Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 09 / Паспорт масалалари

Ўзбекистонга қайтиш

 

Мен ва болаларим Ўзбекистон фуқароларимиз, бироқ МДҲ давлатларидан бирида яшаш гувоҳномасига ва доимий пропискага эгамиз. 2020 йил январда ЎзР ТИВда хорижий паспортларни расмийлаштирдик. Уларни олиш чоғида ички биометрик паспортлар олиб қўйилди, бу ҳолат Ўзбекистонда доимий прописка мавжуд эмаслиги билан тушунтирилди. Ҳозир яшаш гувоҳномасидан воз кечиб, Ўзбекистонда пропискани расмийлаштирмоқчиман. Бунинг учун ички биометрик паспортларимиз зарур бўлади. ТИИБда Ўзбекистон фуқаролари бўлганлигимиз учун ТИВда паспортлар олиб қўйилмаслиги кераклигини тушунтиришди. ТИВда эски паспортларни қайтириб бериб, хорижий паспортларни йўқ қилишга олиб қўйишларини айтишди.

ТИВ бунга ҳақлими, иккала паспортни ҳам олишга ҳақлимизми?

 

– Доимий консуллик рўйхатида турувчи шахсга хорижга чиқиш биометрик паспорти берилаётганда ундан олдин берилган биометрик ёки нобиометрик паспорт олиб қўйилади. Унга хорижга чиқиш биометрик паспорти берилганлиги тўғрисида штамп қўйилиб маълумотнома берилади, ушбу маълумотнома консуллик муассасасида доимий консуллик рўйхатига олинганлиги тўғрисида штамп қўйилаётганда масъул ходимга топширилади. Олиб қўйилган паспорт уни бекор қилиш учун ушбу паспортни расмийлаштирган маълумотларни йиғиш пунктига юборилади ва тегишли маълумот борилган мамлакатнинг ваколатли органларига юборилади (ВМнинг 30.01.2020 йилдаги 49-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 41-банди).

Хорижда доимий истиқомат қиладиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун хорижий биометрик паспортларни бериш, 2011 йилги намунадаги биометрик паспортларни олиб қўйиш тартиби яқинда – 2020 йил 30 январдан қабул қилинган.

Шу тариқа, Ўзбекистон Республикаси ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаменти ходимлари хорижий паспорт беришда сиздан биометрик паспортни олиб қўйишга ҳақли бўлганлар.

ЎзР Элчихонасида консуллик ҳисобидан чиқилган ва Ўзбекистонга қайтиб келинган тақдирда ҳам сизга биометрик паспортлар қайтариб берилмайди, бироқ Низомга мувофиқ ЎзР ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаментида хорижий паспорт берилганлиги муносабати билан биометрик паспортлар олиб қўйилганлиги тўғрисида маълумотнома (1-сон шакл, Низомга 4-илова) берилиши шарт.

Ушбу маълумотномани Ўзбекистонда прописка қилинадиган жойингиз бўйича миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига (МваФРБ) тақдим этишингиз мумкин, у ерда сизга биометрик паспорт берилади.

 

Прописка қилишга розилик бериш

 

Қаршида яшаймиз. Фарзандимга хорижий паспорт олишим зарур.

Ўзим қайнонамнинг уйига прописка қилинганман, у киши набирасини ўз уйида прописка қилишни хоҳламаяптилар. Бир ёшли боламни қаерга прописка қилиш мумкин? Ўз ота-онамнинг уйига прописка қилсам бўладими?

 

– Вояга етмаган фарзандингизни ота-онангиз яшайдиган жойда уларнинг ёзма розилиги билан доимий пропискадан ўтказишингиз мумкин. Сабаби 16 ёшга тўлмаган шахслар уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг хоҳишига қараб ихтиёрий асосда доимий прописка қилинади ва ҳисобга олинади (Низомнинг 2-банди, ВМнинг 22.10.2018 йилдаги 845-сон қарорига ­1-илова).

 

Фамилия қандай ўзгартирилади

 

Яқинда қизим 16 ёшга тўлади. У туғилганидан кейин отаси фарзандликка олишни расмийлаштирган ва унга ўз фамилиясини берган.

1. Қизим паспорт олаётганида отасининг фамилиясини меникига ўзгартирса бўладими, бунинг учун нима қилиш керак?

2. Фуқаролиги бўлмаган шахс эканлигимни, отаси эса Ўзбекистон фуқароси бўлганлигини ҳисобга олган ҳолда, у ЎзР фуқаролигини олиши мумкинми ёки ФБШ бўладими?

 

1

Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш ҳақидаги ариза ариза берувчи 16 ёшга тўлгач турар жойдаги ФҲДЁ органи томонидан кўриб чиқилади. Паспорт ёки паспорт ўрнини босувчи шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат олгунга қадар бундай ариза берилганда, унга туғилганлик ҳақида гувоҳнома илова қилинади (Қоидаларнинг Х боби, ВМнинг 14.11.2016 йилдаги 387-сон қарорига 1-илова).

Фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризалар қуйидаги ҳолатларда кўриб чиқилади:

♦ «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасига биноан миллий анъаналаримизга мувофиқлаштириш мақсадларида;

♦ суднинг ҳал қилув қарори асосида;

♦ фамилия, исм ва отасининг исми эшитилишда ёқимсиз бўлса;

♦ фамилия ва исм миллатига тўғри келмаса;

♦ хоҳишга қараб никоҳгача бўлган фамилияга (никоҳда турган даврида ҳам, никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам) қайтишда;

♦ оила учун умумий фамилияда бўлиш истаги пайдо бўлганда (никоҳ тузиш пайтида эр-хотин умумий фамилия қабул қилишмаган бўлса);

♦ 16 ёшга тўлган шахсга оталикни белгилашда (Қоидаларнинг 161-банди).

Демак, кўриб чиқиладиган аризалар рўйхатида сизнинг ҳолатингиз (отасининг фамилиясини онасиникига алмаштириш) қайд этилмаган, шу сабабли қизингиз ФҲДЁ бўлишига мурожаат қила олмайди. Бироқ бу масалани ҳал этиш учун судга мурожаат қилишга ҳақлисиз.

 

2

Қизингиз учун фуқаролик масаласига тўхталадиган бўлсак, фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан фарзандликка олинган ёки бири Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган, бошқаси фуқаролиги бўлмаган шахс бўлган эр-хотин томонидан фарзандликка олинган бола Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини сақлаб қолади («Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддаси).

Шу билан бирга таъкидлаш жоизки, қизингиз балоғат ёшига етганлиги сабабли фамилияни ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олишида тўсиқ бўла олмайди.

 

Сайт орқалими ёки ёзма шаклдами?

 

Туристик фирма йил давомида ижара шартномаларини тузади, уларга мувофиқ спорт туризми мақсадларида мамлакатимизга келаётган чет эллик фуқаролар дам олиш зонаси ҳудудида нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича яшаш ҳақини тўлаган ҳолда, 1 ойдан 3 ойгача муддатга жойлашадилар. ЎзР қонун ҳужжатларига мувофиқ чегарадан ўтганларидан кейин улар яшаш жойлари бўйича МваФР бўлимларида рўйхатдан ўтишлари шарт, бу узоқ йиллардан буён ҳеч бир тўсиқсиз амалга ошириб келинмоқда. Бироқ сўнгги йилларда МваФРБ ходимлари Вазирлар Маҳкамасининг қарорини оғзаки шаклда ҳавола қилиб, онлайн рўйхатдан ўтишни тавсия қилмоқдалар. Меҳмонларимизни emehmon.uz сайти ва ЯИДХП орқали рўйхатдан ўтказишга уриниб кўрдик, лекин тизимдаги узилишлар бунга имкон бермади. Кейин туман «Ягона дарча» хизмати орқали жойида рўйхатдан ўтказмоқчи бўлдик, бироқ рад жавобини олдик.

МваФРБ Ўзбекистон чегарасини қонуний кесиб ўтган ҳамда кейинчалик вақтинча яшаш жойи бўйича расмий рўйхатдан ўтиш учун барча асос ва ҳужжатлари мавжуд бўлган чет эллик фуқароларни вақтинча прописка қилишни рад этишлари мумкинми?

 

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, уларнинг ҳудудда бўлиш муддати 30 кундан ортиқ бўлмаса, ихтисослаштирилган электрон автоматлаштирилган дастур ёрдамида ёки ҳудудий ички ишлар органларига ёзма мурожаат қилиш ёрдамида билдириш асосида ҳамда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳудудда бўлиш муддати 30 кундан ортиқ бўлса, таклиф қилувчи (қабул қилувчи) шахслар, ташкилотларнинг ёзма мурожаати асосида Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий ички ишлар органларида вақтинча пропискадан ўтказилиши керак. Билдиришномалар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар жойлашган пайтда, ички ишлар органларига мурожаат эса байрам ва дам олиш (якшанба) кунларини истисно қилганда кечи билан 3 суткада берилиши лозим.

30 кундан ортиқ муддатга вақтинча прописка қилиш учун таклиф қилган (қабул қиладиган) шахслар, ташкилотлар ўзлари турган жойдаги ҳудудий ички ишлар органларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

♦ белгиланган шаклдаги ариза;

♦ қабул қилувчи ташкилотнинг белгиланган шаклдаги илтимосномаси;

♦ миллий паспорт ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати;

♦ уй-жой мулкдорининг вақтинча прописка қилишга ёзма розилиги ва уй-жойнинг ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатлари;

♦ давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанция.

Вақтинча прописка муддатини узайтириш учун таклиф қилган (қабул қиладиган) шахслар, ташкилотлар вақтинча прописка муддати тугашидан 3 иш куни олдин ҳудудий ички ишлар органларига мурожаат қилишлари керак (Низомнинг 36-банди, ВМнинг 845-сон қарорига 2-илова).

Шу тариқа, МваФРБ ходимлари ходимлари чет эллик шахсларни электрон тизимлар орқали рўйхатдан ўтказишни тавсия этишга ҳақли эмаслар. Туристик фирмангиз спорт туризми мақсадларида мамлакатимизга келадиган, дам олиш зонаси ҳудудида 1 ойдан 3 ойгача, яъни 30 кундан ортиқ бўладиган чет эллик фуқаролар билан ижара шартномаларини йил давомида расмийлаштириши сабабли таклиф қилган ташкилот жойлашган жойдаги МваФРБга ҳужжатларни топширишга ҳақлисиз.

 

Паспортдаги қайдлар ҳақида

 

Хорижий паспортда прописка ёки оилавий ҳолати ҳақидаги штапм қўйилиши зарурми? Ёки фақат визаларми?

Хорижга чиқишда 2 паспортни (биометрик ва хорижий) олиш керакми?

 

– Хорижга чиқиш биометрик паспортига қуйидагилар ҳақидаги қайдлар киритилади:

♦ паспорт эгасининг хорижда доимий яшаш учун рўйхатдан чиқарилганлиги;

♦ хорижда доимий яшаётган фуқаронинг вақтинчалик прописка қилинганлиги;

♦ Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидан ўтганлиги;

♦ консуллик рўйхатига олингани ёки консуллик рўйхатидан чиқарилгани;

никоҳ қайд этилганлиги ёки бекор қилинганлиги;

♦ хорижий давлатларга кириш учун рухсатнома (виза);

♦ ҳамроҳлик қилувчи шахслар тўғрисидаги (вояга етмаган фуқаролар учун);

♦ илгари қўйилган қайдлар бекор қилинганлиги.

Паспорт эгасининг розилиги билан қонининг гуруҳи ва резус-мансублик тўғрисидаги қайдлар киритилади.

Хорижга чиқиш биометрик паспортда паспорт эгасининг имзоси бўлиши шарт (845-сон Низомнинг 14-банди).

Таъкидлаш жоизки, хорижга чиқишда хорижий паспорт билан бирга биометрик паспортнинг бўлиши шарт эмас.

 

Ҳисобдан чиқариш – текширувдан сўнг

 

Фуқаро узоқ йиллар давомида Ўзбекистондан ташқарида яшаган ва ишлаган. Ҳозир у биометрик ва хорижий паспортларни расмийлаштириш учун қайтмоқчи. Эски паспортида пропискаси сақланиб қолган, бироқ у прописка қилинган уй аллақачон сотилиб кетган.

У пропискадан қандай ўчиши ва ҳужжатларни олиши мумкин? Бир неча марта паспорт столига мурожаат қилган, лекин жавоб ололмаган.

 

– Ушбу вазиятни кўриб чиқиш ва ҳал этиш фуқаро доимий прописка қилинган жойдаги МваФР бўлимининг ваколатига киради.

У, аввало, ушбу масала юзасидан МваФРБ раҳбариятига ёзма шаклда мурожаат қилиши лозим. Прописка тўғрисидаги маълумотларни тиклаш ҳақидаги мурожаат жиддий текширувдан ўтказишни талаб этади, шу жумладан манзил-бюро ҳисоби бўйича эски ва янги маълумотлар текширилиши лозим.

Тақдим этилаётган ҳужжатлар ушбу шахсга тегишли эканлиги сўзсиз тасдиқланса, унинг паспортидаги ёзувларга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги масала ижобий ҳал этилганда хулоса берилади, ушбу хулоса ички ишлар органлари раҳбари томонидан тасдиқланади. Хулоса натижаларига кўра мазкур шахс пропискадан чиқарилади, сўнгра унга тегишли бошқа турар жой майдонига прописка қилинади. Бир вақтнинг ўзида унга биометрик паспорт расмийлаштирилади ва янги турар жойи бўйича доимий прописка штапми қўйилади (АВ томонидан 9.04.1999 йилда 698-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқнома).

 

Пропискасиз қолмаслик учун

 

Дўстим фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланади, бироқ Ўзбекистонда яшаш учун гувоҳномаси бор. У оиласи билан Тошкентда прописка қилинган. Хорижга кетганларига 4 йил бўлди, уларни Тошкентдаги бир тумандан бошқасига қайта пропискадан ўтказиш учун ишончномани юборишмоқчи.

Бунда уларнинг паспортлари ва дўстимнинг ҳарбий билети керак бўладими?

– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш учун гувоҳномаси ва доимий рўйхатдан ўтказилганлиги қуйидаги ҳолатларда бекор қилинади:

хорижий фуқаролар Ўзбекистон Республикасидан ташқарига вақтинча чиққанда, агар улар 3 йилдан ортиқ вақт мобайнида узрли сабабларсиз Ўзбекистондаги доимий яшаш жойига қайтмаса;

♦ Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан вақтинча ташқарига чиққан фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддати тамом бўлгач, агар улар ҳаракатланиш ҳужжатини алмаштирмаса ёхуд узрли сабабларсиз уни алмаштиришни рад этса;

♦ бекор қилиш тўғрисида шахсан мурожаат қилса ёхуд нотариал тасдиқланган ишончнома бўйича бошқа шахс мурожаат қилса ёки чет элдаги тегишли органларнинг сўрови бўйича (Тартибнинг 18-банди, ВМнинг 21.11.1996 йилдаги 408-сон қарорига 1-илова).

Шу тариқа, дўстингиз қайта прописка қилиниши учун Ўзбекистон Республикасига қайтиши ва яшаш жойидаги МваФРБга фуқаролиги бўлмаган шахс учун хорижга чиқиш ҳужжатини лозим даражада расмийлаштирмасдан мамлакатдан ташқарига чиқиб кетилганлиги сабабларини тушунтириб бериши лозим. Акс ҳолда унинг яшаш учун гувоҳномаси ва доимий пропискадан ўтказилганлиги бекор қилинади.

 

Жарима тўланмайди

 

Қизим 9 январда 16 ёшга тўлди, ҳали паспорт олмади.

Ўз вақтида паспорт олмаганлиги туфайли муаммолар юзага келиши мумкин?

 

– 18 ёшгача бўлган шахс 16 ёшга тўлиши муносабати билан ўз вақтида паспорт олмаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди (МЖТКнинг 223-моддаси).

 

Англиялик учун виза

 

Буюк Британия фуқаролари Ўзбекистонда қандай тартибда виза оладилар?

 

– Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги фуқаролари учун визаларни расмийлаштириш тартиботлари анча соддалаштирилди.

Ишбилармонлик мақсадларида Ўзбекистонга ташриф буюраётганлар учун 1 йил муддатга кўп марталик визалар Ўзбекистон Республикасининг хорижий муассасаларида 2 иш кунида расмийлаштирилади. Бунда Ўзбекистон Республикасидаги таклиф қилаётган юридик шахснинг ЎзР ТИВга мурожаат қилишига доир талаб бекор қилинган.

Ўзбекистонга ташриф буюраётган туристлар учун 1 ойгача бўлган муддатга кўп марталик визалар туристик ташкилотларнинг туристик ваучерларини тақдим этиш зарурлигига доир талаб бекор қилинган ҳолда 2 иш кунида расмийлаштирилади (ВМнинг 27.02.20003 йилдаги 106-сон қарори).

Бундан ташқари, чет эллик фуқаролар учун туристик визаларни расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди, бунда туристик ваучерларни ёхуд Ўзбекистон Республикасига таклиф этилаётган юридик ёки жисмоний шахснинг мурожаатлари ТИВга тақдим этилиши бекор қилинди. Энди улар Ўзбекистоннинг чет элдаги консуллик муассасаларига мурожаат қилмасдан, Ўзбекистон ҳудудига 30 кун муддатга бир марталик кириш учун e-visa.gov.uz портали орқали «E-VISA.UZ» тизими ёрдамида электрон визани расмийлаштиришга сўров беришлари мумкин.

Электрон визани расмийлаштириш ва беришга доир мурожаатни кўриб чиқиш муддати мурожаат берилган кундан ташқари 2 иш кунини ташкил этади (Тартибнинг 12-банди).

 

Ҳужжат билан тасдиқланганда

 

Европадаги клиникада даволаниш зарурати туфайли хорижий биометрик паспортни ОВИРда олишни тезлаштириш мумкинми? Энг қисқа муддат 10 иш куни деб эшитгандим.

 

– Фуқарога ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахсга (шахсларга) хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш муддати Ўзбекистон Республикасидан зудлик билан чиқиб кетишни талаб қиладиган ҳолатларда, яқин қариндошининг оғир касаллиги ёки вафот этганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганида, чиқиш ҳуқуқига чеклов бўлмаган тақдирда 5 иш кунидан ошмаслиги лозим (26.12.2018 йилдаги ­ПҚ-4079-сон қарор билан тасдиқланган Низомнинг 25-банди).

 

Фуқароликни олиш ҳуқуқига эга

 

1995 йилда Ўзбекистонга келганман.

Фуқароликни олишим мумкинми, бунинг учун нима қилишим керак?

 

– Доимий яшаш жойингиздаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига (Мва ФРБ) Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишингиз керак, чунки ушбу ҳуқуқдан сўнгги 5 йил Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаётган хорижий фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар фойдаланиши мумкин.

Фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мақомини Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда белгилайди.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

♦ 2 нусхада ариза-сўровнома;

♦ хорижий фуқароликдан чиққанлик тўғрисида гувоҳлик берувчи ҳужжат (фуқаролиги бўлмаган шахслардан ташқари);

♦ 2 нусхада таржимаи ҳол;

♦ кун кечиришнинг қонуний манбалари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат (иш жойидан маълумотнома ёки иш ҳақи, пенсия, нафақа, дивидендлар ва кун кечиришнинг бошқа манбалари кўрсатилган бошқа ҳужжат);

♦ 4 та фотосурат;

♦ 2 нусхада оиласининг таркиби тўғрисида иш жойидан маълумотнома;

♦ давлат божи тўланганлиги ёки уни тўлашдан озод қилинганлиги ҳақидаги ҳужжат (20.11.1992 йилдаги ПФ-500-сон Фармон билан тасдиқланган Низомнинг II бўлими 1-банди).

 

Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 651 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика