Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 34 / Кадрлар бўлими

Қоидага кўра иккинчи марта ишдан бўшатиш

 

Технологиядаги ўзгаришлар туфайли штат жадвалидаги менежер лавозими қисқартирилган. Ходим бу ҳақда 2 ой олдин хабардор қилинган. Меҳнат шартномаси бекор қилинганда 3 ой учун ўртача иш ҳақи тўланган. Бироқ ишдан бўшатиш пайтида корхонада бўш лавозим мавжуд бўлганлиги ва у менежерга таклиф этилмаганлиги сабабли суд уни аввалги лавозимига тиклаган, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ бекор қилинган. Бугунги кунда ушбу лавозим корхона учун долзарблик касб этмайди, шу боис уни яна қисқартириш режалаштирилмоқда. Корхонада бўш лавозимлар ҳам мавжуд эмас.

Корхона лавозим яна такрор қисқартирилаётганда ходимни 2 ой олдин хабардор қилиши ва компенсация тўловларини тўлаши зарурми? 

 

– Лавозимни қисқартиришда иш берувчи ушбу лавозим биринчи марта ёки қайта қисқартирилаётганлигидан қатъи назар, қонун ҳужжатларига қатъий амал қилиши ва МКда назарда тутилган барча таомилларни ўтказиши лозим.

Технологиядаги ўзгаришлар туфайли меҳнат шартномаси бекор қилинганда судга такрор мурожаат қилинишининг олдини олиш мақсадида иш берувчи томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган кафолатлар тақдим этилиши шарт. Бундан ташқари, меҳнат шартномасини бекор қилиш тартибига риоя этилиши, иш қидириш даврида моддий ёрдам кўрсатиш қисмида жамоа ёки меҳнат шартномалари билан мустаҳкамланган кафолатларга риоя этилиши лозим.

Иш берувчи корхонада ходимлар сонини ўзгартириш бошланиши тўғрисида буйруқ чиқариши керак. Унда қуйидагилар кўрсатилади:

  •  қисқартирилиши лозим бўлган лавозимлар номи ва сони;
  •  меҳнат шартномасини бекор қилиш режалаштирилаётган ходимлар;
  •  ходимлар ишдан бўшатилиши ҳақида касаба уюшмалари органлари ва меҳнат органларини хабардор қилиш муддатлари;
  •  ходимларни ишдан бўшатиш мўлжалланган муддатлар.

Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни камида 2 ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт  (МК 102-м.). Огоҳлантириш муддати иш берувчи томонидан ходим меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантирилган кундан кейинги кундан бошлаб ҳисобланади. Ходим огоҳлантириш билан танишиб чиқишни рад этган тақдирда, муддат рад этилган кундан кейинги кундан бошлаб ҳисобланади. Бундай ҳолатларда иш берувчи ходим огоҳлантирилгани ва у имзо чеккан ҳолда танишиб чиқишни рад этгани ҳақида далилларни тайёрлаб қўйиши лозим.

Бундай асос бўйича меҳнат  шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантириш муддати давомида ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида 1 кун шу вақт  учун  иш  ҳақи  сақланган  ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади (МК 102-м.).

Ходимни огоҳлантириш муддатига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, шунингдек унинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажарган вақти қўшилмайди.

Ходим ишда бўлмаган бошқа даврлар, масалан, ҳақ тўланадиган ёки тўланмайдиган таътилда бўлганлиги муносабати билан ишламаган даври меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш муддатига қўшилади.

Меҳнат шартномаси 2 ойлик муддат тугагунига қадар бекор қилиниши мумкин, бироқ бунда ходимнинг ёзма розилиги талаб этилади. Мазкур ҳолатда жамоа ёки меҳнат шартномасида бошқа миқдор назарда тутилмаган бўлса, ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўланган ҳолда огоҳлантириш унинг муддати давомийлигига мутаносиб пуллик компенсация билан алмаштирилади (МК 102-м. 2-қ., 109-м.).

Ходимга огоҳлантириш муддати ўрнига тўланадиган пуллик компенсация иш берувчини қонун ҳужжатларида назарда тутилган тўловлардан озод этмайди.

Жамоа шартномасида касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органларининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шундай қилиниши лозим. Ходимни бундай розиликсиз ишдан бўшатиш мумкин эмас (МК 101-м.).

Тегишли ҳуқуқларга эга раҳбар ёки мансабдор шахс касаба уюшмаси қўмитасини ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органини ходимлар билан меҳнат шартномалари бекор қилиниши мўлжалланаётгани ҳақида ёзма равишда хабардор қилади, бунда ходимлар ҳақидаги маълумотлар (Ф.И.О., эгаллаган лавозими), ишдан бўшатиш ва хабарнома юбориш мўлжалланаётган сана кўрсатилади.

Ўз навбатида, касаба уюшмаси ёки бошқа орган томонидан ёзма тақдимнома олинган кундан бошлаб 10 кун муддатда ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш розилик бериш ёки бермаслиги тўғрисида ёзма шаклда иш берувчига маълум қилиниши лозим.

Иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб 1 ойдан кечиктирмай, меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир (муддатлар касаба уюшмаси қўмитаси ёки бошқа вакиллик органига хабарнома юборилганда иш берувчи томонидан ҳисобга олиниши лозим).

Таъкидлаш жоизки, ходимлар сони қисқартирилганда иш берувчи томонидан ходимларга мавжуд бошқа иш (бўш лавозим) таклиф этилиши шарт. Ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада мувофиқ келадиган иш бўлмаган тақдирда, ходим билан тузилган меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилиниши мумкин (МК 92-м.).

Амалиётда барча зарур таомилларни амалга ошириш учун раҳбарнинг буйруғи билан меҳнат жамоаси, касаба уюшмалари қўмитаси ва маъмурият вакилларидан иборат махсус комиссия тузилади. Комиссия ходимларга уларнинг ҳуқуқларини тушунтириб беради, бўш иш ўринларини танлашда ёрдам беради, низоли вазиятларни ҳал этади. Комиссия иши далолатномалар ёки баённомалар билан расмийлаштирилади, уларда комиссия таркиби, йиғилиш санаси ва кўриб чиқилган масалалар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

Ходимларни огоҳлантиришнинг 2 ойлик муддати тугаганидан сўнг иш берувчи томонидан бир нечта буйруқ – корхонада ходимлар сонини қисқартириш ҳақида (барча таомил ва аниқлаштиришлардан кейин якуний), ўзгартириш киритилган штат жадвалини тасдиқлаш тўғрисида ҳамда меҳнат шартномаларини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқлар қабул қилиниши лозим. Бундай  буйруқларни имзо чектириб таништирилган ҳолда ҳар бир ходимга алоҳида чиқариш тавсия этилади.

Ходимлар сони ёки иш хусусияти ўзгартирилиши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга қуйидаги тўловлар тўланиши лозим:

  •  ходимга барча иш кунлари, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинган кун учун ҳам иш ҳақи;
  •  фойдаланилмаган таътил учун компенсация (меҳнат шартномаси тугатилган кунда фойдаланилмаган таътиллар мавжуд бўлганда);
  •  огоҳлантириш муддати ўрнига пуллик компенсация (томонларнинг розилиги билан);
  •  ходимлар ишдан бўшатилганда корхонанинг локал ҳужжатларида ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган тўловлар;
  •  ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси (МК 109-м.);
  •  иш қидирилаётган даврда 2 ой учун ўртача иш ҳақи (МК 67-м. 1-қ.);
  •  ходимлар меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтсалар, учинчи ой учун ҳам ўртача иш ҳақи (МК 67-м. 3-қ.);
  •  иш берувчининг ташаббуси билан муддатли меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда ушбу шарт меҳнат шартномасига киритилган бўлса, неустойка тўланади (МК 104-м.).

 

Валерия Ляндрес,

кадрлар хизмати ходими.

Прочитано: 497 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика