Norma.uz

Суғурта бадаллари тўланган бўлса

 

Қариндошлари қишлоқда яшайдиган ўқувчиларимизнинг саволларига ушбу сондаги материаллардан бирида жавоб бердик. «Norma» МЧЖ эксперти деҳқонларга пенсия тайинлаш қоидалари ҳақида гапириб берди.

Пенсия қонунчилигига қандай ўзгартиришлар киритиш режалаштирилаётгани, болаликдан ногирон болалар учун қандай қилиб нафақа олиш ва бошқалар ҳақида ҳам билиб оласиз

 

Агар экспертларга саволингиз бўлса, уларни norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» сервисига йўлланг.

 

 

Расмий жавоб

 

Суғурта бадаллари тўланган бўлса

 

Амаким бир умр ижодий иш билан машғул бўлди. У Ўзбекистон Рассомлар уюшмаси аъзоси. Расман 8 йил безатувчи рассом бўлиб ишлаган. Қолган вақт, ҳанузгача устахонасида ишлайди. Келаси йили пенсияга чиқиши керак.

Унга пенсияни қандай ҳисоблайдилар?

Геннадий Ж. Тошкент ш.

 

– Ижодий фаолият билан машғул ходимларнинг иш стажини, башарти улар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлсалар, ижодий уюшмаларнинг бошқарувлари ана шу муаллифнинг асари эълон қилинган ёки биринчи марта жамоат олдида ижро ёки намойиш этилган кундан эътиборан белгилайдилар («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси «а» банди).

Ижодий уюшмалар аъзолари ҳисобланмаган бошқа ижодий ходимлар ижодий фаолиятини тасдиқлаш учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш даври тўғрисидаги маълумотномалар тақдим этадилар (Низомнинг 61-банди, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига ­1-илова).

Амакингизда камида 7 йил иш стажи мавжуд эканлигини инобатга олиш лозим, бу ҳолда бор стажга мутаносиб миқдорда пенсия тайинланади (Қонуннинг 8-моддаси).

 

Маълумот учун!

Битим қатнашчилари бўлган давлатларнинг фуқаролари ва уларнинг оила аъзолари ПЕНСИЯ ТАЪМИНОТИ улар ҳудудида яшаётган ДАВЛАТ ҚОНУНЧИЛИГИГА МУВОФИҚ амалга оширилади.

 

 

Ҳуқуққа эга

 

Нима сабабдан пенсияни расмийлаштириш учун охирги 10 йилдаги эмас, балки бутун меҳнат фаолияти давомидаги иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномалар талаб қилинади?

Р. Мадиминова.

 

– Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади (Қонуннинг 31-моддаси).

Пенсия тайинлаш учун аризага иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома илова қилиниши керак (Низомнинг ­12-банди). Қайси давр учун эканлиги кўрсатилмаган. Фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланади (Қонуннинг 37-моддаси «а» банди). Суғурта бадаллари тўланганлиги далили эса ташкилотлар ва архивлар томонидан бериладиган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномалар билан тасдиқланади (Низомга 12, ­13-иловалар).

Меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланишига қарамай, афсуски, ундаги ёзувлар стажга қўшиб ҳисобланадиган фаолият даврларини доим ҳам тўлиқ акс эттиравермайди. Масалан, иш ҳақи сақланмайдиган таътил, ҳомиладорлик ва туғиш таътили, болаларни 2 ёки 3 ёшга тўлгунгача парваришлаш таътили, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври, шунингдек қонун ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини ҳисоблаш ва ушлаб қолиш мажбурияти юклатилмаган иш берувчида ишлаш даврларини.

Шуни ҳам инобатга олиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари корхоналар, ташкилотлар ва айрим шахслардан тегишли ҳужжатларни талаб қилиш, зарур ҳолларда эса, уларнинг берилиши асослилигини текшириш ҳуқуқига эгадирлар (Қонуннинг ­43-моддаси).

 

 

Ишлаб туриб тўлайверинг

 

Чет элда ёлланган ҳолда ишлайман.

Ишлаётган мамлакатимдан хорижий валютада бадалларни тўласам бўладими? Агар шундай қилишим мумкин бўлса, бунинг учун нима қилишим керак?

Р.Д.

 

– Ҳа, Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини хорижий валютада (бошқа давлат ҳудудидан) Пенсия жамғармасининг махсус валюта ҳисобрақамларига тўлашингиз мумкин. Ушбу маблағлар тўлов санасига Ўзбекистон Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютага қайта ҳисоблаб чиқилади (Низом, ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова).

 

 

Қанча маълумотнома керак?

 

Темир йўлда оператор бўлиб ишлайман.

Имтиёзли шартларда пенсия олишим учун қандай тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишим керак?

В.К. Қарши ш.

 

– Темир йўл ходимлари белгиланган ёшни 5 ва 10 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга. Бу мазкур соҳадаги қандай ишларда банд бўлганликларига боғлиқ. Мурожаатингизда ихтисослигингиз қайси бандлик тоифасига киришини кўрсатмагансиз. Зеро Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхатларда касблари назарда тутилган ходимлар имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар (Қонуннинг 9-моддаси; 1, 2, 3-рўйхатлар, ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган).

Ходимларнинг айрим тоифалари учун белгиланган имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини тасдиқлаш учун (масалан, ишларнинг қизғин участкаларида ёки қизғин ишларда бандлик тўғрисида, муайян моддалар ёки хавфлиликнинг муайян даражаларига кирадиган зарарли моддалар билан ишлаш тўғрисида, ерости ишларида бандлик тўғрисида, ишларни муайян усулда бажарганлик тўғрисида, муайян жойда ишларни бажарганлик тўғрисида ва шу кабилар), махсус стажни тасдиқлаш мақсадида 252-сон Низомга 11-иловага мувофиқ шакл бўйича ташкилотнинг (ташкилотнинг СТИРини кўрсатган ҳолда) аниқлаштирувчи маълумотномалари қабул қилинади (252-сон Низомнинг 70-банди).

2-сон Рўйхатнинг I қисми ва 3-сон Рўйхатнинг I қисмида кўзда тутилган ишчилар, касблар ва лавозимлар имтиёзли шартларда ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқидан, агар уларнинг меҳнат шароитлари ушбу рўйхатларда кўрсатилган шартларга (кўрсаткичларга) мос бўлса, фойдаланиши ҳам инобатга олинади. Ушбу мослик ташкилотларда иш ўринларининг аттестацияси натижалари билан қонунчиликда ўрнатилган тартибда тасдиқланиши лозим (АВ томонидан 12.03.2012 йилда 2337-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 5-банди).

Бошқача айтганда, имтиёзли шартларда пенсия олиш учун қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишингиз зарур:

♦ махсус иш стажини;

♦ иш вақти давомийлиги нормаларига қўйиладиган талабларга риоя этилганини.

 

Абдурашид Исмоилов,

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

 

 

Экспертга савол

 

Деҳқон учун пенсия

 

Қариндошлари қишлоқда яшайдиган ўқувчиларимизнинг саволларига ушбу материалда жавоб бердик. «Norma» МЧЖ эксперти Зафаржон Хўжаев деҳқонларга пенсия тайинлаш қоидалари ҳақида гапириб берди.

 

– Киши қишлоқ жойда яшаб, доим қишлоқ хўжалигида банд бўлади – қорамол, сабзавот, мева ва ҳ.к. етиштиради. У қандай ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади?

– Ўзбекистоннинг барча фуқаролари қатори, шахсий ёрдамчи хўжаликларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (деҳқончилик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотлари) етиштириш билан шуғулланадиган кишилар:

♦ 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган тақдирда;

♦ 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – ягона ижтимоий тўлов тўлаган тақдирда пенсия таъминотига ҳақли бўладилар («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси).

 

– У бунинг учун қандай ҳужжатларга (меҳнат дафтарчаси, маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар ва ҳ.к.) эга бўлиши керак? 

– Одатда, ўз томорқаларида ишловчиларда меҳнат дафтарчалари бўлмайди. Шу сабабли улар яшаш манзили бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилганда:

♦ солиқ органлари томонидан берилган СТИР расмийлаштирилганлиги тўғрисида маълумотнома нусхаси;

♦ паспорт нусхаси;

♦ меҳнат ва жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси (агар мавжуд бўлса);

♦ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини (деҳқончилик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотлари) етиштириш билан бандлиги тўғрисида маълумотномани тақдим этишлари керак (Низомнинг 19-банди, ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова).

 

 

– Қишлоқ хўжалиги ишлари билан банд бўлган кишиларнинг меҳнат стажи ва иш ҳақи қандай ҳисобга олинади?

– Бундай ходимларга:

♦ 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – бир йилда ЭКИҲнинг камида 4,5 баравари миқдорида суғурта бадаллари тўланган тақдирда;

♦ 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – бир йилда ЭКИҲнинг камида 1 баравари миқдорида ягона ижтимоий тўлов тўланган тақдирда, пенсия тайинлаш учун иш стажига тўлиқ календарь йили қўшиб ҳисобланади (Солиқ кодексининг 311-моддаси; 252-сон Низомнинг 46-банди).

Бундан ташқари, пенсия тайинлаш чоғида суғурта бадаллари ва ЯИТ тўланган иш стажи камида 7 йилни ташкил этиши керак (Қонуннинг 8-моддаси).

 

– Пенсия тайинлаш пайтида муайян имтиёзлар қўлланадими?

– Афсуски, юқорида айтилганларидан ташқари, бошқа қўшимча имтиёзлар назарда тутилмаган.

 

– Қишлоқда ишловчи киши келгусида пенсия олиш учун қандай тадорик кўриши зарур?

– Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари (1.01.2019 йилгача) ва ЯИТни (1.01.2019 йилдан кейинги давр учун) ўз вақтида ва белгиланган миқдорларда тўлаб бориши лозим.

Шуни ёдда тутиш керакки, суғурта бадалларининг энг кам миқдори ва ЯИТ тўлаш иш стажини ҳисоблаш ҳуқуқини беради. Бироқ кўпроқ пенсия олиш учун уларнинг миқдори камлик қилади.

 

МИСОЛ. 2019 йилда 1 ЭКИҲ миқдорида ЯИТ тўланган тақдирда 2019 йилда йиллик даромад 1 689 416,67 сўмни (202 730 х 100 / 12) ташкил этади, бунда 12% – фермер хўжаликлари учун ЯИТ ставкаси.

Бунда ўртача ойлик иш ҳақи 140 784,7 сўмга (1 689 416,67 / 12) тенг бўлади.

2019 йил 1 январдан пенсияни ҳисоблаш учун 10 ЭКИҲдан ортиқ бўлмаган ўртача ойлик иш ҳақи, яъни 2 027 300 сўм қабул қилинади. Тегишинча, ўртача ойлик иш ҳақи ушбу суммага мос келиши учун тўланадиган бадал миқдорини ошириш лозим.

10 ЭКИҲ тўланса, йиллик даромад 16 894 166,67 сўмни (2 027 300 х 100 / 12) ташкил этади.

Бунда ўртача ойлик иш ҳақи 1 407 847,22 сўмга (16 894 166,67 / 12) тенг бўлади.

15 ЭКИҲ тўланса, у ҳолда йиллик даромад 25 341 250 сўмни (3 040 950 х 100 / 12) ташкил этади.

Бунда 2 111 770,83 сўм (25 341 250 сўм / 12) ўртача ойлик иш ҳақи оламиз.

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар

 

Аҳолига ижтимоий ёрдам бериш автоматлаштирилади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 13.04.2019 йилдаги 308-қарори билан идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни қўллаган ҳолда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди.

 

Давлат томонидан ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасига бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси унинг эгаси ва фойдаланувчиси ҳисобланадиган «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими жорий этилмоқда. Унинг ёрдамида аҳолига ёрдам бериш тартиб-таомиллари автоматлаштирилади ва ижтимоий хизматлар олиш учун мурожаат қилувчилар ва олувчилар тўғрисида ягона маълумотлар базаси шакллантирилади.

Бундан ташқари, тизим қуйидагиларни назарда тутади:

♦ аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдамнинг барча турлари тўғрисидаги маълумотларни жамлаш ва таҳлил қилиш;

♦ оилаларнинг эҳтиёжмандлиги даражасини ва ариза берувчиларнинг белгиланган мезонларга мувофиқлигини реал вақт режимида баҳолаш;

♦ манфаатдор ташкилотларга Тизимдан зарур ахборотни бериш.

Тизимга тасдиқланган рўйхат бўйича давлат органлари ва ташкилотлари маълумотлар базаларига онлайн-кириш тақдим этилади. Шу ернинг ўзида идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик орқали айирбошланадиган маълумотлар кўрсатилган.

Маълумотлар базалари мавжуд бўлмаган давлат органлари уларни шу йил охиригача шакллантирадилар. Бу вақтга қадар Тизим Идоралараро интеграция платформаси орқали сўровга мувофиқ улардан ахборот олади.

Тизим босқичма-босқич 2019–2020 йилларда тасдиқланган Чора-тадбирлар режасига асосан жорий этилади.

 

Янги Тизимни синаш Сирдарё вилоятида бошланади

Шу йилнинг 1 октябридан Сирдарё вилоятининг кам таъминланган оилаларига автоматлаштирилган тарзда ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш бўйича пилот лойиҳаси ишга туширилади. Бунинг учун 2019 йил 1 октябрдан амалга киритиладиган вақтинчалик низом тасдиқланди. Бунда мазкур санагача тайинланган ижтимоий нафақаларни тўлаш амалдаги Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 15.02.2013 йилдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган) асосан амалга оширилади. Пенсия жамғармасига уни амалга ошириш даврига берилган Меҳнат вазирлиги инспекторлари пилот лойиҳасининг мониторинги билан шуғулланади.

Болали оилаларга нафақалар, бола парвариши бўйича нафакалар ёки моддий ёрдам олиш учун вилоят аҳолиси қуйидаги усуллардан бири орқали ариза беришлари керак:

♦ «Ягона реестр» АТнинг расмий веб-сайтида электрон аризани тўлдириш (оила нафақа олишни хоҳлайдиган ойдан олдинги ойнинг 25-кунидан кечикмай);

♦ яшаш жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ўзи келиб тасдиқланган ёзма аризани тўлдириш (олдинги ойнинг 20-кунидан кечикмай).

Ариза шаклига қуйидаги маълумотлар киритилади:

♦ ариза берувчи ва унинг оила аъзоларининг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи манзили (прописка жойи бўйича);

♦ оиланинг 16 ёшдаги ва ундан катта ёшдаги аъзоларининг паспорти серияси ва рақами, 16 ёшгача болаларнинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси рақами;

♦ оиланинг бошқа даромадлари тўғрисидаги маълумотлар.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 15.04.2019 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Маълумот учун!

Пенсия банк пластик КАРТОЧКАСИГА ёки омонат СЧЁТГА ТЎЛАНГАН тақдирда пенсионер ҳар 6 ойда Пенсия жамғармаси бўлимига ШАХСАН КЕЛИБ, пенсия суммасини олиш ҳуқуқини ТАСДИҚЛАШИ зарур.

 

 

Бизга мактуб йўллабсиз

 

Бошқа ҳолатларда

 

Жиянимнинг васийси сифатида унинг учун боқувчисини йўқотганлик пенсиясини оламан. Ҳозирча ҳеч қаерда ишламаяпман.

Ишга кирсам, пенсия тўлаш тўхтатиладими?

Х.Низомиддинов.

 

Йўқ, тўхтатилмайди. Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тўлаш ишга жойлашганига қараб тўхтатиб қўйилмайди. Бошқа ҳолатларга кўра, масалан, қарамоқдаги шахс 16 ёшга (ўқувчи – 18 ёшга) тўлганда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тўламай қўйишлари мумкин (Қонуннинг 19-моддаси).

 

 

 

Имтиёзга бўлган ҳуқуқ

 

Амаким кўриш қобилиятини йўқотгани боис ногирон (I гуруҳ) бўлиб қолди. Эшитишимча, бундай кишиларга имтиёзлар берилар экан. Улар қандай имтиёзлар, қаерга мурожаат қилишимиз ва уларни қандай олишимиз мумкин?

Жаъфар А. Тошкент ш.

 

Пенсия қонунчилигида кўриш бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун бир қатор имтиёзлар назарда тутилган. Хусусан, кўриш бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга қуйидагилар тайинланади:

♦ ЭКИҲнинг 100%и миқдорида пенсияга устама ҳақ (252-сон Низомнинг 112-банди);

♦ ЭКИҲнинг 45%и миқдорида уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича ойлик компенсация пул тўловлари (АВ томонидан 30.12.2010 йилда 2175-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 1-банди).  

Бундан ташқари, I гуруҳ ногиронлиги бўлган киши ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахс шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга (ЎзРнинг 30.08.1996 йилдаги «Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги 278-I-сон Қонуни).

Шунингдек ушбу тоифадаги фуқаролар 2 йилда 1 маротаба бепул санаторий-курорт йўлланмалари олиш ҳуқуқига эга (АВ томонидан 27.04.2012 йилда 2356-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 4-банди).

 

 

Коэффициент ҳисобланган

 

Пенсия расмийлаштирилаётганда Пенсия жамғармасига туман коэффициенти олганлик ҳақида алоҳида маълумотномани тақдим этиш керакми?

А.Славина.

 

– Бунга зарурат йўқ. Туман коэффициенти ходимнинг суғурта бадаллари ушлаб қолинган иш ҳақи таркибида тўланади (Қонуннинг 33-моддаси; 252-сон Низомнинг 95, 143-бандлари). Тегишинча, туман коэффициенти тарзидаги тўловлар иш ҳақи сифатида ҳисобга олинади.

 

Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Истиқбол

 

Иш стажини сотиб оламан

 

Ўзбекистон фуқаролари пенсияга чиқиш учун аёллар 20 йил, эркаклар 25 йил ишлаган бўлиши керак. Бир неча йиллик стаж етмаса, нима қилиш мумкин?

Ҳукумат томонидан муқобил вариант таклиф қилиниши мумкин.

 

Яқинда Ўзбекистонда аҳолига иш стажини сотиб олиш имкони берилиши мумкин. Молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсунов «Пенсия тизимидаги ислоҳот ва хорижий тажриба» халқаро анжумани доирасида шундай маълумот берди. У Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бўлиб ўтди. Анжуман ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Пенсия ва ижтимоий жамғармалар халқаро ассоциацияси томонидан ташкил этилди.

Ё.Турсуновнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда Пенсияни ислоҳ қилишга доир янги концепцияда 5 йилгача бўлган иш стажини сотиб олиш имконини бериш таклиф этилмоқда.

«Мисол учун, айни пайтда энг кам иш стажи аёллар учун – 20 йил, эркаклар учун эса – 25 йил. Муайян сабабларга кўра эркак кишининг стажи 23 йилни ташкил этди, бу тўлиқ пенсия олмаслигини билдиради. Бундай ҳолларда Пенсия жамғармасига тўлов киритиш орқали етишмаётган 2–3 йиллик стажни сотиб олиш имконини бериш назарда тутилмоқда. Шунда киши тўлиқ пенсия олиш имконига эга бўлади», – дея изоҳлади Турсунов.

Бу узоқ вақт фарзандларининг тарбияси билан машғул бўлган аёлларга ҳам тааллуқли. Уларнинг турмуш ўртоқлари пенсия олиш ҳуқуқини таъминлаш учун муайян миқдорда бадал тўлашлари мумкин бўлади.

Ўзбекистон собиқ Совет Иттифоқи давридан буён ўзгартириш киритилмаган пенсия тизимини 2020 йилга келиб тўла ислоҳ қилмоқчи.

Бугунги кунда дунёда ўрта ҳисобда 62 ёшда пенсияга чиқадилар, фақат Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич 57,5 га тенг. Ҳатто Марказий Осиёда пенсия ёши эркаклар учун 63 ёшни ва аёллар учун 58 ёшни ташкил этади. Шу тариқа, Ўзбекистонда пенсия ёши МО ва МДҲ бўйича энг қуйи даражада: эркаклар учун – 60 ёш ва аёллар учун – 55 ёш.

 

Интернет тармоғи материаллари асосида тайёрланди.

 

 

Буни билган маъқул

 

Ёнимиздагилар ҳақида қайғуриб

 

Баъзан кишилар муайян даражада ёрдам бериши мумкин бўлган ахборотдан бехабар бўлишлари эҳтимолдан холи эмас. Болаликдан ногирон болалар учун нафақа олиш имкони борлигини билмасликлари ҳам мумкин. Нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартиби (Низом, ВМнинг 7.04.2011 йилдаги 107-сон қарорига 1-илова) ҳақида нималарни билиш лозим.   

 

Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (ТМЭК) томонидан болаликдан I гуруҳ ногиронлари, болаликдан II гуруҳ ногиронлари деб эътироф этилган 16 ёшдан катта шахслар, шунингдек тиббий хулоса мавжуд бўлган тақдирда 16 ёшгача ногирон болалар (ногирон бола) нафақа олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар нафақа олиш ҳуқуқи пайдо бўлгандан сўнг бирор-бир муддат билан чеклашсиз, исталган вақтда унинг тайинланиши учун мурожаат қилишлари мумкин.

Нафақа тайинлаш тўғрисидаги ариза:

* 16 ёшдан катта болаликдан ногирон томонидан;

* 16 ёшдан катта болаликдан ногироннинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси ёки ҳомийси томонидан;

* ногирон боланинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси ёки ҳомийси томонидан яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига берилиши мумкин.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

а) болаликдан ногироннинг паспорти нусхаси;

б) болаликдан ногироннинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси ёки ҳомийси томонидан – болаликдан ногироннинг паспорти нусхаси, ариза берган ота-она, фарзандликка олувчи, васий ёки ҳомийнинг паспорти нусхаси;

в) ногирон боланинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси ёки ҳомийси томонидан – ногирон боланинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган унинг яшаш жойини тасдиқловчи маълумотнома, тиббий хулоса, ариза берган ота-она, фарзандликка олувчи, васий ёки ҳомийнинг паспорти нусхаси.

Фарзандликка олувчилар, васийлар ёки ҳомийлар туман (шаҳар) ҳокимининг фарзандликка олиш, васийлик ёки ҳомийликни белгилаш тўғрисидаги қарорининг нусхасини ҳам тақдим этадилар.

Пенсия жамғармаси бўлими аризага ТМЭКдан олинган 16 ёшдан катта болаликдан ногиронни тиббий текшириш далолатномасидан кўчирмани илова қилади.

Ариза барча зарур ҳужжатлар билан бирга тушган кундан бошлаб 10 кундан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.

Нафақа барча зарур ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда мурожаат қилинган кундан бошлаб тайинланади. 16 ёшдан катта болаликдан ногиронга нафақа ногиронликнинг бутун даврига тайинланади. Ногирон болага нафақа тиббий хулоса берилган муддатга тайинланади.

Нафақа Пенсия жамғармаси бўлими томонидан болаликдан ногироннинг, нафақа тайинланган шахснинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси ёки ҳомийсининг яшаш жойи бўйича тўланади.

Нафақа миқдори ўзгаришига ёки уни тўлаш тўхтатилишига олиб келадиган ҳолатлар пайдо бўлган тақдирда нафақа олувчи 10 кун муддатда бу ҳақда унга нафақа тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига хабар қилиши шарт.

 

Маълумот учун!

Ходим турли иш берувчиларда меҳнатда майибланиши ёки касб касаллигига чалиниши оқибатида касбга оид МЕҲНАТ ҚОБИЛИЯТИНИ ЙЎҚОТГАНДА ҲАР БИР ИШ БЕРУВЧИ ногиронлик пенсияларини тўлаш харажатларини СОЛИДАР ТАРТИБДА қоплайди.

 

 

Янгиликлар

 

Маош тўғрисидаги маълумотнома онлайн берилади

 

ЯИДХПда Давлат солиқ қўмитасининг янги хизмати жорий этилди.

 

Фуқароларга ҳисобланган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар автоматик режимда тақдим этилади. Порталда кўрсатилишича, хизмат бир зумда ва бепул кўрсатилади.

Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишни жорий этиш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарори (1.02.2019 йилдаги 80-сон) хизмат жорий этилиши учун асос бўлди. Унда Ҳисобланган иш ҳақини ҳисобга олиш реестрини шакллантириш ва давлат интерактив хизматини жорий этиш назарда тутилган эди.

Мурожаат қилувчи давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилмаган тақдирдагина хизмат кўрсатишни рад этишлари мумкин.

Қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилиб, хизмат ҳақида қўшимча тушунтиришларни олиш мумкин: (+998) 71 244-32-82.

 

 

Хориж тажрибасидан

 

Хато учун Пенсия жамғармаси тўлайди

 

12 йиллик пенсияни қайта ҳисоб-китоб қилган Россия Пенсия жамғармаси (РПЖ) Свердловск вилояти Турин тумани фуқароси Николай Васильевга 370 минг рубль қўшимча тўлашга мажбур бўлди.

 

Пенсионер зарарли ишлар (иш шароити оғир бўлган фаолият турлари) иккинчи рўйхати бўйича Узоқ Шимолдаги иш стажини ҳисобга олмаганликлари сабабли 2006 йилдан буён хато ҳисобланган пенсия тўлаётганликларини исботлашига тўғри келди.

У РПЖнинг маҳаллий бошқармасига бир неча йил давомида шикоят билан мурожаат қилди. Унга пенсия миқдори қонунчиликка мувофиқ ҳисобланганига ишонтиришга уриндилар.

Вилоят Пенсия жамғармаси раҳбари Татьяна Опалевага мурожаат қилганидан кейингина иш жойидан силжиди. Ўтказилган текширув натижасида Васильев тўғри талаб қўяётганлиги аниқланди, унинг ҳолатида пенсия ҳисоблаётганда оширувчи коэффициент қўлланилиши лозим эди.

Натижада, 370 минг рубль миқдоридаги тўловдан ташқари, ҳарбий ҳаракатлар фахрийси бўлган Васильевнинг пенсиясига 4 минг рубль миқдоридаги ойлик устама ҳам қўшиладиган бўлди.

mail.ru хабари асосида тайёрланди.

 

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

 

Прочитано: 635 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика