Norma.uz

Пенсия иши

 

Ёз келиши билан аксарият кексалар республикамиздаги санаторийларда саломатликларини мустаҳкамлаш тадоригини кўрадилар. Бепул йўлланмалар олиш қоидалари билан ҳанузгача таниш бўлмаганларга шу сонда бериладиган ахборот асқотади. Хорижга ишлаш учун кетмоқчи бўлганлар эса келгусида пенсия тўловларини олиш учун Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш тартиби билан танишиб чиққанлари маъқул.

 

Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига йўлланг.

 

 

Расмий жавоб

 

Олдиндан архивга

 

Яқинда пенсияга чиқаман. Архив маълумотномаларини тўплаш кераклигидан хабарим бор. Ушбу маълумотномаларни олдиндан тайёрлаб қўйсам бўладими? Улар берилган сана аҳамиятга эгами?

Е.Бурнашева. Тошкент ш.

 

Ҳа, маълумотномаларни олдиндан тайёрлаб қўйиш мумкин. Асосийси – мурожаат қилган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларига мувофиқ берилган бўлсин.

 

 

 

Шубҳа остида

 

Пенсияни расмийлаштираётганда иш стажимни (қарийб 7 йиллик) ҳисобга олмадилар. Меҳнат дафтарчасида ёзув қайд этилган, ишга қабул қилинганлигим ва ишдан бўшатилганлигим тўғрисидаги буйруқларнинг нусхаси билан тасдиқланган. Бироқ, афсуски, иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар сақланиб қолмаган.

Пенсия жамғармаси ходимлари ушбу йилларни стажга қўшмай, тўғри иш қилдиларми?

М.Р. Тошкент ш.

 

– Иш стажи тўғрисидаги тақдим этилган ҳужжатларнинг асосланганлиги ва ишончлилигини аниқлаш мақсадида Пенсия жамғармаси бўлими ходимлари пенсияни расмийлаштириш учун ҳужжатларни қабул қилаётганда уларнинг мазмунини ва зарур тарзда расмийлаштирилганлигини баҳолайди. Зарурат бўлганда улар берилишининг асосланганлигини текшириш тўғрисида қарор қабул қилади; меҳнат фаолиятининг айрим даврларини иш стажи даврига ҳисобга олиш ёки ҳисобдан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор чиқаради (Низомнинг 57-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова).

Авариялар ва маҳаллий кўламдаги бошқа фавқулодда вазиятлар (ёнғин, сув босиши), ташкилотнинг тўлиқ тугатилиши ёхуд бошқа сабаблар бўйича архив маълумотларининг мавжуд эмаслиги муносабати билан мавжуд иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда ва уларни олиш имкони бўлмаганда, иш стажи суд тартибида белгиланади (252-сон Низомнинг 74-банди).

Пенсия жамғармаси бўлими томонидан чиқарилган иш стажини қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисидаги қарорига рози бўлмасангиз, ушбу масала суд томонидан ҳал этилади (252-сон Низомнинг 82-банди).

 

 

 

Стажга эга бўлмаганда

 

Онам 60 ёшга тўлади. Иш стажи – 4 йил.

У ёшга доир нафақа олиш учун мурожаат қилиши мумкинми, бунинг учун қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Нурмуҳамадова. Чирчиқ ш.

 

– «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ, иш стажига эга бўлмаган фуқаролар ва уларнинг оилалари ушбу Қонунга биноан давлат пенсиялари олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Уларнинг ижтимоий таъминланиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаб қўяди.

Ёшга доир нафақа эса:

♦ иш стажига эга бўлмаган;

♦ «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган 7 йилдан кам иш стажи мавжуд бўлиб, ёшга доир пенсия тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаган шахсларга тайинланади.

Ёшга доир нафақа аёлларга 60 ёшга етганларида тайинланади (Низомнинг 5, 6-бандлари, ВМнинг 7.04.2011 йилдаги 107-сон қарорига 2-илова).

Нафақа тайинлаш тўғрисидаги ариза ариза берувчининг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига берилади. Унга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинган бўлиши керак:

1) ариза берувчининг ёшини тасдиқлайдиган ҳужжат (паспорт нусхаси);

2) меҳнат дафтарчаси – ёшга доир пенсия тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаган шахслар учун ёшга доир нафақа тайинлашда, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган 7 йилдан кам иш стажига эга бўлганда (107-сон Низомнинг 17, 18-бандлари).

 

 

 

Ҳаммаси ҳисобга олинади

 

Ўзбекистон Қуролли Кучларидаги муддатли хизмат ва контракт бўйича хизмат меҳнат стажига қўшиб ҳисобланадими?

Р.А. Тошкент ш.

 

Қуйидагилар иш стажига қўшиб ҳисобланади:

ҳарбий хизмат ва партизан отрядлари ҳамда қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш;

♦ идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат (Қонуннинг 37-моддаси «б», «в» бандлари).

 

Абдурашид Исмоилов,

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармасининг бошлиғи ўринбосари.

 

 

 

Экспертга савол

 

Санаторийга бепул йўлланма орқали

 

Ёз – дам олиш ва таътилга чиқиш палласи. Кекса ёшли кишилар бу вақтдан фойдаланиб, республикамиз санаторийларида саломатликларини тиклашлари мумкин. Бунинг учун нима қилиш зарур деган саволга «Norma» МЧЖ эксперти Зафаржон Хўжаев жавоб беради.

 

– Кимлар санаторийга бепул йўлланма олиши мумкин, кекса кишиларга улар қанча вақт оралиғида берилади?

– Бепул йўлланмаларни бериш тартиби тегишли Йўриқнома (АВ томонидан 27.04.2012 йилда 2356-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган.

Қуйидагилар бепул йўлланмаларни олиш ҳуқуқига эга:

ҳар йили (навбат асосида):

уруш ногиронларига тенглаштирилган шахслар;

шахсий пенсия олувчи шахслар;

Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек у сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;

ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар;

ёлғиз кексалар;

2 йилда 1 маротаба навбат асосида:

уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;

ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг бева хотинлари (бева эрлари);

I ва II гуруҳ ногиронлари, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахс;

♦ санаторийларда бўш ўрин мавжуд бўлган тақдирда, навбат асосида, аммо 3 йилда 1 маротаба – ёшга доир пенсионерлар.

 

– Пенсионер йўлланма олиш учун қаерга мурожаат қилиши керак, бунда қандай қоидаларга риоя этиш зарур?

– Қандайдир алоҳида қоидаларга риоя этиш зарур эмас. Бепул йўлланмани олиш учун яшаш жойидаги соғлиқни сақлаш органларига ва бандликка кўмаклашиш марказларига соғлиқни сақлаш органи раҳбари номига ариза билан мурожаат қилиш ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишнинг ўзи кифоя:

♦ паспорт нусхаси;

♦ имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат;

♦ тиббий хулоса.

 

– Йўлланма беришни рад этишлари мумкинми?

– Ҳа, қуйидаги ҳолларда уни беришни рад этишлари мумкин:

♦ қуйидагилар мавжуд бўлмаганда:

имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқи;

зарур ҳужжатлар;

бўш йўлланмалар;

♦ навбат бўлганда (чунки йўлланмалар навбат асосида берилади);

♦ йўлланмаларни олиш даврийлигига риоя этилмаганда.

Бошқа ҳолларда рад этиш ҳуқуққа зид саналади.

 

– Кекса киши муайян сабабларга кўра кўрсатилган муддатда йўлланмадан фойдалана олмаса, даволанишни кейинга қолдириш мумкинми, бунинг учун нима қилиш лозим?

– Киши муайян сабабларга кўра кўрсатилган муддатда йўлланмадан фойдалана олмаса, даволанишни кейинга қолдириб бўлмайди. Йўлланмадан белгиланган муддатда фойдаланиш зарур.

 

МИСОЛ. Июль ойининг бошига йўлланма берилган. Даволанишни кейинга, айтайлик, август ойининг охирига қолдиришнинг имкони йўқ, сабаби йўлланмалар навбат асосида тақсимланади. Кекса киши вақтида санаторийга кела олмай, 1–2 кун ушланиб қолишга мажбур бўлса, келиш муддатларини кўчириш тўғрисида зудлик билан марказга ахборот бериши лозим (Йўриқноманинг 18-банди).

 

 

 

Пенсияни ҳисоблаб чиқаришга асос бўладиган даромадлар тўғрисида

 

Халқаро грантлар асосида фаолият юритадиган нодавлат нотижорат ташкилотида ишлайман. Ташкилот раҳбарлари ЯИТ тўлашдан озод қилинган. 5 йилдан кейин пенсияга чиқмоқчиман.

Пенсия олиш ҳуқуқини йўқотмаслик мақсадида ўзим учун ЯИТ тўласам бўладими? ЯИТни қаерга, қайси ҳисоб-китоб счётига тўлашим керак?

А.Р. Тошкент ш.

 

Йўқ, ягона ижтимоий тўловни мустақил равишда тўлай олмайсиз. ЯИТни иш берувчилар тўлайдилар ва у давлат пенсия таъминотига бўлган ҳуқуқни белгилаш предмети ҳисобланмайди (МКнинг 283-моддаси).

2019 йил 1 январдан кучга кирган қонунчиликдаги ўзгартиришларга мувофиқ, 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун ходим томонидан бажарилган ҳар қандай иш, агар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланади (Қонуннинг ­37-моддаси «а» банди).

Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар Солиқ кодексининг 172-моддасида назарда тутилган. Иш берувчи билан меҳнатга оид муносабатларда бўлган ва тузилган меҳнат шартномасига (контрактига) мувофиқ ишларни бажараётган жисмоний шахсларга ҳисобланадиган ва тўланадиган барча тўловлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар деб эътироф этилади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўлган фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномаларга мувофиқ жисмоний шахсларга тўловлар ҳам киради.

Тақдим этган ахборотингизга қараганда, солиқ агенти функциялари зиммасига юклатилган иш берувчида ишлайсиз.

Мурожаатингизда кўрсатилган, олинган даромадлар белгиланган тартибда меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар дея эътироф этилса, улар пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинади.

Шуни ёдда тутиш лозимки, солиқ агенти функциялари зиммасига юклатилмаган иш берувчида ишловчи ва Солиқ кодексига мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларни олувчи шахслар ҳар йили 1 апрелгача даромадлар тўғрисидаги декларацияни солиқ органларига тақдим этишлари шарт (Солиқ кодексининг ­189–193-моддалари).

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар

 

ЭКИҲ ўтмишда қолади

 

2019 йил 1 сентябрдан бошлаб энг кам иш ҳақи миқдори ўрнига 577 170 сўм миқдорида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори; 202 730 сўм миқдорида базавий ҳисоблаш миқдори, шунингдек 202 730 сўм миқдорида пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори амалга киритилмоқда (21.05.2019 йилдаги ПФ–5723-сон Фармон).

 

Пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори пенсия таъминоти соҳасида пенсиялар, устамалар, қўшимча ҳақ ва компенсация тўловлари, шунингдек ходимларнинг меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки улар ўзлари меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарарни қоплашда қўлланилади.

Фармонда яна қуйидагилар белгиланган:

♦ энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган устамалар, қўшимча ҳақ, мукофотлар ҳамда бошқа компенсация ва рағбатлантирувчи тусдаги тўловларнинг барча турлари мазкур тўловларнинг сўмда ифодаланган амалдаги миқдорларини сақлаб қолган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилинади (зарур ҳолларда кўп томонга яхлитланади);

♦ қонун ҳужжатларида мазкур Фармоннинг 2-бандида назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлашнинг бошқа тартиби ўрнатилиши мумкин.

 

 

 

Бизга мактуб йўллабсиз

 

Иш ҳақи билан бирга

 

Корхонамизда ФҲШ бўйича ишловчи пенсионер асосий иш жойига эга эмас.

У пенсияни қаерда – яшаш жойи бўйича ёки бизда олиши керак?

Р.Ашурметова, КБ инспектори.

 

– Ишлаб турган пенсионерларга пенсиялар уларнинг иш жойида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади (Қонуннинг 53-моддаси).

Пенсионер ФҲШ бўйича ишловчи ташкилот унинг ягона иш жойи эканлигини ҳисобга олган ҳолда у асосий иш жойи дея тан олинади. Ишлаб турган пенсионерга пенсия тўлаш, иш вақтининг қанча давом этишидан, ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан, шунингдек шартнома (битим)нинг хусусиятидан (туридан) қатъи назар, қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда иш жойи бўйича тўланади (252-сон Низомнинг 159-банди). Тегишинча, пенсия ФҲШ бўйича иш жойида тўланиши керак.

 

 

 

Пенсия қоплаш суммасини камайтирмайди

 

Ходим 1994 йилда хизмат сафарида бўлганда жароҳат олган ва ТМЭК хулосасига кўра унинг меҳнатга лаёқатсизлик даражаси 80% этиб белгиланган. Айни пайтда у пенсионер сифатида пенсия, илгари ишлаган корхонадан меҳнат жароҳати учун маблағ олади, бир вақтнинг ўзида бошқа ташкилотда ишлайди.

Пенсионер бир вақтнинг ўзида пенсия, меҳнат жароҳати учун маблағ ола туриб, яна ишлаши мумкинми?

В.С. Тошкент ш.

 

Ҳа, пенсионер бир вақтнинг ўзида пенсия, меҳнат жароҳати учун зарар қопламини олиши ва меҳнат фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Иш ҳақи ёки унинг бир қисми тўланаётганда, жароҳат олиши туфайли тайинланган ногиронлик пенсиялари, шунингдек меҳнат жароҳати олгунга қадар ва ундан кейин тайинланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа шунга ўхшаш тўловларнинг бошқа турлари етказилган зарарни тўлашда ҳисобга олинмайди. Шунингдек жабрланувчининг жароҳат олгандан кейинги иш ҳақи ҳам зарарни тўлашда ҳисобга олинмайди (Қоидаларнинг 11-банди, ВМнинг 11.02.2005 йилдаги 60-сон қарорига 1-илова).

 

 

 

Ижобий ва салбий томонлари

 

Пенсия ёшидан кейин пенсияга чиққан фойдалироқми?

Ковалёва. Тошкент ш.

 

– Ҳозирги шароит фуқароларни кечроқ пенсияга чиқишга доим рағбатлантира олмайди. Аслида у ҳар бир тўлиқ йил учун пенсияни ҳисоблаб чиқаришда олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1%и миқдорида пенсия оширилишини кафолатлайди. Бироқ, айтайлик, фуқаронинг пенсияси 1 млн сўмни ташкил этса, белгиланган муддатдан бир йил кейин пенсияга чиққанда йўқотиш 12 млн сўмни ташкил этади. Бунда 1 йил кейин пенсияга чиққанда пенсия бир йилда кўпи билан 243,3 минг сўмга ошади. Фойда бой берилиши тайин, уни компенсациялаш учун ўн йиллаб вақт кетади.

Бошқа мамлакатларда, айниқса ЕИ мамлакатлари, АҚШ, Белоруссияда кечроқ пенсияга чиқиш пенсиянинг фойдали шартларда оширилиши билан компенсацияланади. Масалан, ҳар бир тўлиқ йил учун пенсия миқдори уни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 2%идан 10%игача оширилади.

Пенсияга кечроқ чиққанда етишмаётган иш стажига эга бўлиш ёки ўртача ойлик иш ҳақини ошириш (кўпроқ ҳақ тўланадиган ишда ишлашда давом этган ҳолда) имкони бўлади.

Ўзбекистон Республикасида ишловчи пенсионерларга тўлиқ миқдорда пенсия тўланиши инобатга олинса, бир вақтнинг ўзида пенсия ва иш ҳақи олиш фойдали бўлади.

Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилиб, мавжуд ҳужжатлар асосида пенсия миқдорини қанча бўлишини ҳисоб-китоб қилиб кўриш мумкин.

 

 

Отамга қандай ёрдам берай

 

Отам кўп йил (қарийб 15 йил) Тожикистонда ишлаган. ПЖ бўлимига мурожаат қилганда меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни ҳужжатлар билан тасдиқлашни сўрадилар. Душанбега ёзма сўровлар юборилди, бироқ жавоб келмади.

Бу ҳолда нима қилиш мумкин?

Н.Муҳамедов. Тошкент ш.

 

– Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонасига ёрдам сўраб мурожаат қилиш мумкин.

Бир вақтнинг ўзида меҳнат дафтарчасидаги 1992 йил 13 мартгача бўлган иш стажи тўғрисидаги ёзувлар қонун ҳужжатларини бузмаган ҳолда қайд этилган бўлиб, шубҳа туғдирмаса, Пенсия жамғармаси бўлимлари пенсияни ҳисоблаб чиқаришда иш стажи сифатида ушбу ёзувларни ҳисобга олиш тўғрисида қарор қабул қилишлари, Тожикистон Республикасидан тасдиқнома олингандан кейин эса уни тайинлаш шартларини қайта кўриб чиқишлари мумкин.

1992 йил 13 мартда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар фуқароларининг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқларини кафолатлаш тўғрисида Битим имзоланган. Ушбу санагача меҳнат фаолияти даври Ўзбекистон Республикасидаги меҳнат фаолияти сифатида, кейин эса бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда ҳисобга олинади (252-сон Низомнинг 35-банди). 2019 йил 1 январдан кейин ишланган давр учун – меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида ҳисобланган барча даромадлар (24.12.2018 йилдаги ­ЎРҚ-508-сон Қонун).

 

 

Рўйхатда қайд этилмаган

 

Тўртта ва ундан ортиқ боласи бор аёлларнинг пенсиясига устама ҳақ тўлаш назарда тутилганми?

Дилором Э.

 

Афсуски, йўқ. Пенсияга устама ҳақлар «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддасида назарда тутилган. Улар ногиронлиги бўлган шахслар, алоҳида хизматлари бўлган шахслар, ёлғиз пенсионерлар ва бошқалар (10 дан ортиқ тоифа) учун белгиланган. Тўртта ва ундан ортиқ боласи бор оналар фуқароларнинг ушбу тоифаларига кирмайди.

 

 

Ҳамма гап бадалларда

 

10 йил давомида чет элдаги хорижий компанияда ишлаганман. Пенсияни ҳисоблашда бу қандай акс этади?

П.Н. Тошкент ш.

 

– Ушбу даврда суғурта бадаллари тўланмаган бўлса, у ҳолда бу вақт (тегишинча, ушбу даврдаги иш ҳақи ҳам) пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқариш чоғида инобатга олинмайди. Шу сабабли Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш лозим.

Бунинг учун яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига уларни тўлаш тартиби юзасидан тушунтириш беришларини сўраб мурожаат қилиш зарур (Низом, ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова).

 

 

Танлашингиз мумкин

 

Тошкент шаҳрида вақтинча прописка қилинганман (болали қизимга ёрдам бераяпман). Термиз шаҳрида доимий яшайман.

Пенсиямни қизимнинг яшаш жойига ўтказиб беришларини сўрашим керакми ёки доимий прописка қилинган жойимда кимдир уни ишончнома асосида олиши мумкинми?

А.Абдувалиева.

 

Пенсия фақат доимий прописка қилинган жой бўйича тўланади. Доимий прописка қилинган жойда яшамаётган бўлсангиз, пенсияни қуйидагича олишингиз мумкин:

а) банк пластик карточкаси орқали – бу ҳолда ҳар 6 ойда пенсия тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига шахсан келиб, пенсия олиш ҳуқуқини тасдиқлашингиз зарур ­(252-сон Низомнинг 158-банди);

б) ишончнома бўйича – Пенсия жамғармаси бўлимларидан бирига ҳар 12 ойда камида 1 марта келиб, пенсияга бўлган ҳуқуқингизни тасдиқлашингиз керак (252-сон Низомнинг 160-банди).

 

Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Кимга ижтимоий кўмак бериш зарур

 

Ташкилотимиз мактабгача ва умумий таълим соҳасида хизматлар кўрсатади. Президентнинг 15.09.2017 йилдаги ПҚ-3276-сон қарорига мувофиқ ташкилотимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг иқтидорли фарзандларини жами ўқувчилар умумий сонининг 10%идан кам бўлмаган миқдорда бепул ўқитиш назарда тутилган.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга қандай оилалар киради? Қандай норматив ҳужжатга мувофиқ иш юритайлик?

 

– Ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга:

♦ кам таъминланган оилалар;

♦ оила аъзолари ногирон бўлган оилалар;

♦ боқувчисини йўқотган оилалар;

♦ боланинг ота-онаси квоталар бўйича минтақаларга тақсимланган ижтимоий соҳа ходимлари бўлган оилалар киради (Низомнинг 2-банди, 5.04.2018 йилдаги ПҚ-3651-сон қарорга 1-илова).

 

Альберт Сафин, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Янгиликлар

 

Пенсия банк картасига: бу нима учун қулай

 

Ягона умумреспублика процессинг маркази ва «Халқ банки» пенсия карталаридан фойдаланишга доир янги имкониятларни жорий этди, дея хабар беради ЯУПМ.

 

«Халқ банки» картаси пенсионер истагига кўра очилади. Унинг соҳиби бошқа турдаги карталар билан солиштирганда бир қатор афзалликларга эга бўлади:

биринчидан, карточка бепул очилади;

иккинчидан, пенсия белгиланган муддатда автоматик равишда туширилади;

учинчидан, «Халқ банки»га қарашли банкоматлар ва кассалар орқали пул маблағларини нақдлаштиришда воситачилик ҳақи ундирилмайди;

тўртинчидан, пенсия картасида 3 ЭКИҲ миқдорида овердрафт амал қилади (овердрафт – қарз олувчи мижоз ҳисобрақамида етарлича маблағ бўлмаган ҳолатда банк томонидан кредит ажратилиши). Пенсия келиб тушишидан олдин ҳар ой ундан фойдаланиш мумкин. Овердрафт кредитнинг амал қилиш муддати 12 ойни ҳамда ойлик фоиз ставкаси 1,33%ни ташкил этади. Пенсия картасининг соҳиби сўралган пул миқдорини карта ҳисобига қабул қилиши ҳамда ундан ўз ихтиёрига кўра фойдаланиши мумкин.

 

 

 

Ижтимоий ҳимояни рақамлаштириш

 

1 июндан бир қатор давлат органлари ва ташкилотлари Электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотларни узатиш тармоғига уланди.

 

Бу «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига реал вақт режимида киришни таъминлайди. Мазкур босқичда тизим ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнида қатнашувчи турли органлар ўртасида электрон форматдаги 17 та «ўзаро ҳамкорлик линияларини» таъминлайди. Масалан, «Пенсия жамғармаси – ДСҚ», «Мактабгача таълим вазирлиги – Пенсия жамғармаси» ва ҳ.к.

1 октябрдан бошлаб ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлашнинг бундай тизими Сирдарё вилоятида «пилот» режимида ишлай бошлайди. 2020 йил февралда бутун мамлакатда ундан тўлақонли фойдаланила бошлайди.

 

Олег Заманов.

 

Буни билган маъқул

 

Ишлаш учун чет элга кетиш олдидан

 

Чет элда ёлланиб ишлайдиган шахснинг Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш тартиби

 

Чет элда ёлланиб ишлайдиган шахслар бошқа давлатда ишлаган ҳар бир ой учун Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини ихтиёрий равишда тўлайдилар.

Чет элда бўлиш даври қуйидаги ҳужжатлар билан тасдиқланади:

♦ меҳнат дафтарчаси;

♦ паспорт (Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисида белги қўйилган);

♦ кўрсатилган шахс бошқа давлатда бўлган даври ва консуллик ҳисобига қўйилганлиги ҳақида ахборот қайд этилган Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг ҳужжатлари.

Чет элга ишлаш учун кетаётган шахс доимий яшаш жойидаги солиқ органида солиқ тўловчи сифатида, унга СТИР берган ҳолда ҳисобга қўйилади.

Олмоқчи бўлган пенсия миқдоридан келиб чиққан ҳолда Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари миқдорини мустақил равишда, бироқ йиллик иш ҳақининг 4 ЭКИҲдан кам бўлмаган миқдорда белгилаш мумкин.

Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини:

♦ ҳар ойда ёки ҳар чоракда;

♦ Ўзбекистонга келгач, келган кундан бошлаб 3 ой ичида бир йўла тўлаш мумкин.

Миллий валютадаги бадаллар Пенсия жамғармасининг тегишли даромад транзит счётларига мустақил равишда, оила аъзолари ёки ишончли вакил томонидан тўланади.

Чет эл валютасида (бошқа давлат ҳудудидан) – Пенсия жамғармасининг махсус валюта счётларига ва тўлов кунидаги Ўзбекистон Республикаси МБ курси бўйича миллий валютага қайта ҳисобланади.

Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш тўхтатиб қўйилганда Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган сўнгги санадан эътиборан пенсия тайинлаш учун олинадиган иш стажини ҳисоблаш тўхтатиб қўйилади.

Тегишли ой учун Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари суммаси белгиланган суғурта бадали миқдоридан кам бўлган даврда ушбу давр учун пенсия тайинлаш мақсадида олинадиган иш стажи зарур сумма қўшимча киритилган тақдирдагина ҳисобга олинади.

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

 

Прочитано: 596 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика