Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 14 / Биз яшайдиган уй

Биз яшайдиган уй

 

«Ақлли» ҳисоб

 

2022 йилгача Ўзбекистонда замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш мўлжалланган

 

Нима бўлганда ҳам, ҳаёт давом этмоқда. Синовли кунлар ортда қолиб, мамлакатимиз ўзининг доимий ҳаёт ўзанига қайтажак. УЖКХ турмуш тарзини таъминлаб берадиган асосий соҳалардан ҳисобланади. Шунинг учун бу соҳа билан боғлиқ масалалар фуқароларни ҳамма вақт қизиқтирадиган масалалар сирасига киради.

 

Олдинда электрон газ ҳисоблагичларини ўрнатиш ишлари долзарб бўлиб турибди. Бир қатор қонунбузилишлар билан кечган уй-жой фондида электр энергияси сарфини ҳисоблаш асбобларини ўрнатиш бўйича олиб борилган ҳайбаракаллачилик ҳаракатлари ҳали кўпчиликнинг хотирасидан кўтарилгани йўқ. Эндиликда газ ҳисоблагичларини ўрнатиш чоғида худди шу хатоликларни такрорламаслик учун бизда вақт бор. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизмати ўзининг hududgaz.uz сайтида бу жараёнлар қандай бориши, нималарга эътибор қаратиш лозимлиги, қайси жиҳатларга тайёр туриш лозимлиги борасида фуқароларга кенг тушунтиришлар бериб бормоқда.

2022 йилга қадар республикада табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини (ГНҲАТ) жорий этиш мўлжалланган. Бу Президентнинг 9.07.2019 йилдаги ПҚ-4388-сон қарорида назарда тутилган. Истеъмолчилар учун, умуман тармоқлар учун ҳам бу хайрли иш бўлгани шубҳасиз, фақат бир шарти шуки, автоматика пухта ишласин, носозликлар юз бермасин, уларни саводли ва ўз ишининг ҳадисини олган ходимлар бошқарсин.

Мутахассисларнинг тушунтиришича, маълумотларни бошқаришнинг олдинги тизими аллақачон эскириб бўлганлиги сабабли ГНҲАТни жорий этиш заруратга айланган. Масалага кенгроқ қараганда, эски тизим мамлакатдаги газ истеъмолини самарали назорат қилишни йўлга қўйиш ва ҳисобини пухта юритишга имкон бермай қўйган. Шу туфайли етказиб берувчи, яъни энергетика мажмуасининг бутун бир бошли тузилмалари юзлаб миллиард сўмларни йўқотмоқда, дебитор қарздорликлари, истеъмол қилинган табиий газ ҳақини тўламайдиганлар сафлари ошиб кетмоқда. ГНҲАТ истеъмолчиларнинг қарздорлигига, носозликларга барҳам беришга ёрдамлашади, йўқотишларни қисқартиради, етказиб берувчини газдан ноқонуний фойдаланилиши тўғрисида хабардор қилади.

Бундан оддий истеъмолчиларга нима наф? Гап шундаки, бугунги кунда маиший жабҳадаги истеъмолчиларимизнинг тахминан 70%ида газ ҳисоблагичлари ўрнатилган. Ҳисоблагичларнинг фойдаланиш муддати 10 йилни ташкил этади. Улар ҳам жисмонан, ҳам маънан эскириб бўлган, нотўғри ҳисоблаш чегаралари йўл қўйиладиган меъёрлардан ошиб кетган. Ҳисоблагичларнинг айрим турларини ишлаб чиқарувчи заводлар умуман ишлаб чиқаришдан чиқариб юборганлар, уларга сервис хизмат кўрсатиш ҳам тўхтатилган. Кўрсаткичлардаги тафовутлар ҳам шундан, яъни ҳисоблагичда бир рақам бўлса, биллинг тизимида – бошқача.

Автоматлаштирилган тизим замонавий электрон газ ҳисоблагичлари ёрдамида газ истеъмоли ҳисобини юритади ва назорат қилади. Бизга унинг афзалликларини тушунтиришади: бунда истеъмолни ўлчашда юқори даражадаги аниқликка эришилади, ушбу маълумотларни реал вақт режимида узатиш имконияти бор, газ ҳисобини юритишнинг биллинг тизимидаги кўрсаткичларда акс эттирилганда ҳисоблаш асбобларига инсон аралашувига йўл қўйилмайди ва ҳоказоларни келтиришади.

Фуқаролар электрон газ ҳисоблагичлари барча тоифадаги истеъмолчилар учун «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан унинг маблағлари ҳисобига ўрнатилишини ҳамда бу асбобларнинг мулкдори шу ташкилот эканлигини билишлари лозим. Бу истеъмолчилар ҳисоблаш асбобининг фақат сақланиши учун, қолган бошқа ҳолатлар: ечиш-ўрнатиш, қиёслашдан ўтказиш, сервис хизмат кўрсатиш ва бу билан боғлиқ харажатлар учун эса етказиб берувчи жавобгар эканлигини англатади. Замонавий газ ҳисоблагичлари 10 йилда бир марта қиёслашдан ўтказилади. Истеъмолчилар унинг ўтказилиши тўғрисида хабардор қилинмайдилар, Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДҲПга буюртмалар бериб ўтиришмайди. Буларнинг барчаси ҳисоблаш асбобларининг мулкдори сифатида етказиб берувчининг зиммасида бўлади. Яъни газ таъминоти ташкилоти ҳисоблагичнинг ишлаши билан боғлиқ бўлган барча дахмазалардан бизни тамоман озод этмоқчи, зеро, аслида шундай бўлиши ҳам лозимдир, сабаби ҳисоблаш асбоби етказиб берувчининг балансида ҳисобда туради-да.

Уй-жой фондини замонавий электр ҳисоблагичлар билан жиҳозлаш бўйича аччиқ тажрибани ҳисобга олган ҳолда кўпчилик бу ҳолат яна такрорланишидан хавотирда. Уларни ўрнатишда қоидабузарликлар содир этилмайдими, кўрсаткичлар ҳақиқатда истеъмол қилинганидан ортиқча кўрсатмайдими, деган саволлар кишиларни қийнамоқда. Умуман олганда, электр ҳисоблагичлар билан бўлгани каби ортиқча бош оғриғидан қутулиш мақсадида улардан воз кечса бўлмайдими?

Мутахассислар газни ҳисобга олишнинг замонавий асбобларини ўрнатиш барча тоифадаги истеъмолчилар учун мажбурийлигини тушунтиришади, сабаби бу ишлар мамлакатда ГНҲАТ тизимини жорий этишни назарда тутувчи ПҚ-4388-сон қарорга мувофиқ амалга оширилади. Уй-жой фондини газни ҳисобга олиш асбоблари билан жиҳозлаш тартиби Энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг замонавий асбобларини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги низом (ЭҲНАТ) (АВ томонидан 4.05.2018 йилда 3005-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланади. Мазкур механизмдан хабардор бўлиш мақсадида Низом билан танишиб чиқилса бўлади. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизматидагилар газ ҳисоблагичларининг ўрнатилиши тўғрисида истеъмолчилар ОАВ ва газ таъминоти ташкилоти орқали хабар берилишини айтишди. Хабар газ етказиб берувчи, Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ва истеъмолчи вакилларининг иштирокида ўтказилади.

Ҳар бир газ ўлчагичда ишлаб чиқарувчи завод, «Ўзстандарт» агентлиги метрологик хизматининг пломбалари ўрнатилган бўлиши керак. Бундан ташқари, пломбаларни газ таъминоти ташкилоти МИБ билан биргаликда истеъмолчининг иштирокида ўрнатади. Ҳисоблагич кўрсатмаларининг ишончлилигига нисбатан шубҳа бўлганда истеъмолчининг иштирокида навбатдан ташқари ва эксперт қиёслашдан ўтказиш амалга оширилиши мумкин.

Мутахассислар газни ҳисобга олиш билан боғлиқ саволлар юзага келганда ҳар турли кабинетларга югуришнинг ҳожати йўқлигини истеъмолчиларга тушунтиришади. Бунда фақатгина «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг call-центр марказига (71) 200-08-04 ёки 1104 телефон рақамлари орқали, «Facebook» ижтимоий тармоқда «Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари» гуруҳининг саҳифасига мурожаат қилиш ёки зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда info@hududgaz.uz электрон манзилига аризани юбориш кифоя қилади.

 

 

 

Долзарб

 

ХУМШдаги қарздорликдан халос бўлишнинг 12 қадами

 

Коммунал хизматлар учун ҳақ тўламасдан юрадиганларга қараганда қарздорни умумий мол-мулкни сақлаб туришга мажбурий бадалларни тўлашга мажбурлаш амри маҳолдир.

Коммунал тўловларни тўламайдиганлар билан ишлашимиз осонроқ. Фаолиятида катта ваколатлар берилган Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ходимлари коммунал хизматларни етказиб берувчиларнинг белига қувват, билагига дармон бўлди. Ширкатларда эса аҳвол ўзгача. Бу ерда ёндашув шундай: ХУМШлар – жой мулкдорларининг ўз ташкилоти бўлиб, қарзга ботган ширкат аъзоларига қандай муомала қилишни ўзлари ҳал этишади.

 

МИБ ходимлари ихтиёрида катта имкониятлар бор – улар коммунал хизматлар бўйича қарздорларга таъсир кўрсатишнинг кенг дастакларидан фойдалана оладилар. Истеъмолчини коммунал маҳсулот етказиб берилишидан узиб қўйишдан ташқари, квартирада рўйхатдан ўтганларни истеъмол қилинган коммунал хизматлар учун тўловларни тўлашда солидар жавобгарлиги, қарздорликни истеъмолчининг пластик картасига хизмат кўрсатаётган банк ҳисобрақамларидан сўзсиз ундириш, йирик битимларни тузишга, алоҳида турдаги молия-кредит хизматлари ва халқаро йўловчилар ташиш хизматларини олишга тақиқ қўйиш қўлланилмоқда ва ҳ.к.

Ширкат эса қарздорлар билан ишлашда асосан привентив таъсир чораларини қўлламоқда. Бу тушунтириш, огоҳлантириш, таъсир ўтказиш ишлари бўлиб, самараси у қадар юқори бўлаётгани йўқ. ХУМШлар бизда қарздорликни суд тартибида ундиришнинг амалиётидан тўлиқ фойдаланмайдилар. Биринчидан, судга даъво киритаётганда ширкатлар ҳозир бож тўлашмоқда. Иккинчидан, қўшни билан судлашиш – менталитетимизга тўғри келмайдиган ноодатий чора. Учинчидан, даъво киритганда ҳатто суднинг ҳал қилув қарори бўлган тақдирда ҳам қарз пулини ундириб олиш ҳалигача осон бўлаётгани йўқ. Айрим ХУМШлар ҳакамлик судлари билан шартнома тузадилар, лекин хизмат ҳақини тўлаш қимматга тушмоқда. Шунинг учун ХУМШнинг асосий қисми қарздорлар билан ишлашда келишиш-шартлашиш ва бошқача огоҳлантириш чораларидан нарига ўта олмаяпти. Оқибати эса – кўриб турганимиздек ҳолат. Нима бўлганда ҳам қарздорга қандай таъсир ўтказиш ва маблағларни қандай қилиб ундириш кераклиги саволлигича қолаётир.

 

 

Қарздорликни қисқартиришнинг судгача бўлган амалиёти

 

1-ҚАДАМ. Қарздор билан ишни қачон бошлаш керак

Уй-жой кодексининг 134-моддасига мувофиқ кўп квартирали уйлардаги турар жойлар мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш харажатларини ўтган ойдан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай тўлайди. Демак, бадал пулини киритмаган мулкдорни 11-кундан бошлаб қарздор деб ҳисобласа бўлади. Лекин кўпгина ХУМШларнинг раҳбарлари маблағларни бунчалик қисқа муддатда талаб қилиш самарали эмас, деб ҳисоблашади. Мажбурий тўловлар бўйича қарздорлар билан ишни қачон бошлаш кераклигини ширкат мустақил ҳал қилади – қонун ҳужжатларида бу муддатлар белгиланган эмас. Амалиётда эса бундай ишлар кўпинча қарздорлик 2–3 ойлик бўлиб кетгандан кейин бошланади.

 

2-ҚАДАМ. Мажбурий бадалларни киритиш қоидаларини ишлаб чиқиш

Тўлов интизомини мустаҳкамлаш учун ширкат умумий мол-мулкни сақлашга мажбурий тўловларни киритишнинг ички қоидаларини ишлаб чиқиши ва уларни ХУМШ умумий йиғилишида тасдиқлаши мумкин. Қоидаларда мажбурий бадаллар қандай шаклланиши, уларни киритиш муддатлари, сўндириш имкониятлари, қоидаларни бузганда кўзда тутиладиган жавобгарлик ва ҳоказолар кўрсатилиши мумкин. Ушбу регламентни ширкатнинг уставига ҳам киритса бўлади.

 

3-ҚАДАМ. Қарздорлар билан ким ишлаши лозим

Мажбурий бадаллар бўйича қарздорликни ундириш ишлари билан одатда, ХУМШ раҳбарлари (бошқарув аъзолари), ёхуд БК ёинки шартнома бўйича жалб этилган ҳуқуқшунослар (бундан кейинги ўринларда ваколатли шахслар деб юритилади) шуғулланади. Агар бу юмушга ширкат раиси енг шимарса, аксарият ҳолларда томонлар ўртасида келишмовчиликлар юзага келади. Бундай қалтис вазият юзага келмаслиги учун, масалан, қарздорлар билан масалаларни ҳал этиш бўйича комиссияни тузиб, унинг таркибига умумий йиғилишда сайланган ХУМШнинг баобрў аъзоларини киритиш мумкин.

 

4-ҚАДАМ. Аввал гаплашиб кўринг

Ваколатли шахслар қарздорларни қарз маблағларини тўлаб қўйиш зарурлиги, акс ҳолда бу иш суд тартибида амалга оширилиши хусусида хабардор қиладилар. Қарздорлар туфайли қўшнилар мураккаб аҳволда қолаётгани, ширкат сметада режалаштирган ишларни ўтказа олмаётгани, кредитни ўз вақтида сўндириб бўлмаётганини тушунтиришади. Пировардида уларнинг айби билан мажбурий бадал миқдорлари кўтарилаётгани англатилади. Қарздорлик тўлаб қўйилмаса, ширкат судга мурожаат қилишга мажбур бўлиши айтилади. Бу ҳолатгача олиб келмаган маъқул, сабаби мулкдор қарз пулини тўлашидан ташқари, унда давлат божи, жарима ва пеняларни ҳам тўлаш бўйича қўшимча харажатлар юзага келади.

 

5-ҚАДАМ. Қарздорлик юзага келиши сабабларини ўрганиш

Қарздорлар билан ўзаро муносабатлар стратегиясини белгилашдан олдин бадал тўламасликнинг асосий омилларини аниқлаш керак. Мулкдорларнинг ширкат ишларидан норозилиги шундай омиллардан бири бўлиши мумкин. Одатда ширкат мажбуриятларини бажармаганда бундай норозилик юзага келади. Энг инсофли тўловчилар – бу пенсионерлар ва даромади ўртача бўлган кишилардир. Аксинча, сурункали қарздорларнинг кўпчилиги ўзига тўқ оилалар бўлиб, улар онгли равишда маблағларни тўлашни исташмайди. Квартираларда яшамайдиган, уй-жойини ижарага берувчи мулкдорлар ҳам қарздорлар рўйхатини «безамоқда». Мажбурий бадаллар бўйича қарздорлик узрли сабабга кўра ҳосил бўлиши ҳам мумкин. Бу касаллик, мулкдорнинг оғир моддий аҳволда қолиши, ишсизлик, маошнинг, пенсиянинг ўз вақтида тўланмаслиги ва ҳоказолар бўлиши мумкин.

 

6-ҚАДАМ. Қарздорликни сўндиришнинг муқобил усулларини таклиф этиш

1. Қарздорликни қайта таркиблаш. Масалан, уни жадвалга мувофиқ қисмларга бўлиб сўндириш. Муқобил усуллардан фойдаланилганда томонлар ёзма келишувни тузадилар.

2. Қарздорликни умумий мол-мулкни сақлаш, ҳудудни тозалаш ва ҳ.к. бўйича ишларни бажариш ҳисобидан қисқартириш.

3. Ширкатга (раҳбарият билан келишган ҳолда) қиймати қарздорликни сўндириш ҳисобига ўтказиладиган қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, инструментлар ва бошқаларни бериш.

4. Ширкат аъзолари умумий йиғилишининг қарори асосида қарздорлик тўланишини кечиктириш, уни кам таъминланган, пенсионер мулкдорлардан қисман ҳисобдан чиқариш.

5. Айрим ХУМШларнинг тажрибасида умумий йиғилиш қарори билан қарздорликни қисқартиришни рағбатлантирувчи чоралар қўлланилган. Ушбу чоралар орасида – мажбурий бадалларни ўз вақтида ёки бўнак сифатида олдиндан киритганларга унинг миқдорини камайтириб бериш бор.

 

7-ҚАДАМ. Квартираларни ижарага ноқонуний берувчи қарздорларга таъсир кўрсатиш

Ширкат раиси қарздорларнинг ижарага бераётган квартираларини текшириш учун участка милициясига ариза билан мурожаат қилади. Агар квартирантлар уй-жойнинг ижара шартномасисиз яшаётган бўлса, бу – жарима тўланиши лозим бўлган қонунбузарлик ҳисобланади. Ширкат қарздорни ижара шартномаси тузиш ва мажбурий бадалларни тўлаш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади. Акс ҳолда у жойнинг ижара шартномаси мавжуд эмаслиги тўғрисида солиқ хизматига хабар беради.

 

8-ҚАДАМ. Қарздорликни сўндириш тўғрисида огоҳлантирув

Қарздорлар билан ишлашга ваколатли бўлган шахслар муайян муддат давомида (қоида тариқасида, 5–10 кун оралиғида) мажбурий бадаллар бўйича қарздорликни сўндириш зарурлиги тўғрисида уларга огоҳлантирув (хабардор қилган ҳолда почта орқали ёки ўзлари борган ҳолда имзо чектириб олиб) юборадилар. Биринчи огоҳлантириш эътиборсиз қолдирилган тақдирда, кўрсатилган муддатда қарздорлик сўндирилмаса, ширкат ундирув юзасидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилишни мўлжаллаётганини кўрсатган ҳолда иккинчи огоҳлантиришни юборади.

 

9-ҚАДАМ. Қарздорларнинг рўйхатлари: фақат шахсий маълумотларсиз

Айрим ХУМШлар исми, фамилияси, манзили ва қарз қийматини кўрсатган ҳолда қарздорларнинг рўйхатларини илиб қўядилар. Бу шахсий маълумотларни ноқонуний тарзда ошкор қилишга киради, мулкдорлар бу ҳолда маънавий зарар учун компенсация ундириш билан ўз ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш мақсадида судга мурожаат қилишлари мумкин. Фақат қарз миқдори ҳамда уй ва квартира рақамини кўрсатиш мумкин.

 

10-ҚАДАМ. Қарздорларни электр энергиясидан узиб қўйиш ноқонуний

Айрим ширкатларда қарздорликни сўндириш тўғрисидаги хабарномаларни беэътибор қолдирган қарздорларга нисбатан кескин таъсир чоралари, уларга электр энергияси етказиб беришни узиб қўйишгача чоралар қўлланилган. Бу ноқонуний чоралар сирасига киради, унинг юзасидан мулкдорлар суд тартибида низолаша оладилар. Электр энергияси истеъмоли учун мажбурий тўловлар истеъмолчи томонидан белгиланган муддатларда тўланмаган тақдирда фақат МИБ ходимлари электр энергиясини узиб қўйишлари мумкин (ВМнинг 10.07.2017 йилдаги 478-сон қарори).

 

11-ҚАДАМ. Мажбурий бадалларни ноқонуний тарзда ўз вақтида тўламаганлик учун ширкат томонидан пеняларнинг ҳисобланиши

Ширкатларнинг айрим раҳбарлари баъзида кўп квартирали уйлардаги умумий мол-мулкни сақлашга мажбурий бадаллар билан коммунал хизматларга мажбурий тўловларни чалкаштириб юборадилар. Умумий мол-мулкни сақлашга мажбурий бадаллар ўз вақтида тўланмаганлиги учун пеняларни ҳисоблаш қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган. Коммунал хизматларга ҳақ тўланмаганлиги учун эса Уй-жой кодексининг 134-моддасида пеня қўллаш белгиланган. Пеня – неустойканинг шакли бўлиб, қонунда ёки шартномада белгиланган мажбуриятларнинг ўз вақтида бажарилмаганлиги учун жарима санкциясидир. Ширкатда мажбуриятлар шартнома асосида эмас, балки қонун ва ХУМШ устави асосида юзага келади. Коммунал хизматларни кўрсатишда эса истеъмолчи ва етказиб берувчи хизматларни кўрсатиш бўйича ўзаро шартнома тузадилар, улар бузилганда жарима санкцияларни (пеня) тўлаш назарда тутилади.

 

12-ҚАДАМ. Ҳужжатларни судга бериш

Қарздорга судгача бўлган таъсир чоралари иш бермагандан кейин судга мурожаат қилишдан ўзга чора қолмайди. Ширкат 3 та ҳужжатлар пакетини тайёрлайди, улардан 2 таси суд органига топширилади, 1 таси ХУМШда қолади. ҳужжатлар пакети қуйидагилардан иборат бўлади:

1) иловасида тақдим этилган барча ҳужжатлари кўрсатилган даъво аризаси (нусхалар ва саҳифаларнинг миқдори);

2) хабардор қилганлик тўғрисидаги квитанциялар ёки олганлик тўғрисидаги мулкдорнинг имзоси қўйилган ҳолда тўловни амалга ошириш зарурлиги ҳақидаги огоҳлантирувнинг нусхалари;

3) 17-шаклдаги маълумотнома;

4) қарздорлик тўғрисида шахсий ҳисобварақдан ҳар ой учун кўчирма нусха;

5) ширкатни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг кўчирма нусхаси;

6) ХУМШ раисининг ушбу лавозимга сайланишини тасдиқловчи умумий йиғилиш баённомасидан кўчирма нусха;

7) ширкат раисининг паспорт нусхаси;

8) даъво аризаси ваколатли шахс томонидан берилган тақдирда, у даъвогарнинг (ХУМШнинг) вакили ҳисобланишини тасдиқловчи ХУМШнинг ишончномаси бўлиши керак;

9) давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция;

10) жилд.

 

 

 

ХУМШ қарздор устидан даъво аризасини давлат божини тўламаган ҳолда бериши мумкинми?

 

Илгари мажбурий бадалларни тўлаш бўйича қарздорликни ундиришга доир даъво аризасини бераётган ХУМШ давлат божини тўлашдан озод этилган эди. Эндиликда улар давлат божини умумий тартибда тўлайдилар.

 

«Давлат божи тўғрисида»ги янги Қонунга (6.01.2020 йилдаги ЎРҚ-600-сон) мувофиқ ХУМШ уни тўлашдан озод этилган юридик шахслар рўйхатига киритилмаган.

Давлат божи ставкаларининг миқдорлари Қонун иловасида белгиланган. Фуқаролик ишлари бўйича судларга бериладиган мулкий хусусиятга эга даъво аризаларидан даъво баҳосининг 4 фоизи миқдорида, бироқ БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ундирилади. Иқтисодий судларга бериладиган даъво аризаларидан даъво баҳосининг 2 фоизи миқдорида, бироқ БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ундирилади.

Давлат божини тўловчисига айлангандан кейин ХУМШлар мажбурий бадаллар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъволар билан судларга камроқ мурожаат қиладиган бўлишди, ваҳоланки, умуман олиб қараганда, бундай қарздорликлар ширкатларда юқорилигича қолмоқда. ХУМШ раҳбарлари бу ҳолни маблағлар кредитларни сўндиришга кетиб қолаётгани ҳамда ҳисоб-китоб счётида деярли эркин маблағлар қолмаётгани билан изоҳлашади. Шунинг учун бугунги босқичда даъво аризасини бераётганда давлат божини тўлаш улар учун оғирлик қилаётир. Бу эса қарздорликни суд тартибида қисқартириш бўйича ишларни амалга оширишда муайян тўсиқ бўлмоқда.

Бу фикр мулоҳазага ўрин қолдиради. Чунончи, ундирилган қарздорлик суммаси ХУМШнинг давлат божи харажатларини қоплайди-ку ахир. Бу вазиятда ширкат ўзига тегишли бўлган ҳақни қайтариб олиш учун бироз харажатдан қочмаслиги тўғри бўларди чамамизда. Лекин ХУМШларнинг қарздорларга нисбатан киритган даъволари бўйича суд қарорларининг ижроси ҳали-ҳануз аччиқ ичакдек чўзилиб келяпти-да. Суд иши бир кун давом этмайди. Мажбурий бадаллар бўйича қарздорликни ундириш осон иш эмас. Алалхусус, ХУМШнинг барча маблағлари кредитни қоплашга кетяпти, қарздорлар эса қарздорлигича қолмоқда. Шунинг учун ширкатларнинг даъво аризаларини давлат божисиз бериш имконияти ҳақида яна ўйлаб кўриш керакка ўхшайди.

ХУМШларнинг бир қисми ёрдам сўраб ҳакамлик судларига мурожаат қилади, бу ерда давлат божини тўлаш керак эмас. Лекин шартнома шартларига биноан хизматлар ҳақи ундирилган қарздорлик суммасининг 20 фоизигачани ташкил этади. Кўплаб ширкатлар бундай хизматларни рад этишмоқда, бунга ҳам маблағнинг йўқлиги сабаб.

 

ХУМШ қайси бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа шахсларнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган ҳуқуқлари ҳамда манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга ариза билан мурожаат этган юридик ва жисмоний шахслар фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинади (Қонуннинг 8-моддаси). Шу билан бирга Фуқаролик процессуал кодексининг 52-моддаси ҳамда Иқтисодий процессуал кодекснинг ­50-моддасида давлат органлари ва бошқа шахслар юридик шахсларнинг, фуқароларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида даъво аризаси (ариза) тақдим этиши мумкинлиги белгиланган.

Ширкат даъвони бож тўламасдан бера олиши учун бундай имкониятдан фойдалана оладими? ХУМШ бошқа шахсларнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган қандай ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қила олади ва бу унинг давлат божини тўламаслиги учун етарлича асос бўладими?

Ширкат нотижорат нодавлат ташкилоти ҳисобланади ҳамда ўз аъзоларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бу турар жой мулкдорларининг бирлашмаси бўлиб, кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш, сақлаш, асраш ва таъмирлашни таъминлаш учун ташкил этилган.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ турар жой мулкдорлари кўп квартирали уйлардаги умумий мол-мулкдан фойдаланишда тенг ҳуқуққа эгалар. Тўловлар бўлмаганлиги сабабли ширкат кредит маблағлари билан вақтида ҳисоб-китоб қилолмайди, ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан режалаштирилган ва тасдиқланган ишлар ва таъмирлашларни бажара олмайди, демак турар жой мулкдорларига мулкий зарар етказилади.

Бу зарар шундан иборатки, одамлар иссиқликсиз қолишади, томларидан чакка ўтади, канализация тизими таъмирланмай қолади ва ҳ.к. Натижада – қарздорлар туфайли уйнинг техник ҳолати ёмонлашади, ХУМШ ­аъзоларининг елкасига тўлов юки тушади. Мўлжалланган ишларни бажариш учун ширкат бадал миқдорини оширишга, қарз-кредит олишга мажбур бўлади. Бу эса, табиийки, мулкдорлар манфаатини бузади ва уларнинг етказилган зарарни бартараф этишга тўлиқ ҳуқуқи бордир.

Бундай ҳолда ширкат турар жой мулкдорларининг вакили сифатида ўз аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳақли бўлади. Шундан келиб чиқиб, пухта асослантирилганда ХУМШ қарздорликни ундириш тўғрисида даъволарни бож тўламасдан бериши мумкин.

Юқорида келтирилган ёндашув бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мажмуасидан келиб чиқади ва умидбахш аҳамиятга эга. Бу амалиётда қандай ишлайди? Бизнинг ХУМШ раҳбарларимиз кўп ҳам бош қотиришни истамайди. Шунга қарамай, бу мажбурий бадаллар бўйича қарздорликни ундиришга доир ишда муқобил йўл сифатида қабул қилиниши мумкин.

 

Ваколатли органларнинг тушунтириши талаб қилинади

Лекин юқорида келтирилганлар билан Вазирлар Маҳкамасининг 18.04.2001 йилдаги 178-сон қарори 6-бандида белгиланган ХУМШ қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича давлат божини тўлашдан озод этилади, деган меъёрлар қай тарзда бир-бирига мувофиқ келади, тушунмайман.

Ҳамма учун очиқ ҳуқуқий базада ВМнинг 178-сон қарори бекор қилинганлиги, хусусан, ХУМШни қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича давлат божини тўлашдан озод этилиши тарзидаги имтиёз бекор қилинганлиги тўғрисида ахборот мавжуд эмас. У ҳолда савол туғилади: суд амалиётида ушбу меъёрни қўлласа бўладими?

Гап шундаки, Қонуннинг 8–9-моддаларида давлат божини тўлашдан озод қилинадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг рўйхати келтирилган бўлиб, унда ХУМШ мавжуд эмас.

Лекин Қонуннинг 7-моддасида 2020 йил 1 январга қадар қабул қилинган бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган ва ушбу Қонунда назарда тутилмаган давлат божини тўлашдан озод қилиш ушбу ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар кучда қолиши белгиланган.

Алқисса, шулардан келиб чиқилганда, қарздорликни ундириш бўйича даъволарни бераётганда ширкат божни тўламаслиги керак, деган хулоса чиқариш мумкин. Судлар ХУМШдан давлат божини тўлашни талаб қилаётган бир пайтда мазкур масала Адлия вазирлиги ёки Олий суднинг тушунтиришини ҳам талаб қилади.

 

Бож тўланмайдиган даъволар масаласи нима учун кўтарилмоқда

Ўз вақтида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида улар қарздорларга нисбатан мажбурий бадаллар бўйича даъволарга доир божларни тўлашдан озод этилган эди. Ҳозирда ХУМШ ҳам мураккаб паллаларни бошдан кечирмоқда – уйларни мукаммал таъмирлаш учун олинган кредит маблағлари оммавий тарзда қайтарилмоқда. Бу жараёнга бир неча йил кетади. Ана шундай босқичда судларда бож тўлашдан озод этиб, ширкатларни яна бир бор қўллаб-қувватлаш керак эмасми?

Бож тўланмайдиган даъволар масаласи нима учун кўтарилмоқда? Ахир даъвогар даъвони бераётганда божни тўлар экан, унда ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ барча харажатлар, шу жумладан давлат божига чиқимлар жавобгарнинг ҳисобидан қопланишини талаб қилиши мумкин-ку? Иш даъвогарнинг фойдасига ҳал бўлган тақдирда, у мазкур қопламани олади. Лекин бу иш қачон амалга ошади?

Ҳамма муаммо шундаки, кредитларни сўндиргандан сўнг жорий эҳтиёжлар учун ХУМШда арзимаган маблағ қолади. Шу маблағ бир қисмининг давлат божини тўлашга олиб қўйилиши ширкат фаолиятига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Шунинг учун масаланинг моҳиятига қараш лозим: суд тартиб-таомилларини шундай ўтказиш керакки, уй-жой фондига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ масалалар тезкор тарзда ҳал этилсин. Модомики бунинг иложи топилмас экан, масала ечими сифатида бож тўланмайдиган даъволар хусусида ўйлаб кўриш ортиқчалик қилмайди.

 

 

 

Тажриба: якунлар чиқарилди

 

«Пилотлар» ўз ишини якунлади

 

Ўзбекистонда 2022 йилга қадар тўлиқ жорий этиладиган табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими (ГНҲАТ) тажриба (пилот) лойиҳалар сифатида бир қатор минтақаларда апробациядан ўтди. У ҳам маиший, ҳам улгуржи истеъмолчилар орасида синовдан ўтказилди. Президентнинг 9.07.2019 йилдаги ПҚ-4388-сон қарори билан ушбу лойиҳани амалга ошириш «Ҳудудгазтаъминот» АЖ зиммасига юклатилган. Айни вақтда пойтахт ва Тошкент вилоятининг бир қанча туманларидаги қатор маҳаллаларда ишга тушиб кетган «пилотлар»нинг натижалари ўрганилаётир.

 

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизматининг маълумотларига кўра, ГНҲАТни жорий этишга тайёргарлик 2017 йилдаёқ бошланган. 2018–2019 йилларда газ таъминоти ва истеъмоли шароитлари турлича бўлган жойларда лойиҳалар ишга туширилди, улар доирасида истеъмол ҳажми ва маълумотларни беришни онлайн режимида кузатиб бориш имкониятига эга ҳисоблагичларни ўрнатиш назарда тутилган. Тажрибани оқилона амалга ошириш учун турли ишлаб чиқарувчиларга (ҳам маҳаллий, ҳам хорижий) тегишли бўлган, дарвоқе, улар орасида ўлчов асбоблари бозорида донгдор бўлган компанияларнинг ҳам, газни ҳисоблаш асбоблари қўллаб кўрилди.

Хусусан, Қибрай тумани «Усмон Юсупов» маҳалласининг Обиҳаёт ва Қорасув кўчаларидаги уйларга 189 та «Itron» савдо маркасидаги (АҚШ) газни ҳисоблаш асбоблари ўрнатилди. «Алишеробод» маҳалласида эса «Pietro Fiorentini» компаниясининг (Италия) 114 та ҳисоблагичи ўрнатилди.

«Sensus» (Ўзбекистон) газни ҳисоблаш асбобларидан 200 таси тажриба тариқасида Тошкентдаги Семашко ва Қорасув бўйи кўчаларида қад ростлаган уйларда ўрнатилди. Бектемир тумани «Мажнунтол» маҳалласидаги уйларда эса «Газдевайс» АЖнинг (Россия) 40 та ҳисоблагичи ҳамда «Курс» компаниясининг (Украина) 41 та табиий газни ҳисоблаш асбоби «айланишни» бошлади.

Бундан ташқари, туманлардаги маҳалла фуқаролар йиғинларини газ билан таъминлаш тизими соддалаштирилди. Бу газни саноат, коммунал ва маиший истеъмолчилар ўртасида уларнинг талабига мувофиқ тенг равишда тақсимлаш имконини берди. Энг муҳими – газ сарфи, кутилмаган вазиятларнинг юзага келиши ҳақида телеметрия тизими каналлари орқали диспетчерлик пунктига тезкор ахборот етказиш имконияти туғилди.

Бешинчи босқичдаги ГНҲАТ пилот лойиҳаси дастлабки якунларининг кўрсатишича, пойтахт шаҳар ва Тошкент вилоятида газ таъминоти сезиларли равишда яхшиланди ва табиий газни истеъмолчиларга етказишда технологик йўқотишлар ҳажми қисқарди.

Электрон газ ўлчагич асбобларининг яна бир афзаллиги ахборотни тезкор узатиш бўлди. Бу эса диспетчерларга монитордаги манзарани кўриб туриш ва баҳолаш имкониятини берганлиги сабабли юз берган авария ҳолатларига бир зумда муносабат билдириш имконини яратади.

Электрон ҳисоблагичларнинг бепул ўрнатилганлиги тажриба ҳудудида яшаётган истеъмолчилар учун анчайин қулай бўлди. Лойиҳа абонентларни назоратчи инспекторларнинг газни ҳисоблаш асбоблари кўрсаткичларини қиёсловдан ўтказиш учун тез-тез қатнашидан озод этди. Бу эса, ўз навбатида, кўрсаткичлар мос келмаганда юз берадиган баҳслашувларнинг ҳам олдини олди.

Тажриба ҳудудида «сотувчи-харидор» муносабатлари билан боғлиқ бўлган ихтилофли вазиятларнинг олдини олишга эришилганлиги ҳам ижобий натижадир. Ўз мажбуриятларини бажаришда ҳар икки томон масъулиятни намойиш этди. Етказиб берувчи хизматларни сифатли ва тўлиқ ҳажмда амалга оширди, истеъмолчи эса, тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлаб, юқори даражадаги тўлов интизомини намойиш этишди.

Тажриба иштирокчиларининг фикрларига кўра дея хабар беради «Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизмати, ГНҲАТни жорий этиш доирасида қўйилган вазифалар бажарилди. Пилот лойиҳаси давомида қўлланилган ўлчаш асбоблари яхши натижаларни берди. Уларнинг сифати ва ишлатилиши юзасидан истеъмолчилардан эътирозлар тушмади. Иштирокчилар ўзлари учун яхши ахборот ва билимларга эга бўлишди.

 

 

 

Таҳририят почтасидан

 

Йўлакдаги электр шчити кимнинг ҳисобидан таъмирланади?

 

Бизга замонавий электр ҳисоблагични ўрнатишди. У жуда катта кўрсаткичларни кўрсата бошлади. Ҳақиқатда биз бунчалик кўп электр энергиясидан фойдаланмаймиз. Туман электр станцияси (ТЭС) ходимини чақиртирдик. У ҳам кўрсаткичлар ошириб юборилганини тан олди. Бунда йўлакка ўрнатилган электр шчитнинг техник ҳолати сабабчи бўлаётганини, уни тузатиш лозимлигини айтди. Электр шчитга кўз ташлаганимда мен ҳам шунга амин бўлдим. Ҳатто мутахассис бўлмаган одам ҳам бу рақамлар ниҳоятда катта эканлигини тушунар эди. Симларнинг ҳаммаси эски, чалкашиб ётибди, очилиб, изоляциясиз қолган жойлари ҳам кўп. Тағинам менинг ҳисоблагичим яхшироқ эди. Икки қўшнимнинг ҳисоблагичлари эса умуман симида осилиб ётибди. Ҳисоблаш асбобларини ўрнатишга жалб этилган пудратчилар ишларни биз йўқлигимизда бажаришган. ТЭС ходими бунда ўзимиз айбдорлигимизни айтди.

Зинапоя панжарасидаги электр шчитнинг техник ҳолати учун ким жавоб беради, уни ким таъмирлаши керак?

 

– Йўлаклардаги электр шчитлар кўп квартирали уйдаги турар жойлар мулкдорларининг умумий мол-мулкига қарашлидир. Бу Уй-жой кодекси (124-модда), амалдаги «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонун (18-модда), қабул қилинган, лекин 2020 йилнинг 1 августига қадар кучга киритилмаган «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунда (6-модда) назарда тутилган. Мазкур қонун ҳужжатларида кўп квартирали уйда, хусусан, жойлар ташқарисида ёки ичида жойлашган ва биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуналар ва қурилмалар умумий мол-мулк ҳисобланиши белгиланган.

Кўп квартирали уйдаги турар жойлар мулкдорларининг умумий мол-мулки ҳисобланган электр шчитнинг ҳолати учун бошқарув органи жавоб беради, яъни бунинг учун ё ХУМШ, ёхуд уй кенгаши (кўп квартирали уйлар мулкдорлар жамоаси томонидан бевосита бошқарилганда) ёхуд бошқарув компанияси (ХУМШ бўлмаганда) масъул бўлади.

Электр шчитни таъмирлаш мулкдорлар умумий йиғилиши томонидан тасдиқланадиган ишлар режаси, даромад ва харажатлар сметасига киритилиши керак. Лекин амалиётда кўплаб ХУМШ бу ишларни пайсалга солади (авария ҳолатига келмагунча парво қилишмайди).

Ҳозирда ширкатлар кредитларни сўндирмоқда, маблағларининг чўғи камайган, жорий ишларни бажариш учун харажатларни учма-уч амалга оширмоқда. Умумий ёндашув қуйидагича: ишлар режалаштирилиб, хомчўт қилиниб, тасдиқланиб бўлганда ширкатда (ёки бошқа бошқарув органида) маблағ етишмаслиги туфайли электр шчитни таъмирлаш бўйича муаммолар юзага келса, мулкдорлар бошқарув органи раҳбарияти билан келишилган ҳолда уни ўз ҳисобларидан тузатиб қўйишлари мумкин. Бунда харажатлар кейинчалик ўзаро ҳисоб-китоб қилинади. Бу ХУМШ тўғрисидаги Қонуннинг 30-моддаси ва Кўп квартирали уйларни бошқариш ҳақидаги Қонуннинг 16-моддасида назарда тутилган. Ҳужжатларда белгиланишича, айрим ҳолларда ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши жой мулкдори томонидан мажбурий бадалларнинг бир қисмини тўлашнинг пул шаклини унинг умумий харажатлардаги иштирокининг бошқа турларига алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин, бунда асос сифатида аризачининг ёзма хабарномаси ва умумий йиғилишнинг баённомаси керак бўлади.

 

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

 

 

Прочитано: 651 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика