Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 24 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Президентнинг   8.06.2020  йилдаги 4742-сон қарори билан бизнес ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

 

1 июлдан бошлаб кўпроқ имкониятлар

2020 йил 1 июлдан ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати кенгайтирилади. Унга бир йўла 43 та йўналиш, асосан онлайн ва медиа хизматлар қўшилди (Рўйхат, ПҚ-4742-сон қарор билан тасдиқланган). Ҳозирги вақтда ўзини ўзи банд қилганлар уларга рухсат этилган 24 та фаолият тури жумласидан танлашлари мумкин (Рўйхат, ВМнинг 9.07.2019 йилдаги 566-сон қарорига 3-илова).   

Бундан ташқари, шунингдек 1 июлдан бошлаб:

  • вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бекор қилинади (Низом, 566-сон ВМҚга 1-илова). Ўзини ўзи банд қилганлар хабар бериш тартибида махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин. Рўйхатга олиш далили матрицали штрих код (QR-код) билан тасдиқланади;
  • ўзини ўзи банд қилганлар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, БҲМнинг камида 50%и ҳажмида тўлайди. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда ЯТТлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади. Ўзини ўзи банд қилганлардан олинадиган ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори 2021 йилга мўлжалланган солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясини тайёрлашда ўрнатилади;
  • ўзини ўзи банд қилганлар илгаригидек ёлланма ишчиларни жалб қила олмайди, иш берувчига эга бўла олмайди. 

Ўзини ўзи банд қилганларни масофадан рўйхатга олиш учун мўлжалланган, 1 июлга қадар ишлаб чиқиладиган мобиль иловада кенгайтирилган функционал бўлади. Унинг ёрдамида буюртмаларни қабул қилиш ва тўловларни амалга ошириш, электрон ҳисобварақ-фактураларни (ЭҲФ) тақдим қилиш, даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш, ўз товарларини (ишларини, хизматларини) реклама қилиш мумкин бўлади. 

Интернет орқали хизматлар кўрсатувчи ёки ишлар бажарувчи ўзини ўзи банд қилганлар-фрилансерлар энди қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) учун чет элдаги норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни ТСОЯЭАТга тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда Ўзбекистон банкларидаги ҳисобрақамларига қабул қилиш;
  • контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисобварақ-фактураларни (инвойс), шу жумладан, электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш ва ишлар бажариш. 

Давлатнинг бизнес билан ўзаро муносабатларида – камроқ бюрократия

Жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда юридик шахсларни қайта рўйхатдан ўтказиш, катта миқдорларда солиқ қарздорлиги мавжуд бўлмаган тақдирда, энди талаб этилмайди. Унинг ўрнига хабар бериш тартиби жорий этилади. 

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун иккита янгилик: 

  • уларни солиқ органларида ҳисобга қўйиш уларни давлат томонидан рўйхатдан ўтказилаётганда (қайта рўйхатга олинаётганда) тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш жойи бўйича амалга оширилади;
  • давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада эгасининг фотосурати акс эттирилади. 

Оилавий корхоналарга – имтиёз 

Оилавий корхоналар солиқ имтиёзига эга бўлишди. Энди улар қуйидаги шартларда айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50%га камайтирилган ставкада тўлашга ҳақли (СК 467-м.):

  • ўзини ўзи банд қилганлар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланса;
  • иштирокчилари сони камида 3 нафар бўлса.  

Ишларда «Бизнес навигатор» ёрдам беради

Бу бизнес юритишни осонлаштирадиган онлайн сервислардан фойдаланишга ёрдам берадиган ахборот тизимидир. Уни 2021 йилда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобига ишга тушириш кўзланмоқда.  Буюртмачи - Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги. 

Тизим туфайли бизнесмен қуйидаги имкониятларга эга бўлади:

  • тадбиркорлик фаолиятининг тегишли ҳудуддаги рақобатбардош турини танлаш;
  • кредит олиш учун зарур бўлган бизнес-режа лойиҳаси ва ҳужжатлар тўпламини шакллантириш;
  • тегишли тадбиркорлик фаолияти учун тақдим этилган имтиёз ва преференциялар тўғрисида маълумот олиш;
  • тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун кўчмас мулк объектларини танлаш.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 9.06.2020 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Утилизация йиғими жорий этилди

Вазирлар Маҳкамасининг 2.06.2020 йилдаги 347-сон қарори билан ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларидан фойдаланганлик учун тўлов амалга киритилди.

 

Ҳужжат билан Утилизация йиғими ставкалари ва утилизация йиғими тўланадиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари турлари ва тоифаларининг рўйхати тасдиқланди. 

Жорий йилнинг февралида «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунларга киритилган утилизация йиғимига тааллуқли умумий масалаларни тартибга соладиган тузатишлар кучга кирган эди (14.11.2019 йилдаги ЎРҚ-584-сон Қонун). 

Утилизация йиғими қуйидагилардан ундирилади:

  • Ўзбекистон ҳудудига транспорт воситаларини импорт қиладиган (эркин муомалага чиқарадиган) жисмоний ва юридик шахслар;
  • Ўзбекистон ҳудудида сотиладиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларини (кейинги ўринларда ­– транспорт воситалари) ишлаб чиқарадиган (йиғадиган, тайёрлайдиган) юридик шахслар. 

Тасдиқланган ставкалар 2020 йил 1 августдан жорий этилади. Улар транспорт воситасининг тури, тоифаси ва техник тавсифларига қараб 30 БҲМдан 1 500 БҲМгача миқдорда белгиланади. 

Қуйидаги транспорт воситаларига йиғим тўланмайди:

  • умумэътироф этилган принциплар ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ устуворликлардан фойдаланадиган дипломатик ваколатхоналарга ёки консуллик муассасаларига, халқаро ташкилотларга, шунингдек уларнинг Ўзбекистон фуқаролиги бўлмаган, дипломатик мақомга эга бўлган ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига тегишли транспорт воситалари;
  • ишлаб чиқарилганидан 30 ва ундан ортиқ йил ўтган L ва М1 тоифали, шунингдек ишлаб чиқарилганидан 50 ва ундан ортиқ йил ўтган, йўловчи ва юкларни тижорат мақсадида ташишга мўлжалланмаган, асл двигатели,  кузови ва рамаси сақланган тақдирда ёки улар асл ҳолатигача реставрация қилинган М2, М3 ва N тоифали транспорт воситалари;
  • Ўзбекистонга олиб кирилиб «Вақтинчалик олиб кириш» божхона режимига расмийлаштирилган транспорт воситалари. 

Иқтисодиётни ривожлантириш вазирлиги Молия вазирлиги ва Экология давлат қўмитаси билан биргаликда илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб чиқиб, транспорт воситалари ва уларнинг компонентларини утиллаштириш жараёнини тартибга солиши лозим. Хусусан, 2021 йилдан жисмоний ва юридик шахслар томонидан эскирган транспортлар ихтиёрий равишда утиллаштирилишини рағбатлантириш механизмини жорий этиш лозим.

Аввал ёзганимиздек, 1 августдан мамлакатимизга олиб кириладиган транспорт воситаларидан олинадиган акциз солиғи ставкалари бекор қилинади. 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 3.06.2020 йилдан кучга кирди.

 

Эльмира Сиразиева.

 

 

 

Қишлоқ жойларда уй-жойлар қандай қурилади

Вазирлар Маҳкамасининг 4.06.2020 йилдаги 355-сон қарори билан қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойларни қуришда тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш чора-тадбирлари тасдиқланди (қарорнинг тўлиқ матни «СБХ» мазкур сонининг ҳужжатлар пакетида берилмоқда).

Президентнинг «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (28.11.2019 йилдаги ПФ-5886-сон) мувофиқ Қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурадиган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш бўйича танловлар ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

2020 йил 1 июлдан бошлаб:

  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан ер участкалари қурилиши режалаштирилган уй-жойлар бўйича қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ерлар ва ўрмон фонди ерлари тоифасига кирмайдиган ҳамда аҳолини мажбурий кўчириш хавфи бўлмаган тақдирда ажратилади;
  • туманлар (вилоятлар) ҳокимликлари ҳузуридаги ер участкаларини реализация қилиш масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг таркибига «Ўзгидромет» марказининг ҳудудий бўлинмалари вакиллари киритилади;
  • қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойларни қурадиган компанияларни аниқлаш бўйича танлов савдоларида ғолиб бўлган пудрат ташкилотлари билан инвестиция шартномалари тузилади, бунда тадбиркорлик субъектлари инвестиция мажбуриятларини ўз зиммасига олади;
  • тортиб келинадиган ва майдон ички сув таъминоти ва канализация тармоқлари ҳамда автомобиль йўлларини қуриш Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари экспертизаси хулосаларига кўра амалга оширилади.

 Қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурадиган компанияларни аниқлаш бўйича танловларни ташкил этиш ва ўтказиш Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ҳузуридаги консалтинг марказларига топширилади. 

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 5.06.2020 йилдан кучга кирди.

 

Ягона миллий баҳолаш стандарти тасдиқланди

Давлат активларини бошқариш агентлигининг буйруғи (4.06.2020 йилдаги 3239-сон) билан Ўзбекистон Республикаси Ягона миллий баҳолаш стандарти (ЯМБС) тасдиқланди.

Баҳолаш стандарти мамлакатимиз иқтисодий ривожланишининг ўзига хос жиҳатларини акс эттирадиган активлар қийматини баҳолаш нормалари, қоидалари, методикалари жамламасидир. Ҳужжат Баҳолаш ташкилотлари уюшмаси, Ўзбекистон баҳоловчилари жамияти, баҳолаш фаолияти соҳасининг етакчи мутахассислари иштирокида халқаро баҳолаш стандартлари принципларига асосан энг яхши хорижий амалиётларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

 ЯМБС – бу баҳолашга оид вазифаларни бажариш учун мўлжалланган стандарт бўлиб, улар республика қонун ҳужжатлари доирасида баҳолаш амалиётида ишончлилик, очиқ-ошкоралик ва келишувлиликни таъминлайди.

Ҳар бир миллий баҳолаш стандарти бир ёки бир нечта масалаларни ҳал этади ва қуйидагиларни белгилайди:

баҳолаш фаолиятида фойдаланиладиган принциплар ва атамалар;

баҳолашга оид вазифаларни бажариш ва баҳолаш бўйича ҳисоботлар тузиш бўйича умумий талаблар;

ҳисобга олиниши лозим бўлган аниқ мулоҳазалар ҳамда активлар ёки мажбуриятлар турларини баҳолаш учун кенг фойдаланиладиган усуллар. 

Ҳужжат баҳолаш ЯМБСга мувофиқ ўтказилиши учун риоя этилиши лозим бўлган мажбурий талабларни ўз ичига олади. Стандарт бўлимларида баҳолашни ўтказишда ҳисобга олинадиган асос бўлувчи принциплар ва концепциялар акс эттирилади. 

ЯМБС тузилмаси иккита асосий қисмга – умумий баҳолаш стандартлари ва активларни баҳолаш стандартларига бўлинади. 

Умумий баҳолаш стандартлари олтита ҳужжатни ўз ичига олади: 

1-сон МБС «Баҳолаш фаолиятида фойдаланиладиган принциплар, атамалар ва тарифлар»;

2-сон МБС  «Баҳолашга оид вазифа»;

3-сон МБС «Баҳолаш жараёнида ўтказиладиган ўрганишлар ва таҳлиллар»;

4-сон МБС «Баҳолаш ҳақидаги ҳисоботни тузиш»;

5-сон МБС «Баҳолаш базалари»;

6-сон МБС «Баҳолаш ёндашувлари ва усуллари». 

Активлар қийматини баҳолаш стандартлари бешта ҳужжатни ўз ичига олади:

7-сон МБС «Бизнесни ва бизнесда иштирок этиш ҳуқуқини баҳолаш»;

8-сон МБС «Кўчмас мулкни баҳолаш»;

9-сон МБС  «Номоддий активлар ва интеллектуал мулкни баҳолаш»;

10-сон МБС «Машина ва ускуналарни баҳолаш»;

11-сон МБС «Товар-моддий захираларни баҳолаш»;

12-сон МБС «Хусусийлаштириш мақсадида давлат уй-жой фондини баҳолаш»;

13-сон МБС «Баҳоловчилар ишининг сифатини назорат қилишнинг ички қоидаларига қўйиладиган умумий талаблар».

Иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичида баҳолаш фаолияти олдига баҳолашда мавжуд камчиликларни бартараф этиш, миллий стандартларни халқаро стандартларга максимал даражада яқинлаштириш, баҳолаш натижаларини хорижий инвесторлар учун янада тушунарли бўлишини таъминлаш, баҳолаш хизматлари сифатини янада ошириш ва маҳаллий баҳолашнинг хориж бозорларига олиб чиқиш имкониятини яратиш вазифалари қўйилди. 

Халқаро баҳолаш стандартлари қуйидаги принципларга асосланади: мустақиллик, холислик, инсофлилик, касбий малака ва махфийлик.  Миллий стандартлар ушбу барча кўрсатиб ўтилган принципларга риоя этилган ҳолда ишлаб чиқилган. Бунда 2020 йилдаги сўнгги ўзгартиришлар ва қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда 2017 йилги таҳрирдаги Халқаро баҳолаш стандартларидан фойдаланилган.

ЯМБСнинг энг муҳим жиҳати шундаки, у турли активларни (бизнес, кўчмас мулк, номоддий активлар ва интеллектуал мулк, машина ва ускуналар, товар-моддий захиралар, хусусийлаштириш мақсадида давлат уй-жой фондини) баҳолаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий баҳолаш стандартларини қўллаш методикасини ўз ичига олади. 

Ушбу Методика батафсил ҳисобланмайди. У Ўзбекистон Республикаси мол-мулкини баҳолашда минимал даражадаги зарурий ёндашувлар ва усулларни ўз ичига олган. Баҳоловчилар баҳолаш фаолияти ва миллий баҳолаш стандартлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид келмайдиган, жаҳон амалиётида қўлланиладиган бошқа ёндашув ва усуллардан фойдаланишга ҳақлидир. 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 5.09.2020 йилдан кучга киради.

Лола Абдуазимова.

Прочитано: 346 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика