Ходим доимий ишга қабул қилинаётганлиги туфайли ўриндош ишдан бўшатилмоқда. Ишдан бўшатилаётган ўриндошга 2 ойлик ишдан бўшатиш нафақаси тўланиши зарурми? Меҳнатга оид қонун ҳужжатларида ўриндошга 1 ой учун нафақа тўланиши қайд этилганми?
– Ўриндош билан меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда (МКнинг 100-моддаси 5-банди) иш берувчи қуйидаги тўловларни тўлаши лозим:
♦ ҳақиқатда ишланган кунлар учун иш ҳақи (мавжуд бўлганда);
♦ фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация* (МКнинг 151-моддаси) (фойдаланилмаган таътиллар мавжуд бўлганда);
♦ меҳнат шартномаси бекор қилинганда корхонанинг локал ҳужжатларида назарда тутилган қўшимча тўловлар;
♦ ишдан бўшатиш нафақаси**, унинг миқдори ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас (МКнинг 109-моддаси). Локал ҳужжатларда ишдан бўшатиш нафақасининг бошқа миқдорлари, бироқ ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорлар назарда тутилган бўлса, нафақа локал ҳужжатларда белгиланган миқдорда тўланади;
♦ муддатли меҳнат шартномасини муддатидан олдин бекор қилганлик учун неустойка (МКнинг 104-моддаси) (ушбу шарт меҳнат шартномасида мавжуд бўлганда).
Ўриндошларга иш қидириш даврида 2 ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида ишдан бўшатиш нафақасини ҳисобга олган ҳолда ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолиши кафолати татбиқ этилмайди (МКнинг 67-моддаси).
_____________________________________________
*Ходим ишдан бўшатилаётган пайтда меҳнат таътилидан фойдаланган, бироқ иш даври учун меҳнат таътилини ҳали ишлаб бермаган бўлса, ушланмалар қилиниши лозим (МКнинг 164-моддаси 4-банди).
**Ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда, меҳнат мажбуриятлари фақат ходимнинг айби билан бузилган тақдирда, ишдан бўшатиш нафақаси тўланмайди (МКнинг 109-моддаси).
Валерия Ляндрес, кадрлар хизмати ходими.