Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 23 / Табиат ва биз

Кўчатни охиригача экиб қўй

 

Қадим удумларимизда сувга тупурма, сувга супурма, деган нақл бўлган. Замонавий тил билан айтганда, экологик муаммоларнинг бутун ечими шу бир оғиз сўзга жо бўлгандек гўё.

 

Ҳозирги экологик муаммолар ҳақиқатан ҳам бонг уришга арзийдиган муаммолар ҳисобланади. Айниқса иқлим ўзгариши натижасида юз бераётган табиий офатлар жаҳон ҳамжамияти томонидан энг глобал таҳдидлардан бири, деб тан олинган. Бутунжаҳон метеорология ташкилоти маълумотига кўра, бугунги кунгача глобал ҳарорат 1880 йилдаги даражадан 1°C га ортган. Ўзбекистонда худди шу давр учун ўртача йиллик ҳаво ҳарорати 1,6°С га кўтарилганлигини олимлар қайд этади.

Иқлим ўзгариши — глобал исиш даражаси дунёдаги саноат заводлари, транспорт, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларнинг атмосферага чиқараётган газ чиқиндиларига боғлиқдир. Ер юзидаги газ чиқиндиларининг 25 фоизи АҚШдан чиқиши кузатилган.

Президентимиз ўзининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизнинг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш борасида белгилаб берган вазифалари орасида экологик хавфсизлик, сув ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда табиатни асраб-авайлаш, иқлимни яхшилаш борасида йўл қўйилган хатоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Бу йўналишда алоҳида махсус дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқилган ва амалиётга татбиқ этиляпти. Масалан, Орол денгизининг ҳалокати даражасини пасайтириш, атрофидаги экологик вазиятни ўнглаш, зарарли ва заҳарли воситалардан эҳтиёткорлик билан меъёрида фойдаланиш йўлга қўйилди. Мелиорация ва суғориш, тозалаш иншоотлари ишлари тартибга солинди. Сув омборлари, шаҳарлардаги тизимлари, ёмғирлатиш шўр ювиш ва ерларни қуритиш, сунъий саноат корхоналари фаолияти такомиллаштирилиб, уларни ва турар жойларни оқилона жойлаштириш, аҳолига қулайликлар яратиш, дарахтзор ва ўрмонзорларни кенгайтириш, булут ва туманни ҳайдаш усулларини қўллаш тадбирлари кучайтирилди.

Асримизнинг яна бир муаммоси аҳоли сонининг ортиб кетишида кўринади. Зеро, XX асрнинг иккинчи ярмида курраи замин аҳолиси 3 млрд дан 6 млрд гача ортди. Башоратларга қараганда, 2040 йилга бориб бу рақам 9 млрд кишига етади. Бундай суръатлар ер юзида озиқ-овқат, сув ва энергия қувватининг танқислигига олиб келади.

Экологик муаммолардан навбатдагиси озон қатламининг емирилиши ҳисобланади. Бу табиий офат оқибатида курраи замин устида ультрабинафша нурлари кўпаяди. Масалан, ҳозирги вақтга келиб, табиий иқлими мўътадил бўлган кўплаб мамлакатларнинг озон қатлами 10 фоизгача емирилган, бу эса инсон саломатлигига катта зарар етказади, тери саратони, кўз хасталикларига олиб келиши мумкин. Бу муаммо қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам мислсиз зиён етказади.

Инсониятнинг биологик захиралардан палапартиш фойдаланиши, атроф-муҳитни ифлослантириши биологик хилма-хилликнинг йўқолиб боришига ҳам олиб келмоқда.

Бу муаммоларни ҳал қилишнинг бир қанча йўллари бор, албатта. Биринчи навбатда инсон ўзининг табиатга бўлган муносабатини ўзгартириши керак. Худо инъом этган неъматларни омилкорлик билан, исрофга йўл қўймасдан истифода этиши лозим.

Қолаверса, ўзимизнинг амалий хатти-ҳаракатларимиз билан табиий захираларни ҳимоя қилишимиз зарур. Масалан, ҳадиси шарифларда қиёмат келиб қолганини билсанг ҳам қўлингда экиш учун олган дарахтингни экиб қўй, деб бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, кўчат экиш динимизда ҳам, халқимиз орасида ҳам хайрли амаллардан ҳисобланади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида давлат ўрмон фондининг ерлари 5,3 фоиздан ошмаган бўлса, 2016 йил охиридан бошлаб ўрмон хўжалиги соҳасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди, улар натижасида мамлакатда ўрмон фондининг ер майдонлари ҳажми сезиларли даражада ўсди. Ҳозирги кунда мазкур кўрсаткич 25,2%ни ташкил этмоқда. Орол денгизининг сувсиз ҳудудида жорий йилда яна 500 минг гектар ўрмонзор барпо этилиши мўлжалланган.

Демак, табиатни сақлаб қолиш, келажак авлодга бус-бутун етказиш учун ҳаракатни биз бугундан бошлашимиз керак экан.

 

М.Абдуллаева, Ш.Абдуазимова,

1-Республика тиббиёт коллежи ўқитувчилари.

Прочитано: 553 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика