлари (конструкциялари) реклама майдонининг паспорт рақами ва объект эгасининг алоқа маълумотларини кўрсатган ҳолда расмийлаштирилиши керак. Ўлчами 500 кв.см дан кам бўлган ташқи реклама учун ҳақ ундирилмайди.

Осма восита сим арқонли мослама ва бевосита реклама майдонидан иборат. Сим арқонлар устунларга ёки осма восита учун махсус ўрнатилган маҳкамлашнинг техник имкониятига эга бино ва иншоотларга маҳкамланади. Улар фақат ваколатли органнинг рухсати олингандан сўнг жойлаштирилади ва шаҳар ёритиш тармоғи устунларига уланмайди. Йўл устига осма транспарантлар ўрнатишга рухсат этилмайди.

Кўрсаткичлар кўринишидаги реклама воситалари фақат юридик ёки жисмоний шахс ҳақида ахборот бериши, яъни ушбу корхонанинг эмблемаси ёки фирма белгисини, номини ва мазкур ташкилот жойлашган манзилини акс эттириши мумкин. Корхона, маҳсулот ёки хизматлар тўғрисидаги бошқа маълумотларнинг мавжудлиги ташқи реклама ҳисобланади. Кўрсаткичлар юридик ва жисмоний шахслар жойлашган жойни акс эттириш учун уларнинг жойлашган жойидан 500 метргача масофага ўрнатилиши мумкин. Ахборот кўрсаткичларининг ўлчами 3 кв.метр ва узунлиги 2 метрдан ортиқ бўлмаслиги керак. 

Аҳолига хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотларнинг ахборот ва реклама воситалари пешлавҳалар ва ахборот воситаларидан (ахборот конструкцияларидан) иборат бўлади. Сутканинг қоронғи вақтида пешлавҳалар ёритилиши мумкин. Пешлавҳанинг ўлчами бинонинг мазкур пешлавҳа ўрнатиладиган томони майдонининг 5%идан катта бўлиши мумкин эмас. Ҳажми 5,5 кв.м гача бўлган пешлавҳалар ташқи реклама объекти ҳисобланмайди. Пешлавҳаларда корхонанинг номи, жойлашган жойи, иш тартиби акс эттирилиши мумкин. 

Ахборот пешлавҳалари бинонинг деворида корхонага кириш жойи ёнида ёки кириш эшигида жойлаштирилиши мумкин. Ахборот пешлавҳасининг ҳажми 1,0 кв.м дан ошмаслиги керак. Умумий овқатланиш корхоналарининг ахбороти улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар билан истеъмолчиларни таништиришга мўлжалланган мажбурий ахборот: меню, прейскурантлар, хизмат кўрсатиш шартлари тўғрисидаги маълумотлар бинонинг ичкарисида ёки олд деворида жойлаштирилади, ҳажми 2 кв.м дан ошмаслиги керак.

Ташқи реклама объектларида (конструкцияларида) жойлаштирилган театр ва концерт плакатлари, маданий тадбирлар, спорт ва бошқа тадбирлар, турли реклама эълонлари ташқи реклама ҳисобланади. Уларнинг жойлаштирилиши қабул қилинган ҳужжат талабларига мос келиши керак. Умумий майдони 2 кв.м дан кам бўлган театр ва концерт плакатлари ташқи реклама жойлаштириш учун тўловлардан озод этилади. 

Тасдиқланган Низомда ҳажмдор реклама конструкцияларини, байроқ композицияларини, биноларнинг томи ва деворларида, шаҳар мебель объектларида (бекатлар, тумбалар, таксофонлар), мобиль объектларда ўрнатиладиган конструкцияларни жойлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланган. Шунингдек айрим реклама турларига, реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштиришга доир талаблар, реклама объектлари (конструкциялари) эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қайд этилган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 21.02.2020 йилдан кучга кирди. 

 

Анвар Иркаходжаев.

 

 

 

Бўстонлиқ туманида мол-мулкни ижарага бериш ва солиқ солиш соддалаштирилади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 20.02.2020 йилдаги 107-сон қарорида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида солиқ солиш объектларини ҳисобга олиш ва солиқ маъмуриячилиги бўйича тажриба ўтказилиши назарда тутилган. 

 

Тажриба ўтказиш мақсади – солиқ тўловчиларни ҳисобга олишни соддалаштириш, савдо ва хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.

Тажриба ўтказиладиган даврда – 2020 йил 1 майдан 2021 йил 1 майгача – Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида:

  • жисмоний шахслар томонидан кўчмас мулк объектлари ва бошқа мол-мулк солиқ органларининг таянч пунктлари томонидан ҳисобга қўйишда бепул бериладиган гувоҳнома асосида ижарага берилади. Дам олиш уйлари, дала ҳовли, якка тартибда қурилган уй-жойлар ва яшаш учун мўлжалланган бошқа турар жойлар кўчмас мулк объектлари жумласига киритилади, қарорга иловада кўрсатилган сув транспорти турлари ва мотоцикллар, қорда юрадиган техника воситалари, квадроцикллар, парапланлар ва дельтапланлар, топчанлар бошқа мол-мулк ҳисобланади;
  • гувоҳномалар берилиши билан бир вақтда ДСҚнинг ягона электрон платформасига мобил илова ёки веб-сайт орқали бу ҳақдаги маълумотлар киритилади. Бунда ижарага бериш шартномасини тузиш ва уни солиқ органларида ҳисобга қўйиш талаб этилмайди;
  • кўчмас мулк объектлари ва мол-мулк махсус чеклар тақдим этиш орқали ижарага берилади ҳамда белгиланган солиқлар тўланган тақдирда, олинган даромадлардан нақд пулни банкка топшириш мажбурий ҳисобланмайди ва ихтиёрий амалга оширилади;
  • ҳисобга қўйилгани тўғрисидаги гувоҳномасиз кўчмас мулк объектлари ва мол-мулкларни ижарага бериш ёхуд маълумотларни ягона электрон базага киритмаслик солиқларни тўлашдан бўйин товлаш деб ҳисобланади ва қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун сабаб бўлади;
  • гувоҳнома асосида кўчмас мулкни ва мол-мулкларни ижарага бериш билан шуғулланадиган жисмоний шахслар тадбиркорлик субъектлари сифатида давлат рўйхатидан ўтиши шарт эмас ҳамда уларнинг даромадларига белгиланган тартибда декларация асосида солиқ солинади.

Юқорида санаб ўтилган қоидалар тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ҳолда меҳмон уйлари хизматлари кўрсатаётган ва айрим мол-мулк турларини ижарага бериш билан шуғулланадиган жисмоний шахсларга татбиқ этилмайди.

Ғазалкент шаҳри, Дўстлик, Сижжак ва Новобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида 4 та солиқ органлари таянч пунктлари ташкил этилади, улар штатидаги умумий ходимлар сони 30 нафар бўлади. Тошкент вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда таянч пунктлари учун ер участкалари ажратиш масаласини ҳал этади. Таянч пунктларини қуриш ҳамда уларни жиҳозлаш ДСҚнинг моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш махсус жамғармаси, шунингдек пойтахт вилоятининг маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

ДСҚга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда электрон платформа ва мобил илованинг яратилишини ва ДСҚ маълумотлар базасига интеграция қилинишини таъминлаш топширилди. Бир ой муддатда гувоҳнома бериш, ягона электрон платформани юритиш тартиби тўғрисида вақтинчалик низом ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, солиқ таянч пунктлари ходимлари учун мазкур қарорда назарда тутилган объектларини ҳисобга олиш ва уларга солиқ солиш бўйича курслар ташкил этилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 21.02.2020 йилдан кучга кирди. 

 

Лола Абдуазимова.

Прочитано: 331 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика