Фирмамиз Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастури лойиҳасини амалга оширишда иштирок этади. Президентнинг 2.05.2017 йилдаги ПҚ-2946-сон қарори 8-бандига мувофиқ, етакчи лойиҳа-қидирув ташкилотлари, жумладан қарор доирасида республика минтақаларида қайтадан ташкил этилаётган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурлари лойиҳаларини амалга оширишда қатнашаётган лойиҳа-қидирув ташкилотлари 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб бўшаган маблағларни моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда мутахассисларнинг малакасини оширишга мақсадли йўналтирилган ҳолда фойда солиғи, асосий фаолият тури бўйича мол-мулк солиғи, ягона солиқ тўлови, шунингдек давлат улуши бўйича тўланадиган дивидендларни тўлашдан 3 йил муддатга озод этилган.
Лойиҳа ташкилотининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга нималарни киритиш мумкин?
– Амалдаги қонун ҳужжатларида «моддий-техника базаси» тушунчаси мавжуд эмас. Умумий қоидага кўра, бу тушунчага корхонанинг ишлаб чиқариш фаолиятида фойдаланиладиган жами маблағлар киритилиши мумкин. Лойиҳа-қидирув ташкилоти билан боғлиқ ҳолатда бўшайдиган маблағларни ташкилотларни техник жиҳозлашга, ўз фаолиятини амалга ошириш учун ускуналар ва бутловчи қисмларни харид қилишга йўналтириш ҳақида сўз бормоқда.
Александр Лобанов, «Norma» МЧЖ эксперти.