Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 29 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Президент қарори билан иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни жалб этиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига қарамлигини камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланди (10.07.2020 йилдаги ПҚ-4779-сон).  

 

Учинчи сменада электр энергияси арзонлашади


Ҳужжатга мувофиқ:

  • 2020 йил 1 августдан электр энергиясини янги ишга тушириладиган қуёш, шамол, биогаз электр станциялари, қуввати 1 МВт гача бўлган микро ва кичик гидроэлектрстанциялардан, шу жумладан ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини кафолатланган тарзда сотиб олиш бўйича тариф белгиланади;


  • қайта тикланувчи энергия манбалари (ГЭСлардан ташқари) соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун потенциал инвесторларни аниқлаш аукцион савдолари орқали амалга оширилади;

 

  • 2020 йил 15 июлдан 31 декабргача 750 кВАгача бўлган қувватда уланган ҳамда қўшимча учинчи сменани ташкил этган маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи истеъмолчилар (ДСҚ тасдиқланган рўйхат бўйича) учун тунги даврда (соат 22.00 дан 24.00 гача ва соат 00.00 дан 06.00 гача) фойдаланилган электр энергияси бўйича ҳисоб-китобларда белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда камайтириш коэффициенти қўлланилади;

табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов киритиш тўғрисидаги мажбурий талабни 30%гача камайтириш имконияти давлат корхоналари ва устав капиталидаги давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга татбиқ этилмайди (ПФ-5978-сон Фармоннинг 8-б.). Тегишинча, ушбу юридик шахсларга  умумий тартиб татбиқ этилади: Мажбурий ижро бюросини хабардор қилган ҳолда олдиндан 100% ёки 50% тўлов).

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • 3,3 млрд кВт соат электр энергияси, 2,6млрд м3 табиий газ ва 16,5 минг тонна нефть маҳсулотларини тежашни назарда тутувчи 2020 – 2022 йилларда иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашнинг мақсадли параметрлари;

 

  • Иқтисодиёт тармоқларининг йирик энергия сарфловчи корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича «Йўл харитаси»;

 

  • Ёқилғи-энергетика ресурслари жами йиллик истеъмоли икки минг тоннадан ортиқ шартли ёқилғи ёки бир минг тоннадан ортиқ мотор ёқилғиси бўлган корхоналарни мажбурий энергетик текширувдан (энергия аудитидан) ўтказишнинг 2020 – 2022 йиллар даврига мўлжалланган жадвали;

 

  • Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармасининг тузилмаси ва унинг Кузатув кенгаши таркиби, маблағларни шакллантириш манбалари ва улардан фойдаланиш йўналишлари.

Ҳужжатда Энергетика вазирлигининг Ягона ахборот тизимини яратиш, уни 2021 йил якунигача ишга тушириш назарда тутилган. Ягона ахборот тизимидан олинган таҳлилий маълумотлар асосида юқори энергия истеъмолига эга корхоналарни мажбурий энергия аудитидан ўтказиш механизми жорий этилади.

 Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Энергетика вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қуйидаги топшириқларни бажариши лозим:

а) бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини энергетик текширувлардан ўтказиш қоидаларини қабул қилиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш:

  • энергия аудитини ўтказишни рағбатлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

 

  • энергия аудиторини танлашнинг бозор механизмини жорий этиш;

 

  • тарифларни тартибга солиш, шу жумладан энергия аудити якунларига кўра тавсияларни бажармаган корхоналар учун энергияни меъёрдан ортиқча истеъмол қилганлик учун оширилган ставкаларни қўллашнинг самарали механизмини яратиш;

б) 2 ой муддатда 285 та йирик саноат корхонасида энергия аудитини ўтказиш учун етакчи компаниялар (маҳаллий ва халқаро) жалб қилинишини таъминлаш, ушбу корхоналар рўйхатини кенгайтириш масаласини кўриб чиқиш.

 Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 10.07.2020 йилдан кучга кирган.

 

Эльмира Сиразиева.

 

 

 

 

Солиқ аудитини ўтказиш тартиби белгиланди

Давлат солиқ қўмитаси томонидан Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисида низом (30.06.2020 йилда 3251-сон билан рўйхатдан ўтказилган) қабул қилинди.

 

Солиқ кодексига мувофиқ, солиқ аудити солиқ органлари томонидан солиқ тўловчининг муайян давр учун солиқлар ва йиғимларнинг ҳисобланиши ҳамда тўланишининг тўғрилигини текшириш мақсадида, унинг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослаш йўли билан ўтказилади.

Жиноят иши доирасида солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш Жиноят-процессуал кодекс ва Солиқ кодекси талаблари асосида ўтказилади.

Низомга мувофиқ, солиқ аудити қуйидаги солиқ тўловчиларда ўтказилади:

  • солиқ органида хавфни таҳлил этиш автоматлаштирилган ахборот тизими («Таҳлика-таҳлил» дастурий маҳсулоти) орқали аниқланган, юқори даражадаги таваккалчилик (солиқ хавфи) тоифасига мансуб бўлган;

 

  • камерал солиқ текшируви натижаси бўйича солиқ органининг талабномасига жавобан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаган (шу жумладан, аниқлаштирилган талабномадан кейин), аниқланган тафовутлар бўйича асос келтирмаган ёки тақдим қилинган асосномалар етарли эмас деб топилган юқори даражадаги таваккалчилик (солиқ хавфи) тоифасига мансуб бўлган;
  • ихтиёрий тугатилаётган;

 

  • жиноий иш қўзғатилган;

 

  • аввал ўтказилган солиқ аудити чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган.

 

  • Солиқ аудити:

 

  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари томонидан ўз ҳудудида солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган солиқ тўловчиларда;

 

  • йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан йирик солиқ тўловчиларда;

 

  • Давлат солиқ қўмитаси томонидан юқори даражадаги таваккалчилик (солиқ хавфи) тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларда ўтказилади.

Низомда назарда тутилишича, солиқ аудити:

  • солиқ органи солиқ тўловчига солиқ аудити ўтказилиши тўғрисида хабарнома юборганидан кейин 30 календарь кун ўтгач ўтказилиши мумкин;

 

  • солиқ тўловчига (солиқ агентига) солиқ аудитини тайинлаш тўғрисидаги буйруқ топширилган кунда бошланади;

 

  • ўтказилган солиқ аудити тўғрисида далолатнома имзоланган кунда тугайди;

 

  • 30 иш кунидан ортиқ давом этиши мумкин эмас. Солиқ аудитини ўтказиш муддати СК 142-моддасига мувофиқ узайтирилиши мумкин;

 

  • фақат даъво қилиш муддати ўтмаган охирги солиқ аудитидан кейинги даврни қамраб олади;

 

  • солиқ тўловчида айнан битта давр учун айнан бир хил солиқлар бўйича бир мартадан ортиқ ўтказилмайди, бундан солиқ аудитини ўтказиш чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган ҳоллар мустасно;

 

  • солиқ тўловчининг Текширувларни рўйхатга олиш китоби тўлдирилганидан сўнг ўтказилади.

Солиқ аудити натижалари текширув тамомлангандан кейин 3 кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.

Низомда қуйидагиларни амалга ошириш тартиби белгиланган:

  • солиқ органи томонидан солиқ аудитини ўтказиш доирасида, аудитни ўтказишдан олдин солиқ тўловчига ҳужжатларни юбориш;

 

  • солиқ аудитини тайинлаш;

 

  • солиқ аудитини ташкил этиш ва ўтказиш;

 

  • тугатилаётган солиқ тўловчиларда солиқ аудитини ўтказиш;

 

  • ҳудуд ва биноларни кўздан кечириш;

 

  • текширилаётган солиқ тўловчидан ҳужжатларни талаб қилиб олиш;

 

  • учинчи шахслардан ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш;

 

  • ҳужжатларни ва электрон ахборот жисмларини олиб қўйиш.

 Ҳужжатда солиқ аудитининг иштирокчилари ҳам санаб ўтилган ва солиқ аудити натижаларини расмийлаштириш тартиби кўрсатилган.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 30.06.2020 йилдан кучга кирган.

 

Баҳодир Қаюмов.

Прочитано: 350 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика