Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 16 / Божхона

Божхона имтиёзлари иқтисодий барқарорликка хизмат қилади

 

Коронавирус пандемияси Ўзбекистонни ҳам жиддий синовдан ўтказмоқда. Эл бошига иш тушган бу кунлардан халқимизни омон-эсон, иқтисодиётни эса талафотларсиз олиб чиқиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.

 

Хусусан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлашда Президентимизнинг жорий йил 3 апрелдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони муҳим роль ўйнамоқда. Ҳужжат билан мамлакатимизга четдан олиб келинаётган 13 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва 7 турдаги гигиена воситалари йил якунигача божхона божи ва акциз солиғидан озод этилди.

Ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиеник воситалар каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишдаги бу каби имтиёзларни коронавирусга қарши кучайтирилган тартиб даврида давлат раҳбари томонидан қўйилган олға қадам ёинки мураккаб вазиятда кўрсатилган жасорат деб изоҳлаш мумкин.

Нега? Сабаби, агар аҳамият берилса, 2020 йил I чораги давомида айни шу товарларни республикамизга импорт қилиш даврида давлат бюджетига 53,4 млрд сўмлик божхона тўловлари ундирилган. Энди эса бу маблағлар тадбиркорнинг ихтиёрида қолади, маҳсулотнинг бозор нархи арзонлашиб, пировардида бу халқимиз манфаатига хизмат қилади.

Масалан, божхона тўловларидан озод этилган товарлар рўйхатидан кунгабоқар ёғи ҳам ўрин олган бўлиб, 2020 йилнинг I чорагида республикамизга салкам 56 минг тонна шу турдаги маҳсулот импорт қилинган.

Бу каби мулоҳазаларни шакар мисолида ҳам давом эттириш мумкин. Йилнинг дастлабки чорагида давлат божхона хизмати органлари мамлакатимизга четдан келтирилган 23 минг тонна шакарнинг божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга оширди. Таҳлил гигиеник воситалар хусусида олиб борилса, тегишли даврда республикамизга 3 500 тонна гигиеник воситалар, хусусан болалар тагликлари импорт қилинган бўлиб, бу жараёнда 10,6 млрд сўм божхона тўловлари ундирилган.

Дастурхонимизни нонсиз тасаввур қила олмаслигимиздан келиб чиқилса, ун – кундалик рационимизда нечоғлик муҳим ўрин тутувчи маҳсулот эканлиги ойдинлашади. Жорий йилнинг I чорагида божхонада 85 минг тонна ун импортга расмийлаштирилган.

Фармон қабул қилингандан эътиборан, яъни 3 апрелдан 17 апрелга қадар ушбу ҳужжат билан божхона тўловларидан озод этилган 20 турдаги маҳсулотлардан республикамизга салкам 22,2 млн АҚШ доллари қийматида 32,7 минг тоннаси импорт қилинди.

Давлат божхона қўмитаси томонидан божхона чегараси орқали ўтказилаётган зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари, тиббий буюмлар «яшил» йўлак тизимида соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.

 

Ҳусан ТАНГРИЕВ,

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати бош инспектори.

 

Прочитано: 500 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика