Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 23 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

1 августдан импорт автоларга акциз бекор қилинади

 

Президентнинг 3.06.2020 йилдаги ПҚ-4739-сон қарори билан ташқи иқтисодий фаолиятни янада тартибга солиш ва автотранспорт воситаларининг ички бозорини ривожлантиришни рағбатлантиришга доир чора-тадбирлар белгиланди.

 

2020 йил 1 августдан қуйидагиларни олиб киришда амалдаги акциз солиғи ставкалари бекор қилинади:

♦  тракторлар, шатакка олувчи машиналар ва скиддерлар (8701-гуруҳ ТИФ ТН коди) – ҳозир уларга акциз солиғи 5%дан 20%гача миқдорда белгиланган;

♦  двигатель ҳажми ва сиғими турлича бўлган моторли транспорт воситалари, шу жумладан дизель ва ярим дизеллар (8702-гуруҳ) – ҳозир 70% + 3 доллар/см куб ставкаси бўйича солиқ солинади;

♦  енгил автомобиллар ва асосан йўловчи ташишга мўлжалланган бошқа моторли транспорт воситалари, шу жумладан юк ва йўловчиларни ташиш учун фургонлар ва пойга автомобиллари (8703-гуруҳ) – 30%;

♦  юк ташишга мўлжалланган моторли транспорт воситалари (8704-гуруҳ), айни пайтда улар бўйича двигатель ҳажми ва фойдаланиш муддатидан келиб чиққан ҳолда табақалаштирилган ставкалар амал қилади.

Қарор ички автомобиль бозорини ривожлантиришни рағбатлантириш, рақобат шароитларини яратиш, автомобиль саноатида қулай инвестиция муҳитини шакллантириш мақсадида қабул қилинган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 3.06.2020 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Нодавлат тиббиёт ташкилотларига – божхона имтиёзлари

 

Президентнинг 30.05.2020 йилдаги «Нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан тез тиббий ёрдам хизматларини кўрсатиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида»ги ПҚ-4737-сон қарори қабул қилинди.

 

Нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб кириладиган янги тез тиббий ёрдам автомобиллари (ТИФ ТН коди: 8703 22 101 0, 8703 23 193 0, 8703 24 101 0, 8703 31 101 0, 8703 32 191 0, 8703 33 191 0) 2022 йил 1 январгача бўлган муддатга импорт божхона божидан озод қилинди.

Мазкур имтиёз нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан 2020 йил 30 майга қадар олиб кирилган «божхона омбори» режимида 6 ойдан кўп турган янги тез тиббий ёрдам автомобилларининг божхона расмийлаштирувида ҳам қўлланилади.

Автомобиллардан мақсадсиз фойдаланилган тақдирда, имтиёзлар берилиши муносабати билан тўланмаган импорт божхона божи суммаси молиявий санкцияларни қўллаган ҳолда Давлат бюджетига ундириб олинади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 30.05.2020 йилдан кучга кирган.

 

Эльмира Сиразиева.

 

 

 

Қўшиб юбориш, қўшиб олишга ва акцияларни, улушларни олишга доир битимларга олдиндан розилик бериш осонлашди

 

Товар ва молия бозорларида монополияга қарши тартибга солиш соҳасидаги давлат хизматларини кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентлари тасдиқланди (ВМнинг 28.05.2020 йилдаги 338-сон қарори).

 

Уларда монополияга қарши курашиш органидан қуйидаги битимларга олдиндан розилик олиш тартиби баён этилган:

♦  хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олишга доир («Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 17-м.);

♦  хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олишга доир («Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 16-м. қаранг).

 

Қўшиб юбориш ва қўшиб олиш – юридик шахсларни қайта ташкил этиш шакллари. Биринчи ҳолатда янги юридик шахс юзага келиб, қайта ташкил этилаётганларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари унга ўтади. Иккинчисида – бир юридик шахс ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқасига берган ҳолда унга қўшилиб олади. Иккала ҳолатда топшириш далолатномаси расмийлаштирилади.

 

Хизматлардан фойдаланиш учун жисмоний ва юридик шахслар сўровнома тўлдириб, уни давлат хизматлари марказига ёки my.gov.uz орқали электрон шаклда тақдим этишлари зарур. Сўровномага қуйидагилар илова қилинади:

♦  мурожаат қилинган санадан олдинги 2 йил мобайнида амалга оширилган фаолият турлари, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар (кўрсатилган хизматлар), реализация қилинган ҳажмлар тўғрисида маълумотлар;

♦  ўтган икки календарь йилга доир молиявий ва статистика ҳисоботи;

♦  акциялар, улушлар эгалари тўғрисида ахборот ва б.

Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этганда 10 БҲМ (2 230 000 сўм) тўлаш зарур. ЯИДХП орқали электрон шаклда мурожаат этганда 10% чегирма берилади (2 007 000 сўм тўланади).

Сўнгра сўровнома Монополияга қарши курашиш қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармаларига юборилади. Ҳар бир босқичда мурожаатнинг кўриб чиқилишини ЯИДХП орқали кузатиб бориш мумкин бўлади.

Зарур ахборот тизимлари ишлаб чиқилади, жорий этилади ва интеграция қилинади. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Давлат хизматлари агентлиги тегишли техник топшириқ тайёрлаб, Ахборот коммуникациялари вазирлигига 20 кун ичида тақдим этадилар.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 29.05.2020 йилдан кучга кирган.

 

 

 

Сувдан фойдаланувчилар учун суғориш мавсумида лимитлар белгиланади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 1.06.2020 йилдаги 344-сон қарори билан 2020 йил ёзги мавсумида экин майдонларини сув билан ишончли таъминлаш ва сув танқислигининг олдини олишга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар белгиланди.

 

Республика сув ҳавзаларида суғориш мавсумида кутилаётган сув танқислигини ҳисобга олган ҳолда, 2020 йил ёзги суғориш мавсумида кутилаётган сув танқислигининг олдини олиш, суғориладиган ерларни сув билан ишончли таъминлаш ҳамда мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича ишчи гуруҳи ташкил этилади.

Комиссияга сув ресурсларидан фойдаланишни тўлиқ назоратга олиш, йирик сув омборларидан сув чиқаришни қатъий равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимларининг талабномалари бўйича амалга оширишни йўлга қўйиш топширилди. Бунинг учун ҳар бир вилоятда ва туманда ҳудудий ишчи гуруҳлар ва штаблар ташкил этилади.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

♦  2020 йил ёзги суғориш мавсумида кутилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш, суғориладиган ерларни сув билан ишончли таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси;

♦  суғориш учун талаб этиладиган сув миқдори, унинг етишмайдиган қисмини қоплаш манбалари;

♦  2020 йил июнь ойида сув хўжалиги ташкилотларининг эксплуатация маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ирригация тизимлари ва улардаги гидротехника иншоотларини, шунингдек насос агрегатлари ва вертикал қудуқларини таъмирлаш-тиклаш ишлари режалари;

♦  2020 йил мавсумида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилишнинг прогноз кўрсаткичлари.

Сув хўжалиги вазирлигига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда қуйидагиларни амалга ошириш топширилди:

♦  10 кун муддатда ҳар бир канал ва суғориш тармоғи бўйича сув олиш литимларини, сувдан фойдаланувчилар реестрини тасдиқлаш;

♦  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий бошқармалари ва туманлар бўлимларига сув истеъмоли бўйича мониторинг олиб бориш ваколати берилиши;

♦  кўчма дизель ва бошқа турдаги насос агрегатларини хатловдан ўтказиш, таъмирлаш ва коллектор-дренаж тармоқларига ўрнатиш.

Молия вазирлигига ирригация тизимлари бошқармалари ҳузуридаги насос станцияларининг 2020 йил учун тасдиқланган сметасида III ва IV чораклар учун режалаштирилган маблағларнинг 31 млрд сўмини II чоракка кўчириш ва кўчма насос агрегатларини сотиб олишга йўналтиришни таъминлаш топширилди.

Пахта хом ашёсини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан тижорат банкларига жойлаштирилган кредит ресурслари ҳисобидан сув истеъмолчилари уюшмалари ходимларининг иш ҳақлари ўз вақтида тўлаб берилишини таъминлаш лозим.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 2.06.2020 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Алкоголсиз ичимликларга янги талаблар белгиланди

 

Вазирлар Маҳкамасининг 1.06.2020 йилдаги 345-сон қарори билан Алкоголсиз ичимликларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент ва уни жорий этиш схемаси тасдиқланди.

 

Техник регламент расмий эълон қилинган кундан бошлаб 18 ой ўтгач – 2.12.2021 йилдан амалга киритилади. У амалга киритилгунга қадар алкоголсиз ичимликларни стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларни мажбурий тартибда эмас, ихтиёрий қўлланилади.

Техник регламент алкоголсиз ичимликларга, хом ашё ва таркибий қисмларга, алкоголсиз маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш ва утилизация қилиш жараёнларига татбиқ этилади. У болалар озуқаси учун мўлжалланган, мамлакат ташқарисига экспорт қилиш учун ишлаб чиқарилган маҳсулотларга нисбатан татбиқ этилмайди. Алкоголсиз маҳсулотлар рўйхати Техник регламентга иловада келтирилган ва 20 турдан иборат.

Алкоголсиз ичимликнинг истеъмол қадоғида қўшимча тарзда ушбу маҳсулотга тегишли маълумот тариқасида қуйидаги ёзувлар жойлаштирилади: сифат сертификатлари мавжудлиги, таркибида таъм берувчилар, аспартам (фенилаланин), энергетик қувват берувчилар ва бошқалар мавжудлиги. Харидорни чалғитишга олиб келадиган ишончсиз маълумотлар кўрсатилиши тақиқланади.

Алкоголсиз ичимликлар таркибидаги заҳарли элементлар ва микотоксинлар, радионуклидларнинг рухсат этилган даражаси, микробиологик ва паразитологик кўрсаткичлар Техник регламентга тегишли иловаларда келтирилган.

Тасдиқланган Техник регламент «Ўзстандарт» агентлиги, Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК томонидан сертификатлаштириш органлари ва синов лабораторияларига етказилади, мавжуд НҲҲлар хатловдан ўтказилади ва Регламент талабларига мувофиқлиги баҳоланади, талабларга риоя этилиши устидан назорат амалга оширилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 2.06.2020 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова.

 

Прочитано: 958 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика