Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 16 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

 

Давлат харидлари: стратегик корхоналар учун нималар ўзгарди

 

Президентнинг 15.04.2020 йилдаги ПҚ–4678-сон қарори билан стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар амалга оширадиган харидлар шартларига тузатишлар киритилди.

 

Гап Товарларни (ишлар, хизматларни) харид қилишнинг алоҳида тартиби белгиланадиган, хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга корхоналарнинг рўйхатига (22.01.2018 йилдаги ПҚ-3487-сон қарор билан тасдиқланган) илгари киритилган 24 та йирик компания хусусида кетмоқда.

Биринчидан, уларнинг Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази билан ўзаро муносабатлари ўзгарди:

а) товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидига бўлган техник топшириқлар қисмида улар қолган субъектлар билан тенглаштирилиб, энди қиймати БҲМнинг 5 000 бараваридан (материал ­эълон қилинган санада – 1 млрд 115 млн сўм) ошганда ҳужжатларни комплекс экспертизадан ўтказиш учун тақдим этишлари шарт. Илгари улар учун нарх чегараси эквивалентда $50 мингни (жорий курс бўйича – 506, 05 млн сўмни) ташкил этар эди;

б) контрактлар қисмида – илгари улар барча, шу жумладан импорт контрактларни экспертизадан ўтказиш учун тақдим этишлари керак бўлган бўлса, ҳозир фақат импорт контрактлар ва уларга қўшимча келишувларни тақдим этишлари лозим. Нарх мезони эквивалентда $50 мингдан БҲМнинг 40 000 бараваригача (материал эълон қилинган санада – 8,92 млрд сўм) ўзгартирилди. Бундан ташқари, энди ушбу талаб тўғридан-тўғри музокаралар асосида тузилган контрактларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Иккинчидан, давлат ва стратегик буюртмачининг ишлаб чиқариш фаолиятида фойдаланиш учун товарларни (ишларни, хизматларни) интеллектуал фаолият натижалари муаллифидан ёки улардан мутлақ фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган етказиб берувчидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилишга рухсат берилди. Бошқа етказиб берувчи томонидан маҳсулот етказиб бериш имконияти бўлмаган тақдирда лицензия битимига (шартномасига, контрактига) асосан бунга йўл қўйилади. Интеллектуал фаолият натижаларини (фан, адабиёт ва санъат асарлари, ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари) ушбу объектларга нисбатан мутлақ ҳуқуққа эга бўлган ягона шахсдан харид қилиш чоғида ҳам тўғридан-тўғри шартнома тузилиши мумкин.

Учинчидан, 2020 йил 1 январдан бошлаб стратегик харидорлар харид олдидан энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан махсус веб-порталда эълон жойлаштиришлари шартлиги белгиланган. Унда харид комиссияси томонидан таклифларни қабул қилишнинг сўнгги муддати кўрсатилади. Илгари у камида 15 кунни ташкил этган бўлса (5.12.2019 йилдаги ПҚ-4544-сон қарорнинг 1-банди), эндиликда камида 10 кунни ташкил этади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 16.04.2020 йилдан кучга кирган.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Цемент ишлаб чиқаришда экологик назорат кучайтирилади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги 223-сон қарорида назарда тутилган чора-тадбирлар шунга йўналтирилган.

 

2022 йил 1 январдан бошлаб республикада фаолият юритувчи барча цемент ишлаб чиқариш ташкилотлари атмосфера ҳавосини ифлослантириш манбаларида намуналарни олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станцияларни, шунингдек уларга туташ ҳудудларда стационар кузатиш пунктлари (постлар)ни мажбурий тартибда ўз маблағлари ҳисобидан ўрнатадилар.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 январдан бошлаб атроф табиий муҳитга таъсир қилиш хавфи юқори бўлган янги ишга тушириладиган хўжалик юритувчи субъектлар бундай станция ва постларни мажбурий тартибда ўрнатадилар (ВМнинг 5.09.2019 йилдаги 737-сон қарори 2-банди).

 

Стационар кузатиш пунктлари атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси мониторингини олиб бориш учун масофадан узатиш қурилмалари билан жиҳозланади.

2020–2023 йилларда Экология давлат қўмитаси тизимидаги таҳлилий лабораторияларнинг моддий-техник базаси такомиллаштирилади. Улар мобил радиостанциялар, мебель, кимёвий реактивлар, якка тартибда ҳимояланиш воситалари ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланади. Бунга Давлат бюджети, Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағлари, шунингдек халқаро молия институтларининг грантлари ҳисобидан 79 072,1 млн сўм йўналтирилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 15.04.2020 йилдан кучга кирган.

 

 

 

Ҳокимларнинг қарорлари «е-qaror» тизими орқали ўтади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 14.04.2020 йилдаги 218-сон қарори билан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари белгиланди.

 

«E-qaror» электрон тизими 2020 йил охиригача ишлаб чиқилади ва кейинги йил синов тариқасида Қашқадарё вилоятида ишга туширилади. Ушбу вилоятда 5 ой, 2021 йил январь-май ойларида ҳуқуқий эксперимент ўтказилади. Кейинги йилнинг 1 июлидан бошлаб эса олинган натижалар асосида тизим барча даражадаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида жорий этилади.

«E-qaror» қуйидагиларни назарда тутади:

♦ ҳокимликларнинг қарорларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, уларга такрорланмайдиган махсус рақам бериш ва автоматик тарзда эълон қилиш жараёнини бошқариш ва назорат қилиш, шу жумладан манфаатдор идоралар томонидан лойиҳаларга электрон кўринишда виза кўйиш;

♦ қарорлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва келишиш бўйича идоралараро электрон ҳамкорликни, шунингдек, уларни ишлаб чиқиш жараёнини мониторинг қилиш.

Янги тизимнинг узлуксиз фаолият кўрсатиши, унга техник хизмат кўрсатиш, функционал имкониятларини янада такомиллаштириш билан боғлиқ харажатлар Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобига молиялаштирилади.

«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонун расман кучга кирган вақтдан эътиборан, яъни 1993 йил 18 сентябрдан 2020 йил 1 мартга қадар қабул қилинган жисмоний ва юридик шахсларга ер ажратиш тўғрисидаги ўз кучида бўлган ҳокимларнинг қарорлари 2020 йил 1 сентябргача тўлиқ хатловдан ўтказилади. Шундан сўнг қарорлар тегишли ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 15.04.2020 йилдан кучга кирган.

 

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 292 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика