Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 16 / Кадрлар бўлими

Қандай қилиб ходимни карантин даврида ишдан бўшатиш мумкин

 

Ходимларни карантин даврида ишдан бўшатиш мумкинми? Қабул қилинаётган ижтимоий ҳимоя чоралари муносабати билан ишдан бўшатиш қоидалари ўзгардими? buxgalter.uz саволларига юридик фанлари номзоди, Меҳнат кодексининг муаллифларидан бири Михаил ГАСАНОВ жавоб беради:

 

– Карантин туфайли ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби ўзгардими?

Президентнинг 19.03.2020 йилдаги ПФ-5969-сон Фармонига асосан коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси, васийлари, ҳомийлари билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланади. Эътибор беринг: тақиқ фақат ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра (ПФ-5969-сон Фармоннинг 14-банди), яъни МКнинг 100-моддаси 2-қисмида назарда тутилган асосларга кўра бекор қилишга татбиқ этилади. У меҳнат шартномасини бекор қилишнинг бошқа асосларига: ўз хоҳишига кўра (МКнинг 99-м.), тарафларнинг келишувига кўра (МКнинг 97-м. 1-б.), шартнома муддатининг тугаши билан (МКнинг ­105-м.), тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга ва бошқаларга дахл қилмайди (МКнинг 106-м.).

 

– Иш берувчи яна кимлар билан ўз ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас?

– МКда назарда тутилган умумий қоидаларга кўра, қуйидаги ҳолларда иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилмайди:

а) вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ва ходим меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлиш даврида (МКнинг 100-м. 3-қ.). Бунда ходим қандай таътилда (йиллик ҳақ тўланадиган меҳнат таътили, қисман ҳақ тўланадиган таътил, иш ҳақи сақлаб қолинмаган ҳолда бериладиган таътил ёки ижтимоий таътил) бўлишининг аҳамияти йўқ;

б) ҳомиладор ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан (МКнинг 237-м. 1-қ.).

Ушбу қоидалардан фақат битта истисно мавжуд – корхона тугатилиши (МКнинг 100-м. 2-қ. 1-б.).

 

– Меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилишда ҳар доим касаба уюшма қўмитаси (ходимларнинг бошқа вакиллик органи)нинг розилигини олиш зарурми?

– Ҳар доим эмас. Башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмайди (МКнинг 101-м. 1-қ.). Демак, агар жамоа шартномасида меҳнат шартномасини касаба уюшмаси қўмитаси (ходимлар бошқа вакиллик органи)нинг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, бундай розилик албатта олиниши шарт.

Бироқ, ҳатто жамоа шартномаси бундай розиликни назарда тутмаган тақдирда ҳам уни олиш зарурати жамоа келишувида (масалан, тармоқ) назарда тутилиши мумкин. Ушбу қоиданинг бузилиши меҳнат шартномасини бекор қилишни ноқонуний деб топиш ва уни мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаган ҳолда аввалги ишга тиклашга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи розилигисиз, агарда бундай розилик олиш лозимлиги жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида назарда тутилган бўлса, бекор қилиш қонунни очиқ-ойдин бузиш ҳисобланади (ОСПнинг 17.04.1998 йилдаги 12-сон қарорининг 51-банди). Суд айбдор бўлган мансабдор шахс зиммасига ана шу ходимга мажбурий прогул вақтида иш ҳақи тўланиши муносабати билан иш берувчига етказилган зарар ўрнини – мансабдор шахснинг 3 лавозим маоши доирасида қоплаш мажбуриятини юклаши мумкин (МКнинг 274-м.).

Агарда корхонада жамоа шартномаси тузилмаган бўлса ёки тузилган бўлиб, унда иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга ходимларнинг вакиллик органининг розилигини олиш назарда тутилмаган бўлса, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш учун келишиб олишга мажбур бўлмайди.

Бундан ташқари, МК қуйидаги ҳолларда иш берувчи ўз ташаббусига кўра бундай розилик жамоа шартномаси ёки жамоа келишувида назарда тутилган ёхуд тутилмаганлигидан қатъи назар касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг розилигини олмасдан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли (МК 101-м. 1-қ.):

а) корхона тугатилиши муносабати билан;

б) корхона раҳбари билан тузилган шартномани ушбу МК 100-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган асослардан бирига кўра;

с) корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини – мулкдорнинг алмашиши сабабли (МК 100-м. 2-қ. 6-б.).

 

– Агар гап меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусисиз бекор қилиш хусусида борса, сиз айтиб ўтган қоидалар қўлланиладими?

– Йўқ, юқорида айтиб ўтилган барча қоидаларга фақат иш берувчи ташаббусига кўра ишдан бўшатиш чоғида риоя қилишини лозим (МК 100-м.2-қ.). Ходимнинг касаллиги ҳам, унинг таътилда бўлиши ҳам меҳнат шартномасини, масалан, ўз хоҳишига кўра, тарафларнинг келишувига кўра, меҳнат шартномаси муддатининг тугаши билан ва МКда айтиб ўтилган бошқа ҳолатларга кўра бекор қилишга тўсқинлик қилмайди.

Юқорида келтирилган асосларга кўра ҳомиладор аёл ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёл билан меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилади. Бироқ, агар бундай ходима билан меҳнат шартномаси унинг амал қилиш муддати тугаши муносабати билан бекор қилинса, иш берувчига уни ишга жойлаштириш мажбурияти юклатилади. Бинобарин, иш берувчи фақат қуйидаги ҳолларда ҳомиладор аёл ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор ходима билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин:

♦ у ўзига таклиф қилинган ишга ўтишни рад этса;

♦ корхонада бўш иш ўринлари бўлмаса;

♦ ходима корхонада мавжуд ишни бажариш учун зарур малака талабларига жавоб бермаса.

Муддати тугаганлиги сабабли бундай ходима билан меҳнат шартномасини бекор қилиш чоғида унинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб 3 ойдан ошмаслиги керак.

Шунингдек эътибор беринг: агар ходим билан меҳнат шартномаси унинг касаллиги даврида бекор қилинган бўлса, Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 3-банди талабларига риоя қилиш зарур (АВ томонидан 8.05.2002 йилда ­1136-сон билан рўйхатдан ўтказилган). Унга мувофиқ ходимга нафақа, агар уни олиш ҳуқуқи иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлган даврда (ишдан бўшатилган кунни ҳам қўшиб) пайдо бўлса берилади.

 

 

Фаолият тўхтатиб қўйилган бўлса

– Корхона фаолияти тўхтатиб қўйилган бўлса, ходимларни ишдан бўшатиш мумкинми?

– Аслида амалдаги қонун ҳужжатларида фаолиятни тўхтатиб туриш сингари меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асоси назарда тутилмаган. Бунинг устига, ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақтда унинг ўртача иш ҳақи сақланади (МК 159-м. 1-қ.).

Айни пайтда МК 100-м. 2-қ. 1-б. мувофиқ ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ходимлар сони (штати)нинг ўзгаришига олиб келиши мумкин. Бу эса меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишнинг асосларидан бири ҳисобланади.

Иш берувчи меҳнат шартномасини мазкур асосга кўра бекор қилиш шартларига қатъий амал қилиши, ходимларга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган кафолатларни тақдим этиши шарт.

Ходимлар сони (штати)нинг ўзгариши муносабати билан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши қонуний бўлиши учун иш берувчи:

1. Ходимлар штатини қисқартиришнинг асослилигини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши шарт. Бунинг учун қуйидагиларни амалга ошириши зарур:

♦ янги штат жадвалини тасдиқлаши;

♦ уни амалга киритиш санасини тўғри белгилаши (ишдан озод қилинадиган ходимларни улар билан тузилган меҳнат шартномаси келгусида бекор қилиниши ҳақида огоҳлантириш муддати тугагач);

♦ штатнинг ўзгаришига олиб келган ҳақиқий сабабни (кўриб чиқилаётган вазиятда бу – ишлар ҳажмининг қисқарганлиги) белгилаши ва иш берувчининг буйруқларида албатта кўрсатиши.

2. Биринчи навбатда мавжуд бўш иш ўринлари ва ўриндошлар эгаллаган лавозимлар штат жадвалидан чиқариб ташланиши шартлигини ҳисобга олиши.

3. Иш берувчи МК 100-м. 2-қ. 1-б. мувофиқ меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимларни камида 2 ой олдин огоҳлантириши шарт, деган талабга риоя этиши. Ходимни у билан тузилган меҳнат шартномаси келгусида бекор қилиниши ҳақида огоҳлантириш муддатига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, унинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажарган вақти қўшилмайди (МК 102-м. 6-қ.).

Меҳнат кодексида мажбурий равишда ёзма шаклда (имзо чектириб) огоҳлантириш белгиланган. Меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги ҳар қандай оғзаки огоҳлантиришлар юридик аҳамиятга эга эмас.

Меҳнат шартномаларини бекор қилиш ҳуқуқи берилган мансабдор шахсгина ходимни келгусида ишдан бўшатиш ҳақида огоҳлантириши мумкин.

Огоҳлантириш муддати давомида ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида 1 кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади (МК 102-м. 6-қ.). Ходимни у билан тузилган меҳнат шартномасини келгусида бекор қилиш ҳақида огоҳлантиришда иш қидириши учун ҳафтанинг қайси куни берилишини кўрсатиш мақсадга мувофиқдир.

Ходимнинг розилиги билан огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин. Мисол учун, ходим огоҳлантирилган кундан бошлаб бир ой ўтгач огоҳлантириш муддатини алмаштиришни сўраб иш берувчига мурожаат қилган, иш берувчи ҳам бундай алмаштиришга эътироз билдирмаган бўлса, меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда ходимга ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида компенсация тўланади.

 

Огоҳлантириш муддатининг пуллик компенсация билан алмаштирилиши иш берувчини ходимга қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа тўловлардан (тўлиқ олинмаган иш ҳақи, фойдаланилмаган таътил учун компенсация, ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш, МК 67-м. мувофиқ иш қидириш даврида ходимнинг ўртача иш ҳақини сақлаб қолиш) озод қилмайди.

 

4. Штат жадвалида назарда тутилган муайян миқдордаги бир хил лавозимлардан бири ёки бир нечтаси чиқариб ташланиб, қолганлари қолдириладиган ҳолларда ишда қолдириш учун бериладиган имтиёзли ҳуқуқ тўғрисидаги МК 103-м. талабларига риоя этиши.

Биринчи навбатда малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимлар ишда қолиш учун имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади (МК 103-м. 1-қ.). Ходимнинг разряди, класси, тоифаси, даражаси, унвони ва бошқалар малака кўрсаткичлари ҳисобланади. Бироқ малакани белгилаш чоғида нафақат унинг расмий кўрсаткичлари, балки ходим меҳнат мажбуриятларини қандай бажараётгани ҳам инобатга олинади. Чунончи, иккита ходим расман бир хил малака кўрсаткичларига эга бўлсин дейлик. Бироқ улардан бири ишни сифатли ва бенуқсон бажарса, наригисида эса жиддий камчиликлар бўлиб, бу ҳужжатлар (ушбу камчиликларга эътибор қаратилган текшириш далолатномалари, бевосита раҳбарининг рапортлари, иш берувчининг буйруқлари) билан тасдиқланган бўлса, биринчи ходимнинг малакаси юқорироқ деб тан олиниши лозим.

Бажарилаётган иш ҳажми меҳнат унумдорлиги кўрсаткичи ҳисобланади.

Иккинчи навбатда ва ишда қолдириш учун бериладиган имтиёзли ҳуқуқни белгилаш чоғида ходимларнинг малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган тақдирдагина МК 103-м. 2-қ. назарда тутилган ижтимоий омиллар инобатга олинади.

Санаб ўтилган ушбу омилларнинг кетма-кетлиги аҳамиятга эга эмас. Ушбу ҳолатларнинг ҳар бирига 1 балл бериш мумкин. Шу сабабли ходимларнинг малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлганда энг кўп балл тўплагани ишда қолдиришда афзаллик ҳуқуқидан фойдаланади.

5. Ишдан бўшатилаётган ходимни ишга жойлаштириш чораларини кўриши. Бўш иш ўринлари мавжуд бўлганда унинг мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган иш таклиф қилиниши керак. Бундай иш бўлмаган тақдирдагина – ташкилотда мавжуд бўлган бошқа иш таклиф этилади.

Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида огоҳлантириш муддати давомида ходимни ишга жойлаштириш чораларини кўриши шарт. Ходим таклиф қилинган ишни рад этган ёки иш берувчида уни жойлаштириш мумкин бўлган бўш иш ўринлари мавжуд эмаслиги ҳақида ишончли далиллар бўлган тақдирдагина штат ўзгариши муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш қонуний ҳисобланади.

6. Башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, уларнинг розилигини олиши (МК 101-м.).

Касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг ёзма тақдимномасини олган кундан бошлаб 10 кунлик муддат ичида ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериши ёки бермаслиги ҳақида иш берувчига ёзма равишда хабар бериши керак.

Иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб 1 ойдан кечиктирмай, меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир.

7. Ҳар бир ходимнинг касби, мутахассислиги, малакаси ва меҳнат ҳақи миқдорини кўрсатган ҳолда бўлажак ишдан озод қилиниши тўғрисидаги маълумотларни камида икки ой олдин белгиланган тартибда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига (маҳаллий меҳнат органига) маълум қилиши (МК 102-м. 7-қ.).

Иш берувчи ходимларни оммавий равишда ишдан озод этиш эҳтимоли тўғрисида камида 2 ой олдин касаба уюшмаси органи ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органига ахборот тақдим этиши ва ишдан озод этиш оқибатларини енгиллаштиришга қаратилган маслаҳатли ишларни амалга оширишини инобатга олиш лозим. Ушбу мажбуриятларни бажармаганликда айбланган мансабдор шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

8. Ҳомиладор ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан (МК 237-м. 1-қ.), шунингдек ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки таътилда бўлган даврида иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилмаслигини инобатга олиши (МК 100-м. 3-қ.).

9. Меҳнат шартномаси бекор қилинишини расмийлаштиришнинг белгиланган тартибига риоя этиши.

Охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади (МК 107-м. 2-қ.).

Меҳнат шартномасининг бекор қилиниши иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқни ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс имзолаши керак.

Буйруқда меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси ва санаси кўрсатилган бўлиши керак.

10. Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходимга, қоғоз кўринишда мавжуд бўлса, унинг меҳнат дафтарчасини ҳамда лозим даражада имзоланган ва тасдиқланган меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт (МК 108-м.).

11. Меҳнат шартномаси ходимлар сони (штати)нинг ўзгариши муносабати билан бекор қилинганда ходим билан унга қуйидагиларни тўлаган ҳолда ҳисоблашиши:

♦ барча иш кунлари, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинган кун учун иш ҳақи;

♦ меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга келиб мавжуд бўлса, фойдаланилмаган йиллик таътил учун компенсация;

♦ ишдан бўшатиш нафақаси (МК 109-м. мувофиқ меҳнат шартномаси МК 100-м. 2-қ. 1-б. биноан бекор қилинганда ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси тўланади);

♦ меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги огоҳлантириш муддати ўрнига компенсация (ходим ва иш берувчи бундай алмаштириш ҳақида келишиб олган бўлсалар).

12. Ходимга моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга доир қўшимча кафолатлар бериши (МК 67-м.):

♦ меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб иш қидириш даврида иккинчи ой учун ўртача иш ҳақини сақлаб қолиши. Ходим у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин иккинчи ой тугагач ушбу тўловни олиш учун, ЯММТ тизимида ҳали ёзув қайд этилмаган бўлса, аввалги иш жойига паспорт ва меҳнат дафтарчасини тақдим этиши шарт;

♦ ходим меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин 10 кундан кечиктирмай Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида иш қидирувчи шахс сифатида рўйхатга олинган ва кейинчалик ишга жойлаштирилмаган бўлса, бу Марказнинг тегишли маълумотномаси билан тасдиқланади, иш қидириш даврида учинчи ой учун ўртача иш ҳақини сақлаб қолиши. Ходим у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин учинчи ой тугагач ушбу тўловни олиш учун (ЯММТ тизимида ҳали ёзув қайд этилмаган бўлса) аввалги иш жойига паспорт, меҳнат дафтарчаси ва Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан берилган маълумотномани тақдим этиши шарт. Бундай маълумотнома бўлмаса, учинчи ой учун тўлов амалга оширилмайди.

Шу тариқа, меҳнат шартномасини штат ўзгариши муносабати билан бекор қилиш чоғида иш берувчи анча мураккаб тартиб-таомилга қатъий риоя этиши ва сезиларли моддий харажат қилиши талаб этилади.

Бундан ташқари, жорий вазият ўзгарса, иш берувчи қисқа муддатда кетганлар ўрнига малакали ходимларни топиши анча қийин бўлади. Шу сабабли штат ўзгариши муносабати билан ходимларни ишдан озод қилиш ҳақида қарор қабул қилишдан олдин улар билан келишишга уриниб кўриш: ходимларга меҳнат таътили, иш ҳақи сақланмайдиган таътил, иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериш, ходимлар учун тўлиқсиз иш куни белгилаш ҳақида ўйлаб кўрган маъқул.

 

 

Корхона тугатилаётган бўлса…

 

Корхоналарнинг ҳаммаси ҳам инқироз ва форс-мажорга дош беролмайди. Мулкдор барбод бўлган бизнесини ёпишга қарор қилган бўлса, ходимларини ишдан бўшатишга мажбур бўлади.

 

– Меҳнат кодексида меҳнат шартномасини бекор қилишнинг 2 та асоси назарда тутилади: ходимлар сонининг (штатининг) ўзгариши ва корхонанинг тугатилганлиги. Ушбу ҳар иккала асос ўхшаш жиҳатларга ҳам, фарқланувчи жиҳатларга ҳам эгадир (МК 100-м. 2-қ. 1-б.)

Аввалига фарқланувчи жиҳатларга тўхталсак. Агар штат ўзгаришида корхонанинг фаолияти давом этаверса, юридик шахс тугатилган тақдирда унинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга ўтмасдан бекор қилинади (ФК 53-м. 1-қ.). Айни шу сабабли корхонанинг айрим бўлинмаларини (бўлимлари, хизматлари, цехларини) ёпиш уни тугатиш ҳисобланмайди. Тугатилаётган бўлинмалар ходимлари билан тузилган меҳнат шартномаси штат ўзгариши муносабати билан бекор қилиниши мумкин.

Корхона мулкдорининг алмашиши, шунингдек унинг қайта ташкил этилиши (қўшиб юборилиши, бирлаштирилиши, бўлиб юборилиши, қайта тузилиши ёки ажратилиши ҳам бизнесни тугатиш деб ҳисобланмайди. Қайта ташкил этиш кўп ҳолларда ходимлар қисқаришини келтириб чиқариши мумкинлиги бор гап. Масалан, иккита юридик шахс қўшиб юборилишига қадар уларнинг ҳар бирининг ўз бухгалтерияси, канцелярияси, кадрлар бўлими бўлган. Табиийки, қўшиб юборилгандан кейин бунга эҳтиёж йўқолади. Бунинг оқибатида муайян миқдордаги ходимлар бўшаб қолади. Меҳнат шартномаси улар билан ҳам штат ўзгариши муносабати билан бекор қилиниши мумкин.

Корхона тугатилганда штат ўзгаришидаги вазиятдан фарқли равишда қуйидаги ҳолларда меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилади:

♦ ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ёки таътилда бўлганда;

♦ ҳомиладор ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан.

Корхона тугатилиши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинаётган бўлса, иш берувчининг зиммасига ходимга бошқа иш таклиф қилиш мажбурияти юклатилмайди. Ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ борасидаги қоидалар қўлланилмайди, чунки меҳнат муносабатлари тугатилаётган корхонанинг барча ходимлари билан бекор қилинади.

Корхона тугатилиши муносабати билан меҳнат шартномаси касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органининг розилигисиз бекор қилинади.

Ходимлар сонининг (штатининг) ўзгариши ва корхонанинг тугатилиши муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий жиҳатлари бўлиб иш берувчининг қуйидаги мажбуриятлари ҳисобланади.

1. Меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни камида 2 ой олдин ёзма равишда, имзо чектириб огоҳлантириш. Бундай огоҳлантириш штат ўзгаришида бўлгани каби амалга оширилади:

♦ Ходимни меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида уни бекор қилиш ҳуқуқи берилган мансабдор шахсгина огоҳлантириши мумкин;

♦ Огоҳлантириш муддати давомида ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида бир кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади;

♦ Ходимнинг розилигига кўра огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин.

Фақат битта фарқли жиҳат бор. Штат ўзгариши муносабати билан ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида огоҳлантириш муддатига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, шунингдек унинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажарган вақти қўшилмайди. Корхона тугатилиши муносабати билан меҳнат муносабатларини бекор қилиш нияти ҳақида огоҳлантириш муддатига эса мазкур даврлар қўшилади.

2. Камида 2 ой олдин ҳар бир ходимнинг касби, мутахассислиги, малакаси ва меҳнат ҳақи миқдорини кўрсатган ҳолда, бўлажак ишдан озод қилиш тўғрисидаги маълумотларни маҳаллий меҳнат органига маълум қилиш.

3. Ходимларни оммавий равишда ишдан озод этиш эҳтимоли тўғрисида камида 2 ой олдин тегишли касаба уюшмаси органи ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органига ахборот тақдим этиш ва ишдан озод этиш оқибатларини енгиллаштиришга қаратилган маслаҳатли ишларни амалга ошириш.

4. Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходим билан ҳисоблашиш, у қуйидагиларни ўз ичига олади:

♦ барча иш кунлари, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинган кун учун иш ҳақи;

♦ меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга келиб мавжуд бўлса, фойдаланилмаган йиллик таътил учун компенсация;

♦ ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси;

♦ меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги огоҳлантириш муддати ўрнига компенсация (ходим ва иш берувчи бундай алмаштириш ҳақида келишиб олган бўлсалар).

5. Ходимга моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга доир қўшимча кафолатлар бериш (МК 67-м.):

♦ меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб иккинчи ой учун иш қидириш даврида ўртача иш ҳақини сақлаб қолиш. Бунинг учун ходим меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин иккинчи ой тугагач ушбу тўловни олиш учун аввалги иш жойига паспорт ва меҳнат дафтарчасини тақдим этиши шарт;

♦ учинчи ой учун, ходим меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин 10 кундан кечиктирмай Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида иш қидирувчи шахс сифатида рўйхатга олинган ва кейинчалик ишга жойлаштирилмаган бўлса, бу Марказнинг тегишли маълумотномаси билан тасдиқланади. Ходим меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин учинчи ой тугагач ушбу тўловни олиш учун аввалги иш жойига паспорт, меҳнат дафтарчаси ва Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан берилган маълумотномани тақдим этиши шарт. Бундай маълумотнома бўлмаса, учинчи ой учун тўлов амалга оширилмайди.

Шу тариқа, корхона тугатилиши муносабати билан ходимлар билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ҳам иш берувчи салмоқли харажатларни амалга оширади.

 

– Ходимларга ушбу тўловларни тўлаш учун иш берувчида маблағ бўлмаса, нима қилиш керак?

– Юридик шахс тугатилганда биринчи навбатда меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи фуқароларнинг талаблари қаноатлантирилади (ФК 56-м. 1-қ.). Башарти иш берувчи банкрот деб топилса, у билан меҳнат муносабатларида бўлган ходимлар иш ҳақи ва ўзларига тегишли бошқа тўловлар хусусида бошқа барча кредиторларнинг талабларига нисбатан имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланадилар (МК 67-м. 6-қ.) Бинобарин, аввал ходимлар билан, шундан кейингина бошқа кредиторлар билан ҳисоблашиш лозим.

 

– Корхона банкрот бўлиб, МК 67-моддасида назарда тутилган тўловларни тўлашга маблағи бўлмаса-чи?

– Тугатилаётган корхоналарнинг маблағи бўлмаса, ушбу тўловлар Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади (МК 67-м. 7-қ.).

 

– Амалда қуйидаги ҳолат юз бериши мумкин: ташкилот қарийб банкрот ҳолатга келиб қолганда директор шундай дейди: – «Ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзинг, расман 3 ойлик маошингизни расмийлаштириб тураман… Фақат ҳозирча пулим йўқ, шунинг учун аввалига битта маошни расмийлаштираман, қолган иккитасини кейин оласиз… Буни сизнинг олдингиздаги қарзимиз деб қабул қиласиз». Бу вазият ходим учун ютуқлими?

– Йўқ, бундай шартлашишлар тўғри келмайди. Иш берувчи қонунда назарда тутилган тўловларни тўлаши шарт, вассалом.

 

buxgalter.uz.

 

Прочитано: 690 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика