Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 23 / Паспорт масалалари

Хитойлик мутахассис учун

 

Корхона (умумбелгиланган солиқларни тўловчи) балансида яқинда қуриб битказилган турар жой комплексидаги яшаш учун мўлжалланган квартира бор. Корхона мутахассиси бўлмиш Хитой фуқаросиЎзР резидентини ва унинг турмуш ўртоғиЎзР норезиденти бўлган Хитой фуқаросини унда пропискадан ўтказиш мумкинми?

Корхона яшаш учун мўлжалланган квартирани ижарага бериш шартномасини тузиши керакми ёки керак эмасми?

О.Мираминов, корхона раҳбари.

 

Корхона раҳбари балансдаги хизмат квартирасида чет эл фуқароси ва унинг оила аъзоларини доимий пропискадан ўтказиш тўғрисидаги илтимоснома билан ички ишлар органларига мурожаат қилишга ҳақли.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар доимий яшаш учун рухсатномага ва яшаш гувоҳномасига эга бўлсалар, Ўзбекистон Республикасида доимий яшашлари мумкин. Бунинг учун чет эл фуқароси вақтинча пропискадан ўтган жойи бўйича туман (шаҳар) ички ишлар бошқармасининг (бўлимининг) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига (МФРБ) мурожаат қилиши (Низомнинг 6, 7-бандлари, ВМнинг 22.10.2018 йилдаги 845-сон қарорига 2-илова) ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:

♦ 2 нусхада ариза-анкета;

♦ чет эл фуқаросининг паспорти ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжати;

♦ уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) уй-жой майдони бериши тўғрисидаги аризаси;

♦ уй-жой ҳужжатларининг асл нусхаси (нусхалари олиниб, асли қайтариб берилади);

♦ никоҳ тузилганлиги, бола туғилганлиги, ота-оналар вафот этганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар, шунингдек васийлик ёки ҳомийликни тасдиқловчи ҳужжатлар (нусхалари олиниб, асли қайтариб берилади);

тегишли давлат ҳокимияти органи, давлат ёки хўжалик бошқаруви органи, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилоти раҳбарининг илтимосномаси.

Давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этиладиган юқори малакали мутахассислар, тор ихтисосликдаги мутахассислар тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг илтимосномасига кўра, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари) мазкур шахслар лавозимда турадиган даврга доимий прописка қилиниш ҳуқуқига эга бўладилар (28.08.2018 йилдаги ПҚ-3924-сон қарор билан тасдиқланган Рўйхатнинг 6-банди);

♦ ҳужжатларни кўриб чиққанлик ва расмийлаштирганлик учун ЎзР Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда йиғим тўланганлиги ҳақидаги квитанция;

♦ 35 х 45 мм ўлчамдаги 2 дона фотосурат.

Шу тариқа, корхона раҳбари МФРБга илтимоснома билан мурожаат қилганда, унда ишга таклиф этилган Хитой фуқаросининг, шунингдек Хитой фуқароси бўлмиш турмуш ўртоғининг Ф.И.О.ни кўрсатади, у ерда ижара шартномасини тузмасдан чет эллик фуқарони ушбу корхонада лавозимда турадиган даврда корхонага тегишли хизмат квартирасида доимий пропискадан ўтказиш масаласи кўриб чиқилади.

 

Ўзбекистонга қандай келиш мумкин

 

Мен фуқаролиги бўлмаган шахсман, айни пайтда Америкадаман, лекин Ўзбекистонда доимий пропискадан ўтганман. 2018 йилда фуқаролиги бўлмаган шахслар учун ҳаракатланиш ҳужжатининг муддати тугади (фарзандли бўлганим сабабли олдинроқ кела олмадим). Ўзбекистонда яшаш гувоҳномамни йўқотмаганман.

Ўзбекистонга қандай келсам бўлади?

Бунинг учун АҚШ фуқаролигини олгунимча кутишим зарурми?

Лайло Х.

 

– Ўзбекистонга келиш учун АҚШ фуқаролигини олишни кутишингиз шарт эмас. АҚШдаги Ўзбекистон Республикаси Элчихонасига мурожаат қилиб, қайтиш учун сертификат олишингиз лозим (АВ томонидан 17.06.1998 йилда 448-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 4-банди).

Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасасига аризада фуқаролиги бўлмаган шахснинг фамилияси, исм-шарифи, туғилган санаси ва жойи, Ўзбекистонда доимий яшаш манзили, паспорти ёки гувоҳномасининг серияси ва рақами, берилган санаси, кўрсатилган ҳужжатларни берган орган, уларнинг амал қилиш муддати, шунингдек Ўзбекистонда яшайдиган яқин қариндошларингиз ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади. Аризага 3 х 4 см ўлчамдаги 3 дона фотосурат илова қилинади ва зарурат бўлганда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

♦ хорижий мамлакатнинг ваколатли органлари томонидан бериладиган шахсни тасдиқловчи ҳужжат йўқолганлиги ёки ўғирланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

♦ туристик гуруҳ раҳбари ёки хорижий мамлакатдаги Ўзбекистон Республикаси вакилининг тасдиқномаси;

♦ ариза берувчи ўқиётган, даволанаётган ёки хизмат сафарида бўлган тегишли ташкилотнинг тасдиқномаси;

♦ хорижий мамлакат ваколатли органининг мазкур шахс консул бўлган мамлакатга кирганлиги ҳақидаги тасдиқномаси;

♦ фуқаролиги бўлмаган шахснинг паспорти ёки гувоҳномаси мавжуд бўлганда – уларнинг ксеронусхалари.

Ариза берувчининг шахсини тасдиқловчи далиллар етарли бўлмаганда, консуллик муассасаси Ўзбекистон ТИВ Консуллик бошқармасига фотосурат билан бирга шахсни тасдиқлаш тўғрисида сўровнома юборади.

Ижобий жавоб олинса, консуллик муассасаси қайтиш учун сертификат беради (Йўриқноманинг 5-банди).

Қайтиш учун сертификатнинг амал қилиш муддати унинг эгаси Ўзбекистонга кетадиган санага қараб (билет бўйича), бироқ 1 ойдан ошмайдиган муддатга консул томонидан белгиланади (Йўриқноманинг ­8-банди).

Ўзбекистон фуқароси қайтиш учун сертификат бўйича учинчи мамлакатлар орқали транзит ўтган ҳолларда сертификатнинг орқа томонига учинчи давлатларнинг транзит визалари қўйилиши мумкин (Йўриқноманинг 9-банди).

Қайтиш учун сертификат қуйидагиларга берилмайди:

♦ чет эл фуқаролари;

♦ чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (Йўриқноманинг 10-банди).

Келган заҳоти доимий прописка қилинган жойдаги МФРБга мурожаат қилишингиз мумкин, у ерда яшаш гувоҳномангиз ва доимий пропискангиз бекор қилинади (Тартибнинг 18-банди, ВМнинг 21.11.1996 йилдаги 408-сон қарорига 1-илова).

 

Қоидабузарлар эътиборига

 

Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузган чет эл фуқаролари учун қандай жарима санкциялари назарда тутилган?

Д.Ниғматов. Тошкент ш.

 

– Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиши қоидаларини (ВМнинг 408-сон қарорига 2-илова) бузган чет эл фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларини бузган чет эл фуқаросига Ўзбекистонда бўлиш учун унга белгиланган муддат қисқартирилиши мумкин.

Чет эл фуқаросининг Ўзбекистон Республикасида бўлиш муддати унинг бундан буён бўлиши учун асослар ёки маблағлар бўлмаганида ҳам қисқартирилиши мумкин (Қоидаларнинг 20-банди).

Чет эл фуқаросининг Ўзбекистонда бўлиш муддати қисқартирилади ҳамда у қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда республикадан ташқарига чиқариб юборилади (Қоидаларнинг 21-банди).

Чет эл фуқароси ЎзРда бўлиш қоидаларини бузган, яъни Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз ёки ҳақиқий бўлмаган ҳужжатлар билан яшаган, вақтинчалик ёки доимий рўйхатдан ўтиш, ҳаракатланиш ёки яшаш жойини танлаш бўйича белгиланган тартибга риоя қилмаган, бўлиш муддати тугаганидан кейин чиқиб кетишдан бўйин товлаган, республика ҳудудидан транзит ўтиш қоидаларига риоя этмаган ҳолларда Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқариб юборилиб, кейинчалик унинг Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқи 1 йилдан 3 йилгача чекланиши мумкин.

Чет эл фуқароси республика ҳудудида содир этилган жиноят учун суд томонидан белгиланган жазони ижро этиб бўлган ёки ўтаб бўлганидан кейин ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинганидан кейин Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилиб, бундан кейин унинг Ўзбекистонга кириш ҳуқуқи:

♦ катта ижтимоий хавф туғдирмайдиган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этганлик учун – 5 йилга;

♦ оғир жиноятларни содир этганлик учун – 10 йилга;

♦ ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун – умрбод чекланади.

Чет эл фуқаросининг Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқини чеклаш муддати у республика ҳудудидан чиқариб юборилган (Давлат чегарасини кесиб ўтган) пайтдан бошлаб ҳисобланади (Қоидаларнинг 22-банди).

Чет эл фуқаросининг бўлиш муддатини қисқартириш ва уни чиқариб юбориш тўғрисидаги қарорлар ваколатли органлар томонидан қабул қилинади. Чет эл фуқароси ушбу қарорда кўрсатилган муддатда Ўзбекистондан чиқиб кетиши шарт. Бундай ҳолларда чиқиб кетишдан бўйин товлайдиганлар қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбурий тартибда чиқариб юборилиши лозим.

Берилган виза чиқариб юбориш вақтида бекор қилинади (Қоидаларнинг 23-банди).

Ўзбекистон Республикасида бўлиб турган чет эл фуқароларини таклиф қилган қабул қилувчи ташкилотлар ва хусусий шахслар ички ишлар органларига чет эл фуқароларининг республикада бўлиш муддатларини қисқартириш ҳамда уларни чиқариб юборишни илтимос қилишлари мумкин (Қоидаларнинг 24-банди).

Хизмат, шахсий, савдо ёки жамоат ишлари бўйича, ўқиш, малака ошириш, ишлаш учун ёки туристлар сифатида келган чет эл фуқароларини чиқариб юбориш харажатлари Ўзбекистондан чиқариб юборилаётган чет эл фуқароларини таклиф қилган қабул қилувчи ташкилотлар ва хусусий шахслар зиммасида бўлади.

Бошқа чет элликларни, шу жумладан Ўзбекистонда доимий яшайдиган чет эл фуқароларини чиқариб юбориш харажатлари ички ишлар органлари зиммасида бўлади (Қоидаларнинг 25-банди).

Чет эл фуқароси чиқариб юбориш ва бўлиш муддатини қисқартириш тўғрисидаги қарор юзасидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва асосда шикоят қилиши мумкин (Қоидаларнинг 26-банди).

 

Отасининг розилиги керак

 

Онаси билан Россияга меҳмонга кетаётган вояга етмаган болалар учун отасининг нотариал тасдиқланган розилиги талаб этиладими? Болаларда онаси кузатиб бориши ҳақида штамп босилган паспорт бор.

Наталия Р. Тошкент ш.

 

– Ота-оналардан бири фарзанди билан чет элга сафарга чиқиши учун иккинчисининг болани олиб чиқиб кетишга нотариал тасдиқланган розилиги бўлиши шарт (Низомнинг 18-банди, 26.12.2018 йилдаги ПҚ-4079-сон қарорга 1-илова). Кўрсатилган янгилик «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ қабул қилинган, унда айтилишича, ҳар бир бола ғайриқонуний кўчирилишдан ва чет элдан қайтарилмасликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Чет элга сафарлар фақат ота-онанинг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

 

Истисно тариқасида

 

Суд орқали Тошкентдаги пропискадан чиқарилган шахс Россияда эди. Ҳозир Ўзбекистонга қайтди, паспортини йўқотиб қўйди.

Тошкентда паспортини тиклай оладими?

Аюпов К.

 

– Хорижга доимий яшаш учун белгиланган тартибда чиққан, аммо Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасасида консуллик рўйхатида турмаган ва Ўзбекистонда бўлган пайтида паспортини йўқотиб қўйган фуқаролар сўнгги доимий рўйхатда турган жойларидаги маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат этадилар.

Аризачининг турар жойи бўлган тақдирда, ички ишлар органлари уни вақтинча рўйхатдан ўтказади, турган жойи бўйича ҳисобга олади ҳамда унга паспорт расмийлаштиради.

Аризачини вақтинча рўйхатдан ўтказиш учун унинг турар жойи бўлмаган тақдирда, ички ишлар органлари ЎзР Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда унга истисно тариқасида паспорт расмийлаштиришлари мумкин (Низомнинг 35-8-банди, 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонга 1-илова).

 

Ўзбекистонда яшаш учун

 

Акам Қирғизистон фуқаросига уйланди, боласи бор. Ҳозир унинг турмуш ўртоғи Ўзбекистон фуқаролигини олмоқчи.

Бунинг учун у нима қилиши, қаерга мурожаат этиши керак?

 

– Акангизнинг турмуш ўртоғи хорижий фуқаро сифатида сўнгги 5 йил Ўзбекистон ҳудудида яшаётган бўлса, доимий истиқомат жойидаги ички ишлар органлари орқали Ўзбекистон Республикасининг Президенти номига фуқароликка қабул қилиш тўғрисида ариза бериши зарур. Унда ЎзР Конституциясини тан олиши, унинг талабларини бажариши ва хорижий фуқароликдан воз кечганлиги тўғрисидаги мажбурият кўрсатилади (20.11.1992 йилдаги ПФ-500-сон Фармон билан тасдиқланган Низомнинг «а» кичик банди ­1-банди).

Фуқаролиги бўлмаган шахснинг мақомини ИИВ ЎзР ТИВ билан биргаликда белгилайди.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

♦ 2 нусхада ариза-сўровнома;

♦ хорижий фуқароликдан чиққанлик тўғрисида гувоҳлик берувчи ҳужжат (фуқаролиги бўлмаган шахслардан ташқари);

♦ 2 нусхада таржимаи ҳол;

♦ кун кечиришнинг қонуний манбалари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат (иш жойидан маълумотнома ёки иш ҳақи, пенсия, нафақа, дивидендлар ва кун кечиришнинг бошқа манбалари кўрсатилган бошқа ҳужжат);

♦ 4 та фотосурат;

♦ 2 нусхада оиласининг таркиби тўғрисида яшаш жойидан маълумотнома;

♦ давлат божи тўланганлиги ёки уни тўлашдан озод қилинганлиги ҳақидаги ҳужжат.

 

Санжар Хўжааҳмедов,

«Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 518 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика