Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 14 / Кадрлар бўлими

Мунтазам «касал» бўладиган ходимни қандай ишдан бўшатиш мумкин

 

Ходим ярим йил олдин ишга жойлашган, бироқ ишга чиқмаяпти. Касаллик варақаларини мунтазам тақдим этаяпти. 2019 йил 30 декабрда компаниянинг ички тартиб қоидалари тасдиқланган, уларга асосан ходимнинг иш жойида 3 соат мобайнида бўлмаслиги меҳнат вазифаларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Ходим 3 январдан бугунги кунга қадар иш жойида бўлмаган. 2020 йил 4 февралда меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун ходим ишдан бўшатилгани тўғрисида хабарнома юборилган, бироқ у 13 январда очилган ва яна давом эттириладиган касаллик варақасини жўнатган.

Иш берувчи бундай ходимни қандай ишдан бўшатиши мумкин?

 

– Меҳнат вазифалари бир марта қўпол равишда бузилганлиги учун ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асосий шартларидан бири меҳнат вазифаларини қўпол равишда бузишлар рўйхатини ички меҳнат тартиби қоидаларига киритиш ва, табиийки, ходимни ушбу қоидалар билан таништириш ҳисобланади. Ушбу қоидалар корхонангизда фақат 2019 йил 30 декабрда – йилнинг охирги иш кунида тасдиқланган. Йилнинг биринчи иш кунидан ходим ишга чиқмаган ва табиийки, ушбу ҳужжатлар билан таништирилмаган.

Қоидалар билан таништирилмасдан ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги хабарнома ходимга унинг вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик даврида юборилганлиги муносабати билан мазкур даврда ушбу асосларга кўра у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эмассиз (МК 100-м. 2-қ. 4-б., 3-қ.).

Кейинчалик меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш зарурати туғилганда, ушбу асосга кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш бир вақтнинг ўзида интизомий жазо турларидан бири ҳисобланишини инобатга олиш лозим. Бунда иш берувчи интизомий жазо қўллаш тартиби ва муддатларига риоя этиши шарт (МК 182-м.).

Жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилишини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмайди (МК 101-м.).

Ходим айбли хатти-ҳаракатларни содир этганлиги туфайли меҳнат шартномаси бекор қилинганда (МК 100-м. 2-қ. 3, 4-б.) иш берувчи 3 кун олдин ходимни ёзма равишда (тилхат олиб) меҳнат муносабатлари тугатилганлиги тўғрисида хабардор қилади ва зарурат бўлганда унга лозим бўлган миқдордаги компенсацияни тўлаб беради.

Ходим ўз вазифаларини бир марта қўпол равишда бузилганлиги сабабли иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда, ходимга қуйидаги тўловлар тўланади:

♦ ишланган кунлар учун иш ҳақи (мавжуд бўлганда);

♦ фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация (мавжуд бўлганда);

♦ ходимга меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги огоҳлантириш муддати ўрнига тўланадиган компенсация.

Меҳнат вазифалари бир марта қўпол равишда бузилганлиги туфайли меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақаси ва ўртача ойлик иш ҳақи иккинчи ва учинчи ойларда тўланмайди (МК 67, 109-м.).

Муддатли меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда неустойка тўлаш шартлари ва миқдори шартнома шартларига киритилган бўлса, ходим иш берувчига неустойка тўлайди (МК 104-м.).

Иш берувчи ходимга меҳнатга лаёқатсизлик варақасини берган даволаш муассасасига сўров юбориб, варақа қонуний асосда расмийлаштирилганлиги ва берилганлигини текширишга ёки меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг асосли равишда берилганлигини текшириш учун унинг нусхасини илова қилган ҳолда поликлиниканинг юқори турувчи ташкилотига мурожаат қилишга ҳақли.

 

Валерия Ляндрес, кадрлар хизмати ходими.

 

Прочитано: 379 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика