Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 20 / Ижтимоий ҳаёт

Заҳари – кони малҳам

 

Дард борки – давоси бор. Инсон асрлар давомида табиий малҳамлар, доривор ўсимликлар, мева-сабзавотлар, жонзоту ҳашаротлар ёрдамида ўзини даволаб келади. Пардақанотлилар туркумига мансуб бўлган асаларилар ана шундай инсон жонига оро кирадиган хилқатдир.

 

Асаларининг мўъжаз вужудида компьютер қурилмасига ўхшаш тизим жо бўлганки, у асаларининг қаерга, неча чақирим масофага учганини хатосиз қайд этиб боради ва уни ҳеч адаштирмасдан яна уясига қайтаради. Асаларининг кўзлари жуда узоқдаги нарсаларни 60 марта катталикда кўрсатувчи мозаик кўриш хусусиятига эга. Ҳид билиш қобилияти бир чақирим узоқликдаги гул ҳидини бошқа ҳидларга аралаштирмасдан қабул қила олади. Ари учганда қанотлари бир сонияда 500 марта ҳаракат қилади. Энг аҳамиятлиси ундан олинадиган асал – шифонинг тимсолидир. Шу туфайли унга «Оила табиби» дея таъриф беришади.

Маълумотларга кўра, йилига ўртача 1,5–2 кг асал истеъмол қилган киши саломатлигидан сира нолимайди. Асал халқ табобати тавсия этадиган шифобахш неъматларнинг подшоҳидир. Ўтмишдаги табиблар асални бежизга «Узоқ умр кўриш малҳами», «Ҳаёт шарбати» деб айтишмаган. Дарҳақиқат, унинг таркибида инсон организмига ўта зарур ва фойдали бўлган юздан ортиқ биологик фаол моддалар бор.

Апитерапия тиббиётнинг асаларичилик маҳсулотлари ва асалари заҳри билан даволашга асосланган самарали усули ҳисобланади. Инсон саломатлиги учун асалнинг ўзи ҳам, прополиси, гул чангининг маҳсулоти, асалари заҳри, асалари сути ва ҳатто асалари инининг тубига тушиб қолган ўлик асаларилар ҳам фойдали саналади. У витаминлар, органик кислоталар, ферментлар ва минерал моддаларга бой маҳсулотдир. Асаб тизимидаги ҳужайраларни тиклаш ва юрак қон-томир касалликларига шифо бўлиш хусусиятига эга.

 

Асал ўзининг шифобахш хусусиятларини йўқотмаслиги учун қоронғу жойда сопол идишга солинган ҳолда 15°С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақланиши лозим.

 

Тоза асал ҳидланган вақтда буруннинг ички шиллиқ қаватида ачишиш пайдо бўладики, бу ҳодиса асаларининг асали ва унинг нишидан чиққан заҳари сўна бошлаган сезгиларни қайта тиклаш хусусиятига эгалигидан далолатдир. Бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ҳам «Тиб қонунлари» китобида жуда кўплаб маълумотларни таъкидлаганлар ва халқ табобатида у узоқ йиллар қўллаб келинган.

Прополис – катта ёшли асаларилар томонидан яратилган елим бўлиб, тиббиётда зарарли бактериялар ва микробларга қарши курашишда ажойиб антисептик воситадир. Стоматологик амалиётларда фаол фойдаланилади. Ҳаттоки тиш ювиш воситаларига ҳам прополис моддаси қўшиб ишлаб чиқарилади. Нафас олиш йўллари касалликларида ҳам самарали таъсир кўрсатади. Прополисни озроқ миқдорда чойга ёки сутли ичимликка қўшган ҳолда қиш, баҳор фаслларида истеъмол қилиш саломатлик учун кони фойда. Гул чанги маҳсулотида кўп миқдорда оқсил моддаси мавжуд. Ундаги аминокислоталар кишидаги ақлий ва жисмоний толиқишни бартараф этади. Масалан, ундаги селен моддаси ҳужайраларнинг қаришини секинлаштиради. Гул чанги маҳсулоти қондаги оқ ва қизил таначалар даражасини ошириб, камқонликка даво бўлади.

Асалари сути — косметологияда фаол қўлланилади, чунки у терининг қаришига қарши курашда самарали восита ҳисобланади. Асалари сути икки соатдан кейин фойдали моддаларининг катта қисмини йўқотади, шу боис у тезда совутилади ёки қуритилади. Ушбу маҳсулотни 1,5-2°С ҳароратда сақлаган маъқул, фақат шундагина у ўзининг шифобахш хусусиятини йўқотмайди. Асалари инининг тубига тушиб қолган ўлик асаларилар таркибида гепарин моддаси бўлиб, у қоннинг қуюлишига тўсқинлик қилади ҳамда кишининг қон айланиш тизимини яхшилайди. Яраларни тузатишда ушбу табиий маҳсулот оғриқни қолдирувчи восита сифатида қўлланилади.

Апитоксин — асалари заҳри бўлиб, у асаб тизими ва радикулит касалликларида даво саналади. Таркибида минерал моддалар, аминокислота ва оқсиллар мажмуаси мавжуд. Заҳардаги мелиттин моддаси қон томирларининг кенгайишига хизмат қилади. У антибактериал восита бўлиб, иситилганда ҳам, музлатилганда ҳам ўз таркибини ўзгартирмайди. Асалари заҳарининг таркибидаги виропин, апизатрон ва бошқа шифобахш моддалар аксарият касалликларни даволаш ва олдини олишда тенги йўқ воситадир. Асалари заҳари бод (ревматизм), неврит ва невралгия каби асаб тизими хасталиклари, кўзнинг баъзи касалликларини даволаш, қон босимини мўътадиллаштирищда самарали ишлатилмоқда. Аммо уни ўзбошимчалик билан қўллаш, болаларни даволашда ишлатиш мумкин эмас. Бу муолажалар махсус шифокор тавсиясига кўра амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Ш.Абдуазимова,

М.Абдуллаева,

1-Республика тиббиёт коллежи «Кимё» фани ўқитувчилари.

 

Прочитано: 4520 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика