Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 29 / Божхона

Божхона брокерлари нималарни таклиф қилмоқда

 

Куни кеча масофали режимда ДБҚ ва Божхона брокерлари уюшмаси (ББУ) вакилларининг икки томонлама расмий учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда божхона амалиёти ва божхона қонунчилигидаги янгиликларга тааллуқли бўлган бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди. 

 

Кун тартибидаги биринчи масала сифатида ташқи савдо операцияларини мониторинг қилиш тизимини такомиллаштиришга оид масала муҳокама қилинган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 14.05.2020 йилдаги 283-сон қарорига биноан хўжалик юритувчи субъектлар ташқи савдо контрактлари ва инвойслар бўйича маълумотларни электрон шаклда электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда, Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритишлари лозим бўлган тартиб ўрнатилди.

Ҳужжат 16 августда кучга киради. Қарор билан Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Экспорт ва импорт биржа (ярмарка) контрактлари, қайта ишлаш (республикадан ташқарида) бўйича контракт, марказлаштирилган импорт ва экспорт контрактлари, экспорт консигнация контракти сингари тушунчалар киритилди.

Мониторинг ўтказиш доирасида ДБҚ ҳудудий бошқармалари божхона постларининг  ходимлари хўжалик юритувчи субъект томонидан ТСОЯЭАТга киритилган контракт (шу жумладан, инвойс) маълумотларини «Эркин муомалага чиқариш (импорт)», «Экспорт» божхона режимларидаги БЮД маълумотлари билан солиштирадилар. Шунингдек, улар тижорат банклари томонидан тизимга киритилган ҳисоб-китоб маълумотномасида кўрсатилган валюта миқдорини тўлов кафолатланган товарларнинг экспорт қийматига нисбатан мувофиқлиги ёки ортиқлиги билан солиштирадилар. Бу борада фарқлар мавжуд бўлмаганда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда божхона юк декларациясини расмийлаштирадилар. Экспорт қилувчилар товарларни (ишлар, хизматларни) Интернет тармоғидаги онлайн дўконлар орқали реализация қилган ҳоллар бундан мустасно. Қонун ҳужжатларида бошқача назарда тутилмаган бўлса, ТСОЯЭАТга инвойслар тўғрисидаги тегишли маълумотлар киритилиб, тўлови тўлиқ тўлангандан кейин ва экспорт қилувчиларнинг Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобрақамларига маблағлар тушгандан сўнг бу операцияни амала оширишнинг имкони бўлади. Бунда 5 000 АҚШ долларигача бўлган товарлар Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларига (АВ томонидан 18.04.2011 йилда 2219-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ реализация қилиниши мумкин. Бунинг учун тизимга ахборот киритиш ва  БЮДни расмийлаштириш керак эмас.

ББУ вакиллари Низомда товарни қайта ишлаш учун харид қилишга ва тайёр маҳсулотни сотишга доир алоҳида контрактлар муомаласини тартибга солувчи меъёрлар мавжуд эмаслигига эътиборни қаратдилар.

Бундан ташқари, улар ВМнинг  283-сон қарори билан Товарларни божхонада электрон шаклда декларациялаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 31.07.2018 йилдаги 605-сон қарорига          1-илова) киритилган ҳужжатларда мавжуд маълумотларнинг ишончлилигига декларацияловчи шахс жавобгар эканлиги бўйича меъёрни ортиқча деб ҳисоблашади.  Бундай жавобгарлик Божхона кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда аллақачон ўз ифодасини топган.

Шу билан бирга ББУ вакиллари кўпинча сертификатлаш органларининг нотўғри ишлаши сабабли юз берадиган маълумотларнинг такрорий киритилишини бартараф этиш юзасидан таклиф билан чиқдилар. Уларнинг фикрича,  Ягона ойнада маълумотлар блокига жавоб берувчи сертификатлаш органларининг ходимлари билан тушунтириш ишларини олиб бориш зарур. Божхона қиймати декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ томонидан 14.03.2017 йилда 2868-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўзгартиришлар киритиш мақсадга мувофиқлиги ҳам муҳокама этилди. Масала божхона органлари қўллайдиган хавфни бошқариш тизими томонидан ўрта ёки юқори кўрсаткичга эга хавф даражаси аниқланган ҳолларда божхона қиймати 1-усул бўйича аниқланганда декларацияловчи шахс томонидан товарнинг маълум қилинган божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатларни мажбурий тартибда тақдим этишга тааллуқли бўлди (Рўйхатнинг 1-б. «в» кичик банди, Йўриқномага 3-илова).

Божхона органининг ТИФ ТН кодлари бўйича хулосаларини таҳлил қилиш тўғрисидаги масала муҳокамасидан кейин божхона брокерлари таснифлаш бўйича қарорларни эълон қилиш таклифини билдиришди. ДБҚ Ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизаси бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Абдуғаниевнинг яқинда ББУ давра суҳбатининг онлайн-йиғилишида «ТИФ ТН: Асосий тушунчалар. Таснифлаш бўйича олдиндан кўрилган ечилмалар. Алоҳида товарларни таснифлашда йўл қўйиладиган хатолар» мавзусидаги маъруза билан чиқиш қилиши тўғрисидаги келишувга эришилди.

Ўз навбатида ДБҚ вакиллари ТИФ иштирокчилари ва божхона брокерлари ўртасида сўров ўтказишда кўмаклашиб юборишни илтимос қилишди. Божхоначиларни бизнес жараёнларнинг муддати давомийлиги ва қиймати тўғрисидаги фикр-мулоҳазалар қизиқтириши ва бу фикр-мулоҳазалар товарларни чиқариш вақтини қисқартиришга доир чораларни кўриш учун зарурлиги таъкидланди. Божхона идораси нафақат Ягона ойнанинг иши юзасидан, балки товарни олиб киришдан тортиб, импорт чоғида уни чиқаришгача ҳамда экспорт чоғида уни маълум қилишдан тортиб, уни олиб чиқишгача бўлган ҳар қандай тартиб-таомиллар билан боғлиқ барча жараёнлар бўйича ҳар қандай мулоҳазаларни қабул қилишга тайёр. 

Ҳал этилиши мумкин бўлган муаммолардан бири сифатида сертификатлаш тартиб-таомилини кейинга суриш, яъни уни божхона расмийлаштируви «тугагандан кейин» ўтказиш таклифи муҳокама қилинди.

Учрашувда шунингдек экспорт инвойслар, CMR, СМГС юк хатларини авиа ва ҳ.к.ларни бирхиллаштириш ва автоматлаштириш билан боғлиқ сўровлар ва таҳлиллар ўтказишни талаб қилувчи бир қатор техник масалалар муҳокама қилинди.

Учрашув сўнгида ББУ раиси Арсен Айрапетьянц қайд этди: «Биз, албатта, охирги йиллар давомида ДБҚ ходимлари билан ишчи гуруҳларда, шу жумладан ДБҚ–ББУ форматида бир неча маротаба мулоқот қилдик. Масалан, янги таҳрирдаги Божхона кодексининг  лойиҳаси муҳокамасида, ЖСТ савдоси тартиб-таомилларини соддалаштириш тўғрисидаги битим ёхуд 2020—2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепцияси (5.06.2020 йилдаги ПФ-6005-сон Фармонга 1-илова) нормаларини биз биргаликда муҳокама қилганмиз. Божхона хизматининг очиқлиги мамнуният бағишлайди, бизнинг долзарб масалалар бўйича масофали учрашувни ўтказишга доир ташаббусимизни ДБҚ раҳбарияти дарҳол қўллаб-қувватлади. Умуман олганда учрашувимиз самарали ўтди. Иштирокчилар янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қоидаларини амалда қўллашга доир муаммоларни бартараф этиш бобида ҳамфикр эканлигини намойиш этдилар».

 

Маълумот учун. Ҳисоб-китоб маълумотномаси асосида экспорт қилиниши белгиланган товарлар «экспорт» божхона режимига расмийлаштирилаётганда товарларнинг умумий фактура қиймати ҳисоб-китоб маълумотномасида кўрсатилган қийматдан ортиқ бўлишига йўл қўйилмайди.

Прочитано: 380 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика