Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 44 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Гаров реестрига ёзув киритмадингизми – навбатнинг охирида бўласиз

 

22.10.2019 йилдаги ЎРҚ-572-сон Қонун билан Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига кредиторларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишни кучайтириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 

Тузатишлар Солиқ, Божхона, Фуқаролик, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал ва Жиноят процессуал кодексларига, шунингдек  «Гаров тўғрисида»ги, «Банкротлик  тўғрисида»ги, «Лизинг тўғрисида»ги, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги, «Ипотека тўғрисида»ги Қонунларга киритилди. Натижада, қонун ҳужжатларида Президентнинг 2018 йил 23 ноябрдаги ПҚ-4026-сон қарорида назарда тутилган механизмлар акс эттирилган.

Бунда эътиборга лойиқ янгиликлар ҳам бор. Масалан, айрим мансабдор шахслар гаров реестрига тегишли ёзувларни киритишлари шарт:

♦ гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва жиноят иши бўйича фуқаровий жавобгарнинг мол-мулки хатловини амалга оширган суриштирувчи ёки терговчи буни қарор чиқарилгандан кейин 1 кун ичида амалга ошириши керак. Агар хатлов суд томонидан амалга оширилса, ёзув ваколатли бўлган органлар томонидан суд ажрими чиқарилгандан кейин 3 сутка ичида киритилади. Мол-мулк хатлови бекор қилинган тақдирда бу ёзув гаров реестридан чиқариб ташланади;

♦ ижро ишини юритиш доирасида мол-мулк хатловини амалга оширган давлат ижрочиси. Хатловнинг бекор қилиниши ҳам илгари гаров реестрига киритилган ёзув ўчирилишига сабаб бўлади;

♦ солиқ органлари – солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома билан бир вақтда. Ёзув белгиланган муддатда қопланмаган тақдирда ундирув қарздорнинг мол-мулкига қаратиладиган миқдордаги солиқ қарзи суммасини кўрсатган ҳолда киритилади (Солиқ кодексининг 61-моддаси). Ёзув солиқ қарзи қопланганидан ёки ҳисобдан чиқарилганидан кейин гаров реестридан ўчирилади;

♦ божхона органлари – тўловчи томонидан талабнома олингандан кейин божхона тўловларини тўлаш бўйича қарзи 10 кунлик муддат ичида тўланмаган тақдирда. Ёзувни киритиш ва ўчириш тартиби солиқ қарзи ҳолатидаги каби (тартибда) амалга оширилади.

Бу айнан битта мол-мулкка бўлган ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзувни киритган ва ўз навбатини кутаётган кредиторлар учун шаффофликни оширади. Хусусан, бундай талабларни қаноатлантириш навбати қуйидагича белгиланди:

♦ биринчи навбатда – мазкур мол-мулкни ушлаб қолиш орқали таъминланадиган мажбуриятлар бўйича талаблар қаноатлантирилади;

♦ иккинчи навбатда – мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида турган мол-мулкни олиш ёки кредитор томонидан ушбу мол-мулкни қарздорга беришдан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича талаблар қаноатлантирилади;

♦ учинчи навбатда – агар мол-мулк кредитор томонидан тақдим этилган маблағлар ёки мол-мулк ҳисобидан олинган (ишлаб чиқарилган) бўлса, мол-мулк билан таъминланадиган мажбуриятлар бўйича талаблар қаноатлантирилади;

♦ тўртинчи навбатда – мазкур мол-мулк билан таъминланган бошқа барча мажбуриятлар бўйича талаблар қаноатлантирилади.

Тергов ва суриштирув органлари, солиқ ва божхона органлари ҳамда бошқа давлат органлари, шунингдек ўз талаблари гаров реестрида рўйхатдан ўтказилмаган кредиторларга унга ёзувлар киритиш учун ярим йил муддат берилди. Ёзувни рўйхатдан ўтказиш санаси сифатида олдинги даврда тегишли мулкий таъминотни ташкил этиш санаси кўрсатилади. 6 ой ўтгач навбат тегишли мол-мулкка бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги ёзув гаров реестрига киритишнинг хронологик тартибида (вақт ва сана) белгиланади. Ҳар бир навбатдаги талаб олдинги навбат кредиторларининг талаблари тўлиқ қаноатлантирилгандан кейин қаноатлантирилади.

Гаров реестрига ёзув киритган кредиторлар буни амалга оширмаганларга нисбатан афзалликка эга. Ёзув киритмаган кредиторларнинг талаблари ҳуқуқлар юзага келишининг календарь навбати тарзида ёзув киритган кредиторларнинг талаблари тўлиқ қаноатлантирилгандан кейин сўндирилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.10.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

Валютани тартибга солиш тўғрисидаги янги қонун: асосий ўзгартиришлар

 

«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири эълон қилинди (22.10.2019 йилдаги ЎРҚ-573-сон Қонунга қаранг).

Бу ҳужжатнинг учинчи версияси бўлди: биринчиси 1993 йилдан 2004 йилгача, иккинчиси – 2004 йилдан 2019 йилгача амал қилган.

Асосий ўзгартиришлар назаримизда қуйидагилардан иборат.

Биринчидан, резидентлар ҳисобланадиган шахслар рўйхати кенгайтирилди. Уларга қуйидагилар киритилди:

♦ хориждаги Ўзбекистон фуқаролари;

♦ юридик шахсларнинг Ўзбекистонда ва ундан ташқарида жойлашган филиаллари ва ваколатхоналари;

♦ Ўзбекистоннинг савдо ваколатхоналари, шу жумладан хориждаги савдо ваколатхоналари;

♦ қароргоҳлари Ўзбекистон ҳудудида жойлашган халқаро ташкилотлар.

Иккинчидан, мамлакат ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланиши тақиқланади (валютага оид шарҳ).

Резидентлар ўртасида амалга оширилиши рухсат этилган валюта операциялари рўйхатига ҳам айрим ўзгартиришлар киритилди. Уларнинг рўйхати энди тўлиқ бўлади (илгари «қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатларда» жумласи мавжудлиги туфайли очиқ бўлган, таҳр. изоҳи). Бундан ташқари, энди қонунда резидентлар ўртасидаги қуйидаги кўринишдаги валюта операциялари қайд этилган:

♦ жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига хизмат сафарлари амалга оширилиши билан боғлиқ харажатларини тўлаш ва уларнинг ўрнини қоплаш бўйича операциялар, шунингдек хизмат сафарлари муносабати билан берилган, сарфланмай қолган бўнакни қайтаришга доир операциялар;

♦ Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналарига, консуллик муассасаларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро ёки ҳукуматлараро ташкилотлар ҳузуридаги доимий ваколатхоналарига ҳисоб-китобларни ва ўтказмаларни бажаришни назарда тутувчи операциялар;

♦ жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон банкларида очилган ҳисобварақлардан  носавдо операциялар бўйича ўтказмалари;

♦ транспорт ташкилотлари ҳамда Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида турган жисмоний шахслар, шунингдек юридик шахсларнинг филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа бўлинмалари ўртасида йўловчилар ташишга оид шартномалар бўйича ҳисоб-китоблар билан боғлиқ операциялар;

♦ мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида валюта қимматликларидан фойдаланиш, шунингдек уларни ундириш билан боғлиқ операциялар. 

Эслатиб ўтамиз, умумий қоидага кўра – Ўзбекистонда барча тўловлар ва ҳисоб-китоблар миллий валютада амалга оширилади.

Учинчидан, резидентларга чет эл валютасида ҳисобварақлар очиш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Жисмоний шахсларга осонроқ бўлади, чекловлар олиб ташланди (илгари фақат хорижда бўлиш даври учун ҳисобварақлар очиларди). Юридик шахслар учун эса, аксинча, энди фақат Президент ёки Ҳукуматнинг бундай ҳисобварақлар очиш ва улардан фойдаланиш мақсадлари назарда тутилган қарорлари ёхуд халқаро шартномалар мавжуд бўлса, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очишга ҳамда улардан фойдаланишга йўл қўйилади. Бундан ташқари, ташкилотлар рўйхатдан ўтган жойдаги солиқ органларини ҳамда МБни ҳисобварақлар очилганлиги (ёпилганлиги) тўғрисида ва ҳисобварақларнинг реквизитлари ўзгарганлиги ҳақида, ушбу ҳисобварақлардаги қолдиқлар ва айланмалар тўғрисида хабардор қилиши керак. Буни ҳар чоракда, ҳисобот чораги тугаганидан кейин бир ойдан кечиктирмасдан амалга ошириш лозим.

Тўртинчидан, ташқи савдо операциялари бўйича активларни репатриация қилиш белгиланди. Бу норезидент мажбуриятларининг қуйидагилар орқали тўлиқ ёки қисман бажарилишидир:

♦ норезидентнинг мажбуриятлари бўйича пул маблағлари ёки товар келиб тушиши (ишлар бажарилиши, хизматлар кўрсатилиши);

♦ норезидентнинг мажбуриятини бир турдаги қарши талабларни ҳисобга олиш йўли билан тугатиш;

♦ норезидентнинг томонлар ўртасидаги мавжуд дастлабки мажбуриятини худди ўша шахслар ўртасидаги бошқа предметни ёки бажариш усулини назарда тутувчи ўзга мажбурият билан алмаштириш йўли билан тугатиш;

♦ суғурта тўловларини олиш.

Агар резидент норезидентга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа резидент фойдасига воз кечса, репатриация қилиш тўғрисидаги талабнинг бажарилишини таъминлашга доир тегишли мажбурият талаб қилиш ҳуқуқини қабул қилган резидентга ўтади. Резидент (норезидент) ташқи савдо операциялари бўйича активларнинг репатриация қилинишини таъминлаши шарт, бироқ репатриация қилиш муддати норезидентнинг мажбуриятлари юзага келган санадан эътиборан 180 кундан ошиб кетса, мазкур операция капитал ҳаракатининг операцияси сифатида баҳоланади.

Бешинчидан, валюта операцияларининг янги турлари киритилди ва уларнинг рўйхати кенгайтирилди. Валюта операциялари ички (мамлакат ҳудудида ўтказиладиган) ва халқаро (трансчегаравий) операцияларга бўлинади, улар ўз навбатида, жорий халқаро операцияларга ва капитал ҳаракати операцияларига бўлинади.

Жорий халқаро операциялар деб эътироф этиладиган кредитни (қарзни) сўндириш ҳисобига тўланадиган сумма тўлаш даврида қарзнинг олинган, шартномада кўрсатилган тўлаш даврлари сонига нисбати сифатида ҳисоб-китоб қилинган қисмининг 2 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланган ҳолда аниқлаштириб олинди.

Носавдо тусидаги пул ўтказмалари (булар ҳам жорий халқаро операцияларнинг бир тури, таҳр. изоҳи) рўйхати энди тўлиқ бўлди (илгари МБ қандайдир операцияларни ҳам улар жумласига киритиши мумкин эди, таҳр изоҳи). Унга қўшимча равишда қуйидагилар киритилди:

♦ жисмоний шахслар ўртасида 100 млн сўм эквивалентигача бўлган миқдордаги пул ўтказмалари;

♦ шахсий эҳтиёжлар учун товарларга (хизматларга, ишларга) ҳақ тўлаш.

Резидентлар томонидан Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида жойлашган ўз филиалларини айланма маблағлар билан тўлдириш, интеллектуал мулк объектларига бўлган мутлақ ҳуқуқни тўлиқ олиш ёки сотиш ҳам капитал ҳаракати операциялари жумласига киритилди.

Олтинчидан, миллий ва хорижий валютани чегарадан олиб ўтиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди.

Валюта

 

Аввалги тартиб

 

Янги тартиб

 

олиб кириш

 

олиб чиқиш

 

олиб кириш

 

олиб чиқиш

 

Миллий (сўм)

 

Декларациялаш ва рухсат олиш:

50 ЭКИҲ/БҲМ (11 150 000 сўм) доирасида – декларацияланмайди ва МБ рухсати олинмайди;

кўрсатилган суммадан юқори бўлганда – жами сумма декларацияланади ва МБ рухсати асосида.

Олиб кириш суммаси чекланмайди.

 

100 млн сўм эквивалентдан ортиқ бўлмаган суммада амалга оширилади, белгиланган эквивалентдан ортиқ суммада олиб чиқиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.

Қонуности ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилганидан кейин батафсил (декларациялаш, рухсатнома олиш зарурати ва уни олиш тартиби) аниқлаштирилади.

Хорижий

 

Декларацияланади:

$2 000 эквивалентидаги миқдорда, ушбу сумма ҳам ҳисобга киради – декларацияланмайди;

ундан ортиқ бўлса – жами сумма декларацияланади.

Олиб кириш суммаси чекланмайди.

Декларацияланади:

$2 000 эквивалентидаги миқдорда декларацияланмайди;

ундан ортиқ бўлса – жами сумма декларацияланади.

Рухсат этилган:

$5 000 эквивалентидаги сумма рухсатномасиз;

ундан ортиқ сумма – МБ рухсатига (резидентлар) ёки  олиб киришда тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси (норезидентлар) асосида.

 

Еттинчидан, мазкур соҳадаги валютани назорат қилувчи органлар – МБ, Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, ДСҚ, ДБҚнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланди. Хусусан, улар валюта операциялари бўйича текширувларни амалга ошириши ҳамда фақат ўтказилаётган валюта операциясига бевосита тааллуқли бўлган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиши мумкин.

Ўз навбатида, текширилаётганлар текширув материаллари билан танишишга, назорат қилувчи органларнинг ҳаракатлари устидан шикоят қилишга ва етказилган ҳақиқий зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақлидирлар.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.10.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти

 

 

Қишлоқ хўжалигида бозор механизмлари ривожлантирилади

 

Президентнинг 23.10.2019 йилаги ПФ-5853-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харита»си тасдиқланди. 

 

Стратегиянинг устувор йўналишлари белгиланди, улар орасида:

♦ озиқ-овқат хавфсизлиги давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

♦ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш, сифат назорати инфратузилмасини ривожлантириш, экспортни рағбатлантириш, юқори қўшилган қийматли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни назарда тутувчи қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш;

♦ соҳада давлат иштирокини камайтириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш механизмларини жорий қилиш;

♦ табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш;

♦ қишлоқ хўжалигида давлат бошқаруви тузилмасини реструктуризация қилиш ва янада ривожлантиришни назарда тутувчи бошқарувнинг замонавий тизимларини ривожлантириш;

♦ фермер хўжаликларида меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, юқори қўшилган қиймат яратишга қаратилган тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш орқали давлат харажатлари самарадорлигини ошириш ва босқичма-босқич қайта тақсимлаш;

♦ илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш ва бошқалар.

Ташкил этилаётган Стратегияни амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашнинг вазифалари белгиланди, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги унинг ишчи органи бўлади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигида хорижий экспертларни жалб этган ҳолда Фармонда назарда тутилган вазифаларнинг тўлиқ ва ўз муддатларида бажарилишини таъминлайдиган бошқарма ташкил этилади.

Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги (Президентнинг 9.10.2019 йилдаги ПҚ-4486-сон қарори билан ташкил этилган) мавжуд инвестиция лойиҳалари, лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари, шунингдек, ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва шартномалар сақлаб қолинган ҳолда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибига ўтказилди.

Олий Мажлис палаталарига Стратегия ўз вақтида ва самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш тавсия қилинди.

 

Фармон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.10.2019 йилдан кучга кирди.

 

Константин Мосин.

 

 

Товарларнинг кўпи биржа орқали сотилади

 

Президентнинг 8.10.2019 йилдаги ПҚ-4484-сон қарори билан товар-хом ашё биржалари фаолияти самарадорлигини ошириш ва биржа савдоси механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.

 

2020 йил 1 январдан фақат биржа савдолари орқали реализация қилинадиган товарлар турлари рўйхати кенгайтирилади:

экспортга Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ўрнатиладиган квоталар бўйича – устав фонди (капитали)да давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ёки устав фонди (капитали)нинг 50%и ва ундан ортиғи 50% ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқариладиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг бир қисми;

ички бозорда бозор тамойиллари асосида барча тоифадаги харидорларга биржа савдоларида қатнашиш имконияти тенг таъминланган ҳолда:

монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан – техник мой, омухта ем, хўжалик совуни, нефть эриткичи, нефть парафини ва мис купороси;

маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари томонидан – шакар, республиканинг олис ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларида жойлашган истеъмолчиларга тўғридан-тўғри шартнома асосида ўз савдо тармоқлари орқали сотиладиган, умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 10%идан ошмайдиган ҳажми бундан мустасно;

монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан – иситиш ёқилғиси, ёқиш мазути, суюлтирилган газ ва нефть битуми, бундан махсус истеъмолчиларга ўрнатилган тартибда тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотиладиган ҳажмлар бундан мустасно.

Биржа савдоларида реализация қилинадиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулот сотувчилар томонидан мажбурий тартибда товар-хом ашё биржаларида ҳисобга қўйилади. Ушбу маълумотлар тегишинча шартнома тузилган ва мажбуриятлар бажарилган вақтдан бошлаб 3 кун муддатда биржанинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади. Бундай маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш жадваллари монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан товар-хом ашё биржаларининг расмий веб-сайтларига, зарур ҳолларда, ҳар ойда янгиланган тарзда жойлаштирилади.

Товар-хом ашё биржаларида томонларнинг келишувига мувофиқ биржа савдолари қоидалари асосида чет эл валютасида импорт битимлари тузилиши мумкин. Бунда тузилган шартномалар бўйича маълумотлар Валюта операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилади.

Монополияга қарши курашиш қўмитасига қўшимча ваколатлар берилди. Идора Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда монополист корхоналар томонидан юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига мажбурий қўйиш бўйича қарорлар қабул қилиши мумкин. Шунингдек қўмитага биржа савдолари қатнашчилари доирасини чегаралаб қўйишнинг олдини олиш учун биржа савдоларига қўйиладиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг битта лот бўйича максимал ҳажмини қайта кўриб чиқиш юзасидан товар-хом ашё биржаларига кўрсатмалар бериш ҳуқуқи тақдим этилди.

 

Биржаларга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари, қуйидаги иккитаси бекор қилинган ҳолда, соддалаштирилди:

биржада камида 100 та сотилган (бепул тақдим этилган) брокерлик ўринлари мавжудлиги;

биржа фаолиятини амалга оширишда товар-хом ашё биржалари раҳбарлари малака талабларига мувофиқлиги.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 9.10.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Валютани $100 доирасида паспортсиз сотиб олиш мумкин

 

Бундай имконият Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга тузатишлар туфайли юзага келди (рўйхат рақами 3029-3, 17.10.2019 йил).

 

Энди резидент жисмоний шахсларга эквиваленти 100 АҚШ долларигача (шу жумладан, эквиваленти 100 АҚШ долларига тенг миқдорда) нақд чет эл валютаси харид қилишда шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш лозим эмас. Бундай операцияни амалга оширишда валюта олинганлигини тасдиқловчи маълумотномада «Ф.И.О.» графасини тўлдирмайдилар. Бунда айирбошлаш шохобчалари ходимлари идентификация қилувчи ҳужжатсиз айнан қандай тарзда шахснинг резидентлигини аниқлашлари ойдинлаштирилмаяпти.

 

Маълумот учун: «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига асосан жисмоний шахслар-резидентлар – бу Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда доимий яшаш жойи бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар.

 

Бундан ташқари, халқаро тўлов карталаридан фойдаланган ҳолда чет эл валютасини харид қилишда жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар энди ариза тақдим этмайдилар. Шахсини тасдиқловчи ҳужжат, шунингдек давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (ЯТТ учун) етарли бўлади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.10.2019 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 111 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика