Ходима Тошкент университетининг сиртқи бўлимига ўқишга кирди. Унга (МКнинг 256-моддаси) 2019 йил 25 ноябрдан бошлаб 30 кун муддатга ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ўқиш учун таътил берилиши лозим.
1. Ўқиш учун таътил ҳақини ҳисоблаш тартиби қандай? Иш ҳақи барча устамалари билан сақланадими ёки аввалги 12 ой учун ўртача иш ҳақи ҳисобидан таътил пули ҳисобланадими?
2. Бунда табель қандай тўлдирилади?
1 |
Ҳақ тўланадиган ўқиш таътилида ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб турилади (Тартибнинг 1-банди, ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарорига 6-илова).
Ўқув муассасасининг чақирув маълумотномасига мувофиқ календарь бўйича ўқиш таътили даврига тўғри келадиган иш кунлари учун ҳақ тўланиши лозим.
Ўқув сессияси (ўқиш таътили) йиллик меҳнат таътили даврига тўғри келиб қолганда, улардан бирига ҳақ тўланади. Мазкур ҳолатда йиллик таътилни бошқа муддатга кўчириш мумкин (ўқиш таътилини кўчириб бўлмайди).
Байрам кунлари ўқиш таътили даврига тўғри келганда, бу кунлар сонига таътил муддати узайтирилмайди.
Ўқиш таътили вақтида ходим бетоб бўлиб қолса, ушбу даврга тўғри келадиган меҳнатга қобилиятсизлик кунлари учун нафақа тўланмайди. Ходим ўқиш таътили тугаганидан кейин ҳам тузалмаган бўлса, у ишга чиқиши керак бўлган кундан бошлаб меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади (АВ томонидан 8.05.2002 йилда 1136-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 22-банди).
2 |
Корхона мустақил равишда ходимларининг иш вақтидан фойдаланишини ҳисобга олиш учун табель шаклини танлайди, шунингдек шартли белгиларни қўллайди. Олий ўқув юртида ўқиши муносабати билан таътилда бўлган вақтни (МКнинг 256-моддаси) табелда махсус ҳарфли белгилар билан, масалан, «ЎТ» (ўқиш таътили) ёки «ТТ» (талабалик таътили) акс эттиришни тавсия этамиз. Бу иш вақтини тўғри ҳисобга олиш учун зарурдир. Шунингдек ўқиш курсига қараб таътил муддатини тўғри белгилашга риоя этилишини назорат қилиш учун Т-2 шаклидаги ходимнинг шахсий карточкасида ходимларнинг талабалик (ўқиш) таътилида бўлган даврларини акс эттириш мақсадга мувофиқ бўлади.
* * *
Ходим мутахассислиги бўйича таҳсил олмаганда, талабалик таътилини расмийлаштириш ва унга ҳақ тўлаш аҳамият касб этадими?
– Йўқ, ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмайди.
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида олий ўқув юртида ўқиши муносабати билан таътил тақдим этиш ва унга ҳақ тўлаш тартиби эгаллаб турган лавозими ва танлаган мутахассислигига боғлиқ ҳолда белгиланмаган.
Валерия Ляндрес,
кадрлар хизмати ходими.