Хизматларни бажарувчи хизматлар олинган ойдан кейинги ойнинг 23-санасида ҚҚС ажратиб кўрсатилган ҳолда қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактурани буюртмачига берган. Ўтган ой учун ҚҚС ҳисоб-китоби солиқ инспекциясига топширилган. Бажарувчининг ҚҚС ҳисоб-китобида ҳисобварақ-фактура ўз вақтида киритилган, буюртмачи эса уни ўз Ҳисоб-китобига кирита олмаган.
Буюртмачи кирувчи ҳисобварақ-фактурани кечикиб олганлиги сабабли кейинги ойдаги ҚҚС ҳисоб-китобида акс эттириши мумкинми?
– Йўқ, мумкин эмас. Ҳисобварақ-фактура ёки хизматлар бажарилганлиги далилини тасдиқловчи бошқа ҳужжат расмийлаштирилган (имзоланган) сана хизматларни реализация қилиш бўйича айланма амалга оширилган сана ҳисобланади (СК 242-м. 4-қ.).
Ҳисобварақ-фактура ҳужжатда кўрсатилган битта ой ва санада бажарувчида Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобига 5-«Реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри» иловасида, буюртмачида эса 4-«Харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри» иловасида акс эттирилади (1-илова, АВ томонидан 24.02.2020 йилда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Буюртмачи у бўйича ҳисобварақ-фактурани кўрсатса ва кейинги ойдан ҚҚСни ҳисобга олса, солиқ инспекцияси ушбу далил бўйича талабномани унинг манзилига юборади.
Буюртмачи олинган хизматларни ҚҚС билан акс эттирган олдинги ойдаги аниқлаштирилган ҚҚС ҳисоб-китобини топшириши лозим.